Ислом Исмоилов футболга кириб келиши, мураббийликдаги мақсадлари, Бабаян ва Диёр Имомхўжаев ҳақида
10 июн 2020 16:42
Янгиликлар
Ислом Исмоилов футболга кириб келиши, мураббийликдаги мақсадлари, Бабаян ва Диёр Имомхўжаев ҳақида
Мазкур қарор ўзини оқлаган холда "Турон" В ПРО-Лига Шарқ минтақасида чемпионликка эришди ҳамда А ПРО-Лигага ўтиш баҳсида ғолибликни қўлга киритди.
Хўш, ёш мураббий Ислом Исмоилов мураббийлик фаолиятига қадар қандай йўлларни босиб ўтган? Унинг келажакдаги мақсадлари қандай? Ўзбек футболига қайси янги услубларни олиб кирмоқчи? Биз шу каби саволлар асосида ёш мураббий Ислом Исмоилов билан интервью ташкил этдик.
- Исломбек, айни дамда жамоангиз билан мавсумга қизғин тайёргарлик олиб бораётган бўлсангизда, вақт ажратиб таклифимизни қабул қилганлигингиз учун раҳмат. Айтингчи, ПРО-Лига янги мавсумига тайёргарлик қандай кечмоқда?
- Хабарингиз бор, ПРО-Лига янги мавсумига 2019-йил декабрь ойиданоқ тайёргарликни бошлаганмиз. Хусусан ўтган давр мобайнида бир қатор ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этдик. Шунингдек, тайёргарлик доирасида "Фарғона вилояти ҳокими кубоги" мусобақасида иштирок этиб, финалгача бордик. Кейинчалик коронавирус пандемияси туфайли юртимизда барча спорт мусобақалари, хусусан футбол ўйинлари ҳам тўхтатилди. Бу албатта тайёргарлик жараёнига таъсир кўрсатмасдан қолмайди, ўйлаган режаларимиз амалга ошмай қолди. Эндиликда жамоамиз футболчиларнинг жисмоний холатини қайтадан тиклашга тўғри келмоқда. Ҳозирги кунда машғулотларга рухсат берилди. Мавжуд имкониятдан фойдаланиб жамоамизни ПРО-Лига янги мавсумига муносиб тайёрлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Ҳозирда таркибимизга янги футболчилар келиб қўшилгани йўқ, трансфер ойнаси очилиши билан режамиздаги футболчиларни жамоамизга таклиф этамиз. Шу ойнинг 23-санасидан Ўзбекистон кубоги баҳсларида майдонга тушамиз, кейин эса бизни олдинда ПРО-Лига янги мавсуми кутиб турибди. Тайёргарлик учун "Турон" футбол клуби раҳбарияти ва хомийлари бизни барча шароитлар таъминлаб келмоқдалар.
- Жорий мавсумда "Турон" жамоаси олдига қандай вазифалар қўйилган?
- "Турон" жамоаси ҳар доим ўз олдига юқори мақсадларни қўйиб келган. Биз айни дамда ривожланиш босқичидамиз. Жамоа ҳар бир жараённи босқичма-босқич босиб ўтмоқда. Клуб раҳбарияти томонидан жамоа олдига ушбу мавсум якунида Суперлига йўлланмасини қўлга киритишни устувор вазифа сифатида қўйган. Бунинг учун клубимизда барча имконият ва шароитлар етарли. Айни дамда бизни ҳам, жамоамиз футболчиларининг мақсадлари ҳам мавсум якунида Суперлига йўлланмасига эга чиқиш ҳисобланади. Клубнинг келажакдаги мақсадлари эса Суперлигада рақобатбардош жамоани шакллантириш, келгусида ўз академиясидан етишиб чиққан футболчилар билан таркибни бойитиш, ёш маҳаллий футболчиларни спортга жалб этиш каби вазифалардан иборат.
- Билишимизча, сиз таниқли мураббий Мурод Исмоиловни фарзандисиз. Футболга кириб келишингиз қандай бўлган? Бу соҳага сизни дадангиз жалб этганми?
