Вадим Абрамов: "Қизил карточка бўлмаганида ўйин тақдири бошқачароқ бўларди"

23 апр 2026, 23:25
Суперлиганинг 9-тури доирасида "Динамо" - ОКМК (2:2) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида қатнашди.

- Нима қилишни билмаяпман. Яна ўша хатоларни такрорлаяпмиз. Ўйинни яхши бошлагандик, ташаббусга ҳам эга бўлиб тургандик. Кейин эса тажрибали футболчи тўпни дарвозабонга қолдириш чоғида хатоликка йўл қўйди ва майдондан четлатилди. Ачинишга вақт бўлмаяпти, чунки ушбу мавсумда бундай ҳолатлар кўп бўлмоқда. 2:0 ҳисобидан кейин очко йўқотиш, албатта, ачинарли. Ўшанда қарши ҳужумда рақибни ушлашимиз ҳам мумкин эди. Лекин бу амалга ошмади. Кейин эса ташаббусни рақибга бериб, ҳисобни ушлашга ҳаракат қилдик. Шундан сўнг марказий ҳимояда хатоликлар бошланди. Икки марказий ҳимоячи пасларда кўп хатолар қилишди. Кейин эса ҳисоб 2:2 кўринишига келди.

- "Динамо" иккинчи бўлимда ҳужум ҳам қила олмаётганди. Демак, Нурилло Тўхтасинов ёки Ҳислат Ҳалилов каби футболчилар ўрнига Тил Мавретични туширса бўлмасмиди?

- Биз ҳимояланиш учун марказга икки футболчини туширдик. Бундай паллада ҳимоячиларни алмаштириш ўринли эмасди. Биз эса тўпни ушлаб тура оладиган, тўп билан қочиб кета оладиганларни майдонга туширдик. Улар қарши ҳужумларда фаол бўлишлари керак эди. Афсуски бу режа ўхшамади. Агарда Сиз айтган футболчини майдонга туширсак, у бефойда бўлиб қоларди. Биз тезкор футболчиларга умид боғлагандик. Мақсад - тўпни ушлаб туриш ва ҳужумларга паслар ошириш бўлганди.

- Маҳамаду Дембеленинг бугунги ўйинда йўқлиги сабаби нима?

- Унинг жароҳати бор. Ҳозир у даволанмоқда.

- Фирдавс Абдураҳмонов ҳамда Анваржон Ҳожимирзаевнинг майдондан чиқарилиши сабаби нимада? Улар ўзларини қандай ҳис қилишмоқда?

- Қайнаб турган мияга бир фикр келиши ҳам қийин. Вазиятни кузатишимиз керак. Уларнинг жароҳати бор эди ва шу сабабли алмаштирдик.

- Бош ҳакам ҳақида савол бериш ноўрин. Унинг қарорини шунчаки кўрган ҳолда савол бераман. Қизил карточкага муносабатингиз қандай?

- Биринчи турдан бери аҳамият берган бўлсангиз, бизда индивидуал хатолар кўп. Агарда кимдир биздан ўйин жиҳатдан устунроқ бўлса, қўл кўтариб, тан олган бўлардим. Афсуски шундай, индивидуал хатолар шундай асоратларга олиб келади. Оддий жойда қизил олиб, кейин бутун бир ўйин давомида бир киши кам бўлиб ўйнаш, албатта, оғир. Нима бўлганда ҳам 2:0 ҳисобида олдинда бора туриб, тартибли ўйнашимиз керак эди. Тўпни эгаллаб олгандан кейин шошилиш керак эмасди. Бироқ шундай бўлди.

- Демак, футболчиларга эътиборсизлик етишмаяптими?

- Шак-шубҳасиз. Тўпни рақибга осонлик билан топшириб, тўпсиз ўйнаш жуда қийин.

- Жамоа яна ғалабани қўлдан чиқарди. Бироқ "Динамо" мағлубиятли серияга тушиб қолганди. Шу томондан олиб қараганда сўнгги ўйинларни яхши ўтказаётган ОКМК билан дурангни унчалик ёмон натижа демасак ҳам бўладими?

- Агарда қизил карточка бўлмаганда ўйин тақдири бошқача бўларди. Биринчи бўлимда кўплаб вазиятларга эга бўлгандик. Учга икки вазиятга ҳам чиқиб боргандик. Биринчи бўлимда вазиятлардан фойдалана олмаганимиздан кейин иккинчи таймда ҳисобни ушлашга ўйнашга мажбур эдик. Лекин марказий ҳимоядаги икки хато сабабли икки гол ўтказиб юбордик ва дуранг қайд этдик.

- Футболчиларнинг бугунги ўйиндан кейинги руҳий ҳолатини қандай баҳолайсиз?

- Барча тушкунликда. Ҳудди чемпионатни бой бергандекмиз. Очколарни йўқотяпмиз. Муаммо шундаки, энди уларни қай тариқа қайтариб оламиз. Бундай ўйинларни қўйиб юбормаслик ва очколарни олиш керак. Биз эса қимматли очколарни йўқотяпмиз. Умид қиламанки, ҳолатни яхшилай оламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›