UZ

Сўнгги янгиликлар

03:07АПЛ. "Арсенал" "Эмирейтс"да минимал ҳисобда ғалаба қозонди  1 02:26"Ювентус" Рэшфорд билан шартнома имзоламайди. Туринликларга МЮ форварди қизиқ эмас  0 00:40Роналду: "Агар "Манчестер Юнайтед" хўжайини бўлсам, ҳаммасини тўғирлайман"  3 23:42Роналду Саудия Арабистони чемпионатини Францияникидан кучли деб атади: "Лига 1да фақат ПСЖ бор, қолганлар ҳеч нарса эмас"  16 23:00Беллингем Globe Soccer Awards томонидан йил хавбеки деб топилди  1 22:38Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари сифатида Globe Soccer Awards мукофотини қўлга киритди  5 22:32Globe Soccer Awards. Винисиус йилнинг энг яхши футболчиси  0 22:27Ямал Globe Soccer Awards томонидан йилнинг энг яхши ёш ўйинчисига бериладиган мукофотни олди  0 22:17Араб Кўрфази кубоги. ЖЧ саралашидаги рақибларимиз бўлмиш Қатар ва БАА гуруҳ босқичида қолиб кетишди  2 21:48Эрон Про лигаси. "Персеполис" иродали тарзда ғалабага эришди, Ўруновдан ассист  1 21:36Роналду Яқин Шарқда йилнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган Globe Soccer Awards мукофотини олди  17 21:05"Реал" "Ливерпуль"ни расман огоҳ этди  8 20:34Феликс Туркияга йўл олиши мумкин?  0 20:04Аморим: "МЮ мураббийи ҳеч қачон ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди"  1 19:37Расман: "Насаф"дан илк "юриш", Умарбек Эшмуродов қайтди  14

Интервью. Виталий Денисов: "Локомотив" захирасида ўтиргандан кўра "Крилья"да ўйнашни маъқул кўрдим" Янгиликлар

Интервью. Виталий Денисов: "Локомотив" захирасида ўтиргандан кўра "Крилья"да ўйнашни маъқул кўрдим"

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Виталий Денисов айни пайтда Самаранинг "Крилья Советов" клубида фаолият олиб бормоқда.

Денисов жароҳати сабаб анча пайт майдонга туша олмади, даволаниб қайтганидан сўнг захирадан жой олди. Натижада у "Локомотив" раҳбарияти билан келишган ҳолда ижара асосида "Крилья Советов"га йўл олди. 

Бугун "Крилья Советов" ўз майдонида Москванинг "Динамо" клубини қабул қилади. Учрашув бизнинг вақт билан 16:00да старт олади. "Матч ТВ" каналининг интернетдаги расмий сайти бугунги баҳс олдидан ҳамюртимиз билан интервью ташкил этди. Қуйида мазкур суҳбатни ўқувчилар ҳукмига ҳавола қиламиз. 

- "Рубин" билан учрашув қайдномасига киритилмадингиз. Нима учун?
- Унгача "Краснодар" билан ўйиндан бир кун олдинги машғулотда кичик жароҳат олгандим. Ҳозир эса ҳеч нарса безовта қилмаяпти. Умумий жамоа билан шуғулланиб, "Динамо"га қарши баҳсга тайёргарлик кўряпман. Майдонга чиқишга тайёрман, лекин ҳаммаси бош мураббий қарорига боғлиқ. 

- Самара клубидаги ўйинингизни қандай баҳолайсиз?
- Биринчи ўйиним "Енисей"га қарши кечди ва ўзимни кўрсата олмадим. Тўғриси, жамоага бирданига киришиб кета олмадим. "Анжи" билан эса аъло даражада ҳаракат қилдим дея оламан. Лекин афсуски, клуб ҳаммамиз хоҳлаган ўринда бормаяпти. Баъзан очиқчасига омад юз ўгиряпти, баъзан эса ўзимиз ёмон ҳаракат қиляпмиз. Ҳатто ёш болаларча хатога йўл қўйяпмиз. Аммо ишонаманки, жамоа вазиятни ўнглай олади. 

- Андрей Тихоновнинг истеъфога чиқиши кутилганмиди?
- Бундай дейиш қийин. Бир томондан хавфли зонада эдик. Иккинчи томондан эса футболчиларга Андрей Валерьевич билан ишлаш маъқул келаётганди. Футболда мураббийларнинг ишдан бўшаши доим учраб туради. Қарорни раҳбарият қабул қилади, футболчилар эса бунга кўнишлари керак. Бизда Тихонов билан илиқ муносабатлар сақланиб қолди. Энди эса янги мураббий Миодраг Божович қўл остида тайёргарлик кўряпмиз. Божович билан "Локомотив"да бирга ишлаганман. Ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Мураббийнинг "Крилья"ни анчадан бери кузатаётгани кўриниб турибди. Бизга "Динамо" билан ўйинда янада тажовузкор ўйнаш керак деб айтди. Албатта, бир кун ичида тактикада ниманидир ўзгартириш қийин. Миодраг - жуда жиддий инсон, лекин лозим топса ҳазилни ҳам қотиради. 

- "Локомотив"да у билан боғлиқ қандай хотиралар қолган?
- Эсимда, йиғинлар пайтида ким биландир гаплашиб тургандим. Сал ўтиб Миодраг ёнимизга келди ва у ҳам ниманидир гапира бошлади. Кейин менинг гапим тугашини кутиб турди ва нима деганини қайтаришимни сўради. Мен эса унинг гапларини сўзма-сўз айтиб бердим. Шунда "баракалла" деб нари кетди. Орадан икки кун ўтиб яна шу ҳолат. Мен яна унинг сўзларини битта қолдирмай такрорлаб бердим. Охири мураббий "бўлди, бошқа ёнингга келмайман" деб кетиб қолди. У менга ишонганди. 


- Ҳозир "Локомотив"да вазият бироз яхшироқ, лекин яна чемпион бўла олармикан...
- Юрий Сёмин истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида кўпчилик гапиряпти. Бундай гаплар ҳар доим бўлади. Нимагадир жамоага мавсум бошида омад кулиб боқмади, қолаверса чемпион жамоанинг бирданига янги чемпионатда ўйнаб кетиши оғир кечди. Худди "Крилья" каби "Локомотив"га ҳам вақт керак. Қолаверса, "темирйўлчилар" иккита фронтда кураш олиб боришаётганини унутмаслик керак. Еврокубокларда барча Россия клубларига мухлислик қиламан. 

- Сиз шартномани узайтириш бўйича "Локомотив" раҳбарияти билан узоқ музокара олиб бордингиз. Ва охирида 1+1 бўйича шартнома имзоладингиз. Аммо чемпионат пайтида кутилмаганда "Крилья Советов"га йўл олдингиз.
- Тушунтиришга ҳаракат қиламан. Менда "Локо" сафида фаолиятимни давом эттиришдан ташқари бошқа клубдан ҳам вариант бор эди. Аммо номини айтмайман. "Локо" раҳбарияти билан гаплашганимдан сўнг клубда қолишга қарор қилдим, ахир беш йил шу жамоада тўп тепдим ва "Локомотив" мен учун қуруқ ном эмас. Янги шартномада ҳам мураккаб қисмлар йўқ эди. Ўтган йил жароҳат сабаб асосий таркибдаги ўрнимни йўқотиб қўйдим. Лекин клуб тиббий ходимларига катта раҳмат, тезда тикланиб яна майдонга қайтдим. Гарчи 100 фоиз тайёр бўлмасам-да, "Спартак" билан ўйинда майдонга чиқдим. Якуний ҳисоб биз учун ижобий тугади, мен эса ҳаммасини бошидан бошламоқчи эдим. "Локомотив" таркибида ҳамма йиғинда иштирок этдим. Аммо чемпионат старт олгач, захирага ўтириб қолдим. Менга эса бу ёқмади, доим ўйнасам дейман. Мен учун захира ўриндиғида ўтириб футболчиларнинг майдонда қандай тер тўкаётганини кузатиш мушкул. Ўзим ҳам улар орасида бўлсам дейман. Шундан сўнг агентимга мурожаат қилдим. Орадан кўп ўтмай "Крилья Советов"дан таклиф борлигини хабар топдим. Раҳбарият билан гаплашгач, менинг кетишимга қарши эмасликларини билдиришди. Шу боис мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун бошқа клубга йўл олдим. 


- Сиз билан шартномани узайтириш керакми ё йўқми, бу қарорни ким қабул қилди?
- Директорлар кенгаши билан гаплашдик, Илья Геркус ва Юрий Сёмин билан. 

- Ўз келажагингиз борасида Юрий Сёмин билан суҳбатлашдингизми?
- Бош мураббий Михаил Лисов фойдасига қарор чиқарди. Биз катта одамлармиз ва ҳамма нарсага тайёр туришимиз керак. Мавсумлар оралиғида тинчгина ишлагандим. Юрий Павлович менинг хизматларимга муҳтож деб ўйлагандим. 

- Айтиш мумкинки, Лисов сизни рақобатда ютиб чиқди?
- Қўшилмайман. Лекин бу менинг фикрим. Яна қайтараман, таркибни мураббий тузади. Менда Сёмин билан тушунмовчилик бўлганми? Йўқ. Биз доимо яхши муносабатда бўлганмиз. 

- Янги клуб билан шартномангиз биринчи давра охиригача. Ундан кейин нима бўлади?
- Билмайман. Ҳаёт кўрсатади. 

- Ҳазм қилиш қийин: кечагина чемпион эдингиз, бугун эса чемпионатда жон сақлаб қолиш учун курашяпсиз. Балки қолганингизда Чемпионлар лигасида ўйнармидингиз.
- Ёки Чемпионлар лигасида ҳам захирада ўтирган бўлармидим. Ўтмиш билан яшаш керак эмас. Мен доим мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб иш тутишга ҳаракат қиламан. Агар кетганимдан афсус чекмадим десам ёлғон гапирган бўламан. Ахир "Крилья Советов"га кўчиб ўтиш мен учун осон бўлмади. Қолаверса, клуб пастда юрибди. Аммо менга ўйин амалиёти муҳимроқ эди. Ўйлайманки, бу ерга келиб тўғри қарорни қабул қилдим. Мен майдонга тушишни ва жамоамга ёрдам беришни хоҳлайман. 

- Бу ерда бошқача ўйин кўрсатишга тўғри келяптими, ахир таркиб бўйича "Крилья" "Локо"га нисбатан кучсиз?
- Мен аввало мураббийнинг айтганини бажараман. Иккинчидан, янги жамоадошларим билан тезда тил топишиб кетдим. Ҳар хил вазиятларни муҳокама қиламиз. Мен ҳар иккала клубни таққослашни хоҳламайман, негаки биз ҳаммамиз Россия Премьер лигаси ўйинчиларимиз. Тўғри, "Локо"да Ведран Чорлука билан яхши ҳаракат қилардим, аммо ҳозир Тарас Бурлак билан ҳам ёмон ўйнаётганим йўқ. 


- Ҳайрон қоларли жойи шундаки, Самарада Москвага нисбатан кўп одам стадионга келади.
- Самарада чиройли арена қурилиб фойдаланишга топширилди. Қолаверса, маҳаллий аҳоли футболни жуда севади. Шундай экан, бу борада ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Уй учрашувларимизга 15-20 минг мухлис келяпти, бу ажойиб. Менга ҳар доим мухлислар тўла трибуналар қаршисида тўп тепиш ёққан.

- Тарасов билан кал бўлиб расмга тушганингизни ҳамма гапирди. Нима учун сочни тагидан олдириб ташладингиз?
- Бу ҳам бир воқеа. Испанияда йиғинда эдик. Тарасов ҳар куни мендан сўрарди: "Қачон кал бўлсан?" Хуллас, ҳадеб сўрайвергани охири жонимга тегди ва тўйингдан кейин албатта кал бўламан дедим. Яхши биласиз, Дима шу йилнинг февраль ойида оила қурди. Орадан кўп ўтмай бир яқин танишим қўнғироқ қилиб, кел гаплашиб ўтирамиз дея уйига чақирди. Шунда мен "бир ўзингмисан?" деб сўрадим. У "ҳа" деди. Лекин бориб не кўз билан кўрайки, Дима ҳам хотини билан келган экан. Менга шу заҳоти берган ваъдамни эслатишди. Бошқа баҳона қолмаганди. Шундай қилиб сочимни тўлиқ калга олдирдим. Ҳозир эса бунинг учун унга раҳмат дейман. Чунки ҳозирги қиёфам менга олдингидан кўпроқ ёқяпти. Энди ҳали-бери сочимни худди "Тор"ники сингари ўстирмасам керак. Қолаверса, "Марвел"даги "Тор" ҳам сочини калта қилиб олдирган.

- Ҳаётингизда ҳеч нимадандир гаров ўйнаганмисиз?
- Албатта. Мана яқиндагина Саша Соболёв билан виртуал футбол ўйнадик. Мен "Ювентус"ни, у бўлса "Ливерпул"ни танлади. Ютқазган 12 шиша газ сув олиб келади. Мен ютдим. "Локомотив"да тез-тез Чемпионлар лигаси ўйинларига пул тикардик. Масалан, ўйин натижасини топиш учун 1000 рублдан тикардик. Лекин камдан кам ҳоллардагина натижани тўғри топганман. Айтганча, шу мавзу сабаб бир нарса эсимга тушиб кетди. Агентим ҳалиям менга айфон олиб бергани йўқ. Чунки бир неча йил олдин у билан Чемпионлар лигаси олдидан баҳс бойлагандик. Агар ютсам у менга айфон олиб беришини ваъда қилганди. Мабодо ютқазсам унга андроид олиб бераман деганман.
Хуллас ўшанда мен ютганман ва Москвага борганда бу ҳақда албатта агентимга эслатаман.

Русчадан Х.Холиқов таржимаси.


Рейтинг: +25   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика