Игорь Шквирин: “Алимпиевичнинг ўзи кетишни хоҳлади”

22 июл 2014, 12:20
Кеча “Олмалиқ” “Нефтчи”га қарши назорат баҳсини ўтказиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўйиндан кейин “Олмалиқ” бош мураббий Игорь Шквирин сайтимизга интервью берар экан, сербиялик легионер Александр Алимпиевичнинг клубдан кетганига ўз муносабатини билдириб ўтди.

-   Игорь Анатольевич, мавсумнинг иккинчи ярмига тайёргарлик қандай кетмоқда?
-   Ҳаммаси режа асосида. Дастлаб тоғда машғулот олиб бордик. Кейин пойтахтга тушиб ўртоқлик учрашувларини бошлаб юбордик. Ҳозирча иккита назорат баҳси ўтказдик: “Машъал” ва “Нефтчи”га қарши.

-   Биринчи даврада яхши ўйин кўрсатган Александр Алимпиевич нима учун жамоадан кетди?
-   Унинг ўзи кетишни хоҳлади. Унга биздаги муҳит ва футбол ёқмади деб ўйлайман. Хуллас, Алимпиевич “Олмалиқ”қа мослаша олмади ва биринчи даварадан кейин жамоа билан хайрлашди.
 
-   Агар ўзида хоҳиш бўлганида уни олиб қолган бўлармидингиз?
-   Албатта. Бундай футболчини ҳар қандай мураббий ўз жамоасида кўришни хоҳлайди.

-   Шерзод Ҳакимов биринчи даврада тўртта гол урган бўлишига қарамай, у ҳам клубни тарк этди.
-   Шерзодни ўзимиз қўйиб юбордик. У биринчи даврада тўртта гол ургани билан бизни унчалик қониқтирмади.

-   Шавкат Муллажоновнинг “Локомотив”га ўтиб кетиши нима билан боғлиқ?
-   Шавкат йил бошида ярим йиллик шартнома тузганди. Ўша муддат тугади ва у ҳам бошқа клубга кетди.
 
-   Жамоага қўшилганлар ҳақида нима дея оласиз?
-   Евгений Гоголь қайтиб келди, шунингдек латвиялик ҳимоячи Виталис Смирновс кўрикдан ўтмоқда. Жаҳонгир Жиямуродов билан Исломбек Исоқжонов ҳам “Олмалиқ”да қоладиган бўлишди.

Х.Холиқов суҳбатлашди.  


Манба: championat.asia