UZ

Сўнгги янгиликлар

21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  0 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  1 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  27 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  1 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  9 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1 17:32"Реал"га ван Дейк керак эмас  4

Массимо Каррера: “Конте жамоаси майдонда нима қилишни билади. “Спартак”да шунга эришишни истайман” Янгиликлар

Массимо Каррера: “Конте жамоаси майдонда нима қилишни билади. “Спартак”да шунга эришишни истайман”

“Спартак”ни Россия Премьер-лигасида пешқадамга айлантирган италиялик мутахассис Массимо Каррера кўпчиликнинг эътиборини қозонмоқда.

У москваликлар ўйинига катта ўзгариш олиб кирганини танқидчилар ҳам таъкидлаб ўтишди. Каррера бош мураббий сифатида биринчи эксклюзив интервьюга рози бўлди.


Италия терма жамоаси ёрдамчиси сифатида ишладингиз. Ўзингиз учун номаълум бўлган Россияда Дмитрий Аленичев штабида фаолият юритишга нима чорлади?

– Гап шундаки, мен “Челси”да Антонио Конте штабига қўшила олмасдим, чунки у ерда клуб ходимларининг ўзи етарли эди. Ўша пайт Аленичевдан жамоасининг ҳимоядаги ўйинини яхшилаш таклифи борасида қўнғироқ бўлди. Бунга дарҳол розилик билдирдим, чорловлар менга ёқади. Шу билан бирга “Спартак”нинг Россиядаги энг машҳур клублардан бири эканини билардим.

– Аленичев сизга ўзи қўнғироқ қилдими?

– Йўқ, дарвозабонлар мураббийи Жанлука Риомми алоқага чиқди.

Россия ҳақида кам билишингиз аҳамиятсиз эдими? Ёки бу ерда Капелло ва Скаланинг ишлагани ёрдам бердими?

– Йўқ, гап бунда эмас. Футбол чегара билмайди. Агар ростдан ўйинни севсанг, сенга Италияда иш таклиф этишлари ёки акси муҳим эмас. Қарорни дарҳол қабул қилдим.

– Сизга ёрдамчи бўлиб ишлаш қулай экани ва фаолиятингизни бошлаганда бош мураббий бўлишни олдингизга мақсад қилиб қўймаганингиз тўғрисида эшитдик.

– Бундай деб айтмаганман. Шундай бўлдики, мен нафақат ўзимдан, балки жаҳондаги кўплаб мураббийлардан яхшироқ савиядаги мутахассисга ёрдамчилик қилдим. Контенинг ёрдамчиси сифатида ишлаш қулай бўлди. Бироқ қачондир бош мураббийлик қилишни олдимга мақсад қилгандим. Антонио билан Италия терма жамоасидаги саргузаштимиз якунланганда мен юртимда қолишга уриниб кўрдим, аммо қизиқ таклифлар учрамади. Шу сабабли Аленичевнинг таклифига хурсандлик билан жавоб бердим.

– “Спартак” бош мураббийига айланишдан аввал қанча вақт ўйландингиз?

– Жамоани олдиндаги икки учрашувда бошқаришимни таклиф қилишди. Рози бўлдим, чунки футболчиларни билардим. Бу клубда муваффақиятга эришиш учун барча нарса етарли эканини билган ҳолда розилик билдирдим.

– Бош мураббийга айланганингиздан сўнг ишга муносабатингиз ёки жамоанинг сизга бўлган муносабатида ўзгариш юз бердими?

– Муносабатлар биринчи навбатда ўзаро ҳурмат асосига қурилган. Бу ерга ёрдамчи бўлиб келганимдан бошлаб. Шунинг учун ҳеч нарса ўзгармади. Бош мураббий бўлиб олгач, дарҳол буйруқ беришга ўтиб кетган деб ўйламанг. Улар бунгача бўлганидек ҳамон менинг йигитларим.

– “Спартак” унга нисбатан матбуот ва мухлисларнинг ёндошуви ўзгача клуб эканини тушундингизми?

– Ҳа, клуб ғалабага кўниккани, аммо анчадан бери ҳеч нарса ютмаганини биламан. Менга бундай синовлар ёқади. Ўзим фақат ғалаба кутилган жамоаларда ўйнаганман. Ютуқ сўзи нима англатишини биламан. Лекин сўзни айтиш осон, аслида муваффақият учун борингни бериш, интилиш ва хоҳиш керак. Буларсиз ғалаба қозониб бўлмайди.

– Узоқ вақтдан бери соврин ютмаган жамоада ишқибозларнинг бунчалик кўплиги сизни ажаблантирдими?

– Афсуски, футболда бир жамоа ғалаба қозонади. “Спартак”нинг фантастик мухлислари бор. Вазифамиз шундан иборатки, стадионга кўпроқ ишқибоз келиши ва улар жамоасини севиши керак. Ҳа, ютқазиш мумкин, фақат биргина ҳолатда: рақибинг сендан сезиларли кучлироқ бўлганда.

Россия матбуот нима деяётгани, шарҳловчилар қандай шарҳлаётганидан хабардормисиз?

– Албатта. Русчада ўқий олмайман, аммо нималар ёзишаётгани ҳақида айтиб туришади. Мен учун келтирилаётган фактлар муҳимроқ. Ҳар қандай нарсани ёзиш мумкин. Ишингни яхши бажарсанг, меҳнатингни футболчиларнинг ўзларини беришларида кўрсанг, ҳар қандай ишқибоз баҳолашда таблодаги ҳисобга қараб ўтирмайди.

Ишлар яхши кетаётган пайтда ҳам танқид қиладиган журналистлар топилади. Жамоани мен бошқараман ва талабларни улар қандай бажарганини ўзим яхши биламан.

Италия матбуоти сизга қизиқиш билдиряптими?

– Ҳозирча йўқ. Улар қўнғироқ ҳам қилишмади. Бу яхши. Чунки кўп гапиришни ёқтирмайман.

“Спартак”да кўп йиллар ўзига хос ўйин услуби бўлганини биласизми? Тўпни назорат қилиш, қисқа тўплар ошириш, худди “Барселона” услубидек. Кплаб мухлис ва шарҳловчилар жамоа шундай услубда ўйнаши керак деб ҳисоблайди.

– Услубни ўйинчилар аниқлайди. “Барселона” таркибига қаранг. Майдон марказида Иньеста ва Хависиз тики-такани ўйнаб бўлмасди. Албатта, жамоа футбол ўйнаши лозим. Мен “Спартак” футбол ўйнашини хоҳлайман. Ўйинчилар биргаликда ҳаракат қилиши ва ажралиб қолмаслиги лозим. Тўпни эгаллаганда ёки уни эгаллаб турмаганда жамоа нима қилишни билиши даркор. Ҳар бир футболчи майдонда нима қилишини биладиган жамоа бўлиши лозим.

Каррера бошчилигидаги “Спартак” қандай ўйнайди?

– Қисқа ва узун паслар, прессинг, аниқ рақибни ютишга зарур бўлган футболнинг барча жиҳатлари. Баъзи жамоаларга қарши қисқа пас билан ўйнаб бўлмайди. Уларни узун паслар билан қийин аҳволга тушириш мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ўйиндаги фаоллик бўлиши лозим.

Футбол ўйнаш нима дегани?

– Бу ўйинни яхши ташкил қилиш ва майдонда нима қилишни билиш деганидир.

– Жамоанинг қанча пайт ҳимояланиши, қанча вақтни рақиб тарафда ўтказиши аҳамиятга эга эмасми? Ҳужумдаги кўрсаткич 10 фоиз бўлса ҳам?

– Йўқ, муҳим эмас. Баъзи учрашувларда ҳимояда кўп вақт ўтказишга мажбур бўласан. Ҳужумда юқори ўйнайдиган клублар бор, уларга қарши чуқур ҳимоя ташкил қилиш зарур. Рақибга қараб турли тактик вариантлардан бирини танлаш мумкин.

Португалия Европа чемпионатини ютган футбол яхшими ёки ёмон?

– Яхши, албатта. Бу футболда исталган жамоа ютиши мумкинлигини англатади. Агар Португалияда бўлганидек спортча жаҳл ва ўзини бериш бўлса, катта иқтидорларсиз ҳам ютуққа эришиш имкони бор. Жамоа интизомли ўйнаб, биргаликда ғалабага эришиши бир юлдуз ўйин тақдирини ҳал қилганидан яхшироқ.

– Замонавий футболда ҳамма ҳимояда яхши ўйнашни ўрганиб олгани ва уни ёриб ўтиш қийин кечишини муаммо сифатида гапирамиз. Бунга қандай чора топиш мумкин?

– Юқори савияли ижрочилар эвазига. Бирга-бир ҳолатда рақибни алдаб ўтиб, ҳимояни мушкул ҳолга тушириб қўядиган. Жамоада Месси, Неймар ёки Криштиану Роналду даражасида футболчи йўқ бўлган тақдирда бу муаммога айланади. Унда рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш учун қийинроқ қарорларни қабул қилиш керак бўлади.

“Спартак”да жамланган футболчилар билан Россия чемпионатида ғолиб чиқса бўладими?

– Ўйлашимча, ҳа. Россияда чемпионлик учун курашадиган 4-5 жамоа бор. Биз улар сафига кирамиз. Бизда тўғри руҳий иштиёқ, яхши жисмоний ҳолат, спортча жаҳл бор ва ғалаба қозонишни истаймиз. Такрорлайман, биз ягона эмасмиз. Вазифамиз охиригача курашишдан иборат. Якунда ғолиб чиқа олмасак, бу бизнинг кучсизлигимиз эмас, балки рақибнинг кучлироқ бўлгани эвазига юзага келганини тушунишимиз лозим.

– Собиқ бош мураббий Валерий Карпин “Спартак”да ҳаммаси жуда яхши бўлгани, яъни футболчилар вақтида маош ва мукофот пулларини олиши туфайли иштиёқни йўқотиб қўйиши ҳақида гапирганди. Нега вақтида маош оладиган итальян клублари машғулот ва ўйинда иштиёқни йўқотишмайди. Қандай фарқ бор?

– Бу фақат Россия футболига алоқадор муаммо деб ўйламайман. Италия ва бошқа мамлакатларда ҳам футболчилардаги иштиёқсизлик олдинга интилишига халал берадиган клублар мавжуд. Эҳтимол, анчадан бери соврин ютмагани сабабли “Спартак”да бунга кўпроқ эътибор берилгандир. Италияда ҳам бу учрайди. 5 миллион маош оладиган футболчини олишинг билан у сенга натижа бера олмайди. Бундай ўйинчига ҳам йўл ва иштиёқ топиш лозим.

– Бир неча мавсум аввал Италияда аксарият жамоалар уч ҳимоячи билан ўйнашга ўтишганди. Россияда клублар охирги пайтларда бундан деярли фойдаланишмаяпти. 3-5-2 схемасининг устунлиги ва камчиликлари нимада?

– Бу схема қўл остингизда ўйин қобилияти бўйича бир-бирини тўлдирадиган ҳимоячилар бўлганда тўғри келади. Масалан, икки нафар бирор ўйинчига қарши яхши ҳаракат қиладиган ва охирги ҳимоячи. Менга 3-5-2 схемаси ёқади. У ҳужумда ўйнаш учун жуда қулай. Схема ҳужум пайтида катта имконият беради, агар унга тўғри келадиган футболчиларга эга бўлсангиз. Салбий тарафлардан бири эса бу схемада юқори прессинг қўллаш қийин, шунда 4-4-2га ўтиш керак бўлади.

Нима учун Италияда бу схема жуда машҳур? Кўп клублар бундан фойдаланиб келишади.

– Айтиш қийин. Қайсидир вазиятда бу схема урф бўлди. Таъкидлаганимдек, бунга тўғри келадиган футболчиларнинг таркибда бўлиши жуда муҳим. “Ювентус”ни олинг. Бонуччи-Кьеллини-Барцальи – идеал ҳимоя. Кьеллини бирга-бир курашда ажойиб, Барцальи жисмонан жуда кучли, Бонуччи ўйинни ўқийди. Учликда улар бир-бирини тўлдиради. Бу учликдан иккиси ўйнаган тақдирда уларда муаммолар юзага келарди. Уч ҳимоячи билан ўйнаш ҳимоявий тактика эканини гапиришади. Аслида бундай эмас. Чунки ҳужум пайтида схема дарҳол 3-2-5га ўзгаради ва камида 5 нафар футболчи билан ҳужум қилишга ўтасан.

– Италиялик мураббийларнинг бошқа мамлакатларда муваффақиятга эришиши ва уларга талабнинг кучлилиги сабаби нимада?

– Тактикага жуда кўп эътибор қаратамиз. Кўпчилик учун майда саналган жиҳатларга ҳам диққат қиламиз. Масалан, футболчининг танасини қандай бошқариши, тўп қандай бориши ва шу каби ҳолатларга. Бу эса ўйинни яхшироқ ташкил қилишга ёрдам беради.

– Конте Германия билан ўйиндан кейин итальян футболи катеначчо эмаслигини айтганди.

– Ҳа, итальян футболи катеначчо эмас. Баъзида бу унга ўхшашиб кетиши мумкин. Кучлироқ рақибга қарши ўйнаганда қарши ҳужумлар имконинг эканини тушунасан ва шу тизимда ўйнайсан. Бунда рақибга муаммо яратишга интиласан.

Трапаттони ва Липпидан нималар ўргангансиз?

– Траппаттонидан турли жиҳатларга эътибор қаратишни ўрганганман. Ҳимояда футболчи қандай ҳаракат қилаётгани, тўпни қандай қабул қилаётгани каби. Липпидан ўйинни ташкил қилиш асосларини ўзлаштирганман. Биз 4-3-3 схемасида ўйнаган пайтимиз баъзи жамоалар 11-0, яъни мутлақо ҳимояда ўйнашни бошлашганди. Бундай рақиблар бошини берк кўчага қамаб қўядиган ҳаракат ва комбинацияларни ўрганганмиз.

Конте билан ишлаш сизга нима берди?

– Ундан имкон қадар кўпроқ нарса олишга интилдим. Конте билан 5 йил ишлаганим омадим деб ўйлайман. Бу беш йил бошқа жойда бош мураббий сифатида ишлашим мумкин бўлган беш йилдан фойдалироқ бўлди. Жамоани қандай тайёрлаши, руҳлантиришини ўргандим. Конте тайёрлаган футболчи майдонга тушганда нима қилишни бошлади. “Спартак”да мен айнан шунга эришишни хоҳлайман.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика