UZ

Сўнгги янгиликлар

08:22«Сўғдиёна» футболчиси «Қўқон-1912»га ўтишга яқин  0 07:49Роналду: «Винисиус «Олтин тўп»ни ютиши керак эди, унга нисбатан адолатсизлик қилишди»  10 03:07АПЛ. "Арсенал" "Эмирейтс"да минимал ҳисобда ғалаба қозонди  2 02:26"Ювентус" Рэшфорд билан шартнома имзоламайди. Туринликларга МЮ форварди қизиқ эмас  1 00:40Роналду: "Агар "Манчестер Юнайтед" хўжайини бўлсам, ҳаммасини тўғирлайман"  9 23:42Роналду Саудия Арабистони чемпионатини Францияникидан кучли деб атади: "Лига 1да фақат ПСЖ бор, қолганлар ҳеч нарса эмас"  19 23:00Беллингем Globe Soccer Awards томонидан йил хавбеки деб топилди  1 22:38Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари сифатида Globe Soccer Awards мукофотини қўлга киритди  8 22:32Globe Soccer Awards. Винисиус йилнинг энг яхши футболчиси  3 22:27Ямал Globe Soccer Awards томонидан йилнинг энг яхши ёш ўйинчисига бериладиган мукофотни олди  0 22:17Араб Кўрфази кубоги. ЖЧ саралашидаги рақибларимиз бўлмиш Қатар ва БАА гуруҳ босқичида қолиб кетишди  2 21:48Эрон Про лигаси. "Персеполис" иродали тарзда ғалабага эришди, Ўруновдан ассист  1 21:36Роналду Яқин Шарқда йилнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган Globe Soccer Awards мукофотини олди  19 21:05"Реал" "Ливерпуль"ни расман огоҳ этди  8 20:34Феликс Туркияга йўл олиши мумкин?  0

Салом инқироз. "Реал"га нима бўляпти? Янгиликлар

Салом инқироз. "Реал"га нима бўляпти?

Мадриднинг "Реал" клуби кетма-кет 4 та дуранг қайд этди.

Шу сабабли "Қироллик клуби" мавсум стартида дуч келган муаммолар ҳақида тўхталишга қарор қилдик.

Зинедин Зидан клуб мухлисларини ғалабага шунчалик ўргатиб қўйдики, хатто кетма-кет дуранг омадсизликдек қабул қилинмоқда.

"Реал Сосьедад" ва "Осасуна"га қарши баҳслар "қаймоқранглилар" учун осон бўлди деб ҳисоблаймиз. "Вильярреал" билан "Сантьяго Бернабеу"даги дурангни ҳам жамоанинг муваффақиятига қўшамиз, чунки йигитлар кўзида олов бор эди. Қолган учрашувларни эсламаганимиз маъқул. Жамоанинг ўйини ҳақида позициялар орқали тушунтирамиз.


Дарвозабонлар

Кейлор Навас жароҳат туфайли мавсум бошини ўтказиб юборди - унинг ўрнини Кико Касилья эгаллади. Кантера тарбияланувчисининг ўйини ишончли бўлмади: Тўпга чиқиш посбоннинг энг катта муаммосига айланди. Рақибнинг ҳужумкор футболчилар юқори савияли бўлганида, ушбу хатолар голлар билан якунланиши мумкин эди. Шу сабабли Marca нашрининг дарвозабонлар борасида ўтказган сўровномасида Кейлор Навас катта фарқ билан ғалаба қозонди. Коста-Рика терма жамоаси дарвозабонининг сафга қайтиши ҳам кўп нарсани ўзгартиргани йўқ: Айнан Навас тўпни уриб юборишда Варанни нишонга олди ва тўп "Реал" дарвозасига кириб кетди. Кейлорнинг сафга қайтишидан сейвлар жамланмасини кутиш қийин, чунки у эндигини оёққа турди, аммо кўпчилик шунга ўрганиб қолган.


