UZ

Сўнгги янгиликлар

02:10ЕЧЛ. "Атлетико" яна бешта гол урди, "Бавария" ва "Интер"да йирик ғалаба (барча натижалар)  2 01:21Хаби Алонсо: "Қайрат" Чемпионлар Лигасида ўйнашга муносиб жамоа"  1 00:34ЎФА терма жамоалар бўлими собиқ раҳбари: "Қозоғистон билан ўртоқлик учрашуви бўйича музокаралар олиб борилган эди, аммо..."  2 23:58Иван Бошкович: "Битта чиройли зарба ўйин тақдирини ҳал қилди"  3 23:37ЕЧЛ. "Қайрат" ўз майдонида "Реал"га йирик ҳисобда ютқазди, Мбаппедан хет-трик!  96 23:27Виталий Левченко: "Сафарда муҳим ғалабани қўлга киритдик"  5 23:13Отабек Нарзуллаев: "Ҳимоямизни анча яхшилаб олдик"  1 23:08ЕЧЛ. "Интер", "Ливерпуль", "Челси" ва бошқа жамоаларнинг асосий таркиблари маълум!  2 22:55Футзал. 2-тур 3-кунида "Насаф", СҚБ ва "Oil-Star"да ғалабалар  0 22:43Александр Хомяков: "Бизга тетиклик етишмади"  8 22:39Суперлига. "Сўғдиёна" – "Нефтчи" 0:1   3 22:23Луис Энрике "Барселона"ни мақтади  1 21:41Клопп эмас: "Ал Иттиҳод" бош мураббийлиги учун асосий номзодлар маълум қилинди  0 21:14"Бунёдкор" мураббийлари тақдирланди  0 21:00Суперлига. "Нефтчи" меҳмонда "Сўғдиёна"дан устун келди  40

Хурсанд бўлишга арзийдиган сабаб Янгиликлар

Хурсанд бўлишга арзийдиган сабаб

Теглар :  Андижон
Кеча андижонликлар учун яна бир тарихий воқеа рўй берди.

Про лига навбатдаги турида ўз майдонида "Истиқлол"ни қабул қилган "Андижон" 2:1 ҳисобида ғалабага эришиб, Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Шундай қилиб водийнинг бир жамоаси "Нефтчи" ўрнини Суперлигада бошқа бир жамоа "Андижон" эгаллади. 

Албатта, бу "Андижон" учун ҳам, жамоа мухлислари учун ҳам тарихий воқеа бўлди. Кечаги ўйин ҳар иккала жамоа учун муҳим эди, боиси "Истиқлол" ҳам Суперлигани кўзламоқда. Аммо таблодаги ҳисоб майдон эгалари фойдасига ҳал бўлди ва Про лига тугашига бир қолганида "Андижон" Суперлига йўлланмасини расмийлаштирди. Энди кейинги турда бўладиган "Машъал" - "Андижон" баҳси меҳмонлар учун расмиятчилик вазифасини ўтаб беради. 

Кечаги ўйиндан кейин кўп гаплар тарқалди. Албатта, бунга кўз юмиб бўлмайди. "Андижон" иштирокидаги баҳсни Шерзод Қосимов бешинчи марта бошқарганини айтиб ўтдик. Аммо бундан кўп ҳам ваҳима қилиш керак эмас. Чунки бу ҳакам шу йилнинг ўзида "Пахтакор"нинг кетма-кет учта уй ўйинини бошқарди. Шундай экан, ўйинларга ҳакамларни тайинлаётган Ҳакамлар қўмитасидан ҳар қандай қарорни кутиш мумкин. Бунга ўрганиб ҳам қолдик. 

Кеча "Машъал" ҳам ўзи учун муҳим баҳсни ўтказди. "Машъал"нинг "Норин"га қарши ўйинини андижонлик ҳакам Темур Тўхтасинов бошқарди. Қизиғи, Суперлига сари ҳаракат қилаётган "Машъал" дарвозабони кеча майдондан четлатилди. "Андижон"га рақиблик қилган "Истиқлол" дарвозабони ҳам қизил карточка олди. Хуллас, ҳар иккала ўйинда ғалати воқеалар рўй берди. 

Кеча "Андижон" ютмаса бўлмасди, чунки тантанали тақдирлаш маросимига тайёргарлик кўриб қўйилганди. Қолаверса, ПФЛ раҳбари ҳам кубокни топшираман деб борганди. (Ҳар ҳолда шунча жойга бориб кубокни бермасдан қайтмаса керак). Майдон четида иккита янги автомобиль ҳам турганди. Хуллас байрам байрамдек ўтмаса бўлмасди. Энди бевосита ўйинга келадиган бўлсак, шахсан ўзим майдонда нималарни бўлганини кўрганим йўқ ва кўрмаган нарсам ҳақида гапиришни хоҳламайман. Лекин билганимиз шуки, ўйин ниҳоятда қийин кечган ва ҳакамларга ҳам осон бўлмаган. 

Агар "Спорт" канали мана шу баҳсни тўғридан-тўғри олиб берганида ҳам бошқа гап эди. Кўриб нимадир фикр билдирса бўларди. Аммо факт шуки, "Андижон" суперлигага чиқди ва бу билан бутун жамоа аъзолари ва клубнинг ашаддий мухлисларини табрикласа арзийди. Яна шуни айтиш лозим, "Андижон" фақат кечаги ғалаба билан Суперлигага чиқиб қолгани йўқ. Бунинг учун жамоага бутун бир мавсум керак бўлди. Шу пайтгача Про лигада 31та ўйин ўтказган андижонликлар 18та ғалабага эришиб, 9 бор дуранг қайд этишди ва фақат тўртта баҳсда имкониятни бой беришди.

Энг кўп гол уриш бўйича ҳам "Андижон" "Машъал"дан тепада, бироқ "Сурхон"дан пастда. "Андижон" 56та гол урган, "Машъал" 50та, 4-ўриндаги "Сурхон"да эса 62та. "Андижон" энг кам ютқазгани учун ҳам Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. Яна бир томондан "Андижон"нинг Суперлигага чиққани яхши бўлди. Чунки "Андижон" - вилоятнинг асосий клуби ва келаси йил Суперлигада ўйнайди. Фарғонада эса барибир "Нефтчи" биринчи рақамли жамоа ҳисобланади. Эрта-индин "Истиқлол" ўрнига яна "Нефтчи" пайдо бўлиб қолишини хоҳламаймиз.

Ўтган йил кўрдик, "Цементчи" олий лигага чиққани билан барибир ўрнини "Нефтчи" эгаллади. Ва бундан ҳеч ким ютмади. Қайтанга оммавий кўчиш сабаб "Цементчи" бу йил Про лигада ҳам кўринмай қолди. Тасаввур қиляпсизми, ўтган йилги биринчи лига чемпиони бу йил на Суперлига, на Про лигада қатнашди. Айтайлик, бу йил "Истиқлол" Суперлигага чиққани билан ўрнини яна "Нефтчи" эгалламаслигига ким кафолат беради? Лекин бу жамоада ҳамон имконият бор. Чунки "Истиқлол" Про лигада учинчи ўринни қўлга киритиб бўлди ва ўтиш ўйинида иштирок этади. 

Кечаги ўйиндан кейинги гап-сўзлар "Андижон"нинг чемпионат давомида қайд этган натижаларига раҳна сола олмайди. Мухлислари учун эса хурсанд бўлишга арзийдиган сабаб бор: "Андижон" Суперлигада!

Муаллиф : Xayrulla Xoliqov
Рейтинг: +9   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика