UZ

Сўнгги янгиликлар

16:39"Бавария" Зидан Мюнхенда муваффақиятга эриша олишига шубҳа қилмоқда  0 16:15Люка Эрнандес Евро-2024ни ўтказиб юборади  1 15:51Юрген Клопп Муҳаммад Салаҳ билан тортишиб қолгани ҳақида: "Биз гаплашиб олдик, барчаси ҳал"  2 15:32Куртуа мавсумнинг муҳим учрашувларида "Реал"га ёрдам бериши мумкин  1 15:05Тимур Кападзеда иккинчи финал. Бу Ўзбекистон терма жамоаларининг нечинчи финали?  16 14:46"Манчестер Юнайтед" тен Хагни ишдан бўшатишни режалаштирмаяпти  5 14:24"Ньюкасл" ҳимоячиси учун мавсум якунланди  1 14:00УЕФА сайтидаги муаммолар туфайли мухлислар Евро-2024га чипта сотиб ололмаяпти  2 13:28"Барселона"га Марко Верраттини сотиб олишни таклиф қилишди  2 13:00ЕЧЛ. Ҳафтанинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлар маълум  4 12:26"Эвертон" молиявий муаммолари туфайли Пикфордни сотишга мажбур  0 11:56"Реал"нинг яна бир футболчиси Мессининг жамоадошига айланиши мумкин  8 11:29Расман: "Ливерпуль" келаси мавсум ЕЧЛда ўйнайди  5 10:40ЦСКА устози Федотов Аббос Файзуллаевнинг жамоага қайтгани ҳақида нима деди?  9 10:19Индонезия U-23 мураббийи Шин Таэ Йонг: "Охирги имкониятдан фойдаланишга уриниб кўрамиз"  6

Оддий аскардан генералга айланган - Конте Янгиликлар

Оддий аскардан генералга айланган - Конте

Англия премьер лигасида чемпионлик масаласини аниқлаш энг қийин юмушлардан бири эканлиги жуда кўп айтилади.


Европанинг топ чемпионатлари ичида энг қийин ва қизиқарли лига деб кўпчилик АПЛни тан олади.

Қайсидир мураббийнинг зўрлиги ҳақида гапираётган бўлсангиз, агарда ўша мутахассис АПЛда ишламаса, унда футбол билимдонлари АПЛга келсинчи, нима каромат кўрсатишини ўшанда кўрамиз, дейдиганлар кўпчиликни ташкил этади.
Бу албатта нисбий. Яъни, мураббий қандай салоҳиятга эга эканлигини фақат АПЛда ишлаб кўрсатиши шарт, деган ўлчов йўқ. Бу абсурд. Ҳар доим ҳам кучли мутахассислар АПЛда ишлаб кетишлари шарт эмас.


Ҳозирги қаҳрамонимиз Антонио Конте эса айнан шу ўлчов билан иш кўрадиганларга ҳам жавоб берди.
2011 йилда "Ювентус"ни қўлга олганида ва "ботқоқ"да ётган туринликларни юқори элитадаги ўрнини қайтарганида, бу натижани тасодифга юйганлар ҳам бўлганди. Ўшанда  Конте А Сериядаги ўзининг дебют мавсумидаёқ "Ювентус" билан чемпионлик шоҳсупасигача чиққанди ва мавсумни мағлубиятсиз якунлашга эришганди. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас. Таркиби ўша пайт учун у қадар кучли кўринмаган "Юве"ни чемпион бўлишини ҳеч ким тахмин ҳам қилмаганди.
Лекин Антонио Конте мураббий сифатида ҳақиқий катта футболдаги дастлабки қадамни анча дадил босганди.
Б Сериядан А Серияга қайтган "Ювентус"нинг ишлари унчалик юришмай турганда Конте "қутқарувчи" ролини қойилмақом тарзда ўйнаганди. Кетма-кет икки йилни 7-ўринда тугатган "Ювентус" учун келаси мавсумдаёқ юқори чўққини забт этиш бу (ўша пайт учун) фантастик натижа эди.
Кейинчалик эса Конте "Ювентус" билан яна икки йил чемпион бўлди. А Серияда 3 мавсум ишлаган Конте ҳар йили "скудетто"ни қўлга киритди.


"Ювентус"ни узоқ танаффусдан кейин ЕЧЛга қайтарган мутахассис ҳам Конте бўлади. Аммо Конте "Ювентус" билан халқаро аренада улкан ғалабаларга эришолмади. Бунга улгурмади. Аслида Контенинг "Ювентус"дан кетиши ҳам ЕЧЛга бориб тақалади. Яъни Конте клуб раҳбариятидан ЕЧЛ учун таркибга кучли ижрочиларни жалб этишни сўрайди. Аммо клуб раҳбарияти Контенинг шорт-листидаги футболчиларни ҳарид қилишга ҳали тайёр эмаслигини билдиради. Бундан ғазабланган Конте эса кетишга қарор қилади ва шартномани узайтиришга шошилмайди. Клуб раҳбарияти ва Конте ўртасида келишмовчилик юзага келади. Бу орада эса Конте билан Италия футбол федерация боғланади ва мураббий "скуадра адзурра"ни қабул қилиб олишга розилик беради. "Ювентус" раҳбарияти Контенинг илтимосларини инобатга олиб, унга футболчиларни ҳарид қилишга рози бўлган пайт эса кеч бўлган бўлади. Конте эса лавзидан қайтмаслигини ва Италия термасини бошқаришга розилик берганини айтади. "Ювентус" раҳбарияти эса бир вақтнинг ўзида иккала жамоада ишлашга ҳам рухсат беради. Аммо Конте бунга розилик бермайди. Италия терма жамоасидаги фаолияти эса дунёни яна бир маротаба лол қолдира олади.
Конте аввалига Италия терма жамоаси билан Европа чемпионатининг финал босқичига йўл олади. Евро-2016да эса Италия терма жамоаси тарихидаги энг кучсиз дея эътироф этилган таркиб билан чорак финалга қадар етиб боради. Европа чемпионатида Контенинг Италияси нима каромат кўрсатганини барча билади. Чорак финалда Германияга пенальтилар сериясидагина имкониятни бой берганди. Италия матбуоти эса "скуадра адзурра"ни гуруҳдан чиқишини ҳам катта натижа деб бонг урганди.
Италия эса нафақат гуруҳдан чиқди, балки чорак финалга қадар етиб борди. Бу йўлда эса улар амалдаги Европа чемпиони - Испанияни йўлда қолдириб кетишга муваффақ бўлишди. Германия билан ўйинда ҳам мағлубиятга учрамаган Италияга "лоторея"да омад етишмади.
Бу эса Контенинг қандай салоҳиятга эга, мураббий сифатида нималарга қодирлигини амалда кўрсатиб берганди. Европа чемпионатидан олдин Контени "Челси" билан битим тузгани ва янги мавсумдан бошлаб Лондонда иш бошлаши маълум бўлиб улгурганди.


Айнан Европа чемпионатидан кейин Конте деган мураббий борлиги, Антониони топ мураббийлар қаторида тилга олиш анча авж олди.
Ваҳоланки, Конте бундан аввал ҳам "Ювентус" билан кўп саволларга жавоб беришга улгурган.
Лекин жаҳон футболида энг зўрларни АПЛдаги ўйини ва иши билан ўлчайдиганлар учун Конте энди танилганди гуёки.
Антонио Конте мураббийлик фаолиятини Англияда давом эттиришга қарор қилганидан кейин, АПЛда унга ҳеч ким рақобат қила олмаслигини, "Челси"ни биринчи мавсумдаёқ чемпион қилишига ишонишимни айтгандим. Кўпчилик эса Контенинг салоҳиятига бироз шубҳа қилишини билдириб, Контега бу ерда рақобат анча юқори бўлишини таъкидлаганди.
Италияда унга рақобатчи йўқ, Европа чемпионатида эса Гвардиола, Моуринью каби мутахассислар ишламаслиги билан таққосланганди.
Конте учун АПЛ мураббий сифатида муаммо бўлмаслигини айтганимда, футболни эмас, шахматни кўришни тавсия этганлар ҳам чиққанди.


Контенинг даражасига, унинг қандай салоҳиятга эга эканлигига холис баҳо берилганини нотўғри тушунганлар учун Конте яна бир бор чиройли жавоб берди. Натижада эса АПЛда, ҳа, ўша Англия премьер лигаси дея аталмуш чемпионатда ҳам илк мавсумда олтин медаллар қўлга киритилди.

Энг қизиғи, Конте қабул қилиб олган "Челси" ўтган йили аутсайдерлар орасида адашиб қолган, еврокубокларсиз қолиб кетган "аристократлар" эди. Жозе Моуриньюнинг истеъфосига сабаб бўлган, "Челси" учун шармандали натижадан кейин кўпчилик Контега қийин бўлишини тахмин қилганди. Албатта ҳеч бир чемпионатда, ҳеч қайси мураббий шунчаки осонликча чемпионликка эриша олмайди. Бунинг ортида катта меҳнат, машаққат ётади. Конте эса шундай қийинчиликлар, машаққатларда тобланган, кучли, топ мураббий.
Аввалига илк мавсумида "Бари"ни А Серияга қайтарган. Кейинчалик "Сиена"га А Серия "чиптаси"ни тақдим этган Конте ниҳоят Италиянинг олий дивизионида, яъни А Серияда ишлашга розилик беради.
А Серияда ҳам Б Сериядан кейин ҳеч ҳам тўртталикка киролмаётган "Ювентус"ни эски статусини тиклайди. Кейин Италия терма жамоаси тарихидаги энг кучсиз жамоа билан Европани лол этади.


Мана жорий мавсумда энг кўп тилга олинадиган АПЛда ҳам чемпионликни нишонламоқда.
Конте туғма чемпион. Футболчилик даврида ҳам "Ювентус"да юқори даражада ўйнаган Конте мураббийлик фаолиятини янада кўтаринки руҳда давом эттирмоқда.
Конте қаерда, қайси жамоада ишламасин, фақат юқори мақсадларни кўзлайдиган ва кўзлаганда ҳам ўша мақсадга эришадиган кам сонли мураббийлардан бири.
Эътибор беринг, Конте қайси клубни қабул қилиб олмасин, ўша пайтда жамоа қийин даврларни ўтказаётган бўлади. Конте келгач эса, жамоада тезда чемпионлик кайфияти, муҳити пайдо бўлади. Энг қизиқ томони, Конте катта трансферларни кўп ҳам амалга оширмайди. Имкон қадар қўл остидаги футболчиларни янги даражага, янги поғонага чиқара олади. Бу энди ҳақиқий мураббийлик салоҳиятини энг олий кўриниши. Яъни, мураббий йўқ нарсадан бор қила олиш қобилиятига эга бўлмоғи лозим. Конте эса бу нарсани исботлашдан чарчамаяпти. Конте "Ювентус"да ҳам, Италияда ҳам, мана "Челси"да ҳам аввало ЖАМОА ташкил қила олди. Буни эса жуда қисқа вақт ичида барпо этди.
Англиядаги эски "бўрилар" Арсен Венгер, Жозе Моуринью каби мутахассилар орасида йўқолиб қолмади, аксинча уларни ҳам муносиб равишда доғда қолдиришга эришди. АПЛДа пайдо бўлган ва кўпчилик мақташдан чарчамайдиган Гвардиола (Манчестер Сити) ҳам кўп миллионли трансферлари билан ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган бир пайтда, Конте Давид Луизни ортга қайтариб, тактик схемаси учун Маркос Алонсони олиб келди ва чемпионликка эришди.
Бу йили Контега чемпионлик йўлида Маурицио Почеттино ("Тоттенхэм") ҳамда Юрген Клопп ("Ливерпуль") рақобат қилмоқчи бўлишди. Аммо бу ишни уддалаш уларга қийинчилик туғдирди. Антонио Конте АПЛдаги "бўрилар" ичида ўзини шердек тутди ва эндиликда ҳақли тарзда бўйнига Англия премьер лигасининг ҳам олтин медалларини тақадиган бўлди.

Конте кучли тактик, стратег, уч ҳимоячили услубни "Ювентус"да жорий қилган, Италия терма жамоасида яна ҳаммага кўз-кўз қилди ва "Челси"га келиб, Англияда ҳам ўз фалсафасидан чекинмаган ҳолда рақибларини йўлдан улоқтириб ташлади.
Бир сўз билан айтганда, Конте ҳақиқий итальян мураббийи.
Англияга келди ва чемпион. Кўп йиллар "Ювентус"да, Италия терма жамоасида бирга елкама-елка бирга ишлаган ёрдамчиси Каррера шу йили ёзда мустақил иш бошлади. Россиянинг "Спартак" жамоасига бош мураббий бўлган Каррера Контедан ўрганганларини Россия премьер лигасида қўллади ва "Спартак"нинг 16 йиллик нохуш сериясига чек қўйиб, ниҳоят Романцевдан кейин москваликларни чемпионга айлантирди.

Контени оддий аскарга ўхшатаман. Аскарлар биласиз довюрак бўлишади. Контеда ҳам шундай хислат бор. Ўз вақтида "Бари"ни А Серияга чиқариб, кейин яна қуйи дивизионда "Сиена"га А Серия йўлланмасини қўлга киритишда кўмаклашган Конте, ундан кейин "ботқоқ"да қолган "Ювентус"ни кетма-кет чемпионга айлантирди. Италия терма жамоасини ҳам оғир вақтда бошқаришга розилик бериш - бу довюракликдан дарак беради. Ўтган йилги мавсумдан кейин "Челси"ни бошқариш ҳам бу мардлик. Чунки Контени олдида бир қатор вариантлар, янада маъқулроқ танловлар кўп эди. Кучли характерга эга ва темир интизомни хуш кўрадиган мураббий Лондонга боришга қўрқмади. Конте бир вақтлари "Ареццо"да (2006) бошлаган ишини мана ҳозирда "Челси"да давом эттирмоқда.

Ўша пайтдаги оддий аскар эндиликда ҳақиқий генералга айланди, десак муболаға бўлмаса керак.


Антонио Контенинг мураббийлик фаолияти:

2006-2006 йиллари: "Ареццо" (27 ўйин, 11 ғалаба, 8 дуранг, 8 мағлубият)
2007-2007 йиллари:
"Бари" (67 ўйин, 33 ғалаба, 22 дуранг, 12 мағлубият)
2009-2010 йиллари:
"Аталанта" (14 ўйин, 3 ғалаба, 4 дуранг, 7 мағлубият)
2010-2011 йиллари:
"Сиена" (44 ўйин, 22 ғалаба, 14 дуранг, 8 мағлубият)
2011-2014 йиллари:
"Ювентус" (151 ўйин, 102 ғалаба, 34 дуранг, 15 мағлубият)
2014-2016 йиллари:
Италия терма жамоаси (25 ўйин, 14 ғалаба, 6 дуранг, 5 мағлубият)
2016-...
"Челси" (44 ўйин, 35 ғалаба, 3 дуранг, 5 мағлубият)

Умумий натижалари: (372 ўйин, 220 ғалаба, 91 дуранг, 61 мағлубият)


Контенинг мураббийлик фаолиятидаги ютуқлари:

Б Серия чемпиони: 1 (2008/2009)
Италия чемпиони: 3 (2011/2012, 2012/2013, 2013/2014)
Италия Суперкубоги: 2 (2012, 2013)

Англия чемпиони: (2016/2017)

Шахсий ютуқлари:

"Кумуш ўриндиқ" мукофоти совриндори (2009)
"Олтин ўриндиқ" мукофоти совриндори (2012, 2013, 2014)
Италияда йил мураббийи "Оскар дель Кальчо" (2012, 2013, 2014)
Йил мураббийи: "Globe Soccer Awards" (2013)
"Premio Nicola Ceravolo" совриндори (2013)


Шаҳбоз Беғамов

Рейтинг: +29   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика