UZ

Сўнгги янгиликлар

15:12Иброҳимҳалил ОТЖ лагерини тарк этди, унинг ўрнига бошқа ўйинчини қўшиш мумкинми? Кападзе жавоб берди  7 14:59"Манчестер Юнайтед" Уан-Биссакани Дюмфрисга алмаштирмоқчи  4 14:37Париж-2024. Ўзбекистон Мисрга қарши қандай либосда майдонга тушиши маълум  5 14:15АПЛ клублари "Лион" ҳимоячисига даъвогар  1 13:50Симонс "Лейпциг" ва "Бавария"дан бирини танлади  1 13:23"Арсенал" Евро-2024'да ёрқин ўйин кўрсатган ярим ҳимоячининг трансфери борасида музокаралар ўтказмоқда  1 12:57"Ньюкасл" ҳимоячиси Саудия Арабистони чемпионатига ўтиши мумкин  1 12:29Расман: "Комо" ироқлик иқтидор билан шартнома имзолади  1 12:04"Андижон" янги аъзоси Абинур Нуримбет: "Келажакда Қозоғистон миллий терма жамоаси либосида майдонга тушишни истайман"  2 11:39ПСЖ Франция терма жамоаси дарвозабонига қизиқмоқда  2 11:16Хаби Алонсо Арда Гюлерни "Байер"да кўрмоқчи  2 10:50Лапорта: «Барселона» катта трансферларни амалга оширишга тайёр»  3 10:16«Акрон» Шерзод Эсановни қанчага сотиб олгани маълум  8 09:50Жоау Феликс фаолиятини АПЛда давом эттиради  5 09:47Мўъжиза рўй бермади, аммо ҳали барчаси олдинда. Ўзбекистон – Испания ўйинидан хулосалар  18

Эркин ижод. 55 ёшли мураббийнинг футболдаги фаолияти Янгиликлар

Эркин ижод. 55 ёшли мураббийнинг футболдаги фаолияти

Теглар :  Вадим Абрамов
Таниқли мураббий, бугунги кунда «Нефтчи»ни бошқараётган Вадим Абрамов 5 август куни 55 ёшни қарши олди.

2015 йилги мавсум энди бошланган маҳал “Локомотив” футбол клубига матбуот котиби бўлиб ишга кирганимда Абрамов жамоа бош мураббийи эди. Вадим Карленович билан тўрт-беш ойча бирга ишлаш насиб этди ва бу вақт оралиғида Абрамовни яқиндан ўрганишга ҳаракат қилдим. 

Киришиб кетувчан инсон 

Вадим Абрамов билан тезда киришиб кетиш мумкин. Тўғри, унинг ўзбек тилидаги талаффузи яхши эмас. Буни тушунса бўлади. Лекин сиз русчани билсангиз ва кўча-кўйда Абрамовни учратиб қолсангиз, гарчи шошиб турган бўлса-да, бемалол суҳбатлашиб олишингиз мумкин. Абрамов мулоқот қилишни хуш кўради, теран сўз бойлигига эга ҳамда футболни чуқур тушунади. У билан футболдан бошқа мавзуларда ҳам суҳбат қуриш мумкин.

Абрамов футбол ўйнаганми? 

Кўпчилигимиз Вадим Абрамовни аввало мураббий сифатида биламиз. У олий лигадаги ҳозирги мураббийлар сингари ўз вақтида машҳур футболчи бўлмаган, аммо ўртамиёна ўйинчи даражасида тўп тепган. 1962 йил Бокуда туғилган Абрамовнинг илк жамоаси Эдуард Оганесов бошқарувидаги “Нефтчи-2” клуби бўлган. У 1979 йил Украинанинг “Таврия” клубига йўл олади, бироқ асосий таркибда ўйнаб кета олмайди. 1981-83 йилларда Абрамов собиқ иттифоқ армиясида ҳарбий хизматни ўтайди ва Афғонистонга бориб келади. Армиядан қайтгач тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келади ва Евгений Валицкий бошқараётган “Наримончи” клубида тўп тепа бошлайди. Кейинчалик Жиззахнинг “Ёшлик”, Халқободнинг “Соҳибкор” жамоаларида ҳам тўп тепади ва футболчилик фаолиятининг охирги қисмини 1988 йил “Косонсой”да ўтказади.


