Винисиуснинг оиласи биринчи марта Испаниядан кетиш ҳақида ўйламоқда
22 май 2023 12:02
Янгиликлар
Винисиуснинг оиласи биринчи марта Испаниядан кетиш ҳақида ўйламоқда
"Қаймоқранглилар" футболчиси Винисиус Жуниор ўйин вақтида трибунадаги мухлислар томонидан ирқчиликка оид ҳақоратли сўзлар айтилганига ҳакам эътиборини қаратди. Натижада, ўйин 10 дақиқага тўхтатиб қўйилди. Аммо барчаси шу билан якунланмади. Шунингдек, қўшиб берилган дақиқаларда ҳар икки жамоа вакиллари иштирокида жанжал келиб чиқди, бразилияллик футболчига эса қизил карточка кўрсатилди.
Кейинроқ Винни қуйидагича фикр билдирди:
"Бу биринчи, иккинчи ёки ҳатто учинчи марта ҳам эмас. Ла Лигада ирқчилик оддий ҳолат, федерация буни нормал вазият деб ҳисоблайди, рақиблар эса бундан фойдаланмоқда.
Қачонлардир Роналдиньо, Роналдо, Криштиану (Роналду) ва (Лионель) Месси маҳоратини дунёга кўз-кўз қилган чемпионат бугун ирқчиларнинг қўлида қолиб кетди. Мени қабул қилган, мен жуда яхши кўрган ажойиб мамлакат, бугун дунё назарида ирқчилик марказига айланишга рози бўлмоқда. Буларнинг барчасини индамай кузатиб турган испанларга ачинаман, лекин бугун Бразилияда Испания тобора кўпроқ ирқчилар мамлакати сифатида тилга олинмоқда. Мен кучлиман ва ирқчиларга қарши охиригача курашаман".
Футболчининг курашмоқчилиги ҳақидаги сўзларига қарамай, унинг оила аъзолари Винисиус бундай муомалага лойиқ эмас деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳозирда улар Испаниядан кетиш ҳақида жиддий ўйлашмоқда.
Қайд этиш лозим, мухлисларнинг ўзини тутиши борасидаги иш билан Испания полицияси шуғулланишни бошлаган.
Фикрлар