Сиз кутган мақола: Ўйинлар қандай келишилади? Дунёни ларзага солган келишилган ўйинлар
15 май 2020 10:55
Янгиликлар
Сиз кутган мақола: Ўйинлар қандай келишилади? Дунёни ларзага солган келишилган ўйинлар
Суриштирувлар натижасига кўра, 2008 йилдан 2011 йилга қадар Раж 680дан ошиқ келишилган ўйинларга "бош-қош" бўлган. Шуларнинг 380таси Европада, жумладан ЕЧЛда ҳам бўлган. Шундан кейин Раж "Келишилган ўйинлар қироли" номли китоб ёзди. Унда миллионлар ўйинининг мухлислари замонавий футболнинг қанчалар ёмон эканлигини билиб, даҳшатга тушишди.
Перумалнинг қайд этишича, ўйинни ишончли тарзда келишиш учун мураббий ва 4 нафар футболчининг ўзи етар экан. Футболчиларнинг икки нафари эса марказий ҳимоячилар бўлиши шарт.
Перумалнинг музокаралари ҳар доим яхши ўтмаган: "Бир футболчи билан майдонга тушганидан кейин қизил карточка олиши борасида келиша олмадим. Шундан кейин майдонга умуман туша олмаслиги учун, уни гольф таёғи билан урдим. Бунинг ортидан мен катта пул зарар қилдим".
Ражанинг ёзишига кўра, Европада энг кўп келишилган ўйинлар бўладиган давлат - Беларусь. Шундай савияси паст лигалар орқали миллионлар ишлаб олиш мумкин, чунки бу ерда тегишли ташкилот ва хизматларнинг эътиборини тортмайди киши.
Бир келишилган ўйиндан тушадиган максимал маблағ 100 минг АҚШ долларини ташкил қилади.
Кальчокомессе
Бизнинг топ саҳифамизни очиб берадиган жанжал 2012 йилда бўлган - Кальчокомессе. Айтилишича, ушбу воқеа Ража Перумалнинг кўрсатмаларига биноан бўлган экан. Келишилган ўйинларда тотализаторга пул тиккан Жузеппе Синьори ва Кристиан Донилар айбланган.
Бироз ўтиб, келишилган ўйинларда қатнашган 19 нафар футболчининг номи маълум қилинди. Шу боисдан "Аталанта", "Торино", "Сампдория", "Сиена" каби жамоалар янги мавсумни минус очколар билан бошлашганди.
"Ливерпуль" - "Манчестер Юнайтед"
Маълумотларга қараганда, футбол тарихидаги илк келишилган ўйин "Ливерпуль" - "Манчестер Юнайтед" баҳси бўлган. 1915 йилларда "қизил иблислар" юқори дивизиондан тушиб кетишга яқин бўлишган. Ливерпулликлар эса турнир жадвалининг ўрта поғоналаридан жой олган ва олдиларига қўйилган бирорта вазифани бажара олмаган. Томонлар "Манчестер Юнайтед"нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабасини келишиб олишган. Баҳс шу ҳисобда якунланди. Бироқ ўша вақтда биринчи жаҳон уруши бўлаётган бўлса ҳам Англиядагилар бунинг исини сезиб қолишган. Аммо "қизил иблислар" юқори дивизиондан тушириб юборилмаган.
"Порту" ва "Боавишта"
2008 йилда "Порту" ва "Боавишта" жамоаларининг президентлари 5 йилдан буён ҳакамларни сотиб олиш билан шуғулланишлари маълум бўлди. Тергов натижаларидан кейин келишилган ўйинларда ҳизматда бўлган 18-25 нафар ҳакам нишонга тушди. Полиция "Порту" президентини қўлга олишга ордер олди. Аммо бундан анча эртароқ хабар топган президент барчасига тайёр турганди ва 125 минг евро гаров эвазига эркинликда қолди. 6 йил давомида Португалиянинг иккинчи даражали дивизионида бўлган "Боавишта"нинг ишлари эса бутун дунёга овоза бўлганди.
"Марсель"
90 йилларда асосий фалокатларнинг қатнашчиси "Марсель" бўлганди. Ўша вақтларда Олимпик анчагина кучли жамоа бўлган ва ҳаттоки ЕЧЛ финалига ҳам чиққан. "Милан"га қарши ўйиндан олдин "Марсель" чемпионатда "Валансьен" жамоасига қарши баҳс олиб бориши керак эди. ЕЧЛ доирасида муҳим ўйиндан олдин катта куч кетказишни истамаган "Марсель" рақиби манзилига бир жамадон пул жўнатди. Барчаси яхши кетаётганди, аммо бир футболчи полицияга мурожаат қилди. Якунда "Марсель" иккинчи дивизионга тушириб юборилди, жамоанинг ўзи ЕЧЛ йўлланмасидан маҳрум қилинди, клуб президенти эса 8 ойга қамалди.
Кальчополи
2006 йилда яна бир бора Италияда Кальчополи номи билан футбол оламидаги катта жанжал бўлди. "Ювентус" бош директори Лучано Моджи ва Италия ҳакамлари ассоциацияси вакили бош арбитрни сотиб олишда айбланди. Шунингдек, "Милан", "Лацио", "Фиорентина" ва "Режина" каби жамоаларнинг президентлари ҳам айбловга тортилди. Иш судгача борди ва барча 5 клуб жазоланди. "Ювентус" сўнгги 2 чемпионликдан маҳрум қилинди ва Б Серияга тушириб юборилди. "Юве" янги мавсумни минус 9 очко билан бошлади. "Милан" эса 2005/2006 йилда йиғган очколаридан 30таси олиб ташланди ва кейинги мавсумни минус 8 очко билан бошлади. "Фиорентина" эса кейинги мавсумда ЕЧЛда ўйнаш имкониятидан маҳрум қилинди. "Лацио" УЕФА Кубогида иштирок этмайдиган бўлди. "Режина" кейинги мавсумни минус 11 очко билан бошлаш айтилди. "Ювентус" бош директори Лучано Моджи бир умрга футбол билан боғлиқ ишларда ишлашига тўсиқ қўйилди.
Германия - Австрия
Футбол оламидаги йирик турнирларда ҳам келишилган ўйинлар талайгина. Мана шулардан бири: 1982 йилги мундиал гуруҳ босқичининг сўнгги турида Жазоир термасини ортда қолдириб, ўзлари плей оффга чиқиши учун Германия Австрия термасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиши керак эди. Барчаси шундай бўлди ҳам. Бироқ иккинчи бўлим масхарабозликка айланиб кетди. Икки томон ҳам ҳужумга ўтмай, тўп билан шунчаки айланиб юришди. Тегишли ташкилотлар эса "овозсиз" режимини ёқиб олишганди.
Швеция - Дания
Шунга ўхшаш ҳолат Евро-2004да ҳам бўлган. Италия термасини қолдириб, ўзлари гуруҳдан чиқиши учун Швеция ва Дания термалари 2:2 ҳисобида дуранг қайд этишлари керак эди. Италияликлар 2:1 ҳисобида ғалабага эришишди, бироқ скандинавияликларнинг ўзаро ўйини 2:2 ҳисобида якунланди. Табиийки, УЕФА бунга аҳамият қаратмади ва кўрмаганликка олди.
"Лион" - "Динамо Загреб"
ЕЧЛнинг 2011 йилдаги мавсумида бўлган "Лион" - "Динамо Загреб" эсласак. Ушбу ўйинда францияликлар рақибларини иложи борича йирик ҳисобда мағлуб этиши керак эди. Шундай бўлди ҳам, 7:1. Ўша ўйинни кўрганлар Вида ва Гомис билан бўлган ҳодисага эътибор қаратишди. Ўтказиб юборилган навбатдаги голдан кейин меҳмонлар футболчиси рақибига кўзини қисиб қўйди. УЕФАдагилар эса ҳар доимгидек жим ўтиришди.
"Динамо" СПБ - "Иристон"
Мутахассисларнинг фикрига қараганда, 2009-2012 йилларда Россия чемпионатларида 42та келишилган ўйинлар бўлган. 1996 йилда "Динамо" СПБ - "Иристон" жамоалари ўртасида ўтган ўйин келишилган эканлиги билиниб қолган. Ўйин бошланишидан олдин "Иристон" вакиллари рақиб жамоаси сардори Николай Чураковга сотқинлик қилиши учун 1000 АҚШ доллари таклиф қилишган. Бироқ бунга унинг жамоадошлари рад жавобини беришган. Шундан кейин бу барчага овоза бўлиб кетди. "Иристон" иккинчи дивизиондан тушириб юборилди. 2018 йилда Украина футболида илк марта футболчилар эмас, ташкилотчилар ўйин келишгани маълум бўлди. Бутун бир Украинада 5та жиноий гуруҳ ва 35 клубда ишлаётган ишчилар қўлга олинди. Полиция берган баёнотга кўра, улар клубга ва футболчиларга тегмади, уларга фақатгина ташкилотчилар керак.
Нигерия
Қачонки "Барселона" аутсайдерга имконият бой бераётган бўлса, бу барчани ажаблантирмай қолмайди. Албатта, бу ҳеч қандай келишилган ўйин эмас. Агарда ҳолат 2013 йилдаги Нигерияда бўлгани каби бўлса, демак бу борада шубха ҳам бўлмасди. Ўша йили Нигерия чемпионатидаги икки ўйин ақлбовар қилмас натижалар билан якунланган - 79:0 ва 67:0. Ўша ўйинларда ютган жамоалар тўплар нисбатидаги натижасини яхшилаб олишни исташган. Ўша ўйинда ишлаган барча инсонлар - ҳакамлар, клублар футболчилари, клуб президентлари бир умрга футболдан четлатилган.
Миржалол Норматов таржимаси
Бир неча ой илгари Уилсон Раж Перумалнинг видеоинтервьюси чиққанди. Агар томоша қилмаган бўлсангиз уни ўзбек тилида томоша қилишни тавсия қиламиз.
Фикрлар