Эртага Игорь Шквирин "Днепр" сафида майдонга тушади
18 апр 2017 13:24
Янгиликлар
Эртага Игорь Шквирин "Днепр" сафида майдонга тушади
19 апрель куни Днепр шаҳридаги "Метеор" стадионида украиналик собиқ футболчи, Олимпиада чемпиони Вадим Тишенконинг хотира ўйини бўлиб ўтади. Ўтган йил вафот этган Тишенконинг дўстлари йиғилиб хайрия учрашуви ўтказишади. Унда "Днепр" клубининг 1980 йиллардаги таркиби 1990-2000 йиллардаги таркибига қарши майдонга тушади. Бундан ташқари собиқ футболчи шарафига ясалган махсус ҳайкалнинг ҳам очилиш маросими бўлиб ўтади.
Эртанги баҳсда «Днепр» сафида турли йилларда ўйнаган Сергей Краковский, Валерий Городов, Олег Таран, Алексей Чередник, Евгений Шахов, Александр Рикун, Андрей Полунин, Юрий Максимов, Олег Шелаев, Сергей Коновалов, Валентин Москвин, Сергей Назаренко, Руслан Ротань ва Игорь Шквирин каби футболчилар иштирок этишади.
Бундан ташқари бошқа клубларда ўйнаган Алексей Михайличенко, Владимир Бессонов, Олег Кузнецов, Василий Рац ва Геннадий Орбу каби ўйинчилар ҳам баҳсга таклиф этилишган.
Маълумот учун, Игорь Шквирин Вадим Тишенко билан қалин дўст бўлган. 1986 йилда Шквирин ва Тишенко Лвовнинг "СКА Карпати" клубида ўйнашган. 1988 йилда эса иккала футболчи биргаликда "Днепр" сафида Собиқ Иттифоқ чемпиони бўлишганди.
Фикрлар