Вадим Абрамов Тожикистонга қарши ўйиндан кейин: "Мен сеҳргар эмасман"
03 сен 2020 21:43
Янгиликлар
Вадим Абрамов Тожикистонга қарши ўйиндан кейин: "Мен сеҳргар эмасман"
"Ёмон ўйин бўлмади. Бугун бир қатор янги футболчиларни синовдан ўтказиб одик. Тожикистон билан баҳс бизга фойдали бўлди. Иккинчи голни пенальтидан урган бўлсак ҳам ҳақли равишда ғалабага эришдик деб ҳисоблайман. Ўйинни назорат қилдик", - дейди Абрамов.
- Бугун ўйнаган футболчилардан кимларни расмий ўйинда майдонга туширишингиз мумкин?
- Ўйлашимча исталган футболчи миллий терма жамоада расмий ўйинда майдонга туша олади. Уларга имконият бердик, ўзларини яхши томонлама кўрсатишди. Тожикистон ФИФА рейтингида 126-ўринда бораётганига қарамай барибир рақибга жиддий қараш керак. Германия ва Голландия ўзаро ўйнаса улар қайси ўриндалигига қарамай ўйин кескин ўтади. Европада ҳам принципиал рақиблар бор. Тожикистон билан ўйинлар доим қийин ўтади. Шу боис таркибдаги ёшларни кўриб олдик, тўғри барча футболчиларни эмас баъзиларини терма жамоага қўшиш мумкин. Атиги 4 кун давомида йиғин олиб бордик. Шу боис бугун жамоавий ўйин кўрсата олмадик. Ҳар бир футболчи индивидуал жиҳатдан маҳоратли. Энди улар футболчилар ўз клубларига кетишади ва терма жамоага чақирилганда ўзларини кўрсатишлари лозим. Қанча кўп ўйин ўтказсак шунча яхши.
- Вадим Абрамов жамоалари олдиндан ҳужумкор ўйин намойиш этиб келган. Аммо сўнгги пайтларда "Бунёдкор"да ҳам, терма жамоада ҳам ҳимояга кўпроқ аҳамият бермоқда...
- Терма жамоада охирги ўйинимизни ўтказганимизга деярли бир йил бўлди. Олдин биз ҳужумкор ўйнардик. Агар бугунги ўйинга қараб айтаётган бўлсангиз ҳар бир жамоа рақиб имкон берганича ўйнайди. Бугун биздан ҳужумкор ўйин кутиш тўғри эмасди, 4 кун ичида бу футболчиларни жамоавий ва ҳужумкор ўйнатиш учун Ибн Ҳаттоб бўлишим керак. Мен сеҳргар эмасман-ку. Менимча бугун кўп ҳужумлар қилдик, эътибор қилган бўлсангиз керак. Ҳимояланмадикку. Вақт керак, кўпроқ вақтимиз бўлса мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этамиз. Яна бир жиҳат терма жамоа учун натижа жуда муҳим. Шу боис бу ҳам ўз таъсирини кўрсатгандир.
- Кейинги ойларда ҳам терма жамоа йиғин ташкил этадими? ФИФА кунлари бекор қилингани туфайли истайсизми ёки йўқми маҳаллий футболилар билан ўтказасиз. Расмий ўйинларда эса легионерларга таянамиз. Бу панд бериб қўймайдими?
- Октябрь ойида йиғин ўтказамиз. Эрон билан ўртоқлик учрашувини уларнинг илтимосига кўра октябрь ойига кўчирдик. Бундан ташқари БАА билан ўртоқлик ўйини ўтказиш борасида келишувга эришдик. Аммо барчаси ўша пайтда авиақатновларга боғлиқ бўлади. Адашмасам БААга қатновлар йўлга қўйилди. Ҳозирги йиғинга "Пахтакор" футболчиларига тегмадик, бошқа футболчиларга мурожаат қилдик. Пандемия туфайли кейинчалик нима бўлишини билиб бўлмайди. Лекин барча легионерларимиз билан алоқадамиз ва уларнинг ўйинларини интернет орқали томоша қилиб бораяпмиз.
- Агар ОФК ЖЧ-2022 саралашининг ушбу босқичини марказлаштирилган ҳолда ўтказишга қарор қилса, бунга қарайсиз?
- Менимча менинг фикримни ҳеч ким сўрамаса керак. Агар шундай бўлса ва январь ёки февраль ойида бўлиши мумкин. Бошимни оғритаётган нарса тақвим шундай тузилгани, ПФЛ билан бу борада баҳслашаяпмиз. Яхши тайёргарлик кўриш, Эрон ва БАА билан ўйиндан кейин ноябрь ойида ҳам иккита ўйин ўтказмоқчимиз. Январь ёки февраль ойига тайёргарлик кўрамиз.
Фикрлар