Машраб Одилов: “Мақсадимиз – Осиё чемпионати ғолиблигини қўлга киритиш”
23 сен 2022 17:59
Янгиликлар
Машраб Одилов: “Мақсадимиз – Осиё чемпионати ғолиблигини қўлга киритиш”
Унда Ўзбекистон футзал терма жамоаси ҳам иштирок этади. Турнир олдидан терма жамоа футзалчиси Машраб Одилов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Мусобақага олиб борилган тайёргарлик хусусида
- Албатта, биз мусобақага ажойиб тарзда тайёргарлик кўрдик. Яратилган шароитларимиздан келиб чиқиб, кунига икки маҳалдан машғулотлар ўтказдик. Қолаверса, Испаниядан жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис олиб келинди. Бу орқали ҳолатимизни янада ошириб олдик. Умуман олганда, тайёргарлик режа асосида ўтди.
Гуруҳдаги рақиблари борасида
- Биз иштирок этадиган гуруҳда яхши терма жамоаларга қарши ўйнаймиз. Айтайлик, Тожикистон ва Туркманистон билан мусобақадан олдин ўзаро ўртоқлик учрашувларида ўйнадик. Ёмон эмас ва уларга қарши қизиқарли беллашувлар бўлиб ўтади. Баҳрайн эса биз учун нотаниш рақиб сифатида қолмоқда.
Мусобақа ғолиблиги учун даъвогарлар ҳақида
- Осиё чемпионати ғолиблиги учун бир нечта терма жамоалар ўзаро бизга қарши рақобатчилик қилса керак. Менинг назаримда, Эрон, Индонезия ва Япония терма жамоалари ҳамда Таиландни қўшиш мумкин.
Асосий мақсад борасида
- Cўзсиз Қувайтдаги мусобақада ғолибликни қўлга киритиш учун ташриф буюрдик. 2016 йилда ўтказилган мусобақада ғолиб бўлишимиз мумкин эди. Бунга жуда яқин келгандик. Бироқ ўшанда омад биздан юз ўгирганди. Бу гал эса Ўзбекистон халқига қувонч улаш учун Қувайтга келдик ва чемпионликни мақсад қилганмиз.
Жаҳон чемпионатидан кейинги терма жамоа ҳолати хусусида
- Жаҳон чемпионатидан кейин Ўзбекистон футзал терма жамоаси янада кучайди. Бу эса олдимизда турган мусобақада бизга асқотиши мумкин. Биз анча ўсдик ва кучли даражага чиқа олдик деб ўйлайман. Умуман олганда, бежизга бу ерга келмаганимизни исботлаш ниятидамиз.
Фикрлар