Мураббийликдаги дастлабки қадамлар 

Футбол ўйнаш бўйича омади келмаган Абрамов 26 ёшида бутсаларини михга илади ва ўзини мураббийлик соҳасида синаб кўришга қарор қилади. Албатта, унинг бирданига мураббий бўлиб кетиши осон кечмаган. Шу боис ишни дастлаб жамоа маъмурлигидан бошлашни маъқул кўради. 1988-1991 йилларда Абрамов аввалига “Пахтакор” клубида маъмур (администратор) бўлиб ишлайди. Бу орада собиқ иттифоқ парчаланиб, Ўзбекистон мустақил давлат эканлигини эълон қилади, Абрамов эса барибир шу ерда қолишни маъқул кўриб лекин эндиликда Тошкентда эмас, балки ишлаш учун Фарғонага йўл олади. Абрамов Фарғонага боргач “Нефтчи” бош мураббийи Юрий Саркисянга ёрдам бера бошлайди ва беш йилни шу клубда ўтказади. “Нефтчи” мана шу вақт оралиғида тўрт марта Ўзбекистон чемпиони бўлади, бир марта Кубокни қўлга киритади. Айтганча, Абрамов 1993 йил бироз муддат Малайзия чемпионатида ҳам тўп тепган, шунингдек, у ёқдан қайтгач МҲСК клуби билан шартнома имзолаб, тўққизта ўйинда майдонга тушган.

Мустақил фаолиятнинг бошланиши 

Юрий Саркисян ёнида ишлаб катта тажриба тўплаган Абрамов 2000 йилдан бошлаб мустақил ишлашни бошлайди. У ўша пайтлари Тошкент шаҳар иккинчи лигасида қатнашиб келаётган “НБУ-Осиё”ни қабул қилиб олади. Айтиш мумкинки, Вадим Абрамовнинг бош мураббий сифатидаги илк жамоаси айнан “НБУ-Осиё” бўлган. У биринчи мавсумидаёқ жамоани биринчи лигага олиб чиқади. “Банкчилар” клубидаги уч йиллик фаолиятдан сўнг ёш мураббийга “Трактор” қизиқиш билдиради. Абрамов 2003 йил “Трактор” бош мураббийлигига тайинлангач тез орада олий лиганинг ўртамиёна клуби билан муваффақиятга эришади. Жамоа 2000 йилги мавсумда тўртинчи ўринни эгаллайди, қолаверса 2004 йил “Трактор” Ўзбекистон Кубоги финалига йўл олади ва ҳал қилувчи баҳсда “Пахтакор”га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлади. 

Терма жамоалардан таклиф 

Абрамовнинг “Трактор”да эришган натижаларини диққат билан кузатиб борган ЎФФ раҳбарияти уни 2007 йил Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлайди. Жамоа олдига 2008 йил Пекин Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш вазифаси қўйилганди. Олимпиада ўйинларининг саралаш босқичида футболчилар Абрамов қўл остида иккита ўйинда ҳам Тожикистонни мағлуб этади. Терма жамоамиз иккинчи саралаш босқичида Жанубий Корея, БАА ва Яман билан бир гуруҳда жой олади. Кореяликларга икки ўйинда мағлуб бўлган юртдошларимиз бошқа беллашувларда ғалаба қозонган ҳолда саралашнинг финал босқичига йўл олишади. Аммо охирги босқичда омад Абрамов ва унинг жамоасидан юз ўгиради: бўлажак олимпиячиларимиз саралаш ўйинларида Баҳрайн, Сурия ва Жанубий Кореяни мағлуб эта олмай гуруҳда охирги ўринда қолиб кетишади. Натижада бош мураббий истеъфога чиқарилади. Шундан сўнг Абрамов яна клуб ишига қайтади. У “Локомотив”ни қабул қилиб олади-ю, бироқ катта ютуқларга эриша олмайди. Жамоа 2008 йилда саккизинчи, 2009 йилги мавсумда олтинчи ўрин билан чекланади.


Қатардаги мўъжиза 

Ҳеч иккиланмай Ўзбекистон терма жамоасининг 2011 йил Осиё чемпионатидаги иштирокини “Қатардаги мўъжиза” деб аташ мумкин. Чунки терма жамоамиз бу мусобақада ярим финалга қадар етиб борган ва якунда тўртинчи ўрин билан чекланган. Мухлислар жўшқинига сабаб бўлган воқеа айнан Абрамов мураббийлик қилган пайтда юз берган. Осиё Кубоги 2011 йилнинг январида бўлиб ўтганидан хабарингиз бор. Бунгача эса 2010 йилнинг аврель ойида Вадим Абрамов миллий терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланади. Бундан кўпчилик ҳайратга тушади: Абрамов бунгача олимпия терма жамоаси билан мақсадга эриша олмаганди, ахир қандай қилиб унга миллий жамоани топшириб қўйиш мумкин? Аммо у енг шимариб ишга киришади. Элликдан зиёд футболчини кўрикдан ўтказади ва якунда ўзи хоҳлаган таркибни Қатарга олиб кетади. Биринчи ўйин мусобақа мезбонларига қарши эди: ҳаяжон юқори, ўйинни ТВ орқали ҳамма кўрмоқда... Лекин омад биз томонда бўлиб, вакилларимиз 2:0 ҳисобида зафар қучишади. Кейинги турда Қувайт мағлуб этилади ва учинчи турда Хитой билан дуранг ўйнаган жамоамиз гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган ҳолда чорак финалга йўл олади. Чорак финалда Иордания ҳам доғда қолдирилади. Аммо ярим финалда Австралия бизни "янчиб ташлайди" - 6:0. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда эса футболчиларимиз Жанубий Кореяга ютқазиб қўйишади. Шунга қарамай, Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё Кубогидаги иштироки ижобий баҳоланади ва мавсум якунида Вадим Абрамов “Йилнинг энг яхши мураббийи” деб топилади. 

Лондон Олимпиадаси учун ҳаракат 

2011 йилнинг ёзида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Лондон Олимпиадаси йўлида ўз иштирокини бошлаган. Миллий терма жамоадаги муваффақияти сабаб Вадим Абрамовга олимпия терма жамоамиз ҳам ишониб топширилади. Олимпиячилар ўтиш босқичида Гонконгни иккала ўйинда ҳам қийинчиликсиз мағлуб этишади. Кейинчалик гуруҳ учрашувларига қуръа ташланади ва Ўзбекистон ўз гуруҳида Австралия, БАА ва Ироқ билан жой олади. Саралаш баҳслари биз учун ҳартугул яхши бошланади. Лекин ҳал қилувчи ўйинлар яқинлашганда яна омад юз ўгира бошлайди. Шундай бўладики, ҳаммаси ўз майдонимизда кечадиган БАА билан ўйинга боғлиқ бўлиб қолади. “Жар” стадионида бўлиб ўтган беллашувда футболчиларимиз 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб, якунда учта тўп ўтказиб юборишади ва тўғридан-тўғри йўлланмадан қуруқ қолишади. Кейинчалик Осиё жамоалари учун ўтиш ўйинида футболчиларимиз Уммон ва Сурия тўсиғидан ўта олишмайди. 

Жаҳон чемпионати учун кураш 

Олимпия терма жамоамиз ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олмаганидан сўнг Абрамов истеъфога чиқарилади, лекин мураббий миллий терма жамоани бошқаришда давом этади. Олдинда янги ва янги вазифалар турар ва улар орасида энг муҳими терма жамоани 2014 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқиш эди. “С” гуруҳида саралаш босқичига киришган Ўзбекистон Япония, КХДР ва Тожикистонга қарши баҳс олиб боради. Албатта, бу ўлим гуруҳи эди, негаки японлар ва корейслар тўсиғидан ўтиш осон эмасди. Гуруҳимизда аслида Тожикистон ўрнига Сурия бўлиши керак эди, бироқ баъзи сабабларга кўра ташкилотчилар Сурияни саралашдан четлатишади. Абрамов бошчилигида ҳаракат қилган юртдошларимиз саралаш ўйинларида яхши натижа кўрсатишади. Эсингизда бўлса, ўша йил биз тарихда илк марта сафарда Японияни ютиб қайтгандик. Аммо саралаш босқичининг ҳал қилувчи раундида ўйинлар осон кечмайди. Тошкентда Эрон билан кечган баҳсда Абрамов шогирдлари 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишади, бунинг устига япониялик ҳакам Юичи Нишимура Одил Аҳмедовнинг тоза голини ҳисобга олмайди. Натижада ўйиндан эртаси куниёқ Абрамов истеъфога чиқарилади.


Клуб фаолиятига қайтиш 

Халқаро ўйинлардан толиққани учунми Абрамовга бироз таътил керак эди. Шу боис мураббий бир ярим йил футболдан четда юради ва 2014 йилнинг февралига келиб “Локомотив”ни қабул қилиб олади. Ўша йили жамоа учун ҳартугул муваффақиятли кечган. “Локо” Абрамов бошчилигида Ўзбекистон Кубогини қўлга киритади ва миллий чемпионатда иккинчи ўринни эгаллайди. Кейинги мавсум эса “темирйўлчилар” учун Суперкубокни қўлга киритиш билан бошланади. “Бунёдкор” стадионида кечган беллашувда “Пахтакор” 4:0 ҳисобида мағлуб этилади. Аммо жамоа Осиё чемпионлар лигасида ўзини кўрсата олмайди, гарчи ўз майдонида Қатарнинг “Ал Садд” клубини 5:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да гуруҳда қолиб кетади, шунингдек ички биринчиликда ҳам чемпионлик учун кураша олмайди. Жамоа сафарда “Қўқон-1912” билан 2:2 ўйнагач, Абрамов ишдан бўшатилади. Шундан сўнг Вадим Карленовичнинг мураббийлик фаолиятида яна танаффус рўй беради. У ўтган йил ҳеч қаерда ишламади. Шу йилнинг 5 июнь куни эса Фарғонанинг “Нефтчи” клубига бош мураббий этиб тайинланди. 

Ўзбек футболида из қолдирган шахс 

Албатта, Вадим Абрамов ўзбек футболида из қолдирган мураббийлардан бири. У ҳам терма жамоалар, ҳам клублар миқёсида бир қатор ютуқларга эришган. Хусусан Осиё Кубоги-2011даги ҳаяжонли ўйинларни мухлислар ҳалигача мароқ билан эслашади. Ўшанда терма жамоамиз Абрамов қўл остида чиндан ҳам чиройли футбол намойиш этганди. Шундан бери орадан анча вақт ўтди, Абрамов фаолиятида ҳам бир қатор воқеалар рўй берди. Эндиликда мураббий ўзи бир пайтлари Юрий Саркисянга ёрдам бериб юрган жамоани бошқармоқда. Аммо ҳозирча натижаларни зўр деб бўлмайди. Ҳозирги “Нефтчи” бу олдинги “Нефтчи” эмас. Жамоа Абрамов келганидан бери ҳали ғалаба қозонгани йўқ, бироқ маҳаллий мухлисларни бу ҳол ташвишга солмаяпти, негаки улар Абрамовнинг "ўзгача мураббий" эканлигига ва яқин орада ғалабали онлар келишига ишонишади.

Х.Холиқов


Рейтинг: +12   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика