Осиё Кубогида Сизга қизиқ бўладиган ТОП-10 учрашувлар рейтинги
30 дек 2018 14:52
Янгиликлар
Осиё Кубогида Сизга қизиқ бўладиган ТОП-10 учрашувлар рейтинги
Ҳар тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақасида ўзбекистонлик мухлислар ва мен учун қизиқ бўлиши кутилаётган 10та учрашув рейтингини тузиб чиқдим. Шу ўринда уларга бирма бир таъриф берсам.
10-ўрин
"Шайх Халифа" стадиони. Ал Айн. 7 январь, 2019 йил.
Хитой - Қирғизистон
Бу ўйинда Хитой яққол фаворит бўлгани билан қўшнилар ўртасидаги баҳс анча қизиқ бўлиши аниқ. Яъни, ён қўшниларимиз қўшниларига қарши баҳс олиб борадилар. Осиё Кубоги дебютанти Қирғизистон терма жамоаси биринчи турда ўз мухлислари учун майдонда нимадир кўрсатишга ҳаракат қилиши аниқ. Қолаверса Александр Крестинин дебют мусобақада ўзини кўрсатиб олиш учун ҳам қаттиқ уриниб кўради.
9-ўрин
"Шайх Зайед" стадиони. Абу Даби. 5 январь, 2019 йил.
БАА - Баҳрайн
Бу учрашув рейтингимизга киришига асосий сабаб очилиш ўйини бўлгани. 5 январь куни биз кутаётган Осиё Кубогининг биринчи учрашуви бўлиб ўтади. Унда мезбонлар Баҳрайнга қарши майдонга чиқадилар. БААнинг сўнгги кунларда кўрсатаётган ўйинидан келиб чиқадиган бўлсак, Баҳрайн бу ўйинда очко олишини тахмин қилиш мумкин.
8-ўрин
"Шаржа" стадиони. Шаржа. 6 январь, 2019 йил.
Сурия - Фаластин
Гуруҳнинг илк учрашувида сурияликлар Фаластин билан ўйнайдилар. Бу ўйиннинг мен учун қизиқ томони, катта эҳтимол билан Сурия 1/8 финалдаги рақибимиз бўлади. Шу сабабдан ҳам Сурия терма жамоаси иштирокидаги ўйинлар мухлисларимизда қизиқиш уйғотиши табиий.
7-ўрин
"Шаржа" стадиони. Шаржа. 9 январь, 2019 йил.
Ўзбекистон - Уммон
Шубҳасиз, ҳаммамиз кутаётган ўйин! Терма жамоамиз Осиё Кубогининг 1-турини қандай бошлаши, кейинги ўйинларда катта роль ўйнаб беради. Барчамизнинг эътибори шу ўйинга қаратилиши ҳеч кимга сир эмас. Уммон терма жамоаси биз учун ноқулай рақиб ҳисобланади. Ҳозирча уларни бир марта мағлубиятга учрата олганмиз. 4та ўйинда эса имкониятни бой берганмиз. Ўйлаймизки, Осиё Кубогида иккинчи ғалабамизга эришамиз.
6-ўрин
"Ал-Наҳян" стадиони. Абу Даби. 16 январь, 2019 йил.
Жанубий Корея - Хитой
Катта эҳтимол билан бу учрашув гуруҳ ғолиби ким бўлишига ойдинлик киритиб беради. 3-тур ўйинидан жой олган баҳсда Жанубий Корея мусобақадаги биринчи жиддий рақибига қарши майдонга тушади. Осиё Кубоги фаворити саналаётган корейслар иштирокидаги мазкур учрашув барчамизда қизиқиш уйғотиши аниқ.
5-ўрин
"Ал Мактум" стадиони. Ал Айн. 16 январь, 2019 йил.
Эрон - Ироқ
"D" гуруҳининг сўнгги тур учрашуви 1/8 финалга ким гуруҳда биринчи ўрин билан йўл олишига ойдинлик киритиб берса ажаб эмас. Ҳимоявий тактикани устун кўрадиган Кейруш ва ҳужумкорликни илгари сурадиган Сречко Катанец ўртасидаги қарама-қаршилик.
4- ўрин
"Ал Мактум" стадиони. Ал Айн. 13 январь, 2019 йил.
Туркманистон - Ўзбекистон
15 йиллик танаффусдан сўнг яна Осиё Кубоги йўлланмасини қўлга киритган қўшниларимиз билан иккинчи турда баҳс олиб борамиз. Туркманистон терма жамоаси "сирли тулпор" сифатида гуруҳимизда гавдаланади. Жамоанинг негизи "Олтин Аср" жамоасидан ташкил топган ва улар бу йил ОФК Кубоги финалига қадар етиб келдилар. Таркиби кучли бўлмаса-да, ўйин дерби мақомига эга.
3-ўрин
"Шайх Халифа" стадиони. Ал Айн. 15 январь, 2019 йил.
Австралия - Сурия
Кўпчилик Австралияни фаворит деб айтаётган "B" гуруҳининг сўнгги тур ўйинида сенсация гувоҳи бўлишимиз мумкин. ЖЧ саралаш ўйинларининг плей-оффида ўзаро баҳс олиб борган бу икки терма жамоа ўртасидаги иккинчи ўйинга келибгина "кенгурулар" қийинчилик билан ғалаба қозона олган эдилар. Бу ўйин нафақат бизни, балки Осиё футболига бефарқ бўлмаган барча мухлису мутахассислар эътиборида бўлса ажаб эмас.
2-ўрин
"Шайх Зайед" стадиони. Абу Даби. 17 январь, 2019 йил.
Саудия Арабистони - Қатар
Сўнгги пайтларда ўзаро чиқиша олмаётган юрт вакиллари ўртасидаги бу учрашувни ўтказиш учун ОФКдан ҳам алоҳида масъулият талаб қилинади. Энг муҳими, бош ҳакам танлашда адашмаслик ва ўйинни икки жамоа учун эътирозсиз ўтказиши керак бўлади. Жуда ҳам муҳим ва қийин баҳсни рейтингимизнинг иккинчи ўринига қўйдик.
1-ўрин
"Шайх Халифа" стадиони. Ал Айн. 17 январь, 2019 йил.
Япония - Ўзбекистон
Оооо... Бу ўйин биз учун қандай аҳамият касб этишини ортиқча изоҳлаб ўтирмасак ҳам барчага бирдек маълум. Дастлабки иккита ўйинни омадли ўтказиб очколарни жамғариб олсак, ким билади балки айнан шу ўйин бизни гуруҳда биринчи ўринга чиқиб олишимизга сабаб бўлар. Япония терма жамоасини ҳеч қачон муҳим ўйинда мағлубиятга учрата олмаганмиз. Балки шу анъанага чек қўядиган пайт келгандир?
Фикрлар