Нима учун "Атлетико"нинг уй стадионида доим гуллар ётади?
19 фев 2020 19:00
Янгиликлар
Нима учун "Атлетико"нинг уй стадионида доим гуллар ётади?
Ҳаммаси 1995 йил июнь ойида бошланган. Радомир Антич "Атлетико" бош мураббийи бўлди ва клуб президенти Хесус Хильга трансфер борасидаги истакларини айтди. Хўжайин рўйхатни кузатар экан, тўсатдан хо-холаб кулиб юборди.
— Милинко Пантич. 29 ёш. "Паниониос". Греция чемпионати. Жиддий айтяпсизми?! Ахир у Испанияда ўйнаб кетолмайди.
"Атлетико"нинг ҳеч бир менежери мураббийнинг илтимосларини жиддий қабул қилмади. Клубдаги ходимлар сербиялик ўйинчи Античнинг эски таниши ва жамоага ўтиш учун мураббийга яхшигина пул таклиф қилган деб ўйлашар эди.
Барчага қарши оёқ тираб олиш хавфли ва буткул фойдаси йўқдек эди, гўё. Аммо мураббий бўш келмади. У Пантичнинг ўйини ёзилган кассетани боссга берди.
— Афсусланмайсиз, — деди мураббий.
— Хоп. Аммо у муваффақият қозона олмаса, маошингиздан кесиб қоламиз, — деди қатъийлик билан президент Хиль.
Антич ҳамма нарсага тайёр эди. Улар қўл ташашдилар. Орадан бир ҳафта ўтди. "Атлетико"да янги ярим ҳимоячи тўп тепа бошлади.
Пантич шу қадар ажойиб ўйин намойиш этди-ки, мураббий ойлиги ҳақида ўйлаб кўришга ҳам улгурмади. Биринчи даврадаёқ сербиялик футболчи жаримадан гол урди, бир нечта голли пас берди ва якунда "Атлетико"нинг барча жарима зарбаларини амалга оширадиган бўлди. Мавсум ўрталарига келиб, унинг ижросидаги бурчак зарбаларидан рақиблар пенальтидан қўрққандек ҳайиқиб турадиган бўлишди. У ёзга келиб 10та гол урди, деярли 20та узатма берди, "Атлетико" чемпион бўлишида ўз ҳиссасини қўшди ҳамда Испания Кубоги доирасида "Барселона"га қарши баҳсда ягона голни уришга муваффақ бўлди.
Олтин дубль — бу ажойиб, лекин исмингиз ўчмас қилиб ёзилиши учун баъзида бунинг ўзи етарли бўлмайди. Пантичга эса кутилмаган тасодиф ёрдам берди.
1996 йил 28 январда "Атлетико"нинг оддий бир мухлисаси Маргарита Луенго стадион яқинидаги кафеда дўстлари билан суҳбатлашиб ўтирарди — ўйиндан олдин бўладиган ўзига хос одатий йиғилиш. Тўсатдан у ойна олдида турган катта гулдастага кўзи тушди ва менежерга бақирди: "Илтимос менга тўртта гул беринг — бугун "Атлетик"га шунча гол урамиз!" Кафедагилар қарсак чалди, бар маъмури эса қувонч билан вазадан бир нечта гул олди ва қизга берди.
"Ҳар бир голдан сўнг майдонга гул отдим. Биз 4:1 ҳисобида ғалаба қозондик. Қўлимда гул қолмади, ҳаммаси майдонда... Пантич "Атлетико"нинг 2та голини бурчакдан урди, гулларни бурчак томонга отдим", — ёдга олади Маргарита.
Навбатдаги бурчак тўпини тепишга тайёрланаётган Пантич оёғи остида ётган гулни четга улоқтириб юборди. Буни кўрган Маргарита эса кичик қоғозчага қуйидаги сўзларни ёзди: "Гулларни отиб юборманг, ахир бу сизлар учун..." ва хатни "Атлетико" ходимидан бериб юборди.
Қоғозчани олган Пантич қилган ишидан афсусланди ва мухлисанинг телефон рақамини топиб беришларини илтимос қилди. Орадан бир неча кун ўтиб, у қизга қўнғироқ қилди ва узр сўради. Ҳаттоки, келаси уй учрашувидан сўнг, Маргаритага футболкасини ҳам совға қилди.
"Пантич — нафақат жарима майдони ва бурчакдан ажойиб гол ура оладиган ўйинчи, балки ажойиб инсон ҳамдир. Бундай инсонлар жуда кам", — дейди Маргарита.
Ўшандан буён "Атлетико"нинг уй учрашуви вақтида бурчак байроғи олдида 24та гулдан иборат букет ётади — 12та қизил, 12та оқ (клуб ранги). Бу анъанага яқинда 24 йил бўлди. Маргарита эса энди гул улоқтирмайди, у майдонга бемалол ўтиб юришига аллақачон рухсат беришган.
"Висенте Кальдерон" стадионида бурчак байроғи ёнидаги гуллар алоҳида аҳамиятга эга бўлиб улгурган. Бир куни Роберто Карлос бурчак байроғи олдида кимнингдир букети қолиб кетибди деб, жахл билан гулдастани отиб юборди. Буни кўрган мухлислар эса қаттиқ ғазабландилар. Натижада бразилиялик қўлини кўтариб узр сўрашига тўғри келди.
Агар сенинг одатларингни рақиб ҳам ҳурмат қилса, бу барчаси бекор эмаслигининг ёрқин исботи бўлади.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар