UZ

Сўнгги янгиликлар

08:20Олимпия ўйинлари. Чорак финал жуфтликлари билан танишинг  0 07:53Ўртоқлик учрашуви. «Ман Сити» ва «Барселона» жанговар дуранг ўйнашди  1 07:25Бугун Абдумалик Халоков, Давлат Бобонов ва яна бир неча спортчимиз Париж Олимпиадасида иштирок этишади  2 01:49Миср олимпия терма жамоаси сардори БАА клубига ўтди  3 00:44"Рома" "Ювентус" футболчиси билан шартнома имзолади  1 00:16Париж-2024. Франция ва АҚШ чорак финал иштирокчиларига айланди  1 23:55"Пахтакор" ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионини таркибга қўшиб олди  11 23:38ОКМК хорватиялик футболчи билан шартнома имзолади  7 23:28"Андижон"ни Эркинов тарк этди ва унинг ўрнига "Динамо" футболчиси қўшилди  2 23:10Париж-2024. Доминикан Республикаси - Ўзбекистон 1:1, Олимпиадани ғалабасиз якунладик  14 22:59ЦСКА легионер футболчисини Ўзбекистонга юборди  5 22:32Россия кубоги. "Рубин" "Акрон"ни тор-мор этди, Эсанов дебют қилди  2 22:15Париж-2024. Марокаш ва Аргентина плей-офф йўлланмасини қўлга киритди  3 22:02"Андижон" сербиялик футболчи билан шартнома имзолади  7 21:41"Насаф" "Атлетико Мадрид"да ўйнаган сербиялик футболчини таркибга қўшиб олди  9

Лионел Месси: “Ўйиндан олдин қичқирадиган ва шовқин соладиган футболчилардан эмасман” Янгиликлар

Лионел Месси: “Ўйиндан олдин қичқирадиган ва шовқин соладиган футболчилардан эмасман”

“Барселона” етакчиси Лионел Месси жамоаси каби мавсумнинг якунловчи қисми арафасида турибди.
Жаҳонга машҳур интернет сайти ва журналлардан бири ҳисобланган “fourfourtwo.com” билан суҳбатда у кундалик ҳаёти, жамоадаги муносабат, одатлари ва “Реал” билан қарама-қаршилик тўғрисида тўхталиб ўтди.

Тиагонинг дунёга келиши
Тиагонинг дунёга келиши билан ҳаётим кескин ўзгарди. Ҳозир у ҳаётимдаги энг муҳимидир. Бу ҳеч нарсага ўхшамайдиган чақирув деб айтиш мумкин. Ҳамиша хаёлинг ўғлинг билан бўлади. Бу ажойиб тажриба бўлди деб ўйлайман.

Шубҳасиз, у сўраш мумкин бўлган энг яхши совға ҳисобланади. У отаси кимлиги ва унинг нима билан шуғулланишини биладими? Йўқ, албатта. Ҳозирча у ҳеч нарсани билмайди, чунки энди 2 ёшга тўлди.
Охирги ойларда у гапиришни ўрганди, унга нима деяётганимизни тушунади, бу эса фантастика. Лекин менинг нима қилишимга келсак, у буни тушунмайди. Бундай нарсалар тўғрисида у ўйламайди. Антонелланинг айтишича, Тиаго телевизорда кўрганда мени танир экан. Ўйлайманки, бу яхши.



Машғулотга йўл
Машғулотга кетаётганимда доимо хотиржам юришга ҳаракат қиламан. Машинани бошқаришдан роҳатланаман. Машғулотдан аввал ўзингни бўш қўйишга бир оз бўш вақт борлиги яхши, фикрларинг билан ёлғиз қолиш фойдали. Ўйиндан олдин ҳам шундай. Ҳамиша бир хил йўналишда юраман, бу менга диққатни жамлашга ёрдам беради.
Рулда эканимда одамлар мени билишади. Кўпинча улар машинани билишади, лекин бир неча марта улар кўчани кесиб ўтаётиб ёки мен билан қизил чироқда ёнма-ён туриб, мен тарафга боқишган ва ҳайратланиб, “наҳотки, бу сен!” дейишган. Ҳақиқатдан ҳам, бу жуда ажойибдир.

Машғулотлар
Машғулот бошланишига бир соат қолганда етиб борамиз. Биргаликда нонушта қиламиз, кейин эса барча машқлар бошлангунча ўз иши билан машғул бўлади. Кимдир спорт залига боради, бошқалар физиотерапевт бошчилигида шуғулланади, айниқса, кичик жароҳати бор футболчилар. Мен баъзан машғулот майдони атрофида айланишим ёки шунчаки кийиниш хонасида ўтиришим мумкин. Футболчилар машғулот арафасида мате ичишлари мумкин.
Ҳар сафар турлича бўлади, лекин мате ва дўстлар билан мулоқот – ҳар куни қиладиган ишларимдир. Бу биз шунчаки қиладиган нарсалар. Келамиз, мате ичамиз ва суҳбатлашамиз. Бунга бирор сабаб йўқ, доимо шундай қиламиз.



Кийиниш хонаси
Барча ўзига хос услубига эга. Ҳаммамиз турличамиз. Ўйлайманки, услубимда ҳеч қандай ноодатийлик йўқ. Жинси ва футболкада юраман. Ўзаро яхши муносабатдамиз. Дани Алвеш билан ҳамиша яхши муносабатда бўлганман, чунки “Барса”нинг биринчи жамоасига ўтган пайтимда ўнг қанотда бирга ўйнашни бошлаганмиз. Биз майдонда ва ундан ташқарида кўп йилларни бирга ўтказдик. Кундан-кунга муносабатларимиз яхшиланди, бу менга майдонда катта ёрдам берди. Мен бир-биримизни кўнгилдагидек тушунишимизни назарда тутяпман.

Бир жамоа сифатида биргаликда йиғилишга ҳаракат қиламиз. Бироқ ҳамиша турлича бўлади, чунки ҳар биримиз бўш вақтини оиласи билан ўтказишга мўлжаллаган бўлиши мумкин. Ҳаммамизнинг мажбуриятларимиз турлича, кимдадир фарзандлар кўп, бошқаси эса уларни мактабдан олиши керак ёки тезроқ ухлашга чорлаши керак. Фарзандинг билан нима қилсанг ҳам бу вақт талаб этади. Имконимиз бўлганда йиғиламиз, аммо ҳамманинг шахсий ҳаёти бор.

Пике, Иньеста, Фабрегас ва Ла Масия
Ўзинг кўп йиллардан бери яхши билган одамлар билан бир жамоада ўйнаш жуда муҳим деб айта олмайман. Бошқа тарафдан бунда ажойиб лаҳзаларни дўстларинг билан бирга баҳам кўришга имконинг бўлади, бу жуда ажойибдир. Андрес Иньеста, Сеск Фабрегас ёки Херар Пике кабилар билан. Пике одамлар гапирадигандек ҳазилкашми? Бўлиб туради, лекин иш футболга етиб бориши ҳамоноқ у жиддийга айланади. Пике асосий ҳазилкаш эканини барча гапиради, лекин ундай эмас. Футбол вақти келганда 2 сўз мияга келади: жиддийлик ва меҳнат.



Ўйинга руҳий тайёрланиш
Аввалги ўйин тугаши билан жамоадошларим сингари кейинги беллашувга тайёрланишни бошлайман. Нималарни яхши бажарганимиз ва қайси хатоларни тузатиш устида ишлаш зарурлигини гаплашиб оламиз. Қисқа муддатда кўп учрашувлар ўтказамиз ва футболда тўхтаб қолмасдан олдинга қараб интилиш лозим.

Ўйин олдидан тайёрланишим машғулотдан аввалги тайёргарликка ўхшашиб кетади. Бу борада аниқ бир одатларим йўқ. Кўзимга кўринган кийимларни кияман. Ўйиндан олдин кийиниш хонасида қичқирадиган ва шовқин соладиган футболчилардан эмасман. Хотиржам, ўйларим билан ёлғиз қолишни ёқтираман. Баъзида ўтган баҳсда юзага келган ҳолатлар ҳақида ўйлайман.

Ҳимоячиларга қарши ёки ўйинда юз бериши мумкин бўлган вазиятлар тўғрисида ўйлайман. Бунинг ҳаммаси учрашув давомида амалга ошмайди, лекин баъзида булар фойдали ҳам бўлади.

Кўпчилик ўйин услубим туғма экани ҳақида гапиради, бироқ бундай эмаслигига ишонаман. Тўғрисини айтсам, мен сезгимга ишониб ўйнайман. Майдонда ҳамиша яхшироқ ҳаракат ёки ўйиннинг маълум қисмида тўғри қарорни қидираман. Ҳеч қачон рақиб мендан кутгандек ўйнашни хоҳламайман.

Ўйиндан кейин дам олиш
Машғулотдан сўнг одатда уйга кетаман. Оилам, ўғлим ва яқинларим билан вақтимни бирга ўтказиш учун. Мен шундайман. Бошқа спорт турлари билан шуғуланмайман, телевизор орқали уларни томоша қилишни маъқул кўраман.
Баъзида “FIFA”ни “PlayStation”да дўстларимга қарши терма жамоа ёки клуб бўйича ўйнаб тураман. Бу жуда қувноқ ҳолатдир. Бу ўйинда қиролман деб айтолмайман, бир неча футболчилар унда ҳам жуда яхши ўйнашади.

Уйқуга турли вақтда ётаман. Оғир машғулот ва кундан кейин чарчоқни ҳис қилсам, уйқуга вақтлироқ ётаман. Лекин мен, рафиқам ва ўғлим ухлаш учун аниқ бир вақтга эга эмасмиз. Менга телевизор қаршисида ухлаш осонроқ. Унинг шовқини мени тинчлантиради.



“Классико”даги рақобат
“Классико” – бу бошқача ўйин. Унга боғланган барча учун бу ўзгача учрашувдир: мухлислардан тортиб ўйинчиларгача. У жаҳон даражасидаги ҳодиса. Футболчи сифатида унга худди бошқа беллашувлар сингари муносабатда бўлиш лозим деб ўйлайман. Барча дербилар сингари унда ҳам ўзининг шиддати бор. Бундай учрашувда ўйнаш ажойибдир. Унда кўп гол урганман ва менга омад кулиб боққан.

Халқаро майдонда Аргентина-Бразилия учрашувини “Барса” ва “Реал” ўртасидаги тўқнашувга солиштириш мумкин. Ҳар икки қарама-қаршиликда буюк рақобатга эга буюк жамоалар иштирок этади. Асосий фарқ шундаки, “классико” шунчаки икки томоннинг рақобати эмас, “Барса” шунчаки бир шаҳарни ўзида мужассам этмайди, унга жаҳоннинг турли бурчакларида мухлислик қилишади.

Босимни енгиб ўтиш
Футболда босим – қизиқарли мавзу. Мен уни имконим борича енгиб ўтишга уринаман. Ҳамиша хотиржамликни сақлаб, майдонга чиқаётганимда қанча зарур бўлса, шунча тинчланишга ҳаракат қиламан. Оёғим остида майсани ҳис қилсам, ўзимни ишончлироқ сезаман, чунки футбол ўйнашни жуда ёқтираман. Босимни қарғиш ёки яхшилик деб ҳисоблаш мумкинми? Буни билмайман.

Ўзимда уни яхши тарафга фойдаланиш учун интиламан. У менга максимум ўйнашга ёрдам беради. Босимни ҳис қилмайман, аксинча нима қилаётганимдан роҳатланаман, бу эса футбол ўйинидир.

Кундалик ҳаёт

Менга кўп бериладиган саволлардан бири кундалик ҳаётимни одатий юритиш насиб этиши ҳақида бўлади. Бунга ижобий жавоб қайтара оламан. Ўзим хоҳлаган барча нарсани қилишга уринаман ва бунга эриша оламан. Барселонада одамлар жуда меҳрибон. Одамлар суратга тушиш ва дастхат беришни илтимос қилишади, лекин оддий ҳаёт кечираман деб ўйлайман. Агар истасам, кўчада эътиборга тушмасдан сайр қиламан. Сайрга кўп чиқмайман, чунки уйда оилам билан қолишни ёқтираман. Агар буни истасам, уни амалга ошира оламан.

Матбуот шахсий ҳаётимга унчалик аралашмайди. Оилавий ҳаётимга улар аралашишмайди. Бу борада менда ҳеч қандай муаммо йўқ.

Атрофимда одамлар худди майдонда бўлганимдек суратга олишига кўникканман. Бу кундалик ҳаётимнинг одатий қисмига айланган. Атрофингда ишга киришишга тайёр турган одамлар кўплигини кўриш ёқимли. Бу менга ёқадими? Бу ҳаёт. Бошқа йўл йўқ.



Футболдаги энг муҳим лаҳзалар
Совринларни қўлга киритаётган жамоанинг бир бўлагига айланиш фахр туйғусини уйғотади. Совринларга эга чиқиш мени хурсанд қилади, футболда айнан муваффақиятли бўлишни хоҳлайман. Бирор ғалабани алоҳида кўрсата олмайман, улар менга кўп нарсани билдиради. Чемпионлар Лигаси – энг яхши мусобақа, аммо исталган совринни ютиш такрорланмас воқеадир.

Росарио кўчаларида ўйнаб юрган бола бўлганимда, ҳеч қачон ҳозир ўзим турган бундай даражага етишни орзу қилмагандим, Чемпионлар Лигаси ва бошқа турнирларни ютишни ўйламагандим. Испанияда яшаб, “Барселона”дек буюк клубда ўйнаш ҳақида ўйламагандим, бошқа нарса тўғрисида гапирмасам ҳам бўлади.

Оиламиз учун бу етишиб бўлмас нарсадек туюларди, лекин бу амалга ошди. Бу шунчаки ажойиб. Футбол ҳақида ўйлардим, спортни ёқтирардим. Профессионал бўлиш тўғрисида кўп ўйлаганман, аммо “Барса”дек жамоа таркибида ўйнашни хаёлимга келтирмагандим. Матбуот ва жамоадаги дўстларинг томонидан тарихдаги энг яхши деб аталиш қандай бўлади? Аввало, бу катта фахр деганидир. Бу ажойиб ҳиссиёт. Узоқ вақтдан бери билган профессионаллар ва футболчиларнинг шундай нарсани гапиришлари ажойибдир.

Болалик хотиралари
Бу анча аввал бўлганди. Болаликда кўчада футбол ўйнардим ва бу жуда қувноқ воқеа эди. Сўнг туман жамоаси учун ўйнашни бошлаганман, ўшанда 5 ёки 6 ёшда эдим.
Албатта, “Барселона” таркибида илк ўйинимни “Порту”га қарши ўртоқлик учрашувида ўтказганимни ёки расмий дебютни “Эспаньол”га қарши Декунинг ўрнига майдонга тушиб, ўйнаганимни унутмайман. Бу лаҳзалар миямда ёрқин бўлиб қолади, улар ҳаётим ва фаолиятимдаги муҳим лаҳзалардир.

Жуда ёшлигимдан шундай буюк футболчилар билан бирга тўп тепганимдан бахтиёрман. Айниқса, ўйинлар “Ноу Камп”да ўтган чоғда. Тўғрисини айтсам, имкони борича хотиржам қолишни истайман.



“Барселона”да кўрикдан ўтиш
Ҳамон “Барселона”даги кўрикдан ўтганимни эслайман. 13 ёшда эдим ва бу ерда 15 кунни ўтказганман. Испания майдонидан узоқ бўлмаган меҳмонхонада истиқомат қилгандик, ҳаммаси яхши кечганди. Жамоадош дўстларим меҳмондўст эдилар ва уларни дўстим деб аташим учун икки кун керак бўлганди холос. Бу ўзгача тажриба бўлганди.
Фаолиятимдаги барча воқеалар қадрли, қийин вазиятлар ҳам ҳаётингни ташкил этадиган излар қолдиради. “Барселона”даги ўша лаҳза ўзгача бўлганди. Бу шунчаки фантастика эди. Скаутлардан бири Карлес Решак қоғоз сочиққа “Барса” мен билан шартнома имзолаши ҳақида ёзгани тўғрисида гап юради. Буни кўп марта эшитганман, бироқ ўша қоғоз сочиқни кўрмаганман. Шу сабабли унинг тўғри ёки нотўғри экани ҳақида айта олмайман!

Кундалик иштиёқ
Кундалик иштиёқ мен учун муаммо эмас. Тарихга қайтмайман ва нималарга ўрганганимни қайтармайман. Мен фақат шахсий савия, совринларни қўлга киритишни эмас, балки жамоадаги муҳитни ҳам назарда тутяпман. Жамоадаги дўстларим билан шуғулланаман ва ҳар куни ўсиб бораман.
Голлар уриш ёки рекордлар ўрнатиш ҳақида қайғурмайман, лекин улар ҳам эришиш учун муносиб нарсалардир. Мақсадим – ушбу жамоа билан эга чиқиш мумкин бўлган барча совринларни қўлга киритиш. Бу биз ўйлаётган нарсалардир.

Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика