Сречко Катанец: "Пенальти йўқ эди. Бугунгидек хато сабаб турнирни тарк этганимизда нима бўларди?"
23 янв 20:30
Янгиликлар
Сречко Катанец: "Пенальти йўқ эди. Бугунгидек хато сабаб турнирни тарк этганимизда нима бўларди?"
- Жалолиддин Машариповнинг ўйин ҳақидаги фикрлари қандай?
- Ассалому алайкум. Австралияга қарши ўйин ўз тарихимиз учун муҳим ўйин эди. Ҳеч қачон Австралияга гол урмагандик. Тўрт очко билан гуруҳдан чиқишимиз мумкин эди. Бироқ, бугун бор кучимиз билан ҳаракат қилдик ва мураббий айтган барча топшириқни бажардик. Австралияга қарши концентрацияни кучайтириб, керакли натижани қайд этдик деб ўйлайман.
- Жалолиддин, Ўзбекистондан жуда кўп мухлислар келганди. Уларга қарата нима дея оласиз?
- Тўғри, бизни қўллаб-қувватлаш учун Доҳага жеда кўп мухлислар келган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда бизни 36 млн аҳоли кузатмоқда. Ота онамиз, дўстларимиз қандай ҳаракат қилаётганимизни томоша қилиб туришибди. Айнан улар учун бор кучимизни ишга солдик. Танқидларни тўғри қабул қилишимиз керак. Керакли натижани қўлга киритдик. Яна бир нарсани қўшимча қилиш керак. Бизни нафақат Ўзбекистондан балки бутун дунёдаги мусофир юрдошларимиз кузатиб боришмоқда. Биз уларнинг қўлловини ҳис қилиб турибмиз.
- Жалолиддин, Австралия терма жамоасини кўп ўйинчилари Европада ўйнашади. Қоғозда улар кучлироқдек. Лекин бугун уларга қарши етарли вазият ярата олдик. Австралия билан қандай фарқимиз бор экан?
- Ҳиндистонни 3:0 ҳисобида мағлуб қилганимизда, кўпчилик бу ўйин осон бўлди деб ўйлайди. Ҳозир ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Ўйин куни ким кўпроқ тайёр бўлса, ўша ғалаба қозонади. Миржалол Қосимов айтганидек, сен ўзингни кучлигингни исботламоқчи бўлсанг, ҳар куни ўз устингда ишлашинг керак. Бугун Австралия дарвозасига гол урдик ва ноҳуш анъанага чек қўйдик. Австралия яхши жамоа. Орамизда фарқ бор. Лекин, тўпсиз яхшироқ ҳаракат қилиб, жисмоний жиҳатдан бироз кучайиб олсак, Осиёда энг кучли жамоага айланамиз. Бугун Австралия билан катта фарқ сезмадим.
- Жалолиддин, Марказий Осиё футболи ҳақида нима дея оласиз? Ўзбекистондан ташқари, бу турнирда Қирғиз Республикаси ва Тожикистон термалари ҳам қатнашишмоқда. Минтақамизда футбол ривожланиши учун нима қилишимиз керак?
- Мен бу саволга жавоб берадиган даражада катта мутахассис эмасман, аммо ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин. Масалан, Саудия Арабистони нима қилди? Улар кўп легионерларни олиб келишди. Оқибатда, Саудия Арабистонидаги маҳаллий ўйинчиларнинг 90% қисми захирада ўтириб қолди. Фикримча, бу нарса терма жамоа зарарига ишлади. Ўрта Осиё жамоаларига келсак, Қирғизистон билан ўртоқлик ўйини ўтказганимизда улар жуда яхши таассурот қолдиришганди. Ўшанда улар плей-офф босқичига чиқишса керак деб ўйлагандим. Менимча, биринчи ўйиндаги мағлубият йигитларнинг руҳиятига ёмон таъсир ўтказди. Тожикистонни эса табриклайман. Шу темпда ўсишда давом этсак, бунданда яхшироқ натижалар қайд этамиз.
- Жаноб мураббий, белгиланган пенальти ҳақида фикрингиз қандай?
- Пенальти йўқ эди. Ҳакамларга энг яхшисини тилайман. Улардан вазиятга кўпроқ эътибор беришларини сўрайман. ВАРда қандай ўзаро алоқа қилишларини билмайман. ВАР қандай ишлаётганини тушуниш жуда қийин. Хамробеков тўпни кўрмаганди ва йиқилаётганди. Пенальти қўйилгани етмагандек, ҳакам сариқ карточка ҳам кўрсатди. Ҳакамлар ҳар доим ҳақ, аммо бу вазиятда билмадим. Агар бундай ҳолатга пенальти берилса, битта ўйинда 10 та пенальти белгиланиши керак бўлади. Бугунгидек хато сабаб турнирни тарк этганимизда нима бўларди? Умуман ВАРда жуда кўп тушунмовчиликлар бўлмоқда. Ҳатто Европада бу каби ҳолатлар кузатилмоқда. "Реал" ва "Альмерия" ўйинида ҳам ВАР билан муаммолар бўлди.
- Жаноб Катанец, Австралияга қарши ўйин натижасидан қанчалик қониқдингиз?
- Албатта, қониқдим. Ўйиндан олдин қийин бўлишини билардик. Австралия жисмонан ўта кучли жамоа. Биз бугун яхши футбол ўйнадик. Биринчи бўлимда баъзи тушунмовчиликлар бўлди. Бироқ, шу ҳолатда ҳам 2-3 та хавфли қарши ҳужумлар уюштирдик. Иккига бир қолган ҳолатимиз ҳам бўлди, аммо вазият кўкка совурилди. Энди дам оламиз ва кейинги ўйин ҳақида ўйлашни бошлайман.
- Жаноб мураббий, Игорь Сергеев бугун жароҳат олди. Сизда ҳужумчилар бўйича яна бошқа режа борми?
- Терма жамоадаги барча кучли ўйинчиларни бир пайтда, битта жойда тўплаш қийин. Ҳар бир футболчида исталган пайт муаммо пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳолатга ечим топишга бор кучим билан ҳаракат қиламан. Бу қанчалик ўхшайди, ҳозирча билмайман.
- Австралия терма жамоасига тўғдирган энг катта хавфингиз нима бўлди?
- Биринчи бўлимда чап қанотда кўрсатган ўйинимиз менга ёқмади. Бу қанотдан комбинациялар ташкил қилишни истагандик, аммо биринчи бўлимда бу нарса ўхшамади. Олдинга кўпроқ интилишимиз керак эди. Австралияга қандай хавф туғдирганимизга келсак. Биз бош билан урдик. Иккинчи қават Австралия ҳимоясининг энг кучли тарафи ҳисобланади. Рақиб ҳимоячилари ўта баланд. Қизиғи шундаки, биз айнан шу ҳолатда бош билан гол урдик.
- Бугун ҳужум чизиғида ўйнаган Остон Ўрунов ва Аббосбек Файзуллаевларнинг ҳаракатларидан қанчалик қониқдингиз?
- Уларнинг ўйинидан қониқдим. Австралияликлар жисмонан жуда кучли ҳисобланади. Биринчи бўлимда Жалолиддин Машариповни биринчи бўлимда майдонга туширганимда ҳам ҳудди шундай ҳолат юз бериши мумкин эди. Австралия ҳимоясини ёриб ўтиш ҳар қанақасига ҳам қийин. Шундай экан, ҳужум чизиғимиз кўрсатган ўйиндан қониқдим дея оламан. Биз жуда яхши жамоамиз. Ҳар бир ўйинда, исталган рақибга қарши вазият ярата оламиз. Таркибимизда кучли ўйинчилар етарли.
Фикрлар