Акмал Бозоров: "Кучли иштиёқ эвазига "Металлург"ни мағлуб эта олдик"
04 mar 2017 13:51
News
Акмал Бозоров: "Кучли иштиёқ эвазига "Металлург"ни мағлуб эта олдик"
«Дастлабки турда Бекободдаги ўйин осон бўлмаслигини жуда яхши тушунаётгандик ва буни жамоамиз асосини ташкил этаётган ёшларга ҳам тушунтиришга интилдик. Шу боис бутун ўйин давомида «бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун» шиори остида тўп сурдик. Биласиз, тажриба бобида «Металлург» ҳурматга сазовор жамоа, бизнинг таркиб эса ёшлардан иборат. Ўйиндан олдин кўпчилик жамоамизнинг ғалабасига ишонмаган бўлиши мумкин, аммо биз кучли иштиёқ эвазига якунда ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз. Ҳозирги иқлим шароитида майдоннинг ҳолати талаб даражасида эмаслиги ҳар икки жамоага ҳам муаммо туғдирди. Охиригача курашиб, уч очкони қўлга киритдик. Шу куни бизни тинмай қўллаб-қувватлаб турган мухлисларнинг ёрдами катта бўлди. Уларни хурсанд қилиш учун янада ҳаракат қиламиз. Шу куни омад биз томонда бўлди. «Металлург» жамоасини кучли жамоа деб биламан» - дейди «Динамо» жамоаси сардори Акмал Бозоров.
«Иккинчи гол? Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида мезбонларнинг тўлиқ ҳужумга ўтиши маълум эди. Шу боис ўйин охирида майдон марказида тўп қабул қилиб олган заҳоти, ҳужум бошлаш учун Комил Шарофутдиновга оширдим. Комил эса «паси» билан ҳужумга ўтган тезкор ҳужумчимиз Абдумалик Абдуллаевни дарвозабон билан яккама-якка ҳолатига олиб чиқди. Абдумалик дарвозабонни алдаб, йўллаган зарбасини «Металлург» ҳимоячисидан олдинроқ етиб келиб, дарвозага киритдим» - дейди голи ҳақида жамоа сардори.
Comments