Осиё вице-чемпиони, "Насаф"да порлаган Кенжа Тўраев ҳозир қаерда?
15 фев 14:13
Янгиликлар
Осиё вице-чемпиони, "Насаф"да порлаган Кенжа Тўраев ҳозир қаерда?
Бугун "Улар қаерда" рукни орқали "Насаф"даги ўйинлари билан танилган Кенжа Тўраев ҳақида фикр юритишни лозим топдик. Ўз вақтида "Насаф"да порлаб чиққан истеъдод соҳиби Кенжа Тўраевни ўзбек футбол мухлислари ичида танимаган ишқибоз бўлмаса керак. Қаршининг "Насаф" жамоаси сафида олган жароҳати унинг кейинги фаолиятига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Жароҳатлар гирдобида тушиб қолган ҳужумчи орада "Насаф"даги ўрнини бошқа рақобатчиларига бой берди ва терма жамоа мураббийлари эътиборидан ҳам четга қола бошлади. Ваҳоланки, у юқорида айтганимиздек ўз ёш тоифасидаги футболчилар орасидан биринчилардан миллий жамоа либосини кийган, 2008 йил Миржалол Қосимов қўл остида Кореяга қарши ўртоқлик ўйинида дебют қилган эди.
"Футболга қадам қўйишимга акам билан амаким сабабчи бўлишган. Акам ҳамда амаким футболни ҳақиқий шинавандалари бўлишган. 2000 йили мени футбол мактабига олиб келишган. Алишер ва Жасур Ибрагимов деган мураббийлар қўл остида шуғулланганман. "2006 йилги мавсумда "Самарқанд" жамоасига қарши учрашувда ўз дебютимни нишонлаганман. Ўшанда жамоага Баҳром Ҳакимов бошчилик қиларди. Шу мутахассис қўл остида Олий лигада дебют қилганман. Баҳром Ҳакимов, Фомичёв, Борисов каби мутахассисларнинг хизмати катта бўлган. Айнан шу мураббийларнинг катта ишончи туфайли Кенжа Тўраев бўлиб танилганман",- деган эди қаҳрамонимиз 2016 йил сайтимизга берган интервьюсида.
Маълумот учун Алишер Ибрагимов Осиё чемпионлари Абдуқодир Ҳусанов, Умарали Раҳмоналиев, Пўлатхўжа Холдорхонов каби футболчиларнинг ҳам биринчи устози ҳисобланади. Қайсидир маънода Алишер Ибрагимовни чемпион мураббий десак ҳам бўлади. Кенжа Тўраев 2006 йил Баҳром Ҳакимов қўл остида "Динамо"га қарши ўйинда "Насаф" таркибида илк бор майдонга тушган.
Тез орада Аҳмад Убайдуллаев устозлик қилаётган ёшлар терма жамоасида пайдо бўлади. 2006 йил порлаб чиққан Кенжа Тўраев Ўзбекистон U-19, U-20 терма жамоаларининг муҳим аъзосига айлана олган. 2008 йилги U-19 Осиё чемпионатида финалгача борган терма жамоамизнинг ягона голига айнан Кенжа Тўраев муаллифлик қилган эди.
"Тошкентда ўтган саралаш босқичида муваффақиятли қатнашдик ва Осиё чемпионатига йўл олгандик. БААда бўлиб ўтган қитъа чемпионатида муваффақиятли қатнашдик, дея оламан. Ўшанда биз финалда БАА билан дуч келгандик. Аммо ўша ҳал қилувчи баҳсда ғалаба қозона олмагандик. У пайти анча ёш бўлганмиз ва ҳиссиётлар, эҳтирослар бўлмаган",- деган эди қаҳрамонимиз 2016 йил сайтимизга берган интервьюсида.
Бу паллага келиб Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Лондон-2012 Олимпиядасига саралаш ўйинларида иштирокини бошлаган, Вадим Абрамов учун бу Пекин-2008 Олимпиадасидан кейинги иккинчи уриниш эди. Кенжа Тўраев олимпия терма жамоасида ҳам йўқолиб қолгани йўқ. Сўнгги ҳал қилувчи ўйинда БААга енгилганимиз эса ёдимиздан чиқмайдиган тарих бўлиб қолди.
"Бу ҳеч эсдан чиқмайдиган ўйин бўлиб қолган. Ғалаба бизни Лондонда бўлиб ўтадиган Олимпиада олиб чиқарди. Бор кучимизни ғалаба сарфлаш учун майдонга тушгандик. Нимадирлар сабаб бўлиб ўшанда тайёр ғалабани қўлдан чиқаргандик. Ўзимизнинг хатолар ва вазиятларни кўкка совурганимиз бизга панд берганди. Ўшанда ҳам Аҳмад Ҳалил дарвозамизга гол урганди. Бир қадам қолганида биз эмас, БАА ОТЖ мақсадига эришганди. Буни уддан чиқариб бўлмайди",- дейди Кенжа Тўраев
Жароҳатлар сабаб ўйин амалиётисиз қолган ва диққат марказидан йўқолиб қолаётган Кенжа Тўраев 2016 йил "Шўртан"да пайдо бўлди. Ўша йилнинг иккинчи даврасида эса "Машъал"га йўл олди. Ўшанда унинг муборакликлар сафига ўтиши иккинчи давранинг энг фойдали трансфери сифатида тилга олинган. 12та ўйинда майдонга тушган Тўраев 7та гол урган, 1та ўйинда хет-трик қайд этган.
"Менга келадиган бўлсак, 2012 йили биринчи турда "Олмалиқ" билан ўйинда олган жароҳатимдан сўнг узоқ муддатга сафдан чиққандим. Ундан кейин яна ўйнадим ва 2014 йил ҳам оғир жароҳат олдим. Охирги 3 йилда кетма-кет икки маротаба оғир жароҳат олганим менга панд берди. Бошқа сабабини билмадим",- деган эди қаҳрамонимиз 2016 йил сайтимизга берган интервьюсида.
"Машъал"га иккинчи давра бошланишига саноқли кунлар қолганида борганим сабаб, жамоанинг тактик услубига ва ўйинига киришиб кетиш бироз қийин бўлди. Дастлабки баҳсда 20 дақиқа ҳаракат қилдим. Кейин "Металлург"га қарши беллашувда майдонга тушмадим. Александр Хомяков эса менга албатта имконият беришини айтиб ўтди. Шундан сўнг "Бунёдкор" билан ўйинда майдонга тушдим ва ишлар яхши тарафга қараб кетди. Аввалига айтиб ўтганимдек, жамоага кўникиб ва мослашиб кетишимга бироз вақт керак бўлди. "Машъал"нинг ўз тактика ва фалсафаси мавжуд. Ўзбекистонда 5та ҳимоячи билан ўйнайдиган ягона жамоа "Машъал" ҳисобланади. Шу тариқа жамоага мослашиб кетдим ва ўйиндан-ўйинга спорт формамни яхшилаб бордим",- деган эди Кенжа Тўраев 2016 йил сайтимизга берган интервьюсида.
Футболчи фаолияти давомида пойтахт клубларидан таклифлар бўлганини эслайди:
"Бунёдкор", "Пахтакор" ва "Локомотив" жамоаларидан ҳам таклифлар бўлган. Лекин у вақти "Насаф"дан кета олмасдим. Қашқадарёнинг ўша пайтдаги ҳокими раҳматли Нуриддин Зайниевнинг ҳурматлари туфайли "Насаф"дан кетмаганман, чунки мени "Насаф" жамоасининг асосий таркибига киришимга ҳам раҳматли Нуриддин Зайниевнинг хизматлари катта бўлган. Айнан шу киши Баҳром Ҳакимовга мени асосий таркибда ўйнатишни айтган",- деган эди қаҳрамонимиз 2016 йил сайтимизга берган интервьюсида.
Кенжа Тўраев бугунги кунда қадрдон жамоаси "Насаф" клуби тизимида мураббий сифатида фаолият олиб бормоқда. Ўтган мавсумда у Биринчи лигада "Насаф-Фарм"ни Элдор Мойлиев билан биргаликда бошқаришди. Кенжа Тўраевнинг мураббийлик фаолиятига омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Кейинги хабарларимизда қайси футболчи ҳақида маълумот олишни истайсиз?
Жаҳон чемпионатида қатнашган, "Пахтакор" билан совринларни ютган Ильдар Магдеев ҳозир қаерда?
Фикрлар