"Клубларни хусусийлаштириш қачон бошланади?" Равшан Эрматов мухлислар саволларига жавоб берди
21 апр 2020 21:54
Янгиликлар
"Клубларни хусусийлаштириш қачон бошланади?" Равшан Эрматов мухлислар саволларига жавоб берди
ЎФA Медиа бўлими эса бу орада сиз учун қизиқарли лойиҳаларни тақдим этишда давом этади.
Эндиликда “Савол йўлланг!” лойиҳаси доирасида ўзбек футболи жамоатчилиги вакилларига ўзингизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиш имконига эга бўласиз.
Лойиҳанинг илк сонида ЎФA Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов сиз йўллаган саволларнинг энг сараларига жавоб берди.
Қуйида ЎФAнинг расмий Instagram саҳифасига мухлислардан келиб тушган саволларга берилган жавоблар билан танишишингиз мумкин:
– Aссалому алайкум, миллий терма жамоамиз либосини ўзгартиришнинг иложиси борми? Масалан, Puma, Adidas, Nike компаниялари билан шартнома тузилишини истардик… (ssuxrob3753)
– Биз айни вақтда Германиянинг Jako компанияси билан 2018 – 2021 йилларга тузилган амалдаги шартнома асосида ҳамкорлик қиляпмиз. Шу билан бирга дунёнинг етакчи спорт кийимлари ишлаб чиқарувчи компанияларнинг фаолиятини ҳам кузатиб бормоқдамиз. Jako билан шартномамиз якунига етгач, кейинги босқич ҳақида ўйлаймиз. Агар ушбу компания бизнинг терма жамоаларимизга хос, янгиланган, сифатли ҳамда чиройли формаларни таклиф эта олса, биз ҳамкорликни давом эттирамиз. Акс ҳолда, албатта бошқа таклифларни ҳам ўрганиб чиқишга тайёрмиз. Бу ҳам бир рақобат.
– Aссалому алайкум, Равшан ака. Мен Нукусдан Aйбекман, саволим қуйидагича: Қорақалпоғистонда футбол мухлислари Водийдагидан кам эмас. Охирги марта Олий лига ҳавосидан 2001-2002 мавсумда нафас олганмиз. Қачон Қорақалпоғистонга катта футбол қайтади? (6365.bek)
– Қорақалпоғистонда футбол анъаналари узоқ йилларга бориб тақалади. Ушбу ўлкадан терма жаомамиз учун бир қанча истеъдодлар етишиб чиққан, қолаверса бугунги кунда ҳам қорақалпоғистонлик кўплаб мутахассислар футболимиздаги фаолиятини муваффаққиятли давом эттирмоқдалар. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ОФК билан ҳамкорликда Қорақалпоғистонда ФИФА стандартларига мос замонавий футбол майдонини қуриб битказди. Ўйлайманки, юқори сифатли майдон маҳаллий футболчилар учун қулайлик яратишга хизмат қилади. Шу билан бирга тан олиш керак, юқори лигаларимизда Қорақалпоғистон клублари сони кўп эмас. Биз муаммони атрофлича ўрганиб чиқиш мақсадида жойларга бориб футбол билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдик. Қорақалпоғистонга ЎФАнинг мутахассислари гуруҳини юбориб, болалар футболидан тортиб, профессионал футбол объектлари фаолиятини синчиковлик билан ўргандик. Камчиликлар бор. Лекин, босқичма-боқич уларни бартараф этиш ва қорақалпоқ футболини мавқеини тиклаш бўйича режа тузиб чиқилди. Ғалабалар ҳали олдинда.
– Нега охирги йилларда ампутантларга эътибор паст? Жаҳоннинг энг кучли терма жамоаси охирги йилларда ўз ўрнини бериб қўйди. (shukhrat.8353)
– ЎФАда фаолиятимни бошлаганимдан сўнг биринчилардан бўлиб мана шу терма жамоамиз ҳақида қизиқдим. Чунки, ампутантлар терма жамоаси тарихий натижалар қайд этишган. Уларни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Айни вақтда терма жамоалар бўлими ушбу жамоамиз фаолиятини мувофиқлаштириб турибди. Биз йил лауреатларини тақдирлаш маросимида ҳам айнан мана шу терма жамоамизга аталган махсус номинация жорий этдик. Чунки, футболчилар доимий эътиборда ва эътирофда эканликларини ҳис этишларини хоҳлаймиз. Шунда ғалабаларга бўлган интилиш кучаяди. Афсуски, ўтган йили ампутантлар терма жамоаси ғалабаларига пойдевор қўйган инсон, бош мураббий Рустам Кариев оламдан ўтдилар. Бу футболимиз учун катта йўқотиш бўлди. Умид қиламанки, уларнинг шогирдлари орасида ғалабали анъаналарни давом эттирадиган мутахассислар етишиб чиқади.
– Терма жамоамиз қачон кучлироқ рақиблар билан Тошкентда ўйнайди? (boburbekmuxiddinov)
– Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳозирда Жаҳон чемпионати саралаш турнирида қатнашмоқда. Тайёргарлик эса бош мураббийнинг режасидан келиб чиқиб олиб борилади. Терма жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамов расмий ўйиндаги бўлажак рақибдан келиб чиқиб, биз учун фойдали бўлиши кутилаётган рақибни танлайди ва бизга мурожаат қилади. Ўз навбатида ЎФА раҳбарияти ва халқаро алоқалар бўлими унинг танлаган жамоаси билан музокалар ўтказамиз.
– Нега миллий терма жамоа бош мураббийи бир вақтнинг ўзида иккита жамоада ишлайди? (manunited_1)
– “Бунёдкор” клуби ўзбек футболида бугунги кунда жуда катта ўрин тутади. Биласиз, турли ёшдаги терма жамоаларимизга “Бунёдкор” академияси кўплаб истеъдодли футболчиларни тарбиялаб берди. Вадим Абрамов ассоциация билан шартнома тузаётган пайтда бу масалани кўтаргандик. Мураббий қийин вазиятда клубни ташлаб кетмаслиги, терма жамоадаги ишини приоритет масала деб билишини маълум қилди.
– Равшан Эрматов рефериликка қайтадими? (akhmedov_17)
– Биласиз, давлатимиз раҳбари томонидан футболга, умуман спортга қўйилаётган талаблар жуда юқори. Айни вақтда бизга топширилган масъулиятли вазифаларга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этяпмиз. Шу сабабли, рефериликка қайтиш ҳақида ҳозир ўйламаяпман.
– Яқин орада юртимизда ўтказиладиган йирик футбол турнирлари ҳақида маълумот бера оласизми? (elbek7187)
– Ўзбек футболи тарихида биринчи бор U-19 Осиё чемпионати бизнинг юртимизга ишониб топширилди. ОФК режаси бўйича турнир октябрь ойида бошланиши керак. Бироқ, бутун дунё пандемия ҳолатига дуч келгани сабабли кўплаб йирик турнирларнинг саналари ўзгариб кетмоқда. Шу сабабли ҳам қитъа чемпионати борасида ОФК томонидан чиқариладиган қарорни кутиб қоламиз. Умид қиламизки, тез фурсатда инсоният бу балони енгиб ўтади ва Ўзбекистондаги Осиё чемпионати белгиланган муддатда бошланади.
– Фаолиятингиз давомида бошқарган энг қийин ва эсда қоларли ўйин қайси? (elbek7187)
– Савол учун раҳмат. Ҳакамлик фаолиятим давомида энг қийин учрашувлар бу 2010 йилги Жаҳон чемпионати ярим финали Голландия – Уругвай ва 2018 йилги мундиалдаги Хорватия – Аргентина учрашувлари. Агар энг эсда қолган ўйинни эсласам, бу албатта Жаҳон чемпионати-2010 очилиш учрашуви, Жанубий Африка Республикаси ва Мексика терма жамоалари ўртасидаги баҳс.
– Миллий терма жамоамизга Европадан кучли мутахассис олиб келиш масаласига фикрингиз қандай? (khaydarov.ozodbek)
– Европалик мураббий масаласида айни вақтда гапириш ноўрин. Чунки терма жамоамизда мураббий бор. Агар умумий бу мавзудаги фикримни айтсам, мураббийнинг қаердан эканлиги муҳим эмас. Балки, асосийси терма жамоанинг ўйин услубига қанчалик мослигини ўрганиш керак. Мураббийнинг ишга ёндошуви ва олдига қўядиган мақсадлари аҳамиятлироқ.
– Клубларни хусусийлаштириш қачон бошланади? (tolipov183)
– Жуда ўринли савол. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. 2030 йилга қадар клубларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича вазифа белгилаб берилган. Бу борада режали равишда иш бошлаб юборилган.
– Футболда иқтидори бўлиб, ёши эса 20дан ўтган бўлса, уларни кўрикдан ўтказиш мумкинми, улар футболда фаолият олиб бора оладими? (ahmadjonovazamatjon)
– Агар 20 ёшгача профессионал тарзда футбол ўйнамаган бўлса ва шу ёшда энди бошламоқчи бўлса, у ҳолда бу албатта кеч. Чунки, 20 ёшга келиб футболчилар клубларда асосий таркибда, терма жамоаларда эса халқаро турнирларда қатнашаётган бўлишади. Бунинг устига юқори техника ва истеъдоддан ташқари футболда жисмоний куч ҳамда тайёргарлик катта роль ўйнайди. Етарли тайёргарликсиз футбол ўйнаш оғир жароҳатларни келтириб чиқариши мумкин. Агар умумий футбол тизимидаги фаолият назарда тутилаётган бўлса, унда албатта бошқа йўналишларда ўзини синаб кўрса бўлади. Мураббийликка ўқиш мумкин. Ҳакамликда ўз имкониятларини синаб кўрса ҳам бўлади.
– VAR тизими Ўзбекистонда қачондан ишлайди? (abdulaziz_3110)
– VAR тизимини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича дастлабки қадамлар ҳозирнинг ўзида ташланган. Биз ўзбекистонлик мутахассиларга тизимни ўқитиш бўйича ФИФА мутахассисларини таклиф этдик. Шундан сўнг тизимнинг техник жихозлаш ишларини бошладик. Хатто тест режимида ишлатиб ҳам кўрдик. Албатта расман ишга тушириш учун бизнинг мутахассислар бу йўналишни тўлиқ ўзлаштириши, стадионлар махсус жихозланиши, ва энг муҳими VAR ишлатиш учун лицензияга эга бўлишимиз керак. Ўйлайманки бу ишларни кейинги мавсум бошига қадар якунига етказамиз ва тизимни ишга туширамиз.
Фикрлар