UZ

Сўнгги янгиликлар

20:00Руслан Аҳмедов: "Биз натижа учун ўйнаяпмиз. Чиройли ўйин иккинчи даражали"  0 19:55Суперлига. "Динамо" – "Металлург" 0:1 (матнли трансляция)  6 19:50Улуғбек Бақоев: "Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради"  4 19:33Кварацхелия "Наполи"дан кетмоқчи эмас  2 19:11"Арсенал" Йозуа Киммихга қизиқмоқда  6 18:15ПРО лига. Тошкентда ўтган "Бухоро" - "Хоразм" учрашувида дуранг қайд этилди  14 17:43Винченцо Итальяно мавсум охирида клубдан кетади  0 17:25Альфонсо Дэвис "Бавария" билан янги шартнома имзоламайди  1 17:01"Бунёдкор" янги бош мураббий номини эълон қилди  13 16:20"Евро-2024"да ҳеч ким Англия билан тенглаша олмайди"  10 15:57"Қизилқум" "Локомотив" билан ўйин учун қайдномасини эълон қилди  0 15:26Суперлига. 4-тур учрашувларини ўтказиб юборадиган футболчилар  4 15:10Маркус Рэшфорд Евро-2024га бора олмаслиги мумкин  1 14:38Парехо Винисиус ҳақида: "Ажойиб спортчи, аммо ўйинчилар ўзини футболга бағишлаши керак. Мени пиёниста дейишарди, лекин бунга эътибор бермаганман ва жавоб қайтармаганман – бундай одамлардан юқорироқ бўлиш зарур"  3 13:47Суперлига. 9та клуб дастлабки 3та турда фақат бир хил формадан фойдаланди. Бунга сабаб нима?  5

Мулоҳаза. “Обод” ва тотализатор Янгиликлар

Мулоҳаза. “Обод” ва тотализатор

ПФЛ Тошкентнинг “Обод” клуби борасида якуний қарор қабул қилди. Жамоа баъзи сабабларга кўра олий лигадан четлатилди ва эндиликда бу клуб фаолият юритмайди.

Балки кейинчалик “Обод” яна биринчи лигада пайдо бўлиб қолиши мумкин, буниси энди вақтга боғлиқ масала. Маълумки, иккинчи даврада “Обод” саккизта ўйинда майдонга тушиб, ҳаммасида мағлуб бўлди. Бунинг устига жамоанинг ўз майдонида бўлиб ўтган иккита ўйини шубҳа остига олинди. Қуйида шулар ҳақида батафсил фикр юритишга ҳаракат қиламиз.

Амалиётсиз қоладиган клублар 

Шу ўринда “Обод” нима учун олий лигадан четлатилди деган савол туғилади. Фараз қилинг, сиз жамоа билан навбатдаги учрашувга тайёргарлик кўряпсиз. Шунда сизга жамоа четлатилгани ҳақида айтишади, буни эшитиб қай ҳолатга тушасиз? Албатта, бошида ҳайрон бўласиз. Шундай бўлганига ишонгингиз келмайди. Лекин хабарни тасдиқловчи бошқа гапларни эшитгач, тақдирга тан бериб ҳаммасини борича қабул қилишга рози бўласиз. 

“Обод”дагилар билан шундай ҳол юз берганини тасаввур қилиш қийин эмас. Маълум бўлишича, жамоа одатдагидек кейинги тур ўйинига тайёргарлик кўраётганди. “Обод” 13 октябрь куни Навоийда “Қизилқум”га қарши баҳс олиб бориши лозим эди, аммо ПФЛ сайтида чиққан қарордан сўнг ҳаммаси бекор бўлди. “Обод”-ку расман ёпиб юборилди, эндиликда унинг рақибларига ҳам қийин бўлди. Биринчи ўринда “Қизилқум” ўйин амалиётсиз қолади. Тўғри, олий лиганинг 24-турида навоийликлар фойдасига техник ғалаба ва уч очко ёзилади, лекин жамоа барибир ўйнамаганидан кейин амалиётсиз қолади. Чунки “Қизилқум” ҳам бошқалар қатори навбатдаги турга ҳозирлик кўраётганди ва “Обод”нинг бирданига четлатилиши бу жамоа режаларига таъсир ўтказди.

“Қизилқум”дан кейин “Обод”га қарши тўп суриши лозим бўлган бошқа жамоалар - “Нефтчи”, “Динамо”, “Машъал”, “Металлург”, “Шўртан” ва “Пахтакор” ҳам навбати билан “дам олишади”. Бу ҳам уларга таъсир қилиши мумкин. Агар “Обод” иккинчи давра бошланмай четлатилганида олий лиганинг 15та жамоаси бир хил шароитга эга бўлиб, ҳамма битта кам ўйин ўтказган бўларди (техник ғалаба ўз йўлига, бу ерда гап жамоаларнинг ўйин амалиёти ҳақида боряпти), натижада бундан ҳеч кимнинг нолишига ҳожат қолмасди. Аммо эндиликда бошқача вазият юзага келган. Кимдир ўйин амалиётисиз қолиб кетганидан кейин мураббийлар бу гапни албатта эслаб ўтишади.


“Обод” нега четлатилди? 

Ана энди асосий саволга жавоб бериб кўрамиз. ПФЛ расмий сайти 6 октябрь куни кечки пайт Тошкентнинг “Обод” клуби Ўзбекистон чемпионатидан четлатилгани ҳақида расман хабар берди. Сайтда ёзилишича, бунга бир нечта омиллар сабаб бўлган. Хусусан, жамоанинг ПФЛ олдидаги қарзлари. Қарз ҳам кичкина пул эмас - жами 112 миллион сўмни ташкил этяпти. Шундан 90 миллион сўм Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида иштирок этиш учун аъзолик бадал тўлови, 15 миллион сўм Ўзбекистон фуқароси бўлмаган мураббийни рўйхатдан ўтказгани ҳамда 7 миллион сўм турли жарима тўловлари.

Бундан ташқари “Обод” мавсум бошидан бери олий лига клубларини лицензиялаштиришга доир бирорта ҳужжатни ПФЛга тақдим этмаган. Маълумки, лицензиялаш ОФК томонидан ПФЛ олдига қўйилган талаб бўлиб, халқаро ташкилот айнан шунга кўра ўзбек футболига баҳо беради. Клуб тизимида лицензиялаш бўйича алоҳида менежер ишламагани боис кўпчилик бунга панжа орасидан қараб келган. Ҳартугул матбуот котиби Фурқат Нишонов ўз ишидан ортиб бўлсаям, қайсидир ҳужжатларни тўғрилаб қўйган, аммо бу иш матбуот котибининг вазифасига кирмайди. Ҳар қандай клуб штатида айнан лицензиялаш билан шуғулланувчи алоҳида шахс фаолият юритиши шарт, худди юрист, бухгалтер, спорт директори алоҳида ишлаганидек.

Бу ҳам майли, энг даҳшатлиси “Обод”нинг иккинчи даврадаги иккита ўйини шубҳали эканлиги очиқчасига баён этилди. Айтиш мумкинки, бунақаси олдин рўй бермаганди. «Federbet» деган халқаро ташкилот ЎФФга “Обод”нинг иккита ўйини шубҳали кўрингани ҳақида хат жўнатди. Бу олий лиганинг 20-туридан ўрин олган “Обод” - “Сўғдиёна” (2:4) ва 22-турдаги “Обод” - “Насаф” (0:6) баҳси. Бу ерда гап мазкур учрашувларнинг келишилгани ҳақида бормаяпти, балки “Обод” атайин ютқазиб бериш учун майдонга тушган деган маъно келиб чиқяпти. 

Натижада келишилган ўйинлар ва тотализаторга қарши курашадиган Бельгиядаги ташкилот «Federbet»нинг расмий хати ҳам “Обод”нинг четлатилишига асос сифатида хизмат қилди. “Обод” четлатилгани билан клуб ўз ходимларига меҳнат шартномаси бўйича йил охиригача барча ойлик маошларни тўлаб беради. 


“Обод” тотализатор ўйнаганми? 

Бадал пулларини вақтида тўламаслик, лицензиялашга доир ҳужжат топширмаслик - буларни тушунса бўлади, аммо клубнинг иккинчи даврадаги иккита ўйинини шубҳа остига олиш учун жиддий асос бўлиш керак. Йўқ, бу билан биз “Обод” “тоза жамоа” ҳеч қачон бундай ишларга қўл урмаган демоқчи эмасмиз, шунчаки шу гап айтилиши учун жиддий сабаб бор ё йўқлигига қизиқяпмиз. Негаки биздаги қонунчиликка кўра, тотализатор, қимор каби азарт ўйинлар ўйнаш тақиқланади ва бундай ўйинларда қатнашганлар жазоланиши мумкин. 

Савол туғилади: тотализатор ўзи нима? “Тотализатор” сўзи французча “totalisateur”дан олинган бўлиб, ҳисоблаш, якунлаш каби маъноларни беради. Оддий қилиб айтганда, тотализатор бу мўмайгина пул ютиб олиш мақсадида букмейкерлик компаниясига пул тикиш деганидир. Европада дастлаб отлар пойгасига пул тикиш бошланган, лекин бугунги кунга келиб деярли барча спорт турларида тотализатор ўйналади. Футбол ҳам шулар қаторида.

Энди “Обод”нинг тотализатор ўйнаган-ўйнамаганига келсак, бу ҳақда бир нарса дейиш қийин. Аввало бунга исбот керак. Қолаверса, доим ютқазиб юрадиган жамоа тотализатордан қандай қилиб пул ишлаши мумкин? Доим ўзининг мағлубиятига пул тикаверса, коэффициент тушиб кетади ва бундан бирор фойда чиқмайди. Қолаверса, “Обод” тотализаторда иштирок этмагани ҳақида клуб бош мураббийи Андрей Демченко ҳам айтиб ўтди. Майли, мураббий ўз жамоаси ёнини олиш мақсадида шундай деган ҳам дейлик, лекин ПФЛ қўлида тайёр хат бўла туриб нега клубга нисбатан бошқача чора кўрмади? Мусобақадан четлатиш энг осон йўл, аммо қийин усуллар ҳам бор-ку. Шунда ҳам ЎФФ ва ПФЛ «Federbet»нинг икки энлик хатига кўра қарор чиқарди деб айтиш қийин. Чунки четлатишдан олдин жамоага нисбатан агар иккита ўйини ростан шубҳали бўлса, аввал тегишли ташкилотларга хабар бериб жиноий иш очиш талаб қилинарди. Демак, бу ерда бошқа гап борга ўхшайди.


Клуб раҳбари шундай тўхтамга келган бўлиши мумкинми? 

Фараз қиламиз, “Обод” футбол клуби собиқ раҳбари Комил Исломов жамоани олий лигада ушлаб тургандан фойда йўқ деган хулосага келган бўлиши мумкинми? Мумкин, албатта. Чунки Комил ака - тадбиркор, бир сўм сарфлаб икки сўм фойда кўришни хоҳлайди. Аммо кўриниб турибдики, ўзбек футболида фойда қилиш қийин, футболимизнинг турган-битгани харажат. Эҳтимол мана шу омил Комил Исломовга бадал пулининг қолган қисмини тўламаслик учун асосий сабаб бўлгандир.

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш керак, “Обод” раҳбарининг 8-турдан кейин ҳафсаласи пир бўла бошлаган. Негаки шу турда “Обод” “Локомотив” меҳмони бўлиб, 0:7 ҳисобида мағлубиятга учраган. Ваҳоланки, жамоа ўтган йил ТТЗдаги стадионда “Локо” билан 1:1 ўйнаганди. Ўз дарвозасидан жавобсиз еттита гол ўтказиб юборган “Обод” кейинчалик “Жар” стадионида “Қизилқум” билан дуранг ўйнади, “Динамо”ни эса 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Аммо раҳбарнинг хаёлидан 0:7 мағлубият чиқмаган, шундан сўнг клубни молиялаштириш секин-аста тўхтай бошлади.

Шундай бўлдики, футболчилар “Машъал”га қарши баҳсга ўз ҳисобларидан бориб келишди. Ўша вақт жамоада ўйнаб юрган Анвар Ғофуров Муборакка бориб-келиш йўлкира харажатларини ўз ёнидан тўлаганини аввалги мураббий Рауф Инилеев айтиб берганди. “Обод” аслида биринчи даврадан кейиноқ ўз фаолиятини тўхтатиши керак эди, лекин клубга янги ҳомийлар келгач, жамоанинг иккинчи даврада иштирок этиши ойдинлашди. Афсуски, янги ҳомийлар борасида аниқ маълумот ола билмадик. Улар на расман таништирилди, на матбуот анжумани ўтказилди, на халққа бирон бир маълумот берилди. Билганимиз шуки, иккинчи даврага ўн кунча вақт қолганида жамоани украиналик мураббий Андрей Демченко қабул қилиб олди.


Шубҳали иккита ўйинда нималар рўй берган? 

Энди “Обод”нинг шубҳали дея айтилган ўша иккита учрашуви ҳақида фикр юритамиз. Шахсан ўзим иккала учрашувни ҳам стадионда кузатганим боис бу борада ўз қарашларим бор дея оламан. Дастлаб “Обод” - “Сўғдиёна” учрашуви ҳақида. Бу ўйин 7 сентябрь куни ТТЙМИ стадионида ўтказилган. ПФЛ сайтидаги протоколга кўра, ўйинни 174 нафар мухлис кузатиб борган. Ўйиннинг 6-дақиқасида “Сўғдиёна” футболчиси ҳисобни очади. Орадан икки дақиқа ўтиб мезбонлар ҳисобни тенглаштиришади. Биринчи тайм 1:1 ҳисобида якун топади. Иккинчи тайм бошлангач, орадан уч дақиқа ўтиб бу сафар “Обод” ҳисобда олдинга чиқиб олади. 52-дақиқада меҳмонлар гол уришади - 2:2. Кейинчалик 63 ва 85-дақиқаларда “Сўғдиёна” иккита гол уриб ғалабани илиб кетади. 

Ўйинда жиззахликлар тўлиқ устунлик қила олишмаган, шунчаки вазиятлардан устамонлик билан фойдаланишганди. Бу беллашувга келишилган деган таъриф беришдан йироқмиз, аммо “Обод” гўёки мағлубиятга тайёрдек ҳаракат қилганди. Жамоа кичик ҳисобдаги ғалаба тугул, ҳатто дурангни ушлаб қолмаган. Ўйиндан кейин “Обод” бош мураббийи Андрей Демченко шундай деганди: “Ҳисобда олдинга чиқиб олганимиздан сўнг йигитлар ҳужумга ўтиб кетишди ва ўз-ўзидан ҳимояда бўш зоналар пайдо бўлди. Рақиб бундан унумли фойдаланди. Дарвозамиз томон йўлланган аниқ зарбаларнинг деярли 95 фоизи голга айланди. Ҳужумга ўтдик, аммо ҳимояда тартибли ҳаракат қила олмадик”.

Яна бир шубҳа остига олинган ўйин 22 сентябрда ўтказилган бўлиб, бунда “Обод” “Насаф”ни қабул қилган. Баҳсда қаршиликлар 6:0 ҳисобида зафар қучишади. Майдон эгалари ўйинни ҳар қалай яхши бошлашганди. Аммо 26-дақиқада ҳисоб очилганидан кейин “Обод” ўйинни бутунлай ташлаб юборгани ҳамон ёдимда. Биринчи таймда ҳисоб меҳмонлар фойдасига 2:0 кўриниш олади. Танаффусдан кейин эса “Обод” ўз дарвозасидан яна тўртта гол ўтказиб юборади. 66, 72, 74 ва 80-дақиқаларда киритилган голлар “Насаф”нинг 6:0 ҳисобида ғолиб бўлишини таъминлайди. 

Бемалол айтиш мумкин, мана шу баҳс мен кўрган ўйинлар ичида “Обод”нинг энг нурсиз ўйини бўлди. Жамоа умуман хоҳиш йўқдек, нима учун тўп тепаётганини билмайдигандек ҳаракат қилганди. Бундай футболдан “Насаф” ҳам зерикиб кетганди. Ким стадионга борган бўлса, тезроқ тугаса яхшийди деб ўтирганди. Баҳс якунига етгач, Андрей Демченко йирик мағлубиятга шундай изоҳ берганди: “Насаф” яхши жамоа. Уларнинг ўйинини ўрганиб чиққандик. Бизнинг жамоа қандай ўйнагани мени таажжубга солди. Рақиб “Милан”, “Барселона” ёки “Реал” эмас. Қўл остимдаги баъзи футболчилар олий лигада ўйнашга лойиқмас. Агар сенда маҳорат кам бўлса, уни жисмоний ҳаракатлар билан қоплашинг лозим. Югуриш, рақибга халал бериш, лекин биз буни уддалай олмадик. Бир сўз билан айтганда, ҳимоядаги ўйинимиздан лол қолдим”. 

Хулоса ўрнида

Энди қайси гапни гапирмайлик, “Обод” барибир олий лигада иштирок этмайди. Бу борада ПФЛ қарори чиқиб бўлди. Тушунамиз, олий лигада бирор жамоани ушлаб туриш ниҳоятда қийин. Агар йирик компания ёки ҳокимият ёрдам бермас экан, исталган клубнинг бошига бугунги “Обод” ҳоли тушиши мумкин. 

Шу ўринда “Обод” собиқ раҳбари Комил Исломовга миннатдорчилик билдирсак арзийди, чунки у киши тадбиркор бўлгани учун топган пулларини футболга эмас, бошқа соҳага сарфлаши мумкин эди. Аммо ўзбек футболи ривожига мен ҳам ҳисса қўшай деган мақсадда “Обод” жамоасини тузиб, клуб шунчалик фаолият юритишида бош-қош бўлди. Айтиб ўтганимиздек, шунча футболчи-ю, мураббийларни ушлаб туришнинг ўзи бўлмайди. “Обод” мухлисларга Шоҳруз Норхонов деган ҳужумчини кашф қилиб берди. Кўп ўйинлари ишқибозларга завқ бағишлади. Бу жамоа ўзининг қисқа фаолиятида ўзбек футболи учун нимадир берган бўлса, бундан ҳаммамиз хурсанд бўламиз. 


Муаллиф : Xayrulla Xoliqov
Рейтинг: -23   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика