UZ

Сўнгги янгиликлар

12:16Битта хатони учинчи маротаба такрорлаётган ЎФА!  0 12:06"Ливерпуль" асосий трансфер мақсадини белгилаб олди  0 11:40Ўзбекистон КХДРга қарши қандай либосда майдонга тушиши маълум  10 11:20"Барселона" Мартинес билан шартномани узайтиради ва Кристенсенни қўйиб юборади  1 10:54Виктор Осимхен ёзда АПЛ клубига ўтиши мумкин  1 10:08«Арсенал»нинг яна бир футболчиси терма жамоа сафида жароҳат олди  3 09:30«У ўз даврининг энг яхши ярим ҳимоячиси» Зидан фаолиятидаги энг қийин рақиб номини айтди  1 08:52МЮга «Спортинг»нинг 17 ёшли футболчиси керак  3 08:17Неймарнинг агенти футболчининг келажаги ҳақидаги саволга жавоб берди  2 07:47Бугун ёшларимиз Ироққа қарши иккинчи ўртоқлик учрашувида майдонга тушади  1 02:43Миллатлар лигаси. Франция меҳмонда Италияни мағлуб этди, Исроил Бельгиядан устун келди  8 02:16Қозоғистон терма жамоаси Черчесов қўл остида 0:15 тўплар нисбати билан Миллатлар лигаси антирекордини ўрнатди  15 01:29Кьеза қишда Италияга қайтиши мумкин?!  2 00:43Педро: "Рома"га мени Римнинг бош жамоаси бўлмиш "Лацио"га сотгани учун раҳмат"  1 00:00Миллатлар лигаси. Норвегия Қозоғистонни, Англия эса Ирландияни яксон қилди ва бошқа натижалар  24

Эшагингни асра, Афанди Янгиликлар

Эшагингни асра, Афанди

Теглар :  Бухоро
Биз стадионларимизни қанчалик яхшироқ кўринишга эга бўлишини орзу қилганимиз сари бошқа тарафдан борини ҳам гумдон қилиш пайида туришибди.

Бухоро шаҳрининг марказида жойлашган ҳамда икки йилдан ошиқроқ вақт давомида "муолажа" қилиниб, яқиндагина қайта бўй чўзган ҳолда Ўзбекистон кубоги финалини ўзида қабул қилган Бухоро марказий стадионига келаси гал жанозаси учунгина ташриф буюришимиз мумкин.

Хабарингиз бор, “Enter Engineering” компанияси Бухоро шаҳри марказида туризм марказини қуриши ҳақида хабарлар тарқалди. Бундан эҳтимолий мақсад туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда тарихий вилоятга ташриф буюрадиган хорижлик туристлар сонини ошириш эканлиги маълум ва уларнинг ортидан маълум маблағ ҳам ишлаб олинади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга 3,6 млн чет эл фуқаролари туристик мақсадларда ташриф буюрган. Эҳтимол бу кўрсаткич йил сўнгига қадар 4,5 млндан ошгандир. Уларнинг катта қисми фонтани рақсга тушадиган янги шаҳарчаларга эмас, тарихий қадамжоларимизни кўздан кечириш илинжида ташриф буюриши сир эмас. Янги туризм маркази қурилган тақдирда ҳам юқоридаги кўрсаткичлар қанчага ошишини Ванга хоним ҳам айтиб беролмайди.

Шу ўринда милоддан аввалги асрларга эмас, бундан бир ой илгари бўлиб ўтган Қатардаги жаҳон чемпионатига эътибор қаратмоқчиман. Қарийб бир ой мобайнида араб ўлкасига тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасини томоша қилиш учун 3 404 252 нафар мухлис ташриф буюрган. Албатта, уларнинг барчаси ҳам футбол соҳасида фан докторлигини ёқламаган. Кўпчилик шунчаки турнир баҳона ўзига хос атмосферада саёҳат қилишни истаган. Улар орасида ҳаттоки футболга умуман қизиқмайдиган шахслар бўлганига ҳам шубҳаланмайман. Қатар ҳам футбол баҳона ўз туризм салоҳиятини анча юксалтириб олди. 

Тўғри, Ўзбекистоннинг бу каби йирик турнирларини қабул қилишига ҳали қанчадан-қанча қовун пишиғи бор. Аммо ҳозирги салоҳиятимиз ҳам қитъа миқёсидаги мусобақаларни ўтказишга ҳозирлик кўриб бормоқда. Ўтган йили 23 ёшгача бўлган йигитлар ўртасидаги Осиё чемпионати мухлислар ўртасида қанчалик қизиқишга сабаб бўлганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ҳаттоки, турнирнинг ҳал қилувчи ўйини учун чипталар нархи қўлда "лимон"га чиқиб кетди. Турнир давомида 154 134 нафар киши стадионларга ташриф буюрган. Улар орасида албатта, хорижий мамлакат вакиллари ҳам етарлича бўлган ҳамда кўпчилиги кўҳна ва навқирон шаҳарларимизга ташриф буюрган бўлса, ажабмас. Қолаверса, турнир фақатгина пойтахтда эмас, Қаршидаги стадионда ҳам ўтказилди. Шу орқали кўпгина хорижий мамлакатлар Қашқадарё, Шаҳрисабз каби воҳалар ҳақида ҳам хабардор бўлишди.

Шунингдек, жорий йилнинг март ойида 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Осиё кубогини ҳам диёримиз ўз стадионларида ўтказади. Шу билан бирга, бир қатор ўйинларга Фарғона мезбонлик қилади. Демак, водийга ҳам кўкламда анчагина чет эллик дўст-биродарларимиз ташриф буюради. Албатта, улар орасида терма жамоа аъзоларидан ташқари уларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам ишқибозлар гуруҳи етиб келиши, шубҳасиз. Бухоро ҳам келгусида халқаро ўйинларни қабул қилиш даражасига етиб бораётганди.

Мусобақаларни бир четга суриб қўяйлик. 1957 йил қурилган машҳур "Камп Ноу" стадионининг музейи йилига 2 миллиондан ортиқ ташриф буюрувчиларни қабул қилади. Бу Каталониядаги энг кўп ташриф буюриладиган музейлардан саналади. Каталонияга ташриф буюрган сайёҳ борки, албатта, ушбу стадион билан юзлашмасдан ортга қайтмаса керак. Музейга кириш нархи 31.50 евродан бошланади (тахминан 387 минг сўм) ва хизматларига қараб 129 еврогача баҳоланади. Championat.asia ходими Толибжон Қосимовнинг ушбу стадионга саёҳати тўғрисидаги мақоласи ҳам эълон қилинганди. Муллажирингни санашга иштиёқманд кишилар ҳам биргина стадион ва ундаги хизматлар орқали қанча маҳаллий ва хорижий шахсларни жалб этиш ҳамда қанча даромад қилиш мумкинлигини калькуляторига солиб кўриши мумкин.

Қолаверса, Бухоро халқи ҳам футболни яхши кўради. Жамоанинг ўз майдонида ўтказган сўнгги бешта ўйинига ўртача 6711 нафар томошабин ташриф буюрган. Бу Про-лига мусобақаси учун яхши кўрсаткич саналади. Янги мавсумда эса жамоа Суперлигада иштирок этади ва табиийки, мухлислар сонининг ҳам ортиши шубҳасиз.

25 минг ўринга мўлжалланган стадион фақатгина футбол учун хизмат қилмайди. Спорт мажумада кўплаб ёшлар турли йўналишларда шуғулланиши мумкин. Қолаверса, тонгда ёки қуёшбобо ўз ишини якунлаб, ўз ётоғига равона бўлиш арафасида кимдир стадион бўйлаб югуриши, бошқа кимдир шунчаки сайр қилиш мумкин. Стадион ва унинг атрофида турли хизматларни йўлга қўйган ҳолда у ерни ажойиб кўнгилочар масканга айлантириш мумкин, бунинг учун миллиардлаб маблағни сарфлаган ҳолда уни кунпаякун қилиб, қайтадан қуриш шарт эмас, менинг назаримда.

Бухоро вилояти ҳокимининг айтишича, Бухоро марказидаги стадион аввалгидан зиёда қилинган ҳолда янгиси қурилгандан кейин бузилиши таъкидланган. Стадион асфальт қопламаси эмаски, уни кимнингдир ташрифи арафасида бир кечада битириб қўя қолишса. Янги майдон учун ҳам камида икки-уч йил вақт ҳамда Бенжамин Франклин сурати туширилган қоғозлардан анча-мунчаси керак бўлади. Тасаввур қилишинингиз учун, "Миллион" жамоаси томонидан ифтихоримиз сифатида тилга олинган "Бунёдкор" стадиони қурилиши учун 270 млн "кўкидан" сарфланган. Тадбиркорнинг ўз чўнтагидан битта стадион учун ушбу сумманинг ярмичалик пул сарфлашига ҳам ишониш қийинроқ.

Умид қиламизки, Бухоро аҳолисининг Президентга мурожаати беэътибор қолдирилмайди. Зеро, мамлакат раҳбари ўз нутқларининг бирида "Ҳамма ислоҳотларни, ҳамма ҳаракатларни жамият билан бирга қиламиз", дея таъкидлаб ўтганди. Акс ҳолда, Тошкент футбол клублари сони яна биттага кўпайиши мумкин.

Тарихий ёки диққатга сазовор масканларининг бузиб ташланишига ўрганиб қолди одам. Аҳоли сайр қиладиган жойларнинг кўпайиши яхши ҳол. Аммо уларни бунёд этиш учун қадрли ёки тарихий масканлардан воз кечиш керак дегани эмас. Янгиланиш ривожланиш учун хизмат қилади, лекин дарахтларни кесиш ёки иншоотларни бузиш ҳисобига эмас, балки уларни асраб-авайлаган ҳолда амалга оширилади. Йўқса, 1950 йил бунёд этилган ҳамда не-не даҳоларни кўрган "Маракана" 2014 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмаган бўларди. Кимдир ҳамма нарсани таг-туги билан янгилаш истагида бўлса, эрта-индин Лаби Ҳовузда бўй чўзиб турган Афандининг эшагини ҳам алмаштириш фикри унда уйғониши мумкин ҳамда миллий образимиз эгасини от устида борингки, электрокар устида кўришимиз мумкин. Ҳайкали ҳам раҳматли бўлиб кетмаса, албатта.


Айтишларича, Шавкат Мирзиёев жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлган Бухоро шаҳрида қурилиши режалаштирилган туристик марказ қуришни тўхтатишга топшириқ берган.  Шунингдек, "Бухоро" футбол клубига тегишли бўлган стадион бузилмаслиги ҳам айтилмоқда. Ушбу туризм маркази бошқа ҳудудда қурилиши мумкин. Бу яхши янгилик.

Рейтинг: +9   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика