UZ

Сўнгги янгиликлар

12:30МЮ ҳужумчисига харидорлар маълум қилинди  0 12:05Неймар ижтимоий тармоқларда Мбаппени ҳақорат қилди  6 11:43Ўзбекистон футзал терма жамоасининг Ироққа қарши учрашувини баҳрайнлик рефери бошқаради  2 11:22"Пахтакор-79" ПФЛ талабини бажармагани учун Биринчи лигадан четлаштирилиши мумкин  0 10:47Шерзод Эсанов: «Биз Андижон халқи ва »Андижон« мухлислари учун бор кучимизни майдонда берамиз»  7 10:20«Манчестер Сити»нинг ёзги асосий трансфер мақсади маълум  12 09:52Англия клублари 9 йил аввалги нохуш натижани такрорлашди  6 09:26Иброҳимҳалил Йўлдошев: «Осиё кубогига келишим жуда қийин бўлди»  4 09:01Клопп жамоасини Европа лигасидан чиқиб кетгани ҳақида фикр билдирди  3 08:36Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-турга старт берилади  0 08:10Футзал. Бугун терма жамоамиз 2-турда майдонга тушади  0 07:47«Байер» навбатдаги рекордни ўрнатди   6 07:05U-23 Осиё кубоги. Иордания - Қатар 1:2   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Индонезия - Австралия 1:0   0 06:55Европа лигаси. "Марсель" - "Бенфика" 1:0 (Пенальтилар 4:2)   0

Интервью. Достонбек Ҳамдамов: Лушан, терма жамоа ва Элдор Шомуродов ҳақида Янгиликлар

Интервью. Достонбек Ҳамдамов: Лушан, терма жамоа ва Элдор Шомуродов ҳақида

“Бунёдкор” клуби ярим ҳимоячиси Достонбек Ҳамдамов учун биринчи давра омадли келди десак янглишмаймиз.

Сабаби Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган футболчи биринчи даврада ўз клуби сафида 9та гол уриб тўпурар бўлди. Бироқ “Бунёдкор” клуби учун мавсумнинг биринчи ярми олдингиларидан кўра жуда омадсиз келди. Сабаби жамоа кўплаб ўйинларда имкониятни бой берди. Оқибатда Сергей Лушан истеъфога чиқди. Бугунги кунда унинг ўрнига келган Миржалол Қосимов вазиятни ўнглашга уринмоқда. Биз Ҳамдамов билан суҳбатимизни айнан биринчи давра ҳақидаги савол билан бошлашга қарор қилдик.

- Биринчи давра ҳақида қандай фикрдасиз?

- Биринчи давра “Бунёдкор” учун омадсиз келганини барча кўриб турибди. Ҳар йили "Бунёдкор" ОЧЛ плей-офф баҳсидан сўнг негадир ўйинимиз қовушмайди. Бунинг сабабини аниқ билмайман. Лекин статистика шуни кўрсатмоқда. Февраль ойидаги ўйинда жуда юқори савияда ўйнаймиз, ғалаба қозонамиз, лекин кейин негадир пасайиш бўлади. Бир қатор муҳим баҳсларда керакли очколарни бой бериб қўйдик ва натижада ўзимизга ярашмаган.


- Биринчи даврада олий лигадаги қайси жамоалар сизни қойил қолдирди?
- Кўплаб жамоаларнинг ўйинлари ёқди. Ҳеч ким кутмаган натижалар кўп қайд этилди. Аммо улар орасида Самарқанднинг "Динамо" клубини алоҳида таъкидлашни истардим. Бу жамоа бизга қарши ўйинда жуда ҳам яхши ва сифатли ўйин кўрсатди. Ёш футболчиларга эга бўлган “Динамо” бир нечта чиройли ғалабаларни ҳам қўлга киритди.

- “Динамо” сафида “Бунёдкор”га тегишли бўлган Жавоҳир Қаҳрамонов ўйнайди. Унинг имкониятларига қандай баҳо берасиз?

- Уни жуда яхши танийман. Жавоҳир яхши савиядаги футболчи саналади. Қизиғи айнан у “Бунёдкор” билан ўйинда бизга гол уриб кетганди (кулади).  

- Қайси ўйин ёки ўйинлар “Бунёдкор” учун энг омадсизи бўлди?

- Кўп баҳсларда омадимиз келмади. Агар биттасини айтиш керак бўлса Тошкентда Навоийнинг “Қизилқум” клуби билан ўйин. Ўша баҳсда умуман ўйинимиз чиқмади. Гол ўтказиб юбордик ва якунда ўз майдонимизда мағлуб бўлдик.

- Сергей Лушанга нима етишмади ёки қаерда хато қилди деб ўйлайсиз?

- Менимча Сергей Иванович катта хато қилмаган. У футболчиларга қўлидан келганича кўрсатма берди, машғулотларда ҳам тиним билмай ишлардик. Майдонда мураббий эмас футболчи ўйнайди. Шу боис мағлубиятларда асосий айб футболчиларда деб ўйлайман.

- Миржалол Қосимов жамоага келгач нималар ўзгарди?

- Биласиз ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша услуби, тактикаси ва кўрсатмалари бўлади. Лушан ва Қосимов турлича мураббийлар ҳисобланишади. Уларнинг ўйин фалсафалари турлича. Машғулотларда ва ўйинимизда ўзгаришлар юзага келди.


- Қосимов жамоада рақобат йўқлигини айтди. Бунга қўшиласизми?
Мураббий шундай дедими демак бу тўғри. Барча футболчилар асосий таркибга кириш учун машғулотларда астойидил ишлашади.

- “Бунёдкор” ҳозиргача 13та гол урди шундан 9таси сизнинг ҳисобингизга ёзилди. Ҳужумчи бўлмай туриб бунга қандай эришдингиз?

- Ҳар қандай футболчи, у ҳужумчи бўладими ёки ярим ҳимоячими аввало ғалаба қозониш ҳамда гол уришга уринади. Кўп гол уришимда жамоадошларимнинг ҳам хиссаси катта деб ҳисоблайман. Бутун жамоа ҳужум қилади, шунчаки якунловчи паллада кўпроқ мен пайдо бўлдим. Кўп нарса омадга ҳам боғлиқ.

- Айни пайтда “Локомотив” ҳужумчиси Марат Бикмаев тўпурар бўлиб турибди. Йил охирида тўпурар бўлиш имкониятингиз қандай?

- Албатта тўпурар бўлиш учун охиригача курашамиз. Мавсум олдидан ўз олдимга айнан тўпурар бўлиш мақсадини қўйгандим. Шу сари интиламан. Бундан ташқари қанча кўп гол урсам жамоага ҳам шунча фойда бўлади.

- Достонбек Ҳамдамов хорижга кетишга қачон тайёр бўлади?

- Бир томондан тайёрман ҳам деб ўйлайман, бошқа томондан тайёрмасман ҳам деб ўйлайман. Ҳозирга қадар менга ҳеч қандай таклиф бўлмади. Балки бошқа жамоалар клубга таклиф билан чиқишгандир, унисидан хабарим йўқ. Ўсмирлар ва олимпия терма жамоалари сафида Европа жамоаларига қарши ўйнаганмиз. Улар билан ҳам ўйнаса бўлади. Шу боис кучли лигаларда ҳам ўйнай оламан деб ўйлайман.

- Иккинчи даврада жамоа ўз олдига қандай мақсадлар қўяди?

- Жамоа мавсум олдидан ҳам, янги раҳбарият келганидан кейин ҳам вазифа ўзгармади. Яъни чемпионлик сари интилиш ва кубокни қўлга киритиш бош мақсадимиз. Ҳали олдинда иккинчи давра ўйинлари бор. Ёзда таркибимиз кучайиши ҳақида гап сўзлар бўлмоқда, демак ҳали имкониятимиз бор.  

- Нима деб ўйлайсиз мухлисларни яна стадионга қайтариш учун нималар қилиш керак сизнингча?

- Чиройли ўйин кўрсатиб, уларга маъқул келадиган ҳужумкор ҳаракат қилишимиз ҳамда ғалабаларга эришиш лозим. Шу орқали мухлислар яна стадионга қайтишлари мумкин.

- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кўплаб йиғинларида иштирок этдингиз. Терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Имконият сақланиб қолган, барчаси ўз қўлимизда. Фақат ғалаба сари интилиш керак. Ўзбекистон халқи шуни кутмоқда. Олдиндаги икки ўйинда ғолиб чиқсак албатта Россияга борамиз.


- Ҳамдамовни қачон терма жамоа асосий таркибда кўрамиз?
- Барчаси мураббийга боғлиқ. Терма жамоада ўйнашни ҳар бир футболчи ўйнашни истайди. Демак мен ҳозир бошқаларга рақобатда ютқазаяпман. Нима ҳам қилардим клубдаги ўйинларим орқали янада кучайишга ва терма жамоага лойиқ эканлигимни кўрсатишга уринаман. Рақобат бўлгани яхши.

- Элдор Шомуродов сизнинг яқин дўстингиз. Унга нима бўлди? Қосимов ҳам унинг ўйини қониқарсиз деб айтди, бу мавсум олий лигада умуман гол ура олмади. Ёки шахсий ҳаётида нимадир муаммо борми?

- Шахсий ҳаётида ҳеч қандай муаммолар йўқ. Менимча у чарчаган. Сабаби клубга қисқа муддатли дам берилганида у миллий термага кетади, тинимсиз йиғинлар ва ўйинлар чарчатган бўлиши мумкин. Бу менинг фикрим холос. “Бунёдкор” сафида гол ура олмаётганига келсак шунчаки майдонда омади келмаяпти. Ҳар қандай футболчида бундай давр бўлади.  

- Суҳбат сўнггида яна нималар дейишни истардингиз?

- Барчани ҳайит айёми билан табриклайман. Оилаларига бахт ва тотувлик тилайман. Терма жамоамиз ва “Бунёдкор” клуби иштирокидаги ўйинларда стадионга келиб қўллаб-туришларини сўраб қоламан.

Нарзулла Сайдуллаев

Рейтинг: +21   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика