UZ

Сўнгги янгиликлар

17:24Суперлига. "Динамо" - "Локомотив": Асосий таркиблар маълум  0 16:57"Ҳозирги ҳолатимни сўз билан таърифлаш қийин"   0 16:16Асаби бўшлар кўрмасин! "Барселона" жароҳат олган Пау Кубарси суратини чоп этди   4 16:16Суперлига. ОКМК - "Олимпик" 1:1 (матнли трансляция)  7 15:47Ханс-Дитер Флик: "Бугун амалга оширган ишимиздан мамнунман"  0 15:15ОФК Чемпионлар лигаси-2. 4-турдан сўнг ғарбий минтақадаги ҳолат  6 14:42ОФК Чемпионлар Лигаси-2. "Чонбук Моторс" - "Селангор": Умар Эшмуродов асосий таркибда  0 14:31"Бетис" "Барселона" ҳимоячисига қизиқмоқда  1 14:19"Локомотив" сўнгги бор Самарқандда "Динамо"ни қачон ютган?  2 13:56"Барселона" XX асрда қайд этган ажойиб бир натижасини яхшилади   2 13:27Артета: "Футболчиларим билан фахрланаман"  1 12:25"Олимпик" бугун тарихий натижа қайд этиши мумкин   3 12:18U-20 Осиё кубогига қуръа ташланди. Ўзбекистон Эрон билан ўйнайди  16 12:04U-20 Осиё кубоги. Ўзбекистонга аввалги мусобақаларда гуруҳда қайси терма жамоалар рақиб бўлган?  3 11:51Луис Энрике: "Натижа адолатли бўлмади. Биз "Атлетико"дан кучлироқ эдик"  4

Интервью. Рўзиқул Бердиев: "Ҳозирча “Насаф”дан кетиш ниятим йўқ" Янгиликлар

Интервью. Рўзиқул Бердиев: "Ҳозирча “Насаф”дан кетиш ниятим йўқ"

“Насаф” учун ушбу мавсум янада муваффақиятли бўлди. Айниқса, Ўзбекистон Кубогининг ниҳоят қўлга киритилиши қашқадарёликлар учун катта байрам бўлди.

Одатдагидек, бу сафар ҳам чемпионатда бронза медалига сазовор бўлишди. Бунда бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг ўрни алоҳида. Жамоанинг ўйинида мураббийнинг “имзоси” борлиги яққол кўриниб турибди. Ушбу мутахассис билан гаплашиш ниятида юргандик. У эса мавсум тугаганидан кейин гаплашишни ваъда берганди. Куни-кеча ушбу мураббий билан мавсум якунлари ва яна айрим қизиқарли масалаларда суҳбатлашдик.   

“Кубок биз учун асосий мақсад эди”


- Бу йилги мавсум биз учун кутилганидан-да яхшироқ ўтди деб ўйлайман, - дейди, Рўзиқул Саъдуллаевич. - Тарихда биринчи марта мухлисларимиз орзиқиб кутган Ўзбекистон Кубогини қўлга киритдик. Чемпионатда эса ўз ўрнимизни сақлаб қолишга уриндик ва бунинг уддасидан чиқдик. Тўққизинчи бор бронза медалини қўлга киритганимиз жамоамизнинг мавқеи барқарорлигидан далолат беради. Шунингдек, Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида ҳам қатнашдик. Кейинги босқичга чиқиш асосий вазифамиз эди-ю, аммо буни бажара олмадик. Шунга қарамай, кўрсатган ўйинимиз мухлисларга ёқди. Халқаро ўйинлар ёшартирилган таркибимиз учун катта тажриба мактаби бўлди. Умуман, мавсум давомида кўрсатган ўйинларимиз туфайли имкониятимиз юқорилигини намойиш қила олдик. Ўйинчиларимизнинг тажрибалари ошиб, улар руҳан кучли ўйинчиларга айланишяпти. Бизда чемпионлик учун ҳам яхши имконият бор эди. Кубокни қўлга киритганимиздан кейин йигитларимизда иштиёқ пасайганини кўрдик, буни тан олишимиз керак. Ўз майдонимизда “Бунёдкор” билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаганимиздан кейин чемпионлик учун курашдан чиқиб кетдик.


- “Насаф” бешинчи уринишида Кубокни қўлга киритди. Мавсум бошидаёқ жамоанинг асосий вазифаси чемпионлик эмас, балки Кубокни ютиш эканлиги ойдинлашиб қолганди. Балки мен адашаётгандирман, лекин шахсан менда шундай таассурот уйғотди.
- Албатта, мен ҳам фикрларингизга қўшиламан, сиз тўғри гапиряпсиз. Жамоамиз билан ички йиғилишда асосий мақсад Кубок учун курашиш эканлиги ҳақида келишиб олгандик. Бор эътиборимизни айнан Кубок мусобақасига қаратдик. Йигитларни руҳий томондан аввало шу совринга тайёрладик. Тарихий ғалабага эришиш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қилишга тайёр эдик. Ишқибозларимиз биздан Кубокни кутишаётганди. Шунинг учун уни қўлга киритишга ҳар томонлама тайёр эдик.  

- Чемпионлик билан Кубокни солиштирганда қайси бири муҳимроқ эди?
- Биз учун қўлга киритган ушбу ютуғимиз муҳим. Биласиз, ҳар йили олдимизга юқори мақсадлар учун курашиш вазифаси қўйилади. Агар ўсишда давом этиб, ҳар томонлама ривожланаверсак, албатта чемпионлик учун ҳам курашамиз.

-  “Насаф”да ишлаб кетган мураббийларнинг ҳеч бири Кубокни юта олишмаганди. Фақат маҳаллий мураббий сифатида сиз жамоани ушбу соврин сари етаклаб келдингиз...
- Ҳа, “Насаф”да бир қатор хорижлик мутахассислар ҳам ишлаб кетишди. Уларнинг олдига ҳам қандайдир мақсад ва вазифалар қўйиларди. Афсуски, клубда ишлаганларнинг ҳеч бири Кубокни қўлга кирита олишмади. Албатта, шу пайтга келиб “Насаф” билан ушбу совринни ютганимиздан жуда ҳам хурсандмиз. Бу нимани англатади? Жамоамиз борган сари ривожланиб боряпти. Мураббийлар эса ишлашда давом этишяпти. Бундан ютуққа эришишимиз ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бу битта менинг ғалабам эмас, мураббийлар штабининг ҳам катта ҳиссаси бор. Демак, биз тўғри йўналишда иш олиб боряпмиз. 

- Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон Кубоги қўлга киритилиши бу мураббий сифатида сизнинг ташриф қоғозингизга айландими?
- Ҳар бир мураббий совринларни қўлга киритишни хоҳлайди. Шунингдек, исталган мураббий қўл остида яхши савиядаги ўйинчилари бўлишини ҳам истайди. Биз эса мана шундай нарсаларга оз-моз бўлса-да эришдик.Ўйинчиларимиз ҳам ўсишга эришишяпти ва бу орқали имконияти юқорилигини кўрсатиб қўйдик. Бундан кейин биздан фақат мана шундай натижалар талаб қилинади. Бу эса масъулиятни янада ошириши турган гап.



“Ҳозирча “Насаф”дан кетиш ниятим йўқ”

- Кубок сиз учун ташриф қоғозига айландими, деган саволни бежизга бермагандим. Шундан сўнг сизга Эроннинг “Тракторсози” жамоасидан жиддий қизиқиш бўлганлиги ҳақида маълумотлар тарқалди.
- Бу хабар чиндан ҳам рост. Тўғри, бу масалада ўзимга ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ. Аммо менга маълум қилишларича, Эрон матбуотида ҳам “Тракторсози”нинг менга қизиқаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Албатта, мураббийга ишлаш учун хориждан таклиф бўлиши бу ёқимли ҳолат. Лекин ҳозирча “Насаф”дан кетиш ниятим йўқ.

- Демак, сиз эронликларнинг таклифига жиддий эътибор бермадингиз...
- Жиддий эътибор бермаганимга келсак, шахсан менга уларнинг ўзлари мурожаат қилишгани йўқ. Бундан ташқари четга чиқиб ишлашга ҳали ҳужжатларим ҳам йўқ. Яъни, “Про” лицензиясига эга эмасман. Айни пайтда “Насаф”да олиб бораётган ишимдан қониқяпман. Бунинг устига раҳбарият ҳам ишимиздан қониқиш ҳосил қилмоқда. Шу боис клубдан кетишимга ҳожат кўрмаяпман.

- Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Шунинг учун “Про” лицензияси сиз учун фойдали бўлса керак...
- Албатта, “Про” лицензиясини олиш режамда бор. Бизда ҳам мураббийларга нисбатан талаб кучаяди. Эшитишимча, бир-икки йилдан сўнг ўзимизда ҳам маҳаллий мураббийларда “Про” лицензияси бўлмаса ишлай олмайди. Буни тўғри қабул қиламан, мураббий ўқиб тажрибасини янада ошириши лозим.



“Қарздорлик ҳақида ёзишингиз шарт эмас”

- Яна бир гап: Йил давомида клубда молиявий муаммолар борлиги ҳақида эшитиб турдик, ҳаттоки, ўзингиз ҳам бу ҳақида айтгансиз. Лекин бу каби ҳолатлар жамоа ўйинига заррача ҳам таъсир кўрсатмади. Буни қайд этилган натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Демоқчиманки, молиявий муаммолар пайтида қандай қилиб жамоани бир мақсад йўлида бирлаштира олдингиз?
- Инкор этмайман, ростдан ҳам муаммоларимиз бор. Молиявий шароитимиз олдингидек эмаслиги ҳақиқат. Назаримда, буни ҳозирда ҳамма билса керак. Тўғриси, айни пайтда ҳам футболчиларимиз олдида қарздорликларимиз бор. Лекин раҳбарият бу масала устида ишлаяпти. Ҳеч қачон футболчиларнинг пуллари қолиб кетмайди ва ҳаммасига тўланади. Бизда олдин ҳам қарздорликлар бўлган. Аммо ойлик ва мукофот пуллари кейинчалик берилган. Футболчиларда клубга бўлган ишонч катта. Биз асосий мақсад сифатида пулни биринчи ўринга қўймадик. Нимадир ютиш истагида бўлдик. Таркибимиздаги ўйинчиларимизнинг ҳеч бирида ОФК Кубоги совринидан бошқа соврин йўқ эди. Шу сабабли барчамиз Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиш йўлида бирлаша олдик. Бунинг сири мана шунда. Кубокни ютиш истаги жуда катта бўлди. Шунинг учун ҳеч бир ўйинчи молиявий ҳолатни биринчи ўринга қўйгани йўқ.

- Сиз билан ўтган йилнинг охирида гаплашганимизда етакчи футболчиларни сақлаб қолиш қийин бўляпти дегандингиз. Якунда эса уларни бир амаллаб клубда сақлаб қолдинглар. Мана, яна бир бор олдингизда шундай муаммо турибди. Ҳозирдан бу масала ҳақида ўйлаяпсизми?
- Асосий мақсадларимиздан бири таркибдаги ўйинчиларни сақлаб қолишдан иборат. Сиз тўғри саволни бердингиз. Ҳар доим бундай давом этиши мумкин эмас. Футболчиларнинг асосий маблағи футбол орқалидир. Янги мавсумда яна Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаймиз. Шу сабабли ихтиёримиздаги ўйинчиларни рози қилган ҳолда улар билан шартномаларни узайтириш ниятидамиз. Айни пайтда бир қатор ўйинчиларимизга яхши жамоалардан таклифлар бўляпти. Ҳатто ўзимизга ҳам футболчиларимиз борасида мурожаат билан чиқишяпти. Аммо биз ўз ўйинчиларимизни ўзимизда олиб қолишни хоҳлаймиз.



 
“Бабаян энг яхши мураббийликка асосий номзод” 

- Таркибда қайси позицияларни кучайтирмоқчисиз?
- Таркиб ўзагини сақлаб қолган ҳолда яна 4-5 та янги ўйинчи билан жамоамизни кучайтириш ниятимиз бор. Биз учун хориждан малакали футболчини олиб келиш қийинчилик туғдириши мумкин. Ҳужум чизиғини, қанот ярим ҳимоясини кучайтиришга ҳаракат қиламиз.

- Бу йил “Насаф” билан учинчи ўринни ва Кубокни қўлга киритдингиз. Тез орада йилнинг энг яхши мураббийи аниқланади. Бу ҳақида ҳам қизиқяпсизми?
- Ҳар қандай мураббий ҳам шахсий совринга эга бўлишни истайди. Лекин асосан жамоамнинг ўйинига баҳо беришса хурсанд бўлардим. Бу мен учун муҳим.

- Бунгача энг яхши мураббий номига эришгансиз. Иккинчи марта яна шундай мукофотга эга бўлишни хоҳлаяпсизми?
- (Кулади) Тўғриси, юртимизда яхши мураббийлар кўп. Албатта, агарда мени тенгсиз деб топишса бундан хурсанд бўламан. Лекин бу нарсага эришишни кутаётганим йўқ. Журналистлар ва мутахассислар баҳо беришади.

- Ўзингизга қолса, кимни энг яхши мураббий деб айтган бўлардингиз?
- Буни яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Яхши натижага эришаётган мураббийларимиз ҳам бўляпти. Миллий терма жамоамиз ёмон ўйин кўрсатмаяпти. Самвел Бабаян “Пахтакор” ва терма жамоада яхши натижаларни кўрсатяпти. У асосий номзодлардан бири. Ишдан кетган бўлса ҳам Сергей Лушан “Бунёдкор”да ёмон ишламади. У ҳам яхши мутахассислар қаторида. Вадим Абрамов ҳақида ҳам шундай деган бўлардим. Албатта, мен баҳо бера олмайман. Аммо бизда чиндан ҳам яхши мураббийлар бор.  

- Энг яхши футболчи сиз учун ким?
- Менимча, Игорь Сергеев ҳар тарафдан ўзини кўрсатди. “Пахтакор”да ҳам, терма жамоада ҳам яхши ўйнади ва тўпурар бўлди. Ўйлашимча, бу йил айнан Сергеев энг яхши ўйинчи бўлиши керак. “Локомотив”даги Санжар Шоаҳмедов ҳам ўзини кўрсата олди. Ўзимни жамоамдан ҳам ўзини яхши томондан намойиш қилган футболчилар бўлди. Элдор Суюнов маҳоратли посбон эканлигини исботлади. Бироқ Сергеев бошқаларга нисбатан ажралиб турди.


ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.

Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика