Моуриньюнинг МЮдаги сафари қариди
18 дек 2018 19:11
Янгиликлар
Моуриньюнинг МЮдаги сафари қариди
Кўпчилик кутган ва бироз кутилмаган истэъфо юз берди. Жозе Моуринью шогирдлари "Энфильд" стадионида мезбонлар "Ливерпуль"га қарши деярли ҳеч нарса қила олмаганликлари ва 28 йил ичида энг ёмон мавсум стартини амалга оширганлиги (мерсисайдликлардан 19 очко ортда бормоқда) "Манчестер Юнайтед" раҳбарларининг сабр косасини тўлдириб юборди. Натижада, орадан бир кун ўтиб, "Special One"га чиқиш эшиклари кўрсатилди. Моуриньюнинг ўз лавозимидан озод этилишига сабаб бўлган "Энфильд"даги шармандали учрашув статистикаси қуйидагича кўриниш олганди:
Ўйин статистикаси
"Ливерпуль" – "Манчестер Юнайтед" 3:1
Зарбалар: 36-6
Узатма аниқлиги: 81%-65%
Ҳавфли вазиятлар: 21-5
Тўп назорати: 64%-36%
Мазкур ғалабадан сўнг, "Ливерпуль" 45 очко тўплаган ҳолда АПЛда пешқадамлик қилмоқда.
Манкунианликларда 26 очко мавжуд ва турнир жадвалининг олтинчи поғонасидан ўрин олган.
Иккала жамоа орасидаги фарқ 19 очкони ташкил этмоқда.
Мусобақа тариҳида 17 турдан сўнг, очколар бўйича мазкур икки клуб орасидаги бунчалик катта фарқ биринчи маротаба кузатилаётганини таъкидлаш керак.
Моуринью МЮдаги ўз иш фаолиятини 2016 йил май ойида бошлаган эди. 2016/2017 йилги мавсумда Англия Лига кубоги, Англия Суперкубоги ва УЕФА Европа Лигаси соҳибига айланган Моуринью, Сер Алекс Фергюссондан кейин афсонавий "Манчестер Юнайтед"ни қайта тиклай олади деган фикрлар кўплаб мутахассислар томонидан билдирилганди. Аммо, воқеалар ривожи кескин бошқа тарафга ўзгариб кетди ва манкунианликларда бирин-кетин муаммолар юзага келишни бошлади.
Академиядан етишиб чиқаётган ёшларга имкон бермаслик, тажрибали футболчилар билан низолар ва уларни ўйин амалиётисиз қолдириш, ҳуллас, португалиялик мутахассис ўз услубида яъни ўз сўзида туриб, ҳеч кимни фикрига қулоқ солмасдан билганича иш олиб борди. Трансферлар вақтида 11 футболчи (Ибрагимович, Погба, Лукаку, Санчез, Мхитарьян, Байи, Далот, Линделёф, Фред, Матич, Ли Грант) учун чамаси 400 миллион фунт маблағ сарфлаган Моуринью ушбу харидлардан мухлислар кутганичалик наф чиқара олмади. Биргина Алексис Санчес ҳамда Ромелу Лукакулар бунга яққол мисол бўла олади. Шу тариқа, "қизил иблислар"нинг афсонавий мураббийи Фергюссон қуриб кетган жамоани на Мойес, на Ван Гал, хаттоки Моуринью ҳам муваффақиятли бошқара олмади.
Эндиликда The Guardian берган маълумотларга кўра, муддатидан аввал якунланган битим учун МЮ португалиялик мутахассис ҳисобига 15 млн. фунтга яқин маблағ ўтказиб беради.
Манкунианлар португалиялик мутахассис қўл остида АПЛда 67 та ғалабага эришди. Моуринью МЮ устозига айланганидан бери "Манчестер Сити" (122та), "Тоттенхэм" (102та), "Челси" (100та) ва "Ливерпуль" (96та) Англия чемпионатида "қизил иблислар"дан кўпроқ ғалаба қозонди.
Клуб ўртача ҳар ўйинда 1,62та гол ўтказиб юборди, Дэвид Мойес қўл остидаги "Юнайтед"нинг натижаси 1,65 бўлган.
Жорий мавсум АПЛнинг 4 клуби ("Фулхэм", "Кардифф", "Бёрнли" ва "Саутгемптон") Англия чемпионатида МЮдан кўпроқ гол ўтказиб юборди.
P.S. Мураббийлик фаолиятида кўп соврин ютган ва ҳамон ушбу соҳада бўлган мутахассислар: ЖОЗЕ МОУРИНЬЮ (25 та), Пеп Гвардиола (24 та), Карло Анчелотти (19 та)
Нодир Абдурасулов — Телеграмдаги каналим
Фикрлар