UZ

Сўнгги янгиликлар

13:22"Ал Ахли" Аргентина термаси ярим ҳимоячисини сотиб олмоқчи  0 13:00Ориф Маматказин, "Обод" собиқ устози, "Нефтчи" афсонаси — U-19 чемпионатида ишлайдиган мураббийлари билан танишамиз (1-қисм)  1 12:49Санчо "Боруссия"да қолишни истайди  1 12:19Жароҳат олган бўлсада, Кейн терма жамоа лагерига йўл олди   2 11:42АПЛнинг икки вакили Австралияда майдонга тушади  0 11:04Роналду Швеция билан ўйин учун Португалия терма жамоасининг қайдномасига киритилмади  5 10:31Суперлига-2024: 3-тур баҳсли вазиятлари юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси  6 10:04«Жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувларига ёш, тажрибасиз ва янги футболчиларни жалб этиб, уларни ўйин услубига мослаштириш учун вақт йўқ, чунки бу жуда мураккаб» - Катанец ОФК расмий сайтига интервю берди  19 09:51Пике «Барселона» бош мураббийлиги учун икки номзодни айтди  3 09:23Англия терма жамоаси Евро-2024 учун либосини тақдим этди  3 09:15Рустам Мирсодиқов 70 ёшда!  3 08:52«Арсенал»нинг яна бир футболчиси термада ўйнашдан бош тортди  5 08:25Стерлинг кечирим сўради  3 07:58«Атлетико»га қарши учрашувда қизил олган Хави нечта ўйинга четлатилиши маълум  0 07:31Про лига. Бугун турнинг марказий учрашуви бўлиб ўтади  10

Осиё юлдузлари. Юнис Маҳмуд - баскетболчи бўлмаган футболчи Янгиликлар

Осиё юлдузлари. Юнис Маҳмуд - баскетболчи бўлмаган футболчи

Бугунги мақоламизда Осиё футболи юлдузларидан бири, Ироқ терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Юнис Маҳмуд ҳақида фикр юритамиз.

Голни ҳар ким ўзича нишонлайди. Лекин шундай ўйинчилар борки, гол ургандан кейин оғизни катта очиб қўлларни кенг ёйган ҳолда югура бошлашади. Ироқлик собиқ ҳужумчи Юнис Маҳмуд худди шундай футболчидир. 

Юнис Маҳмуднинг фаолиятида 2007 йил катта ўрин тутади. Чунки у айнан шу йили бўлиб ўтган Осиё Кубогида бош совринни боши узра баланд кўтарганди. Финалда Саудия Арабистони терма жамоаси дарвозасига киритган унинг ягона голи ҳамон кўпчиликнинг ёдида. 

Ироқлик футболчи фаолияти мобайнида "Киркук", "Ал Талаба", "Ал Хор", "Ал Гарафа", "Ал Араби", "Ал Вакра", "Ал Садд", "Ал Аҳли" каби клубларда тўп тепган. Терма жамоа сафида 148 ўйинда майдонга тушиб, 57та гол урган.

"БАСКЕТБОЛ КЕРАКМАС, ФУТБОЛЧИ БЎЛАМАН"

Ироқнинг Киркук туманида туғилган футболчи аслида ёшлигидан баскетболга қизиқа бошлайди. Унинг отаси маҳаллада футбол ўйнаб юрар, шунингдек милиция ходими эди. Юнис Маҳмуд дастлаб баскетболга қатнайди, отаси каби футболчи бўлишни истамайди. 

Аммо 1996 йилга келиб Юнис футбол ё баскетболдан бирини танлашига тўғри келади ва бироз иккиланишдан сўнг маҳаллий "Киркук" футбол жамоасига қатнай бошлайди. Бу пайтда бўлажак юлдуз энди 13 ёшга қадам қўйганди. 

2001 йилга қадар "Киркук" жамоасида ўйнаган ўспирин кейинчалик Бағдоднинг энг номдор клубларидан бири "Ал Талаба" сафига бориб қўшилади. Ва айнан "Ал Талаба"даги ўйинлари орқали мухлисларга "Саҳро тулкиси" лақаби билан танилади. Қизиғи шундаки, унинг янги жамоаси таркибидаги илк ўйини аввалги жамоаси "Киркук" билан кечади ва бунда ҳужумчи учта гол уриб хэт-трикка эришади. 


ОЛИМПИАДА ЎЙИНЛАРИ

Юнис Маҳмуд "Ал Талаба"даги илк мавсумидаёқ мамлакат чемпиони ва Кубогини қўлга киритади. Унинг фаолиятида шунингдек, 2004 йилги Олимпиада ўйинлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Бунгача Осиё жамоаларининг Олимпиададаги энг яхши иштироки деганда 1968 йил Япониянинг бронза медалларга эга чиққани-ю, Сидней-2000да Қувайтнинг 12-ўринни олгани кўпроқ эсланарди. 

Аммо 2004 йил Афинада бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида Ироқ ярқ этиб порлайди ва ҳаммани ўзига қаратади. Гуруҳдаги дастлабки ўйинни Португалияга қарши ўтказган ироқликлар кучли рақиб устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишади. Ва албатта бу учрашувда Юнис Маҳмуд ҳам ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўяди. Ўшанда Португалия сафида Раул Мейрелеш, Жозе Босингва, Луиш Бо Морте ҳамда Криштиану Роналду каби номдор футболчилар ўйнаганди. 

Кейинги ўйинда Коста-Рика 2:0 ҳисобида мағлуб этилади. Жамоа гарчи охирги турда Марокашга 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйса-да, биринчи ўрин билан гуруҳдан чиқади. Роналду жамоадошлари атиги битта ғалаба билан гуруҳда қолиб кетишади. Ироқ гуруҳдан чиққач, Австралияга қарши баҳс олиб бориб 1:0 ҳисобида ғалаба қозонади. 

Лекин ярим финалда Юнис Маҳмуд жамоадошлари бўлажак финалчи Парагвайга 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйишади. Омад бир кетса қайтиб келиши қийин экан, Ироқ учинчи ўрин кечган баҳсда Италияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлади ва мусобақани тўртинчи ўринда тугатади. Ўшанда итальянларга Андре Пирло сардорлик қилган, ўйиндаги ягона гол эса Альберто Жилардино томонидан киритилганди. Лекин ҳозиргача Олимпиада ўйинларида тўртинчи ўрин Ғарбий Осиё жамоалари учун энг яхши кўрсаткич бўлиб турибди. 


ҚАТАРДАГИ МУВАФФАҚИЯТ 

Афинадаги Олимпиада ўйинлари бошланишига бир ой қолганида Юнис Маҳмуд ҳаётида яна бир ўзгариш рўй берганди. У миллий терма жамоаси билан Осиё Кубогида чорак финалга қадар етиб борган, натижада ҳужумчининг ўйинлари маъқул келган Қатарнинг "Ал Хор" клуби дарҳол уни ўз сафига қўшиб олганди. 

Шундан сўнг ироқлик тўпурар фаолиятининг кейинги тўққиз йилини Қатар клубларида ўтказади. Бу борада у "Ал Гарафа" билан уч марта чемпионликни қўлга киритади. 2006-2007 йилги мавсумларда энг яхши тўпурар бўлади ва 2008, 2010, 2011 йилларда Осиё чемпионлар лигасида иштирок этади. Шунингдек, "Ал Араби", "Ал Вакра", "Ал Садд"даги ўйинлари орқали "Шайх Жассим Кубоги" ва "Қатар юлдузлар Кубоги"ни қўлга киритади. 

ТАРИХИЙ ВОҚЕА 

2007 йил Ироқ футболида тарихий воқеа юз берди. Ироқ терма жамоаси ўз тарихида илк марта Осиё чемпиони деган номга сазвор бўлди. "Тўғрисини айтсам, биз мусобақадан олдин гуруҳдан чиқишни мақсад қилгандик, - хотирлайди собиқ футболчи. - Лекин якунда чемпион бўласизлар деб биров айтса, менимча ҳеч ким ишонмасди". 

"Албатта, биз нимадир сенсация кўрсатишга ҳаракат қилгандик. Ўйиндан ўйинга ҳаммаси яхши бўлиб боравергач, бир куни ўзимга шундай дедим: ё шу сафар, ё ҳеч қачон".

Дарҳақиқат, ўша мусобақада Ироқ терма жамоаси жуда чиройли ўйин намойиш этган, Юнис Маҳмуд эса мусобақанинг энг яхши футболчиси бўлганди. Ҳал чилувчи финал ўйинида Ироқ ва Саудия термалари 60 минг мухлис кўз ўнгида Жакартадаги стадионда баҳс олиб боришади. Ўйиннинг 73-дақиқасида Юнис Маҳмуд томонидан бош билан киритилган гол ироқликларга ғалаба ва бош совринни тақдим этади. 

Маҳмуд ўша учрашувни шундай эслайди: "Финалда ғолиб бўлиш мушкулдек кўринганди. Лекин биз буни уддалаганмиз. Ўша ғалаба мен учун ҳозир ҳам тушдек кўринади. Жамоадаги ҳамма ўз фамилиясини тарихий китобга ёздириб қўйди, бу эса фахрланиб гапиришга арзийди". 


УШАЛМАГАН ОРЗУ

"Менинг энг катта орзуйим терма жамоа билан бирга жаҳон чемпионатига бориш, - деган эди Юнис Маҳмуд 2013 йил берган интервьюсида.  - Биз кўп ҳаракат қиляпмиз, аммо ҳали жаҳон чемпионатига чиққанимиз йўқ". 

Чиндан ҳам ироқлик футболчининг бирдан бир армони жаҳон чемпионатига бормагани бўлиб қолди. Ваҳоланки, у учта саралаш мусобақасида иштирок этди ва жами 11та гол уришга муваффақ бўлди. 

Юнис фаолиятидаги энг катта охирги турнир 2015 йилги Осиё Кубоги бўлиб қолди. Гуруҳда Иордания ва Фаластинни мағлуб этган Ироқ чорак финалда Эрон билан рўбарў келади. Баҳс 3:3 ҳисобида якун топади ва пенальтилар сериясида омад ироқликларга кулиб боқади. Лекин ярим финалда Жанубий Корея Ироқнинг йўлига тўғаноқ бўлади. 

ФРАНЦИЯДАН ЧАҚИРУВ

2007 йил Ироқ терма жамоаси Осиё Кубогида ғолиб чиққанидан кейин Юнис Маҳмудга Европадан "совчилар" кела бошлайди. Аммо футболчи Европага кетишни истамайди.

"Мамлакатимизда муаммолар кўп эди, - дейди Юнис Маҳмуд. - Агар муаммо бўлмаганида терма жамоанинг барча ўйинчилари хорижга кетган бўлишарди. Ўз вақтида "Марсел" ва "Лион"дан таклиф олгандим, лекин Францияга кетмаганман. Нима учун? Чунки мен Осиёдан ташқаридаги ҳаётни билмасдим". 

"Бизда ростан муаммолар кўп бўлган. Масалан, телевизорда атиги иккита каналимиз бор эди. Аммо ҳозир ҳаммаси ўзгарди. Мен уйдан чиқмасдан дунёда нималар бўлаётганини била оламан. Лекин ўшанда қўрққанман рости. "Лион"нинг собиқ футболчиси Жуниньо Пернамбукано билан Қатар клубида бирга ўйнаганимда, у менга Францияга кет, у ерда бемалол ўйнаб кета оласан деганди. Лекин мен унга жавобан уларнинг тилини ва овқатларини билмайман деганим ҳамон ёдимда". 

Юнис Маҳмуд учун 2016 йилнинг 29 мартида Вьетнамга қарши баҳс терма жамоадаги охирги ўйин бўлиб қолди. У шундан сўнг катта футбол билан хайрлашди. У гарчи Европада ўзини синаб кўрмаган бўлса-да, Осиёдаги ўйинлариёқ унинг моҳир ҳужумчи бўлганидан дарак беради ва минглаб ироқлик ёшлар келажакда айнан унга ўхшашга ҳаракат қилишади. 

Х.Холиқов тайёрлади. 




Рейтинг: +4   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика