UZ

Сўнгги янгиликлар

23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  1 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  3 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  10 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  27 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  6 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0

РАВШАН ЭРМАТОВ БИЛАН СЎНГГИ БИР ЙИЛ ҲАҚИДА БАТАФСИЛ Янгиликлар

РАВШАН ЭРМАТОВ БИЛАН СЎНГГИ БИР ЙИЛ ҲАҚИДА БАТАФСИЛ

Кўпчилик мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг сўнгги бир йилда амалга оширган ишлари билан яқиндан танишиш учун микрофонимизни ЎФА биринчи Вице-президенти Равшан Сайфиддиновичга тутдик.

Суҳбат узоқ давом этди. Интервью ўз ичига клубларни хусусийлаштириш, оғриқли нуқтамиз бўлган болалар футболи, керак бўлмаган натижалар йўлида носоғлом рақобатни ҳосил қилиш, МТЖ ва ҳакамлик каби катта мавзуларни ўз ичига олди.


– Даставвал қилинаётган ишлар хақида қисқача гапириб берсангиз?

– Дарҳақиқат, футбол ривожида мукаммал тизим ўрнатиш муҳим аҳамият касб этади. 2019 йил 4 декабрь куни муҳтарам Президентимизнинг 5887-сонли “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш” ҳақидаги фармони эълон қилинди. Шуниндек, футболни ривожлантиришнинг 2030 йилгача концепцияси ва йўл харитаси тасдиқлаб олинди. Ушбу фармонда футболнинг барча йўналишлари бўйича ривожлантириш аниқ вазифалари ва мақсадлари кўрсатиб ўтилган. 

Айниқса, болалар футболини тизимли ривожлантириш вазифаси устувор  белгиланган бўлиб, унга энди ҳар қачонгидан кўра эътибор юқори бўлади. Шунга асосан биз энг аввал ишни болалар футболини ривожлантириш тизимини тўғри йўлга қўйишдан бошладик. ЎФА ва ҳудудий футбол ассоциациялар билан биргаликда ишчи гуруҳ тузилиб Республикамизнинг барча ҳудудларидаги футбол секцияси бор спорт мактабларини танқидий ўрганиб таҳлил қилдик. Биронта ҳудуд қолиб кетмади. Аччиқ бўлса ҳам тўғрисини айтишимиз керак, йиллар мобайнида чекка нуқталардаги футбол мактабларининг аксарияти эътиборсиз, қаровсиз ва эгаси йўқдек ҳолатга келиб қолган.

Таҳлил шуни кўрсатдики, Республикамиздаги аксар майдонлари ва майдончалари таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Асосий ишларимиздан бири сифатли футбол инфраструктурасини яратиб олиш. Ахир майдон бўлмаса, биз қаерда болаларни футбол ўйнашга ўргатамиз?

Ундан ташқари инвентарлар эскириб қолган, экипировка ва тўплар сифати жуда паст. Буни ўзимиз кўриб ўргандик. Машғулот ўтказиш учун йўқ деганда икки футболчига битта тўп тўғри келиш керак бўлса, ҳозирги кунда ўртача 9 нафар болага битта тўп тўғри келяпти. Баъзи жойларда эса бутун бир жамоада бир дона тўп бор, холос. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, турли хил секцияларимизда 8252та тўп етишмас экан.

Яна бир муаммолардан бири, аксарият болалар мураббийларининг ўз устиларида ишламаётгани, билими бугунги кун футболи талабига жавоб бермаслиги ҳам айни ҳақиқат. Бундай ҳолатда футболни қандай ўстирамиз? Бу каби муаммоларни ҳозир кўтармасак ва уларнинг ечимини топмасак, футболимиз ривожланмайди. Шунинг учун спорт вазирлиги билан биргаликда юқорида кўрсатилган муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Булар - футбол майдонларини режа бўйича йилма-йил реконструкция қилиш, инвентар, экипировка ва футбол тўпларини харид қилиш жараёнида асосий эътиборни сифатга қаратиш, мураббийлар малакасини ошириш учун ОФК ва ФИФА стандартларидаги юзга яқин ўқув семинарларини ҳудудларнинг ўзида ташкил этиш. Сўнгги бир йил ичида 66та турли тоифадаги семинарларни ташкил қилдик, унда 1331 нафар соҳа вакиллари таҳсил олдилар.

Ҳудудларда ва умумхалқ мактабларида ҳам болалар футбол мусобақаларини тизимли йўлга қўйиш ҳам бизнинг асосий мақсадларимиздан бири. Албатта, бу ишлар футболдаги энг оғир, кўзга кўринмайдиган ва натижаси бир неча йилдан кейин келадиган машаққатли иш. Аммо пастга тушиб шуғулланмасак “эртанги кун” хақида гапиришдан мантиқ йўқ.

Афсуски, пандемия туфайли бу режаларни тўлиқ амалга ошира олмаяпмиз. Лекин ишонч билан айта оламанки, Худо хоҳласа вақти келиб сифатли ва барқарор натижа берадиган болалар футболини ривожлантириш тизимини йўлга қўямиз. 



 – Ёмон томони шундаки, Республикада фаолият олиб бораётган 26та футбол интернатини тўғрилаш ўрнига, у ерда мутахассис йўқ деб ёпиб юборишди. Ундан ташқари яна 15та Олимпия захиралари коллежларидан футбол бўлимлари йўқ бўлиб кетди. Аслида, уларни йўқ қилиш эмас, сифатини ошириш талаб қилинган эди.

– Ёмон деб ўтираверсак, ёмон бўлиб кетаверади. Бизнинг вазифамиз эса ёмонни яхши қилиш. Шунинг учун спорт вазиримизнинг футболни қўллаб-қувватлашлари натижасида бугун Республикадаги барча Олимпия захиралари коллежларига футболни қайтардик. Бу яна 15та академия пайдо бўлди дегани. Яна ҳудудлардаги футбол академиялари Олий маҳорат мактабига ўзгартирилди ва 5 йил ичида 30тага олиб чиқиш мақсади қўйилди. Бунинг учун аввало жойлардаги аҳоли сонига эътибор қаратилади. Масалан, водий анча зич ҳисобланади, у ердаги аҳоли сонидан келиб чиқадиган бўлсак, 3та маҳорат мактаби жуда камлик қилади. Мактабларни очиш мумкин, лекин у ерга малакали мутахассисларни саралаб қўйиш асосий муаммомиз. Ҳозир ЎФА ва ҳудудий ассоциациялар мазкур масала бўйича катта иш олиб боряпти. 


–Республика Олимпия захиралари спорт коллежи бу мамлакатнинг юзи эди. Одил Аҳмедов, Александр Гейнрих, Сервер Жепаров, ҳозирги Остон Ўрунов айнан шу ердан чиққан юлдузлар.

– Албатта, бизнинг ёшлигимизда кўпгина футболчилар орзуси мазкур интернатга кириш бўлар эди, ўзим ҳам интернатда ўқиганман. РОЗСКни очиш орқали ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимизни янада сифатли кўринишга олиб келамиз. Шу кунгача нима учун аксар академия ва интернатларда иш сифат кўзга кўринмаган? Бунинг асосий катта сабаби худудларда мусобақаларнинг камлиги. Энди эса вазият бошқача бўлади. Ҳозирги кунда 5та тоифадаги профессионал мусобақа тизими йўлга қўйилган. Афсуски, карантин боис уларни ўтказа олмай турибмиз, вазият енгиллаши билан режалаштирилган мусобақалар ўз изига тушиб кетади. Мусобақаларимиз икки турда кўриниш олган. Бири уй-сафар тизими бўлса, иккинчиси марказлашган ҳолда. Лекин буларнинг барчаси 7-8 ой давом этади. Болалар ўзларини профессионал тарзда тутишга айнан шу лигаларда ўрганадилар ва мураббийлар ўртасида бошланадиган соғлом рақобат ҳам ўсишга олиб келади.


– Лекин БЎСМлардаги мураббийларнинг маоши бугунги иқтисодиётга мос эмас...

– Бу гапга қўшиламан, лекин 2019 йил 14 ноябрда Вазирлар маҳкамаси томонидан чиққан қарорга кўра, 2020 йилдан бошлаб мураббийларнинг маошлари 1.35 баробарга ошди. Спорт вазирлиги мутахассислари томонидан тузилган ишчи гуруҳ мураббийларни рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш устида иш олиб боряпти. Бу борада ҳам мураббийларга яна қулайлик яратиш устида ишлаяпмиз. Албатта, мураббийлар муносиб маош олса, иш сифатини талаб қилсак тўғри бўлади. Лекин касбга бўлган фидойилик ҳақида ҳам унутмаслигимиз керак.


– Оммавий футболни ҳам йўқотиб қўйгандекмиз.

– Футбол фақат профессионаллар учун бўлиши керак эмас. Олдинлари ҳар бир ташкилотнинг ўз жамоаси бўлар эди. Улар ўртасида мусобақалар ташкил қилинган. Ҳозир мусобақа бўлмаганидан кейин табиийки жамоалар ҳам йўқ бўлиб кетди. Шунинг учун биз аввал мусобақалар тизимини яратиб олишимиз керак. Бу борада маҳаллалар ўртасида чемпионатларни йўлга қўйдик, “Чарм тўп” яна катта саҳнага қайтди. Болалар ўртасида “Маҳаллага маҳалла” мусобақасини ташкил қилганимиз ҳам, ёшлар орасида қувонч билан қабул қилинди. Табиийки, бу ҳам футболни оммавийлашиши йўлида ташланган бир қадам бўлди. Турли вазирлик идоралари ўртасида мусобақа йўлга қўйилди. Ҳар бир вилоят ассоциациялари учун оммавий футболга масъул ходим тайинладик. Юртбошимиз айтаётганларидек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қиламиз. Лекин бир нарсани айтиб ўтиш керак, ҳеч бўлмаса шу оммавий футболда натижа учун ўйнамайлик. Шунчаки футбол ўйнаб роҳат олайлик. 


– Футбол учун иккита нарса муҳим, тўп ва майдон. Нима учун давлат мактабларининг тўплари жуда сифатсиз, буни қачондир назоратга олиш керак-ку?

– Бу нафақат футболда, балки спортнинг бошқа турларининг ҳам оғриқли нуқтаси эди. Чунки харид қилинаётган спорт анжомларининг сифатини биладиган, айнан ўша спорт тури мутахассислари билан бамаслаҳат амалга оширилмас эди. Ҳар бир спорт турининг анжомларини сотиб олиш жараёнида ўша спорт тури мутахассисининг иштироки бу каби масалаларга ечим бўлади. Асосийси, буларнинг барчаси учун етарли маблағ бор. Бундан оқилона фойдаланиш керак, холос.


– Нима учун мураббийлар учун ўзбек тилида қўлланмалар йўқ?

– Ҳозир ЎФА мураббийлар учун совға тайёрлаган. Тез кунда 300га яқин саҳифани ўз ичига олган замонавий қўлланмани нашрга берамиз. Афсуски, бу иш шу пайтгача амалга оширилмаган. Ҳозирги кунда ҳамма мураббийлар ҳам рус тилини билмайди. Ҳамма ҳам интернетдан қўлланмани қидира олмайди. Ўзбекистонда яшаганимиздан кейин ўзбекча қўлланмамиз бўлиши керак. 


– Мураббийларни қаердан топамиз?

– Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Республика бўйлаб спорт мактабларида 561 нафар болалар мураббийлари етишмовчилиги бор. Бу жиддий муаммо. Шунинг учун ЎФА қошида мутахассисларни тайёрлаш мактабини очдик. Бу мактаб йиллар давомида шаклланиб, Республика бўйлаб кўплаб ўз йўналишига кўра мутахассисларни етказиб бериши керак. У ердаги асосий эътибор мураббийларнинг малакасига қаратилади. Ҳозир мураббийларни ўқитиш бўйича ўзгартириш киритдик. Сўнгги йилларда "С" лицензиясини олиш учун барча ўқишлар Тошкентда бўлиб ўтаётганди. Агар ётоқ ва еб-ичиш шароитини қила олмаса, вилоятдагилар кела олмаган ҳолатлари жуда кўп бўлган. Қанчадан-қанча мураббийларнинг ишидан кўнгли қолиб кетди.

Нима учун биздан мутахассис бориб у ерда курс ташкил қилиб келиш мумкин бўлган бир пайтда 20-30 нафар мураббийни овора қилиб, ортиқча сарф-харажатга қўйиб Тошкентга мажбурий олиб келишимиз керак? Бунинг оқибатида жуда кўп мураббийлар ўз вақтида ўқий олмадилар ва иш билан таъминланмади. Мана шу масалага бугун ижобий нуқта қўйдик. Энди ҳар бир вилоятда ўқув курслари ташкил қилинади. Бундан кейин инструкторлар вилоят марказларида курсларни ташкил қилишади.

Яна бир ташкиллаштиришимиз керак бўлган ишлардан бири БЎСМларда фаолият олиб бораётган мураббийларни Ҳудудий бошқарма ва ассоциациялар билан ҳамкорликда "С" лицензиясига босқичма-босқич, бепул ўқитиб, соҳа бўйича малакасини, замонавий талабларга мос равишда ошириб бориш. 

Ундан ташқари марказ селекционер, менежер, таҳлилчи, ҳакам, психолог, маркетолог, инструкторларни ҳам тайёрлайди. Бу осон бўлмайди. Чунки бизда аввало мутахассисларни тайёрлаш бўйича мутахассислар етишмовчилиги бор. Шунинг учун пандемия якунига етиши билан ФИФА, ОФК ва УЕФАдаги ҳамкасбларимиз билан тузган келишувимиз асосида мутахассислар жалб қилинади. Режамизга кўра, сентябрда икки ой муддатга УЕФАдан тажрибали техник директори келиши керак эди. Бу борада европаликлар билан алоқани ушлаяпмиз. Айнан шу мутахассис ҳозир ЎФАда бўш ўрин бўлиб турган техник директор лавозими учун Ўзбекистондаги энг яхши кадрлар ўртасида танлов ўтказиб беради ва биз катта ишчи гуруҳни тузиб оламиз. Техник директорнинг вазифаси жуда катта. Бутун дунёда ассоциациялар фалсафасини техник директор аниқлаб беради. Бизнинг ҳам шу йўлни танлайдиган пайтимиз келди.


– Энг катта муаммолардан яна бири ҳудудий ассоциацияларнинг молиявий ҳолати ачинарли ҳолатда эканлиги эди. Билишимизча, раҳбарият саъй ҳаракатлари билан ҳудудларни молиялаштириш бошланибди?

– Бу муаммонинг ечимини излаб ва уни бартараф этиш йўлида ЎФА қошида ҳудудий ассоциациялар билан ишлайдиган бўлим ташкил қилдик. У ерга футбол ичида кўп йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган Бахтиёр Ширинов раҳбар этиб тайинланди. ПФ-5887даги энг катта банд сифатида ҳудудий ассоциацияларни ривожлантириш ва молиялаштириш бўйича аниқ чора-тадибирлар белгилаб қўйилгани бўлди. Бу борада шубҳасиз давлатимиз раҳбаридан миннатдор бўлишимиз керак. Ҳудудий ассоциациялар молиясини ҳал қилмагунимизча биз ҳеч қачон чекка жойларда сифатли иш олиб бора олмас эдик. ЎФА томонидан намунавий 12 кишидан иборат штат шакллантирилди. Бугунги кунда 14та ассоциациянинг 10таси тўлиқ молиялаштирилди. Қолганлари ҳам тез кунларда ўз пулларига эга бўладилар. Мазкур фармон бизга ҳудудларни яхши мутахассислар билан таъминлашда замин яратди. Наманганда Шуҳрат Мирхолдиршоев, Фарғонада Носир Отақўзиев, Тошкент вилоятида Асқар Жадигеров, Сирдарёда Рустам Қодиров, Сурхондарёда Санжар Шомуродов каби ўз пайтида яхши савияда футбол ўйнаган мутахассисларни раҳбар этиб тайинладик. 

Яқинда мутахассислар курсларида уларнинг бари менежерлик фаолияти бўйича ўз билимларини ошириб борадилар. Ўзбек футболида тажрибали ва малакали менежерларга катта эҳтиёж мавжуд. Масалан, бугун Ўзбекистонда Баҳром Давлатовдек малакали футбол менежерлари етишиб чиқмаяпти. Айнан шунинг учун футбол мутахассисларини тайёрлаш марказида асосий йўналишлардан бири этиб менежерларни тайёрлашни белгилаб қўйдик. Биз истардикки, ҳар бир вилоятда камида 5-6 нафардан мана шундай мутахассис бўлса. 


– Болалар футболига қайтиб ёшни кичрайтириш масаласига тўхталсак. Мексика қаҳрамонларидан ҳозир ҳеч ким МТЖда йўқ?

– Оғриқлик ва йиллар мобайнида илдиз отиб кетган масалани кўтардингиз. Айнан шу масалани ечиш орқали футболни яна бир қадам олдинга юргазмоқчимиз. Ҳозир Республикамиз бўйича ўтказиладиган ҳар қандай профессионал лигагача бўлган мусобақалардаги футболчиларни текшириб оламиз. БЎСМлардан тортиб олий маҳорат мактабларигача. Шахсий клуб ва ўринбосарлар лигасигача. Агар ёшини кичрайтирган ўйинчини топсак, марҳамат, кучи етса ўз ёшида тўп тепаверсин. Бу ишлар авваллари ҳам бўлган, терма жамоани кучайтириш учун қилинган иш. Лекин ҳозир ундай эмас. Сиз айтган Мексика қаҳрамонлари бугун 26га "тўлганлар". Айни футбол ўйнайдиган пайти. Сардор Собирхўжаевдан бошқа кимни кўрсата оласиз бирон клубнинг асосий таркибида ўйнаётган? Аслида уларнинг аксарияти бугун МТЖ асосий таркибида бўлишлари керак эди. Сохта обрў ва натижага эришаман деган иш энди ЎФАда бўлмайди. Шунинг учун энди ЎФА ўсмирлар ўртасидаги натижани кун тартибидан олади. Майли, биз ҳозир ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатига чиқмайлик. Лекин, ўсмирлар ўртасида тўғри ишласак, ёшлар ва Олимпия терма жамоаларининг натижалари ўзи табиий йўл билан келади. Япония ва Жанубий Корея шу ишни тўғри йўлга қўя олди-ку, улар ҳам биз каби Осиё вакили. Биз Адлия вазирлиги вакиллари билан биргаликда футболимиздаги бу каби салбий ҳолатларга қарши курашишни давом эттирамиз.


– Эшитишимизча, Сервер Жепаров бошқарувидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида ҳам бундай ўйинчилар топилган?

– Ҳозирча 5 нафар ёши катта футболчи аниқланди. Биз ҳозирданоқ булардан воз кечдик. 2006 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоамиз ўз ёшида Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири бўлишига ишонаман. Бу борада яхши гапларни ҳам айтиб ўтиш керак. Олдинлари терма жамоа "Бунёдкор" ва "Пахтакор" клублари негизида ташкил қилаётган эди. Ўрганиб чиққанимизда 2006 йилдан кейинги авлод вакиллари ўртасида рақобат жуда кучли экан. Тошкентнинг ўзида "Пахтакор", "Бунёдкор" ва "Локомотив"дан ташқари "Одил Аҳмедов ФА", "Спартак", Тошкент олий маҳорат мактаби. Водийдан Наманган ва Андижон академияларида яхши ўйинчилар кўп. Қашқадарёда "Насаф" академияси яхши футболчиларга эга. Сирдарё ва Жиззахда ҳам яхши савияли футболчилар тарбия топяпти. Бу терма жамоа тоза ёшда ҳам сифатли ўйин кўрсатишига ишонишимиз мумкин. Мана, Шомуродов Сурхондарёнинг битта чеккасидан чиқди-ку? Агар шу ишларни тўғри ташкиллаштириб олсак, менимча Германияга ўхшаб ўйинчиларимизга терма жамоа етишмай қолади. 

Яна бир маълумот, биз ягона электрон базани яратдик. Ҳозир у ерга ПФЛ клубларининг барчаси рўйхати киритилди. Энди ҳудудий ассоциациялар билан ҳамкорликда навбатни иккинчи лига ва болалар футболига берамиз. Агар бизнинг қўлимизда ягона база шаклланса, нафақат ёш бўйича маълумотлар, балки қаерда қандай ўйинчиларимиз борлигини ҳам билиб олиш имкониятига эга бўламиз. Ўз навбатида бу тизим турли ёшдаги терма жамоамиз бош мураббийлари учун қўлланма сифатида ишлатилади.


– Лекин шунча иш қилинса-ю, клублар ёшларга имконият бермаса ҳам фойдаси бўлмайди?

– Шунинг учун ўринбосарлар лигаси учун 18 ёшли 2 нафар футболчини туширишни мажбурий қилдик. Остон Ўрунов ва Жасур Жалолиддинов мисолида кўрдик, ўйнаса бўлади. Олдинлари қаранг, қанчадан қанча ёшлар клубларнинг асосий таркибида тўп тепарди. Ҳозир ундай эмас. Ёшлар чиққани билан асосий таркибга қўймасак, эртага уларнинг руҳи тушиб, ўзига бўлган ишончи йўқолади. Нима учун Ўзбекистонни, Осиёнинг Сербияси ёки Бразилиясига айлантирмаслигимиз керак? Дунёда трансфер нархлари ошса ошмоқда-ки, асло тушмаяпти. Биргина Неймар сабаб ўртамиёна футболчилар нархи 50-60 млн.га чиқиб кетди. Биз 2-3 млн.лик футболчиларни тарбиялай олмаймизми? Тарбиялаймиз, фақат клублар қўрқмасдан ёшларга имконият берса. Кейин трансфер қилиб катта маблағ ишласин. Бу аввало давлатимизга валюта кириб келишига олиб келади ва футбол ривожига ҳам катта ҳисса қўшади. Энг аввало бундан клубларнинг ўзи манфаат кўради ва ривожланишига туртки бўлади.



– Агар барчаси Сиз айтгандек бўлса, унда селекцияни кучайтириш керак. Лекин на ЎФА, на клублар селекция билан мақтана олмайди. Буни тан олишимиз керак!

– Тўғри, йўқ дея олмайман. Аммо бунинг ечими ҳам ПФ-5887 фармонда ҳам кўрсатиб ўтилган. Энди ҳар бир вилоят ассоциациясида селекционер мураббий фаолият олиб боради. Ундан ташқари олий маҳорат мактабларида 3 нафардан селекционер учун штат очилди. Авваллари мактаблар ўртасида махсус мусобақалар бўларди. Ўзимиз ҳам ўйнаганмиз. Мактаблар лигасини томоша қилиш учун БЎСМ ёки футбол клубларидан мураббийлар келиб кузатарди ва иқтидорли болаларни саралаб ўз мактабларига жойлашарди. 2020 йилнинг март ойида ана шу тизимни тиклаган ҳолда мактаблар лигасига старт бердик. Унда 7-12 ёшли футболчилар тўп тепади. Афсуски, биринчи босқичда деярли ҳеч бир БЎСМдан ва баъзи бир клублардан мусобақаларга селекционер келмади. Мана бизнинг фожеамиз қаерда? Ишга бўлган муносабат тушиб кетган. Ҳудудингда мусобақа бўляпти. У ерда 500га яқин бола иштирок этяпти, наҳотки бир-икки кун вақтини ажрата олмайди. Ахир бу сенинг нонинг, эртанги кунинг-ку, тўғрими? Шунинг учун энди ҳар бир маҳорат мактаблари селекционерлари ва туман БЎСМ мураббийларини, ўз ҳудудларидаги мактаблар лигасига масъул қилиб қўямиз ва мажбурият юклаймиз.


– Кейинги Олимпия терма жамоасининг тақдири қандай бўлади?

– Бу 2001 ва ундан кейинги йилда туғилган футболчилар ўртасида шаклланадиган терма жамоа. Биз 2020 йилги Осиё чемпионати ўйинларида қатнашган терма жамоаларни ўрганиб чиқдик. Масалан, Австралия негизини 1997 йилда туғилган футболчилар эмас, 1998 ва 1999 йилларда таваллуд топган футболчилар ташкил қилган. Демак, биз олдинги пайтларда бўлгани каби Олимпия ёши экан деб фақат 23 ёшга тўлган футболчиларга эмас, 20-23 ёшгача бўлган авлодга катта эътибор қаратишимиз керак. Шунинг учун 2024 йилги Олимпиадага тайёргарликни биринчи маротаба 4 йил олдин бошладик. 2001 йиллардан ташқари 2002 ва 2003 йил терма жамоаларга ҳам адоҳида эътибор қаратишни бошладик. Балки 2001 йилда йўқ футболчи, ҳозир биз кўрмаётган 2003 йиллар ичида бордир. Бу янгилик бўлади ва ишонаман, ўз мевасини беради. Шунинг учун бу йил 2003 йиллар терма жамоасига асос солишни режалаштирганмиз.


– Нима учун бизда терма жамоалар ўртасида боғлиқлик йўқ. Ҳамма мураббий ўз билганича ишлайди. Ягона қолип мавжуд эмас?

–    Айни пайтда 2001, 2004 ва 2006 йиллар терма жамоалари мавжуд. 2002ларимиз 2001лар қаторида юришини ҳисобга олсак, биз яна 2003, 2005, 2007 ва 2008 терма жамоларини ҳам шакллантиришни режа қилганмиз. Шунинг учун ҳар бир 4 йиллик терма жамоани битта лойиҳа қилиб оляпмиз. 2001 ва 2004 мураббийлари ўзаро баҳамжиҳат бўлишлари керак, ҳудди шундай 2005-2008 йиллар. Энг муҳими биз бу ёшда натижага ёпишиб олишимиз керакмас, биз учун асосий мақсад МТЖга яхши футболчиларни етказиб бериш. Ўзбек футболининг мухлисларга ёқадиган ўз услуби бор. Бу ишларни қилишдан мақсад, турли ёшлар терма жамоаларини шу услубга мослаштириб бориш. Шу ишни амалга ошириб олсак, МТЖ бош мурббийи ҳар бир келадиган ёш футболчига бошқатдан МТЖ фалсафасини тушунтириб ўтирмайди. 

Бир маротаба адашиб ЖЧга чиқишимиз мумкин, лекин доимий равишда иштирок этиш учун мазкур тизимни йўлга қўйиб олишимиз зарур. Бунинг учун вилоятларга катта эътибор беришимиз шарт. Ҳар бир вилоят Тошкентдан кам бўлмаган ўз биринчилигига эга бўлиши керак, шунда мақсадимизга етишамиз.


– Икки йил аввал мухлислар кучли терма жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинларига ўрганиб қолган эдилар. Ҳозир шу нарса кўринмаяпти?

– Тўғри, мухлисларимиз Уругвай, Марокаш ёки Сенегал каби терма жамоаларга қарши доимий равишда ўйнашни истайдилар. 2018 йил шундай йил эдики, ЖЧ арафасида мундиал иштирокчилари яхши тайёрланиш учун турли савиядаги рақиблар билан ўйнашлари керак эди. Бу ҳар тўрт йилда кузатиладиган ҳолат. Ўзбекистон бундан фойдаланиб қолди. Менинг билишимча, ундан аввалги ЖЧ йилларида ҳам терма жамоамизга кўплаб яхши жамоалардан таклифлар келган. Аммо ҳар доим ҳам мураббийларимиз рози бўлмаган. Бундай имконият бизда яна 2022 йил бўлади. Лекин келинг, яхши ният қилайлик, биз ҳам ЖЧ иштирокчиси сифатида бу ўйинларда ўйнайлик. Жорий йилга келсак, пандемия туфайли ҳеч ким ўртоқлик ўйинларини ўтказаётгани йўқ. Мана, яқинда Тошкентда терма жамоамизни 3 сентябрь куни Тожикистон, еттинчида Эрон МТЖларига қарши қизиқарли ўйинлар кутиб турибди.


– Терма жамоаларнинг сифатли тайёргарлик жараёнини қандай йўлга қўямиз?

– Барча ёшдаги терма жамоаларимиз учун базага эга бўлиш муҳим аҳамият касб этади. Ҳозир биз Чиғатой билан чекланяпмиз, бу етарли эмас. Тошкент вилоятининг Янгибозор туманида замонавий лойиҳага қўл урганмиз. Насиб, футболни ривожлантириш ҳукумат даражасига чиққанидан тўғри фойдаланиб, терма жамоалар учун Европа савиясидаги базага эга бўламиз. Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай ассоциациянинг шахсий базаси бўлиши керак. 

Бундан ташқари энди футболга илмий ёндашадиган пайт келди. Бу борада замонавий технологиялар ўрни катта. Технологиясиз жаҳон футболи ўз ривожланишини тасаввур қила олмайди. Агар бизда керакли замонавий спорт технологиялари бўлмаса, бош мураббий, футболчининг физиологик ҳолатини, машғулотдаги юкламалар пайтидаги ҳолатини қаердан билади? Агар футболчининг юрагида толиқиш аломати бўлса, ўз-ўзидан тикланиш муддати чўзилиб кетади ва шу жараённи ушбу ускуна аниқ кўрсатиб беради. Табиийки мураббийда бундай маълумот бўлганидан кейин футболчига дам беради ва футболчи тикланиш машғулотлари билан банд бўлади. Европага анча йиллар аввал кириб келган “Полар” ва “Катапульт” тизимлари орқали у ерда футболнинг ривожланишига илмий ёндаша бошланди ва улар замонавий технологиялардан унумли фойдаланиб олдинга катта қадам ташлашди. Биз ҳам илк маротаба шу тизимни олиб келдик ва турли ёшдаги терма жамоаларимизда қўллай бошладик.



– Бугунги асосий танқид ЎФАда мутахассисларнинг етишмаслиги борасида бўляпти.

– Мен бу фикрга тўлиқ қўшилмаган бўлардим, ҳозир ЎФАда ўзи футболдан чиққан футболни тушунадиган, ишлашга иштиёқи баланд ёш мутахассислар иш бошлаганлар, фақат уларга тажриба тўплаши учун озгина вақт керак. Футбол шунақа ўйинки, 100 хил одамдан, 100 хил фикр чиқиши мумкин. Ҳаммани фикрини ҳурмат қилган ҳолда, ҳозир шакллантираётган жамоамизга ишонаман. Бу жамоа ўз вазифаларини сидқидилдан ҳалол бажаряпти. Улар ҳам ҳаммангиз каби терма жамоамизни ЖЧда кўриш йўлида ҳаракат қиляптилар. Яна бир бор қайтариб ўтаман, бу ёш жамоамиз ҳали Сизларни хурсанд қилади.

Анча йиллар ЎФАда ишлаган мутахассисларимизнинг аксари чет элда бўлса, яна айримлари клубларда фаолият олиб боришни маъқул кўряптилар. Ҳозир мутахассислар мактабини очдик, энди бор эътиборни нафақат футболчилар, балки мутахассисларни ҳам тайёрлашга қаратамиз. Бу ҳақда юқорида батафсил айтиб ўтдим. 2021 йилда Европадан ҳудудий федерациялар ишини тўғри йўлга қўйиш бўйича бошқарувчи олиб келишни ҳам ўйлаб турибмиз. Шу кунгача ЎФАга биз билан суҳбатлашишни истаб келган хар бир мутахассис фикрини эшитдик. Бизга яхши таклифлар билан мурожаат қилишса, албатта ўрганиб чиқамиз. Амалиётга тадбиқ этамиз. Қувонарлиси бугунги кунда мухлислар орасидан ҳам фойдали фикр ва таклифлар чиқяпти. 


– Азиз Ҳайдаров бугун терма жамоалар бўлимида фаолият бошлаган, бу қандай танлов эди?

– У ўсмирлар терма жамоасидан тортиб, ёшлар, ОТЖ ва МТЖгача ўйнаган футболчи. Ҳар бир терма жамоани ўзига яраша ютуқ ва камчиликларини билади. Терма жамоада ҳам йиллар мобайнида фаолият олиб борди. Узоқ йиллар хорижда тўп тепди. Кўп ёш футболчилар унга хавас билан қарашади ва ҳурмат қилишади, шунинг учун биз Азизга имконият бердик. Ишонамизки, терма жамоалар бўлими ўз олдига қўйилган вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажаради.


– Бу йил 4та сунъий майдон қуриб берилди. Республиканинг барча ҳудудларига шундай шароит яратиб берса бўладими?

– 2020 йил якунларига кўра Нукус, Бухоро, Наманган ва Тошкент шаҳрида биттадан стандарт сунъий майдон қуриб берилди. Яна 10та ҳудудимиз қолди. Келаётган 3 йил ичида қолган вилоятларни стандарт сунъий майдонлар билан таъминлашни режалаштирганмиз.


– Нима иш қилинса, футбол ривожланди деб айтишимиз мумкин?

– Қачонки, Европа клублари тўғридан-тўғри ўзбек футбол клубиларидан камида 3-4 млн. АҚШ долларига футболчи ҳарид қилса, қачонки ЖЧга доимий чиқсак. Қачон Суперлига клубларининг ичида 2-3 нафар 18-21 ёшли футболчилар асосий таркибда ўйнасалар. Чемпионлик учун 5-6та жамоа рақобат олиб борса. Суперлига ва ПРО Лига жамоалари ўртасидаги тафоввут катта бўлмаса. Болалар футболида ўрнатилаётган тизим натижа берса, мана шу ривожланиш бўлса керак.


– Футболнинг асосий бўғинига айланиб бораётган маркетинг тизими бўйича нима ишлар қилинди?

– “Лагарде Спорт” компаниясига ЎФАнинг барча телевизион ҳуқуқларини 2025 йилгача бериб юборилган бўлган. Ҳуқуқшуносларимиз ёрдамида бу ишни ўрганиб телевизион ҳуқуқларни яна ЎФАга қайтариб олдик. Энди футбол учрашувларининг ТВ ва интернатдаги трансляцияларидан даромад олиш имконига эгамиз. Ундан ташқари ЎФА ва ПФЛ томонидан ҳам маркетинг йўлида бир қанча ишлар қилиняпти. Деярли ҳар бир мусобақамизга титул ҳомийлар қизиқишни бошладилар. “Спорт ТВ” билан ҳамкорликда кенг кўламдаги ишлар йўлга қўйиляпти. Агар футболимиз ва миллий чемпионатимиз сифатини оширсак, унда йирик телевизион компаниялар ўзбек футболига қизиқиш билдирадилар ва бу ўз навбатида футболимизга катта даромад олиб келади. 


– 2030 йилга келиб клублар хусусийлаштирилиши керак. Бу қўлимиздан келадиган вазифами? Хусусийлаштириш жараёни қандай кечади?

– Албатта, клубларни шахсий инвесторларга сотиш учун авваламбор клубларнинг жозибадорлигини оширишимиз керак. Яъни, ҳар битта клуб замонавий профессионал клуб тизимида нимага эга бўлиши керак бўлса, шу нарсага эга бўлиши керак. Бу - клубнинг ўз стадиони, замонавий ўқув-машғулот базаси, болалар футбол академияси, шаклланган тизими ва яхши савиядаги мутахассислари. 

Бу йўналишда ишни Давлат активларини бошқариш агентлиги, ЎФА ва ПФЛ мутахассисларидан ташкил топган ишчи гуруҳини тузиб олиш билан бошладик. Ишчи гуруҳ Давлат активлари бўлган клубларни бугунги кундаги фаолияти, умумий ҳолати, инфраструктурасини ўрганишни бошлади ва хатлов ўтказди. Ўрганиб чиқилган натижалар шуни кўрсатдики, аксар жамоалар бугунги кун билан яшаши, эртанги кун лойиҳаларни амалга оширмай, йил ўтсин қабилида ишлангани кўриниб қолди ва шахсий инвесторларни қизиқтира олмайдиган ҳолатда эканлиги аниқланди. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир клубга ўз ҳолатидан келиб чиққан ҳолда индивидуал ёндашиб уч йил ичида профессионал клуб тизимида бўлиши керак бўлган, лойиҳаларани амалга ошириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Клубларимизнинг жозибадорлигини ошириш орқалигина хусусий инвесторларни жалб қилиш мумкин. Бу иш клубларга давлат томонидан ажратилаётган маблағ асосида амалга оширилади. 2021 йилги мавсумдан Суперлига клублари ягона молия тизими асосида ўз маблағларига эга бўладилар ва Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда ЎФА бажаралиши керак бўлган ишлар устидан назорат олиб боради. Бундай вазиятда “Насаф”, “Машъал”, “Шўртан” ва “Бунёдкор” жамоаларида кейинги йилда катта устунлик бор, сабаби бу клубларнинг инфраструктураси бошқа клубларга қараганда анча ривожланган. “Пахтакор”, “Қўқон-1912” ва “Андижон” клублари хусусий мақомга эга.  


– Оғриқли савол! Нима учун аксар ўйинлардаги ҳакамлар Тошкентдан?

– Оғриқли эмас, керакли савол бўлди, раҳмат! 90-йилларда ҳар бир вилоятнинг ўз 2-лигаси бўларди ва у шунчаки ўтмасди. Оз бўлса-да, болалар ўртасида лигалар бўларди. Республика мусобақалари кўпинча вилоятларда ўтарди. Бу маҳаллий ҳакамларнинг ўсишига сабаб бўлган. Ҳакам ҳам ёш футболчи каби маҳаллий лигаларда элакдан ўтади ва тажриба орттиради. Биз ҳам фаолиятимизни бирданига олий лигада бошламаганмиз. Биринчи ўйинларимни болалар лигасида ўтказганман. Секин-секин 2-лигага, у ерда 1-лига. Шундай қилиб олий лигага чиқиб борганман. Олий лигагача бўлган лигаларда асосан маҳаллий ҳакамлар ишлайди. Агар Хоразмда яхши 2-лига бўлмаса, Бухорода болалар лигаси бўлмаса, ёш ҳакам қаерда тобланади? Охирги йилларда шундай бўлдики, ҳакамликка чин дилдан қизиққан болалар Тошкентга кўчиб кела бошлашди, чунки бу ерда нима кўп, мусобақа кўп. Биз ҳудудларда ҳакамларни кўпайтиришимиз учун ҳудуддаги футбол мусобақаларини тиклаб олишимиз керак. Бу йилги статистикага қарасангиз, вилоятдан жуда кўп ёш ҳакамларни ўқитиб, секинлик билан бўлса-да уларга имконият ярата бошладик. Биз ўйлаган тизим иш берса, яқин 2-3 йил ичида вилоятлик ҳакамлар кўпаяди. Ҳозир Тошкент шаҳар футбол Ассоциацияси билан ҳамкорликда вилоятлик ҳакамларни ҳам Тошкент шаҳар чемпионатларига тайинлаш бўйича келишиб олдик. Энди истаган вилоят вакили Тошкент шаҳрида фаолият олиб бориши мумкин. 

Биринчи маротаба ФИФА қонун-қоидалари ўзбек тилига ўгирилди. Бунга сабаб аксарият ёшларимиз бугунги кунда аввалги рус тилидаги қўлланмаларни яхши тушунмай, тест синовларидан муваффақиятли ўта олмай қолишди. Шунинг учун мутахассислардан ташкил топган ишчи гуруҳ тузиб, футбол қонун қоидаларини ўзбек тилига ўгириб фойдаланишга топширдик. Ундан ташқари мен 25-30 ёш оралиғидаги футболчиларимизни профессионал фаолиятлари кўнгилдагидек кечмаётган бўлса, ҳакамликка ўтишларини тавсия қилардим. Бу ўз навбатида уларнинг футболдаги иккинчи ҳаётларини бошлашига сабаб бўларди. Аслида маҳоратли ҳакамни тайёрлаш учун 6-7 йил вақт керак бўлади, профессионал футболчи мисолида, футболни яхши тушуниши ва унинг жисмоний ҳолатини яхшилигидан келиб чиқиб,  бу ишни 2-3 йилда амалга оширса бўлади.


– VAR тизимини қачон кўрамиз?

–VAR бугунги кунда жаҳонда замонавий футбол талабига айланиб улгурди. Ҳакамлар ҳам инсон, улар ҳам адашиши мумкин. VAR эса ҳакамлар учун катта ёрдамчи бўла олади, майдонда кўра олмаган вазиятни  иккинчи маротаба монитордан кўриб, якунда тўғри ва адолатли қарор чиқариш имкониятини яратади. Агар Ўзбекистон ФИФА ва ОФК таснифидаги катта мусобақаларга мезбонлик қилишни истаса, албатта VAR тизимини олиб киришимиз керак. Бу борада кенг кўламдаги ишлар бошлаб юборилган. 2021 йилнинг марказий ўйинларида VAR тизимидан фойдаланиш устида ишлаяпмиз. Лекин биргина техникани сотиб олиш билан тизимни ишга тушириб юбориб бўлмайди. Махсус 9 ой давом этадиган курсда қатнашиб, тегишли рухсатномани қўлга киритиш керак. Ҳозир мана шу босқичдан ўтяпмиз. 


– Мухлисларни қизиқтираётган савол Осиё Кубоги – 2027 бўйича имкониятимиз қандай?

– Бу борада имкониятимиз бор деб ҳисоблайман. Шаҳсан футболимиз раҳбари ҳам бу лойиҳани амалга оширишда бизни қўллаб-қувватлаяптилар. Шунинг учун ҳам ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатини яхши савияда ўтказишимиз керак. Агар мусобақа мезбонига айланадиган бўлсак, ўзбек футболи бир қадам олдинга ташлаган бўларди. Футбол ва бошқа инфраструктураларни ривожлантириб оламиз. Ўзбекистон ҳақида бутун дунё билади. Ўзбек футбол мухлисларига катта футбол байрами бўлади. Туризм соҳасида ҳам катта фойда бўлади. Жанубий Корея ва Япониянинг бугунги муваффақиятида ЖЧ-2002 катта роль ўйнаган. Улар бу нарсага 90-йиллардан тайёргарлик кўра бошладилар. Табиийки ўз майдонингда бўлиб ўтадиган мусобақага жиддий тайёргарлик кўрилади. 



– Яқинда, ФИФА ва ОФК раҳбарияти билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Қандай масалалар кўтарилди?

–  Абдусалом Абдумавлонович билан ФИФА Президенти Жанни Инфантино ва ОФК раҳбари Шайх Салмон ўртасида фойдали ва конструктив мулоқот бўлиб ўтди. Бизни хурсанд қилгани, Инфантино жаноблари пандемиядан кейин Ўзбекистонга ташриф буюриш ниятида эканлигини айтиб ўтгани бўлди. Икки раҳбар ҳам Ўзбекистондаги тизимли қарорнинг чиққани ва бу ерда болалар футболига эътибор қаратила бошланганидан хурсандлигини таъкидлаб ўтди. Суҳбат чоғида ФИФА ва ОФКга Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун замонавий база лойиҳалаштирганлиги маълум қилинди. Юқори турувчи бу икки ташкилот базанинг янада замонавий қурилишида ўз кўмакларини беришларини таъкидлаб ўтдилар. Ундан ташқари пандемия даврида қилинган ишлар бўйича ҳисобот берилди. ФИФА президенти миллий ассоциацияларга 1,5 млн. АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишини таъкидлаб ўтди. ФИФА ва ОФК томонидан ажратиладиган ҳар қандай маблағ аниқ бир мақсадда йўналтирилади. 


– Ниҳоят Сиз билан узоқ кутган интервью амалга ошганидан хурсандмиз, келажакдаги ишларингизга омад тилаймиз!

– Сизларга ҳам раҳмат, аслида мулоқотдан қочмайман. Ҳар бир инсон учун очиқман. Лекин қилинаётган ишларимизни ҳар куни чиқиб айтиб бориш, ўзимга мақтанаётгандек туюлади. Камтарлик ва самимийлик хусусиятини йўқотмаган инсонларни ҳурмат қиламан. Ўзимдан ҳам шу нарсани талаб қиламан. Бу қоидага ҳакамлик фаолиятим давомида ҳам амал қилганман. Ҳаётим машғулот билан ўтган, гап билан эмас. Меҳнат билан муваффақият қозониш сирини биламан. Бу қоидага ҳакамлик фаолиятим давомида ҳам амал қилганман. Ўзим меҳнат қилишга ўрганганман, кўп гапиришдан кўра кўп ишлашни афзал биламан. Мен истардимки, бизнинг гапимиз бу амалда бажараётган вазифаларимиз бўлиши керак. Сўнгги сўз ўрнида барчангизга сиҳат ва саломатлик тилайман. 


Суҳбатни амалга оширишда яқиндан ёрдам бергани учун ЎФА матбуот хизматига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.


Рейтинг: -8   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика