Бир ўйин тарихи. Масксим Шацкихдан бешта гол, Аҳмедов ва Саломовнинг дебюти, Ўзбекистон – Хитой Тайпейи 9:0
18 май 2020 17:50
Янгиликлар
Бир ўйин тарихи. Масксим Шацкихдан бешта гол, Аҳмедов ва Саломовнинг дебюти, Ўзбекистон – Хитой Тайпейи 9:0
Бугун ёдга олмоқчи бўлган 2007 йилги кучсиз ва савияси паст ҳисобланган Хитой Тайпейи билан ўйинда ҳам вакилларимиз рақибни умуман аямаган ва голлар ёмғирини ёғдириб ташлашганди. Эътиборлиси, мазкур беллашувда термамиз ҳужумчиси Максим Шацких бешта гол билан ўзига хос рекорд ўрнаганди. Аниқроғи, миллий жамоа либосида рақиб дарвозасини битта ўйинда беш бор ишғол қилган ягона футболчи бўлиб тарихга кирганди.
2007 йилги мавсумнинг охирларига келиб миллий жамоамиз тўртинчи бор Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш ҳуқуқини берадиган йўлланмалардан бирига эга бўлиш учун ўз юришини бошлади. Шу йили Осиё кубогида чиройли ўйин кўрсатиб барчанинг эътирофини қозонган футболчиларимиздан бу сафар умидларимиз аввалгиларига қараганда катта эди. Боиси, Рауф Инилеев бу пайтга келиб курашувчан, жиддий рақиблар билан бемалол кураша оладиган жамоани шакллантирганди. Илгари бизнинг устимиздан куладиган, истаган ҳисобда юта оладиган Саудия Арабистони ҳам, боринки Эрон ҳам қитъа кубогидан сўнг ҳурмат билан муносабат билдирадиган бўлди. Агарда ҳакамлар томонидан термамизга нисбатан ноҳақ қарорлар кузатилмаганида ким билади дейсиз биз ўшанда финалга қадар етиб борган бўлармидик.
Мундиал саралашида иштирокимизни биринчи раунддан бошлайдиган бўлдик. Кейинги босқичга йўл олиш учун эса йўлимиздан чиққан рақиб Хитой Тайпейини ютишимиз талаб этиларди. Албатта, рақибимизнинг рейнтинги ва савияси ҳамюртларимизникидан анча паст эди. Бу эса бўлажак учрашувларда ҳам ўз аксини топди. Таркиб Инилеев ўзи истагандек кўриниш олди. Шу куни Одил Аҳмедов ва Шавкат Саломов миллий терма жамоа сафида дебют қилишганди. Тўп тепарларимиз 13 октябрь куни МҲСК стадионида тайпейликларни ютишда ортиқча муаммога дуч келишмади. Маҳорат, тажриба, техника ва бошқа томондан Бизникилар рақибдан икки, уч бош олдинда эканликларини барча биларди. Биринчи бўлимдаёқ ўзбекистонлик футболчилар Лу Кун Чи турган дарвозани нақд беш бор ўққа тутишди. Максим Шацких учта, Виктор Карпенко ва Темур Кападзе битта голга муаллифлик қилишди. Танаффусдан сўнг кўтаринки кайфиятда чиқиб келган термамиз шундоқ ҳам ўлиб бўлган Хитой Тайпейини яна тўртта гол билан сийлашади. Макс яна иккита гол урган бўлса, Шавкат Саломов ва Улуғбек Бақоевлар ҳам майдонни голсиз тарк этмайдилар. Шу куни майдонга тушган футболчи Илҳом Суюнов ҳам ўз позициясида деярли хатосиз ҳаракат қилади ва аксарият ҳужумларни ташкил қилишда фаол бўлади. 2014 йилдан сўнг фаолиятини тугатишга қарор қилган футболчининг ўйинларини бугунги кунда соғиниб турадиган мухлислар ҳали ҳамон етарлича топилади. “Пахтакор”дан кетгач унинг фаолияти бир текис ўтмади.
Пойтахтда кечган биринчи учрашувда барчасини ҳал қилиб бўлган термамиз жавоб учрашувида Тайбейдан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтадилар. Юқорида таъкидлаганимиздек бундай рақибларни ютиш биз учун муаммо бўлмаслиги керак. Лекин, ҳозирги кунга келиб барча мамлакатларда футбол ривожланаётганини ва такомиллашиб бораётганини инобатга ҳам олишимиз зарур.
ЖЧ-2010 саралаш босқичи. 1-раунд.
13.10.2007. Тошкент. МҲСК стадиони. 10000 томошабин.
Ўзбекистон – Хитой Тайпейи – 9:0
Бош ҳакам: Али Бадвавий (БАА).
Голлар: Максим Шацких 4, 16, 34, 57, 76, Темур Кападзе 24, Виктор Карпенко 40, Улуғбек Бақоев 54, Шавкат Саломов 68.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Асрор Алиқулов, Илҳом Суюнов, Алексей Николаев (Виталий Денисов, 46), Ислом Иномов (Бахтиёр Ашурматов, 73), Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Виктор Карпенко, Улуғбек Бақоев (Шавкат Саломов, 63), Максим Шацких.
Бош мураббий: Рауф Инилеев.
Абдулазиз Искандаров тайёрлади
Ўйиндан суратларни тақдим этгани учун ЎФА фотографи Ҳасан Пирмуҳаммедовга миннатдорчилик билдирамиз.
Фикрлар