Ҳимоячилар

Навасдан кўра, уни атрофидаги жамоадошларига саволлар кўпроқ ёғилмоқда. Қанотдан бошлаймиз. Марсело мавсумолди тайёргарликни жуда яхши ўтказди - бразилиялик жамоанинг энг яхшиларидан бири бўлди, аммо илк расмий учрашувларда ўз ўйинини кўрсатиб бера олмади. Марсело "Реал"нинг сўнгги уч ўйинида иштирок этмади, унинг ўрнида бошқа бразилиялик - Данило ҳаракат қилди. "Порту"дан "Қироллик клуби"га ўтган ҳимоячи вазиятларда ёмон ўйнагани йўқ, лекин рақибга ўз қанотида рейдлар уюштиришга қўйиб берди. Қарама-қарши қанотдаги Дани Карвахалга ҳам шу сўзларни ишлатишимиз мумкин. Тўғри, у жамоасининг ҳужумларига ёрдамлашмоқда, вазиятлар ташкил этяпти, бироқ ўзининг асосий вазифаларини ҳар доим ҳам уддалай олмаяпти: ўнг қанотдан ерлатиб берилаётган кетма-кет узатмалар бир кун гол билан якунланиши аниқ.


Серхио Рамос, Пепе ва Рафаэль Варан ўйнаётган ҳимоя марказидаги ҳолат қанотдагидан ёмонроқ. "Реал" сардори кўпчиликда жуда ғалати таассурот қолдирмоқда: Унинг "ташриф қоғози" - рақиб жамоага гол ёки пенальти совға қилиш ва кейин жамоани қаҳрамонларча қутқариб қолиш. Бу баъзида амалга ошмоқда. Бунинг устига, Рамоснинг сариқ карточкаларидан юзага келадиган дисквалификациялар жамоага жиддий таъсир қилмоқда. Яна бир салбий жиҳат - манзилга етиб бормайдиган унинг узун узатмалари. Аммо Серхио ўзининг қўшимча дақиқалардаги голи билан айбини яширгандек бўлади.

Вараннинг ҳаракатлари Зидан учун навбатдаги муаммога айланмоқда. Зинедин ўз юртдошига ишонади, аммо Рафаэль ўз ўйини билан сифатли футбол намойиш этишга қодирлигини кўрсата олмаяпти. 23 ёшли франциялик Зидан кўз олдида ўз жарима майдончасида омадсиз финт ишлатиб, рақибга пенальти ишлаб беришидан сўнг, Варан захира ўйинчисига айланиб қолиши аниқ. Айнан шу сабаб туфайли Флорентино Перес Пепени қўйиб юборишга шошилмаяпти. Олдинроқ Евро-2016ни жуда ажойиб ўтказган португалиялик "Реал"нинг эркин агент сифатида тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар эълон қилинган эди, лекин айни дамда бу Флорентинонинг катта хатоси бўлиши мумкин эди. Пепе ҳам "оппоқ" эмас, аммо ҳимоя марказидаги учликда у ишончлироқ футболчи десак адашмаймиз


Ярим ҳимоячилар

Икки йил олдин "Реал" механизмининг асосий қисми - Лука Модрич жароҳат туфайли узоқ муаддатга сафдан чиққан эди. Ўша пайтда жамоани бошқараётган Карло Анчелоттида "B" режаси бўлмаган. Ҳозир ҳам худди шу муаммо ва Зидан бу масалани ечишга қийналмоқда. Модрич ва Касемиронинг сафага қайтиши учун ярим йил керак бўлмайди, бироқ хатто бир ой ичида ҳам ўнлаб очко йўқотиб, "Барселона" чемпион бўлишига имкон яратиб бериш мумкин. Энди эътиборни хорватга эмас. бразилияликка қаратамиз: Касемирони "Реал" ўйинининг устуни дейиш мумкин. Айнан у майдон марказидаги мувозанатни ушлаб туради, Рамоснинг хатоларини ёпади ва кучлар тенглигини сақлайди. "Қироллик клуби" Касемиросиз тўртта ўйин ўтказди ва барчасида очко йўқотди. Тасодифми? Бундай деб ўйламайман.


Тони Кроос бразилиялик таянч ярим ҳимоячисининг ўрнини эгаллаши керак эди. Ўхшамади. Бу ҳақда ёз бўйи гапиришди, аммо энди кеч: Касемиродек бақувват футболчи ҳам бир кун келиб жароҳат олиши мумкинлиги ҳаммага маълум эди. Устига-устак унинг ўрнига муносиб захира харид қилинмади. Кроос ҳимояга қайтишини истамаганидан сўнг, муаммолар кўриниб қолди. Ушбу матнни рақамлар билан тўлдирмаймиз, аммо ҳимоявий ҳаракатларда Тони худди бошқа кемаган тушиб қолгандек ўйнайди.

Ярим ҳимоячилардан Иско, Хамес Родригес ва Матео Ковачич қолди. Испаниялик жуда кам ўйин амалиётига эга бўлмоқда, аммо у барибир жамоа ўйинига киришиб кета олаётгани йўқ. Хамеснинг ўйини кўпчилик учун янгилик бўлди: Ёзда колумбиялик кетиш ҳақида бош қотирди, кейин эса шунчаки ишлаш кераклигини тушунди. Айтилди ва бажарилди. Родригес ҳужумдаги ҳаракатларда энг кўп кўзга ташланадиган ўйинчига айланди ва жароҳат жуда бевақт содир бўлди. "Янги Модрич" - Ковачич ҳақида ҳозирча бирор нарса дейиш қийин, аммо йигитча баъзида ўзини кўрсата оляпти. Унинг захирадан майдонга тушиши, жамоага қўшимча куч бермоқда.


Ҳужумчилар

Зидан бир неча маротаба унинг ғояси - ҳужумдаги BBC эканини айтган. Бошқа вариантлар деярли кўриб чиқилмаган. Карим Бензема ва Криштиану Роналду жароҳат туфайли бир нечта учрашувни ўтказиб юборди. Зидан бундан фойдаланиб ҳужумда янги ўйинчиларни синаб кўрди. Марко Асенсио ишончни оқлади, аммо энди у хатто ўйин қайдномасига кириши ҳам қийин бўлиб қолди. Альваро Мората ўтган мавсумни "Ювентус" сафида яхши ўтказди, бироқ айни дамда у Бенземанинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган шубҳали захирага айланиб қолди. Хатто 100% тайёр бўлмаган Бензма Моратадан фойдалироқ ҳаракат қилмоқда. Лукас Васкес ажойиб жокер. "Қироллик клуби" тарбияланувчиси фақат захирадан ўйинга қўшилганда яхши ҳаракат қилмоқда - асосий таркибда у майдонда йўқолиб қоляпти.

Криштиану Роналду ҳақида алоҳида тўхталмасак бўлмайди. Тез орада португалиялик 32 ёшга тўлади. Қанотдаги финтлар ҳимоячилар учун ўқиш осон бўлган ҳаракатларга айланмоқда, зарбалар - аввалгидек кучли ва аниқ эмас. Аммо Роналду ўзининг энг яхши формасида бўлмаса ҳам гол уришга эришмоқда. "Лас-Пальмас"га қарши баҳсдаги Криштианунинг алмаштирилишидан катта можаро ясашди, лекин буни одатий ҳол сифатида қабул қилиш лозим. Асенсио Криштиану Роналдусиз ҳам "Реал"нинг чап қаноти кучли эканлигини исботлаб қўйди.


Ротация - "Реал" омадсизлигига сабабчилардан бири. Касемиро - Кроос - Модрич бу мавсумда фақат икки расмий учрашувда майдонга тушди. Хулосаларни баҳорда чиқарамиз, чунки Анчелотти бизга намуна ташлаб кетган. У асосий 11 футболчидан иборат асосий таркибни танлади ва доимо улар билан ўйнади. Натижада мавсумнинг охирида ўйинчиларга жисмоний куч етишмади.

Ниҳоят "Реал"нинг энг ёқимсиз муаммосига тўхталамиз. "Реал" учрашув бошида ёки танаффусдан кейинги илк ўн дақиқаликда гол ўтказиб юборишни одат қилиб олди. Баҳс охиридаги голлар ҳам трендга айланмоқда: "Боруссия" ва "Лас-Пальмас"га қарши баҳсларда мадридликлар ҳисобдаги устунликни ушлаб қола билишмади.

"Реал" ўзининг навбатдаги учрашувини деярли икки ҳафтадан сўнг ўтказади - терма жамоалар ўйини туфайли танаффус юзага келди. Демак, Зидан ён дафтарини олиб жамоани тартибга келтириши керак. Флорентино Переснинг сабри кўп эмаслигини барчамиз яхши биламиз.


Рейтинг: +14   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика