

Аутсайдер ғалабаси
Сўнгги поғоналарнинг бирида бораётган "Гёзтепе" жорий мавсум ҳисобидан дастлабки ғалабасини қўлга киритди. Жамоа ҳали мағлубият аламини тотиб кўрмаган "Коньяспор"ни ўз майдонида минимал ҳисоб билан таслим этди. Ўйиндаги ягона голни Алпаслан Озтюрк 76-дақиқада пенальтидан урди. Ушбу муваффақиятдан сўнг, мезбонлар қуйидан бироз узоқлашиб олди. "Коньяспор" эса, бир поғонага пастлади ва 10-ўринга жойлашди.
Қосимпошоликлар Анталия шаҳри жамоасини тор-мор этишди
Шу тургача, турнир жадвалида энг қуйида жойлашган "Қосимпошо" клуби бу сафар ўз уйида оҳирги тўрт ўйинда мағлубият нималигини билмай келган "Антальяспор"ни қабул қилди. Ўйинда мусобақа башидан бери яққол аутсайдер бўлиб келган мезбон жамоа вакиллари йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Голларга келадиган бўлсак, Тиам "дубль"ни расмийлаштирди ва Мустафа Пектемек битта тўп киритди.
Дебютант яна қоқилди
Бу мавсумда, биринчи лигада кучли матонат кўрсатган ва шу орқали элитага қайтишга муваффақ бўлган "Денизлиспор" клуби омадсизликлар исканжасида қолган "Қайсариспор" меҳмони бўлди. Дастлаб, Педро Энрике гол урди ва мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ, ўйиннинг 75-дақиқасида Муравски ўртадаги мувозанатни тиклади ва жамоасини навбатдаги мағлубиятдан қутқариб қолди.
Анқараликлар Истанбулда мағлуб бўлишди
Мана кетма-кет иккинчи ўйиндирки, "Анқарагюжю" жамоаси ютқазиб қўйди. Бу сафар, улар "Фенербахче" майдонида аламли тарзда мағлубиятга учради. Олдинига Девер Оржилл гол уриб, ҳисобни очишга эришди. Аммо, воқеалар ривожи Анқара шаҳри жамоаси учун ачинарли равишда якун топди. Аввалига, Занка ўртадаги мувозанатни тиклади. 73-дақиқага келиб эса, Ведат Мурики ғалаба голини киритди ва жамоасига муҳим уч очкони тақдим этди.
Етакчилар жанги
Икки ўйиндан бери дурангга рози бўлиб келаётган "Ризеспор" ўз майдонида бу мавсум юқори ўринлар учун курашишни мақсад қилган "Газиантеп"ни қабул қилди. Аввалига, Муҳаммад Демир 12-дақиқада чиройли гол урди ва меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан кўп ўтмай, Твумаси фарқни иккитага оширди. Учрашувнинг иккинчи ярмида, Брайан Самудио тўп киритди ва муҳлисларга умид бағишлади. Лекин, ўйин сўнггига қадар ҳисоб ўзгармай қолди ва "Газиантеп" жуда муҳим ғалабани қўлга киритиб, 3-ўрингача кўтарилиб олди.
Пешқадам ва аутсайдер баҳсида дуранг
Жорий тургача юз фоизлик натижани қайд этиб турган ва "сенсацион" тарзда мусобақа жадвалида карвонбошилик қилаётган "Аланьяспор" клуби кутилмаган равишда очко йўқотди. Жамоа ўз уйида бу мавсумда ҳали бирон марта ғалаба қозонмаган "Генчлербирлиги"ни қабул қилди ва учрашувда муроса кўчаси танланди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқанинг биринчисида меҳмонларнинг руминиялик форварди Станку белгиланган пенальтини аниқ амалга оширди ва ҳисобни очди. Аммо, 66-дақиқада Жайхун Гюльселам жамоасини мағлуб бўлишдан асраб қолди.
Ёнма-ён жамоалар учрашувида ҳам сулҳ тузилди
Турнир жадвалининг 7-8-ўринларини банд этиб турган клублар тўнашувида ўтган турда жимжимадор ғалабаларни қўлга киритган "Йени Малатьяспор" ва "Галатасарой" ўзаро кескин кураш олиб боришди. Ўчрашувга тўҳталадиган бўлсак, вақтида Франция чемпионатида етарлича тажриба орттирган Жан Мишель Сери 23-дақиқада жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ, меҳмон томон ишқибозлари ғалабани нишонлашни бошлаб юборган бир пайтда, Гильерме гол урди ва "Йени Малатьяспор"ни ҳеч бўлмаганда 1 очко билан таьминлади.

Навбатдаги 1:1
Жорий мавсумда сира ўзига ўхшамаётган "Бешиктош" ўз уйида Истанбул шағри бош жамоаси "Истанбул Башакшеҳир"ни меҳмон қилди ва дурангга имзо чекди. Ўйиндаги иккала гол ҳам иккинчи бўлимда урилди. Олдинига, Кривелли ҳисобни очиб берди. Лекин, 84-дақиқада истанбулликлар дарвозаси томон 11 метрли жарима зарбаси белгиланди ва уни мезбонларнинг штатли пенальтичиси Бурак Йилмаз унумли фойдаланиб, мувозанатни тиклади. Шу тариқа, иккала жамоа ҳам муҳим очколарни йўқотишди.
Рақобатчилар тўқнашуви
Аввалги турда Истанбулдан очко олиб қайтган "Сивасспор" бу сафар яқин рақобатчиси Трабзон шаҳрининг деярли шу ном билан аталувчи жамоасини ўз муҳлислари қаршисида мағлубиятга учратди. Дастлаб, меҳмонлар Авдияйнинг голи эвазига ҳисобни очишди. Биринчи бўлим оҳирида Фернандо мувозанатни тиклади. Асосий вақтга қўшиб берилган сўнгги сониялар ўтиб бораётганда Чифтчи катта саҳнага чиқди ва жамоасига қимматли уч очкони тақдим этди. Ушбу ғалаба орқали, мезбонлар турнир жадвалида "Трабзонспор"дан ўзиб кетишди.

Хондамир Ҳакимов тайёрлади