- Кўпчилик қатори ёшлигимда футболга қизиққанман, яхши кўрганман, тўгаракларга қатнашганман. Ўзим спортчилар оиласида туғилганим боис, менда футболга бўлган меҳр ва иштиёқ юқори бўлган. Айрим сабабларга кўра, футболчилик фаолиятимни давом эттира олмадим. Лекин, футболдан йироқ бўлмагани холда ўз устимда ишлаб, ўрганиб эндиликда мураббийлик соҳасида ишлаб келмоқдаман.
Мураббийлик соҳасида эришган ютуқларимда дадамнинг ўрни беқиёс деб ўйлайман. Сабаби ҳар доим дадамдан маслаҳат олиб келганман. Очиғини айтганда у киши мураббийлик фаолиятимда ҳам ота, ҳам устоз бўлиб хизмат қилмоқдалар. Юзага келган муаммо ёки бирон бир вазиятнинг ечими борасида ҳар доим дадам тўғри йўл кўрсатиб келганлар.
- Сизни Тошкентнинг "Пахтакор" клубида фаолият олиб борганлигингиз ҳақида эшитгандик...
- Албатта, илк мураббийлик фаолиятимни "Пахтакор" футбол академияда бошлаганман. У ерда Станислав Кудряшовга 2001-йилда туғилган болаларни тайёрлашда яқиндан ёрдам берганман. "Пахтакор" футбол академиясидаги 2-3 йиллик фаолиятим давомида кўп нарсаларни ўргандим, ўз кўникма ва малакаларимни оширдим. Сабаби, барчамизга маълум ушбу академияда ўзбек футболидаги энг номдор масканлардан ҳисобланади.
У ерда фаолият олиб борадиган мутахассислар ўз ишига профессионал тарзда ёндашадилар. Станислав Кудряшов билан биргаликдаги фаолиятим давомида у кишидан жуда кўп нарсаларни ўргандим, тажриба тўпладим. Мураббийликдаги илк фаолиятимни айнан у кишини ёнида бошлаганлигим доимо ёдимда қолади. "Пахтакор" футбол академиясида тўплаган тажрибаларим бугунги кунда эришаётган ютуқларимнинг тамал тоши сифатида хизмат қилади деб айтсам муболаға бўлмаса керак. Бу академияда иш жараёни жуда қизғин кечади, кун давомида ҳамма футбол ҳақида ўйлайди, вазиятлар таҳлил қилинади, мутахассислар ўртасида баҳс-мунозаралар бўлади. Умуман олиб айтганда бу масканда ҳамма футбол билан яшайди. Шунга яраша натижалари ҳам бор, мана кўриб турганингиздек, "Пахтакор" футбол академиясидан қанчадан-қанча иқтидорли футболчилар етишиб чиқмоқда. Бу албатта ўзбек футболининг янада ривожланишига хизмат қилади.
- "Пахтакор"даги фаолиятингизда Самвел Бабаян билан яқиндан мулоқотда бўлгансиз, унинг фаолияти ҳақида қандай фикрдасиз?
- Самвел Бабаянни яқиндан билган инсон сифатида шуни айтишим мумкинки, у жуда тиришқоқ инсон. Ушбу мутахассисни футболга меҳрини берган ва ўз устида тинимсиз ишлайдиган инсон сифатида биламан.
Тўғри, Бабаян миллий терма жамоамизни ЖЧга олиб чиқа олмади. Шахсий фикримча, бунга бир озгина омад етишмаганлиги тўсқинлик қилди.
Биласизми, мураббийнинг фаолияти фақат битта жараён билан боғланмайди. Масалан тарихда мураббийлар қайсидир жамоада муваффақиятга эриша олмаган бўлса, бошқа жамоа билан ўз ғояларини тўлақонли амалга ошириб, натижага эришганлик холатлари кўп кузатилган. Энг асосийси ўша мураббийларда ғоя бўлган. Бунақа вазиятлар футболда учраб туради. Мураббийнинг услуби жамоага қай даражада тўғри келиши ҳам футболдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Мана масалан Самвел Бабаяннинг "Пахтакор"даги фаолияти самарали чиққан, ушбу клубнинг эришган ютуқларида унинг ҳам қайсидир ҳиссаси бор албатта. Сабаби у нафақат асосий жамоа билан, балки ўринбосарлар, клуб академияси билан ҳам самарали фаолият олиб борган. Самвел Бабаян ўз ишининг устаси бўлган ҳақиқий менежер ҳисобланади. Эндиликда у мана хориж клубида фаолият олиб бормоқда. Хитойликлар ҳам ахмоқ эмасдир, ишонмайдиган инсонини жамоасига таклиф этмас? Ҳозирги кунда дунёнинг энг кучли мураббийлари Хитойга бориб ишлашга тайёр турганда, нега улар айнан Самвел Бабаянни танлашди? Албатта, улар бу мураббийнинг иш услубини бир неча йиллар давомида кузатишган ва уларда етарлича хулосалар бўлган. Лозим топишганки, жамоасига таклиф этишган. Хато ҳаммада ҳам бўлади, Бабаянда ҳам хато бўлмаган деб айта олмайман. Ҳамманинг ҳам қарашлари бир хил бўлмайди. Масалан менга Роналдунинг ўйинлари маъқул келса, сизга Месси ёқиши мумкин. Шундан келиб чиққан холда хулоса қилиш мумкинки, ҳамма инсонларнинг ҳам қарашлари бир хил бўлмайди. Тўғри, Бабаяннинг миллий терма жамоамиздаги фаолияти кўп танқидга олинди. Энг кўп эътироз "Пахтакор"дан терма жамоага бошқалардан кўра кўпроқ футболчи жалб этилганлиги хусусида бўлди. Тарихга назар ташласангиз, бошқа мураббийларда ҳам ўз жамоасидан кўпроқ футболчиларни жалб этганлигини кўрасиз. Бунинг сабаби мураббий ўша футболчиларнинг имкониятларини бошқалардан кўра яхшироқ билади, яқинроқдан танийди. Ўйинларга бориб бошқа футболчиларни кузатиши мумкиндир, лекин ўзи фаолият олиб бораётган жамоа футболчилари каби яқиндан билиши жуда қийин.
Ўйлайманки, Самвел Бабаян Хитойдаги фаолиятида муваффақиятларга эришади, унга бу борада омад тилайман.
- Ислом Исмоилов бугунга қадар яна қайси жамоаларда фаолият олиб борган?
Бугунга қадар юқорида айтганимдек дастлаб "Пахтакор" футбол академиясида фаолият олиб борганман. Кейинроқ менга Марғилоннинг "Атласчи" жамоасидан таклиф тушган, лекин молиявий сабаблар туфайли жамоа ўша пайтдаги Биринчи лига мусобақаларида иштирок эта олмаган. Шундан сўнг Ёзёвон туманининг "Ёзёвон-Лочинлари" жамоасида икки йил давомида фаолият бордим. Бу жамоадаги фаолиятимни профессионал футболдаги илк мураббийлик ишим сифатида ёдимда қолган. "Ёзёвон-Лочинлари"да ҳам кўплаб тажриба тўпладим, жамоа билан бир қатор натижаларга эришганмиз. Кейинчалик "Истиқлол" жамоасида ҳам қисқа муддат ишладим. Ундан кейин Марғилон шаҳрида ҳамкасбларим билан "Фаровон" футбол академиясини ташкил этдик. Ҳозирги кунда бу академиядан жуда кўплаб иқтидорли футболчилар етишиб чиқаётганлигидан барчанинг хабари бор албатта.
- Бугунга қадар сизда хориж клубларида малака ошириш имконияти бўлганми?
- Ҳозирга қадар хориж клубларида малака оширганим йўқ. Лекин юртимизда хорижий мутахассислар иштирокида ташкил этиладиган семинарларда мунтазам қатнашиб келаман. Келажакда ниятларим бор, хориж тажрибасини ўрганиб, миллий менталитетимизга мослаган холда ўзбек футболига янгича услубларни олиб киришни мақсад қилганман.
- Ўтган йили "Турон" жамоасини В ПРО-Лигада мавсумнинг ярмида қабул қилиб олдингиз. Якунда шогирдларингиз Шарқ минтақасида чемпионликка эришди. Бу жараён қандай кечди?
-"Турон" жамоасини ўтган мавсумда қабул қилиб олган бўлсам, дастлаб бир қатор қийинчиликларга дуч келдик. Айтиб ўтганимдек, клубда молиявий жиҳатдан муаммолар йўқ. Бизда юзага келган қийинчилик жамоанинг ўйинини шакллантириш, ўйин услубини танлаш каби холатларда юзага келди. Қисқа фурсат ичида натижа кўрсатиш учун катта меҳнат ва ирода талаб этилади. Янги шаклланаётган клубга нисбатан футболчиларда дастлаб ишонч бўлмайди, шу холат туфайли ҳам бошида маҳоратли ижрочиларни жамоага жалб этиш борасида қийналдик. Лекин эндиликда жамоамиз кўпчиликнинг назарига тушди,айни дамга келиб таркибимизда ҳам бир қатор иқтидорли футболчилар жам бўлган.
Ушбу мавсумда ўтган йилги таркибимизнинг 50-60 фоизи сақлаб қолинди. Жамоамизнинг эришган ютуқларида клубимизда фаолият олиб бораётган барча инсонларнинг ўрни бор. Футбол бу фақатгина жамоанинг майдондаги машғулотига боғлиқ эмас, унинг атрофида жуда кўп омиллар ётади, жуда кўп инсонларнинг меҳнати эвазига шаклланади. Қачонки, клубнинг қоровулидан тортиб раҳбаригача бир ёқадан бош чиқарса, биргаликда сидқидилдан меҳнат қилса, ана ўшанда натижа бўлади. Шу ўринда клубимизнинг барча аъзоларига миннатдорчилик билдириб ўтаман. Биз бир оила сифатида шаклланиб келмоқдамиз.
-Ислом Исмоилов ўзбек футболига қандай янгича ёндашув ва услубларни олиб кирмоқчи?
- Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби ва танлаган йўли бўлади. Шунга мос равишда менинг ҳам ўз услубим бор. Ҳозирги кунда биз жамоанинг битта, аниқ якдил ўйин услубини шакллантириш борасида иш олиб бормоқдамиз. Масалан "Барселона" ёки "Реал Мадрид"га турли футболчилар келиб кетиши мумкин, лекин уларнинг ўйин услуби ўзгаришсиз қолаверади. Биз ҳам айни шу масалада бош қотираяпмиз. "Турон" жамоасининг аниқ ўйин услубига эга бўлсак, келгусида таркибга жалб этиладиган футболчилар ҳам шу услубга мос равишда танланади.
Ўзбек футболида кўплаб кучли мутахассислар фаолият олиб боришмоқда. Эришилаётган ютуқлар ҳам футболимизнинг ривожланиб бораётганлигидан далолат беради. Инсон қилган ишни яна бир инсон уддалай олади, фақат бунинг учун озгина қунт, ирода ва меҳнат талаб этилади.
Мана ҳозирги кунда жамоамиз машғулотларига, ўйин услубига Европа клубларидан андозалаларни олиб киришга ҳаракат қилмоқдамиз. Клубимиз раҳбарлари бизни барча зарурий анжомлар билан таъминлаб келишмоқда, шароитлар яратиб беришмоқда. Биласизми, клубимиз раҳбарларининг футболга қизиқишлари жуда юқори. Ҳар бир машғулотларимизда уларнинг биргаликда иштирок этишлари бизга, жамоамизга қўшимча иштиёқ беради деб ўйлайман.
- Жорий мавсумдан "Қўқон-1912" жамоси сафига қўшилган Музаффар Музаффаров сизнинг укангиз ҳисобланади. Музаффарнинг футболчилик фаолияти ҳақида нималарни айта оласиз?
-Ўйлайманки, укам Музаффарнинг фаолияти ёмон кечмаяпти. Аслида ўзим билганимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, унинг бундан ҳам кўпроғига имконияти етарди. Аслида ҳозир ҳам юқори даражада футбол ўйнамоқда, агар ўз устида ишлашни тўхтатмаса, янада юқорироқ натижаларни қайд этиши мумкин. Ҳозирги вақтда унга жароҳатлар бир оз панд бермоқда, ўйлайманки ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Жорий мавсумдан "Қўқон-1912" жамоаси сафига қўшилди, насиб бўлса бу жамоа сафида юқори натижаларни қайд эта олади.
- Футбол мураббийи сифатида ўз олдингизга келажакда қандай мақсадларни қўйгансиз?
Мураббийда ҳар доим юқори мақсад бўлиши керак, эришган натижа билан тўхтаб қолиш керак эмас. Ҳозирги кунда астойдил меҳнат қилиб "Турон" жамоасини Суперлигага олиб чиқиш энг устувор мақсадларимдан бири бўлиб турибди.
Келажакдаги энг олий мақсадим Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқариш, шунингдек терма жамоамиз билан мундиалда иштирок этиш ҳисобланади. Албатта бунга эришиш осон бўлмайди, бу борада улкан тажриба ва меҳнат зарур. Қачондир менга турли ёшдаги терма жамоаларимизда мураббий сифатида фаолият олиб бориш имконияти тақдим этилса, тўғрисини айтганда текинга ҳам ишлашга рози бўлардим. Ўзбек футболи ривожи ҳар қанча меҳнат қилишга тайёрман.
- Хориж тажрибасидан келиб чиқиб айтингчи, ўзбек футболига нима етишмайди? Умуман нега ўз тарихимизда бирон марта ҳам ЖЧга чиқа олмаганмиз?
- Бизни футболга кўп нарса етишмайди. Аввало футболда тизим етишмайди. Қуйидан бошлаб эътиборни шакллантириш керак. Пойдеворни мустаҳкам қилиш керак, болалар футболини ривожлантириш керак. Сўнги йилларда мазкур масалада бир қатор ижобий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу қувонарли албатта. Бундан ташқари футбол клублари инфраструктурасига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайман.
Айтайлик, жаҳон чемпионатига чиқдик ҳам дейлик? У ердаги рақобатга қай даражада туриб бера оламиз? Мақсад шундай қўйилиши керакки, биз мундиалда ҳам кўзга кўринарли даражада натижа қайд эта олишга, Ватанимиз байроғини янада юксакларга кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак.
Бу борада бутун ўзбек футболидаги клублар бирдек ҳаракат қилиши керак. Германия, Франция каби давлатларда футбол тизими, механизми аниқ ишламоқда. Шундан келиб чиқиб уларда натижа ҳам бўлади. Ҳалол футбол ўйнасак, сидқидилдан меҳнат қилсак, ўйлайманки бизнинг футбол ҳам шу давлатларники каби янада ривожланади.
- Диёр Имомхўжаевнинг ЎзПФЛ раҳбари лавозимига тайинланишига муносабатингиз...
- Шахсий фикримча, Диёр Имомхўжаев бу лавозимга лойиқ. Шу кунга қадар эътибор қаратган бўлсангиз, ПФЛ фаолиятига оид сўнги сўзни доим у айтар эди. Йиллар давомида тажриба тўплаб борди, қайсидир маънода ўз-ўзини тайёрлади. Ёш, изланувчан шахс, бугунги кун футболи ҳам Имомхўжаев каби ўз устида тинимсиз ишлайдиган мутахассисни талаб этмоқда. Айни дамда Имомхўжаев бу борада энг идеал вариант, унинг келгусидаги фаолиятида омад тилайман.
Интервью учун яна бир раҳмат. Келгусидаги фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз!
Бекзод Толибов суҳбатлашди.
Фикрлар