UZ

Сўнгги янгиликлар

08:43"Ман Сити" 75-дақиқада 3:0 ҳисобида олдинда бориб, юта олмаган ЕЧЛ тарихидаги биринчи жамоага айланди  8 08:20"Интер" 12 учрашувдан буён мағлуб бўлмаяпти  0 07:56"Барса" ЕЧЛда қаторасига 4 та ғалабага эришди, умумий ҳисоб – 17:3  4 07:32Компани ПСЖ устидан қозонилган ғалабадан кейин: "Яна 1-2 та гол урганимизда ўйин анча хотиржам руҳда ўтарди"  0 03:07ЕЧЛ. Дембеле четлатилган ўйинда "Бавария" ПСЖ устидан ғалаба қозонди  11 03:05ЕЧЛ. "Барса" йирик ғалаба қайд этди. "Манчестер Сити" "Фейеноорд"га қарши 3:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қола олмади  10 02:03Левандовски ЕЧЛдаги 100-голини урди. Фақат Роналду ва Мессида бундан кўпроқ  7 01:31Элит ОЧЛ. "Ал Садд" билан дуранг ўйнаган "Ал Ҳилол" плей-офф йўлланмасини нақд қилди. "Ал Насср" ҳам кейинги босқични кафолатлади  6 00:50ЕЧЛ. "Милан" ва "Атлетико" ўз учрашувларида ғалаба қозонишди  1 00:35ЦСКА "Рубин"ни йирик ҳисобда мағлуб қилиб, Россия кубоги ярим финалига йўл олди. Файзуллаевдан гол!  14 23:45Жуд Беллингем: "Олтин тўп" "Реал Мадрид"га келиши керак эди"  6 23:05Расман: Хавьер Маскерано "Интер Майами" бош мураббийига айланди  16 22:19Cуперлиганинг охирги турида учта ўйинда ВАР ишлайди. Қолган учрашувларга қўшимча ёрдамчи ҳакам бириктирилади  7 21:25ПСЖ нега айнан Ҳусановга қизиқиб қолди? Foot Mercato нашри Абдуқодирга Париж клубидан бўлган қизиқиш тафсилотларини маълум қилди  16 20:29Рўзиқул Бердиев: "Рақиб маҳоратли ўйинчиларга эга жамоа, аммо биз кўпроқ ўз ўйинимизга эътибор беришимиз зарур"  11

“Penalty”. Икром Алибоев: “Абрамов туфайли “Локомотив”да қолдим” Янгиликлар

“Penalty”. Икром Алибоев: “Абрамов туфайли “Локомотив”да қолдим”

“Penalty” лойиҳаси доирасида ижодий жамоамиз билан биргаликда “Локомотив” стадиони томон йўл олдик.
У ерда бизни қаҳрамонимизнинг ўзи илиқ табассум билан қарши олдилар. Сураткашимиз ўз ишини сифатли бажариш мақсадида суҳбат учун ўрин танлаётган бир пайтда биз Икромжон Алибоев билан янада яқинроқ танишиб олдик. Аввалига, қаҳрамонимизда бироз ҳаяжон сезилган бўлса-да, суҳбат давомида бу ҳаяжоннинг ўрнини илиқ дўстона муҳит эгаллаб олди.

Нарзулла Сайдуллаев: - Миллионлар ўйинига қандай кириб келганингиз барчани қизиқтиради. Ёшликни ёдга оламиз...

- Футболга кириб келишимда, даставвал,  оиламдагилар қаршилигига учраганман. Назаримда, акам ҳам яхши футболчи бўлиб етишиши мумкин эди. У ҳам ашаддий футбол ишқибози. Бироқ баъзи сабабларга кўра бу йўлдан кетмаган. Акам 12 ёшимда мени Янгиер футбол мактабига олиб борган. Имтихонларга бироз кечикиб борганман, лекин биринчи мураббийим Музаффар Бекназаровга ҳаракатларим маъқул келгани боис мени мактабга қабул қилган.



Гулшан Саъдуллаева: - Икромжон Алибоев табиатан қандай инсон?
 - Ўзимни оғир-босиқ инсон ҳисоблайман. Яқин инсонларим билан ўзимни бемалол ҳис қилишим мумкин, лекин катта давраларда бир чеккада бошқаларни кузатиш менга маъқулроқ.  

Нарзулла: - Сиз 2013 мавсум олий лигада дебют қилгансиз. Лекин 2015 йилда барчанинг тилига тушдингиз. "Локомотив"га қандай қилиб келиб қолгансиз?

- Янгиердаги мактабдан кейин Республика олимпия захиралари коллежида ўқиганман. Бу ерда уч йил ўқидик. Лекин бизни “талабга жавоб бермайди”, деб коллежда олиб қолишмади. Ўша пайтда мураббий Рустам Орипов коллеждан кетган болалардан жамоа тузганлар, шундан сўнг иккинчи лигада иштирок этган эдик. Жамоамиз билан иккинчи лигада, аниқ эслолмайман, беш ёки олтинчи ўринни эгалладик, “Наврўз” кубоги финалига қадар етиб бориб, сўнгида Равшан Бозоров мураббийлик қилаётган “Локомотив” жамоасига ютқазиб қўйгандик. Учрашувдан сўнг ушбу мураббий бизнинг жамоадан бир қатор футболчиларни “Локо”га таклиф қилдилар. Шу ўринда устозим Рустам Ориповга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Уларнинг ишончи ва меҳнати туфайли шу даражага эришдим, деб ҳисоблайман.

Гулшан: - Футболдан ташқари яна нималарга қизиқасиз?
- Спортнинг барча турларини қизиқиб томоша қиламан. Баскетбол булар ичида энг асосийларидан бири. Бўш вақтларимда стол тенниси ўйнаб тураман. Ҳар доим жисмоний ҳолатимни бир маромда ушлаб туришга ҳаракат қиламан.

Нарзулла: - Вадим Абрамовдек талабчан мураббий сизга ишонч билдириб асосий таркибдан ўрин ажратмоқда. Фақат ростини айтинг йил бошида жамоа ярим ҳимоячилари ўртасидаги кучли рақобатни ҳисобга олиб асосий таркиб ўйинчисига айлана оламан деб ўйлаганмидингиз?
- Қишки йиғинлар вақтида менга “Қўқон-1912” жамоасига ўтиш тўғрисида таклиф бўлганди. Бироқ Абрамовнинг ўзи мен билан суҳбатлашиб, жамоада қолишим кераклигини, менга ўз имкониятларимни юзага чиқаришим учун имкон беришини айтди. Гувоҳи бўлганингиздек,  мураббийимиз мени  асосий таркиб ўйинчиси сифатида майдонга туширмоқда. Уларнинг ишончини оқлашга астойидил ҳаракат қиляпман.



Гулшан: - Машғулотларга ва ижтимоий тармоқларга ажратадиган вақтингиз фоизларда...
- Вақтимнинг 50 фоизи машғулотлар билан, 20 фоизи ижтимоий тармоқларга чалғиб қолиш билан ўтади. Машғулотлар кунига икки маҳал: эрталаб якка тартибда ва куннинг иккинчи қисмида жамоа билан биргаликда шуғулланамиз. Бўш вақтларимда, асосан, интернет сайтларида дўстларим билан мулоқот қиламан. Жаҳондаги, футбол оламидаги янгиликлардан хабардор бўлиб туришимда ҳам интернет асосий воситам. Қолган “30 фоиз” дўстлар давраси, дам олиш, ўқиш-ўрганиш билан ўтади.

Нарзулла: - Осиё чемпионлар лигаси, "Ал Садд", 2:6... Ўшанда жамоага нима бўлганди? Саволнинг давоми: Тошкент, "Ал Садд", 5:0...

- (хўрсиниб) Омад келмаганди. Ўша ўйинни кўрган бўлсангиз, ўйин борасида ютқазмагандик. Шунчаки, рақиб деярли барча вазиятларда гол уришга эришди... Тошкентда эса омадимиз келди (кулади). Йирик ҳисоб ҳақида ўйламагандик, шунчаки ғалаба биз учун жуда муҳим эди. Иккита тезкор гол бошқаларига йўл очди ва йирик ҳисобда ғалабага эришдик.

Гулшан: - Китоб ўқиш борасида қанчалик фаолсиз?
- Бадиий китоблар ўқишни канда қилмайман. Бирор асарни ўқишни ҳафсала билан бошлаб олсам, кейинчалик ундаги воқеалар ривожига киришиб кетаман. Қишда, Ўткир Ҳошимовнинг “Тушда кечдан умрлар” романини тўлиқ ўқиб чиқдим. Бош қаҳрамон Рустам урушдан қайтгач, унинг ҳаёти тубдан ўзгариб кетади. Асар сўнгида қаҳрамоннинг ўлими, айниқса, мени жумбушга келтирди.



Нарзулла: - Нега айнан 28 рақам? Ушбу рақамда ўйнаган энг машҳур футболчилардан кимларни биласиз?
- Аслида менга 10 рақам кўпроқ ёқади. 28 рақамни таклиф қилишганида ўйланмасдан рози бўлдим. Сабаби, 2га 8ни қўшсак, 10 бўлади (кулади). Энг ёқтирган футболчим бразилиялик Диего, ҳозирда “Фенербахче”да ўйнамоқда. У ҳам 28 рақамда тўп тепади.

Гулшан: - Фаолиятингиз давомида ёки дўстлар даврасида рўй берган, Сизни доим кулишга мажбур қиладиган воқеа.
- Бу воқеа "Локомотив"га келган илк даврларимизда содир бўлган. У пайтларда дўстларим билан ижарада турардик ва “қорин ғами” ўзимизнинг бўйнимизда эди. Бир гал дўстларим учун ош пишириб беришга ҳаракат қилганман. Бахтга қарши, қанча уринсам ҳам ошга умуман ўхшамайдиган, бемаза шавла тайёр бўлган. Шавлани ҳатто ўзим ҳам еёлмаганман. Дўстларим “ошпаз”лигимдан роса кулишган.

Нарзулла: - Футболчи ва мураббийлар жуда ҳам иримга ишонишади. Сиз майдонга тушишдан олдин қандайдир иримга амал қиласизми?
- Йўқ иримларга ишонмайман. Лекин ҳар бир ўйиндан аввал яратгандан ёрдам сўраб, дуо қиламан.

Гулшан: - Жамоадошларингиздан бирининг ҳам ижобий, ҳам салбий томонларини санаб беринг.
- Жамоадошларимдан катта Жасур Ҳасановни алоҳида таъкидлашим мумкин. Ижобий томони, ҳар доим бизни кулишга мажбур қиладилар, ҳаммага яхши кайфият улаша оладиган, хушчақчақ инсон. Салбий дейиш тўғрими, йўқми билмадиму, майдонда пайтим кўп танбеҳни Ҳасановдан эшитаман. Албатта, асоссиз койимайдилар. Кўпинча, бунга кўп сариқ карточка олиб юборишим сабаб бўлади.   



Нарзулла: - Жаҳон футболида қайси футболчининг ўйин услуби сизга маъқул келади? Кимга ўхшашни истардингиз?
- Боя айтиб ўтганимдек, Диего. Бундан ташқари, Хави ва Иньестадан ҳам нимадир янгилик олишга ҳаракат қиламан. “Барселона” мухлисиман. “Ливерпул”даги Коутиньонинг  ўйинлари ҳам менда алоҳида қизиқиш уйғотган.

Гулшан: - Сиз эсдан чиқармайдиган ва доим амал қиладиган насиҳат
- Устозим Рустам ака Орипов ҳеч қачон бойлик ва мансаб ортидан қувмаслик кераклиги, агар майдонда ўз кучини намойиш қила олса, халқига нафи тегса, футболчи учун ҳамма нарса ўз-ўзидан келишини бизга уқтиришга ҳаракат қилганлар. Ҳақиқатдан ҳам футболчи ўзининг асосий вазифаси – халқи учун ғалаба келтириш, савияли ўйин кўрсатиш эканлигини унутмаслиги керак. Иккинчи даражали нарсалар билан чалғиган футболчи ўз устида ишлашни ҳам тўхтатиб қўяди, бу эса унинг учун муқаррар фожиа. Шу сабабдан ҳам устозим ўгитларига амал қилишни, уларнинг ишончларини оқлашни мажбуриятим деб биламан.   

Нарзулла: - Ўйин йўқ куни футболчининг кун тартиби қандай бўлади?
- Ўйин йўқ куни кўпроқ дам олишга ҳаракат қиламиз. Агар бир кун олдин учрашув бўлган бўлса, тикланиш учун дам оламан. Уйга борсам, уй ишларида ёрдам бериб тураман. Футболчиман, бу ишларни қилмасам ҳам бўлади, дейдиган бола эмасман. Ҳаммамиз ҳам оддий инсонлармиз.



Гулшан: - Қуйидагиларни қанчалик яхши бажара оласиз:
- Автомобил бошқариш?

- Йўқ, машина ҳайдашни билмайман.
- Роликда учиш?
- Йўқ, роликда ҳам учолмайман.
- Овқат пишириш?
- Шавладан кейин қўлим анча келишиб қолган (кулади).
- Кир ювиш?
- Қўлимдан келади, интернатда кийимларимни ўзим ювардим.
- Сувда сузиш?
- Биламан.
- Тугма қадаш?
- Қўлимдан келса керак, тикишдан хабарим бор.
- Дазмол қилиш?
- Йўқ, дазмол қилиб кўрмаганман.
- Балиқ тозалаш?
- Шу ишни қила олмайман.
- Чақалоқни овутиш?
- Кичкинтойлар билан яхши чиқишаман.
- Техника тузатиш?
- Профессионал эмасман.
- Карра жадвали?
- Ёдлаганман.
- 7х8?
- 56

Нарзулла: - Ҳазиломус савол: Агар шахсан сизда жаҳондаги исталган футболчини "Локомотив"га келиб келиш имконияти бўлса, кимни танлаган бўлардингиз?
- Лионел Месси! Бу футболчи билан бир жамоада ўйнаш орзу.

Гулшан: - Нима деб ўйлайсиз, мухлислардан ёғиладиган салбий фикрларга футболчи қандай муносабат билдиргани маъқулроқ?
- Футболчи қачонки мухлис кутганидек ўйин кўрсата олмаса, танқид қилинади. Шу сабабдан, улар ҳар қандай вазиятга тайёр туриши ва тўғри танқидни, фикрларни инобатга олиши зарур. Салбий фикрларга жавобан эса кейинги ўйинларда яхши натижа кўрсатиши керак, деб ҳисоблайман.



Нарзулла: -  Бош мураббий Вадим Абрамовга 3та сўз билан таъриф бериб кўринг.

- Учта сўз? (узоқ ўйланиб туриб) Самимий, талабчан ва ишонувчан. Мураббийга учтагина сўз билан таъриф бериш қийин экан.

Гулшан: - Олий лигадаги илк голингизни "Пахтакор"га қарши ўйинда урдингиз ва қўлингиз билан “юракча” тасвирладингиз. Бунинг маъноси нима эди?

- Голимни яхши кўрган инсонимга атадим.

Гулшан: - Иккала ҳолатингизни тасвирланг:
Алибоев мағлубиятан сўнг...
Алибоев ғалабадан сўнг...

- Мағлубиятдан сўнг, албатта, тушкунлик ҳолати бўлади. Иложи борича тезроқ бу ҳолатдан чиқиб кетишга уринаман. Кўпчилик бундай пайтда атрофдагилар уни тинч қўйишларини маъқул кўради, мен эса аксинча, яқинларим далдасига мухтож бўламан. Ғалаба ҳар доим ширин. Мураббийлар, жамоадошлар, мухлислар хурсандчилигининг гувоҳи бўлиш завқли. Лекин ҳар иккала ҳолат ҳам узоғи билан бир кун чўзилади ва яна кейинги ўйинларга тайёргарлик авж олади.

Нарзулла: - Лойиҳамизнинг анъанавий саволи. Ёдингизда қолган пенальти ёки пенальтилар серияси қайси?
- 2003 йил “Ювентус” ва “Милан” ўртасидаги Европа чемпионлар лигаси финалидан кейинги пенальтилар серияси ҳамон ёдимда. Андрей Шевченконинг урган голи ҳозир ҳам кўз олдимдан ўтаяпти. Ўзимизда бўлган пенальтилар сериясига келсак, Навоийда бўлиб ўтган мусобақанинг ярим финалида пенальтилар серияси бўлган. Энг сўнгги зарбани мен амалга оширганман. Ўшанда гол уриб, жамоамни финалга олиб чиққанман.  



Савол-жавоблар тугагач қаҳрамонимизга “Барселона” ва Испания терма жамоасининг 2008 йилдаги таркибларининг расмини кўрсатдик. Икром бу жамоалар иштирокидаги ўйинларини кўп кўрганини айтиб, барча футболчиларни тезлик билан санаб бера олди.


Гулшан Саъдуллаева ва Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Фото: Толибжон Қосимов


“Penalty”. Хайрулла Каримов: “Футболда “Юлдузлик касали” ривожланиб кетди”

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика