Контенинг тақдири Моуриньюга боғлиқми?!
03 июн 2019 10:50
Янгиликлар
Контенинг тақдири Моуриньюга боғлиқми?!
Шошилманг, бу Икарди/Перишичнинг сотилиши ёки Лукаку/Сапатанинг харид қилиниши эмас. Бу умуман "Интер" иштирок этадиган трансфер ҳам эмас. Конте ва "Интер" учун ҳозир энг муҳими "Ювентус" Моуриньюни олиб келмаслиги! Сабаби, футболни асосий қисми майдонда ўйналади, лекин баъзан... Майдон ташқарисидаги курашда Антонио ҳамкасби Жозега муносиб қаршилик кўрсата олмайди. Майдондан ташқаридаги кураш, айниқса рақиблар Конте ва Моуринью бўлса қанчалик муҳим аҳамият касб этишини 2018 йил аввалида АПЛда кўриб, гувоҳи бўлган эдик.
"Сити" титул томон "учиб" кетаётган вақт, Конте "Челси"да деярли ҳамма билан урушиб улгурганди, лекин жамоа ўйинига бу таъсир қилмади. Янги йил куни - 31 декабрь санасида "Челси" МЮни ортда қолдириб иккинчи поғонани банд этиб турган, қолганлар ундан ҳам кўпроқ фарқ билан қолиб кетишганди. Эътибор беринг, шу вазиятда Жозе "майдон четидаги масхарабоз" ҳақидаги интервьюсида гапириб ўтади. Конте жахл устида ақлини буткул йўқотди дейиш камлик қилади. У ва Жозе кейинги уч ой (!) бир-бирларини кунда-кун ора эслаб, пресс-конференцияларда "ширин" сўзлар билан тилга олишди. Жозе ҳамкасбининг жиғига тегар, уни масхара қиларди. Антонионинг эса бундан хуноби чиқар эди. Охири иш шунга етиб бордики, Конте Моурга "алоҳида хонада бирга-бир гаплашиб олишни таклиф қилди". Қачондир топ мураббийлардан бири иккинчисига очиқчасига урушишни таклиф қилганини эслай оласизми? Конте ҳиссиётлари билан оввора бўлиб қолган, "Челси" эса мусобақа жадвали "зиналаридан" паслаб бораверарди. Уч ойда жамоа ЕЧЛ зонасидан шунчалик узоқлашиб кетдики, уёғига Топ-4ни қувиб етолмади. "МЮ" мавсумни иккинчи ўринда якунлади. Кучли рақибни майдонга чиқмай туриб енгишнинг ёрқин мисоли.
Икки ойлар олдин Моуринью собиқ шогирдларидан бири уни ўз жамоасига чақираётгани ҳақида хабар берган эдик. Гап Криштиану ҳақида кетаётганини ҳамма тушунди – у бўлмаса бошқа ким? Поль Погба эмас-ку... Италия ОАВда яқинда Моуринью "Ювентус" билан алоқага чиққани, лекин собиқ жамоаси "Интер" ҳурмати рад жавобини бергани айтиб ўтилди. Лекин Контенинг Милан клубига келиши вазиятни бироз ўзгартиради.
Биринчидан, "Ювентус" учун. Маротта, энди эса мураббий Конте азалий рақиб сафига келиб қўшилди ва қарши кучларини бошқармоқда. Иккинчидан, Моуринью учун. Буёғи нафақат профессионал беллашув, балки шахсий масалага айланиб кетиши ҳеч гап эмас. "Интер"нинг яқин ўтмишдаги энг ёрқин ғалабалари сабабчисининг ўрнига жамоага собиқ "ювентусчи"ни олиб келишди. Ваҳоланки, Жозе Контени Англияда ҳам ортда қолдирганди. Энг камида "Ювентус"нинг таклифини ўйлаб кўриш учун сабаблар етарли. Агар мабодо Жозе Турин клубини қўлга олса, уёғига ОАВ орқали "жанжални" кўраверамиз. А Серияни кузатиш учун сабаблар ортмоқда.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар