UZ

Сўнгги янгиликлар

01:48"Ал Шабаб" "Милан" футболчисини 14 млн евро эвазига харид қилишга тайёр, аммо...  1 01:21"Милан" сардори "Галатасарой"ни рад этди. Турк клуби ҳимоячига "Милан"дагидан кўпроқ маош таклиф қилганди  0 00:51"Комо" Рафаэль Вараннинг трансферини эълон қилди  2 00:22"Жирона" "Тоттенхэм" форвардини ижарага олиш бўйича келишувга эришди  0 23:51"Манчестер Юнайтед" яқин вақтларда Санчонинг тақдирини ҳал қилади  0 23:21"Барселона" собиқ футболчиси "Ювентус"га ўтишга яқин  0 22:55Мбаппесиз: "Реал" АҚШдаги турне учун таркибини эълон қилди  2 22:31"Реал" 2025 йилда Трент ва Дэвис билан текинга шартнома имзолаш устида ишламоқда  4 22:06"Галатасарой" 22 млн еврога РПЛдан ўйинчи харид қилади?  0 21:23"Челси" "Реал" посбони билан шартнома имзоламайди  5 20:56Сержи Роберто "Аякс"га ўтиши мумкин. У "Барса"дан эркин агент мақомида кетади  0 20:31МЮ 25 млн евро эвазига Мазрауининг ўтиши борасида "Бавария" билан келишувга эришди  1 20:04"Атлетико" "Вильярреал" форвардига қизиқмоқда  0 19:32"Тоттенхэм" кореялик ўйинчини трансфер қилди  3 19:07Расман: "Шабаб Ал Аҳли" Азмуннинг трансферини эълон қилди  15

Денис Суарес: «Месси АПЛга кўчиб ўтса…» Янгиликлар

Денис Суарес: «Месси АПЛга кўчиб ўтса…»

Бир пайтлар катта орзу-умидлар билан «Манчестер Сити» клуби сафига ўтган, аммо кейинчалик надоматлар билан жамоани тарк этиб, охир-оқибат, «Барселона»дан қўним топган ёш, истеъдодли ярим ҳимоячи Денис Суарес бугунги «Сити»нинг муваффақиятларидан қувоняпти.

Ҳа, у ушбу клубга эртароқ келиб қолди ва «шаҳарликлар» сафини тарк этишга мажбур бўлди. Бироқ у орзуларга ишонишдан тўхтамаган. Қуйида бунга амин бўласиз...

Ёдингизда бўлса, 2010 йили Энди Грей Англия премьер-лигасининг савияси ҳақида фикр билдира туриб, ҳатто Лионель Месси ҳам бу чемпионатда, ёмғирли чоршанба оқшомида, «Британния» стадионида АПЛнинг таслим бўлишни истамайдиган ўртамиёна жамоаларига гол ура олишига шубҳа қилишини айтганди. Денис Суарес эса ўша гапларни эслаб, шундай дейди: «Албатта, бу унинг қўлидан келарди. Агар Месси АПЛга кўчиб ўтса ҳам, тўпни қабул қилиб олганидан сўнг бемалол уч ҳимоячини алдаб ўтиб, дарвозанинг юқори ўнг бурчагини аниқ мўлжалга олаверарди...»

Бизнингча, ёш ярим ҳимоячи нима деяётганини яхши билади. Негаки, у Месси тўп билан қандай мўъжиза кўрсата олишини бевосита кузатган инсон.

«Месси - ажойиб футболчи. Мен унинг ёмғирли об-ҳавода ҳам, куннинг жазирама вақтида ҳам қандай ҳаракат қилишини кўп кўрганман, - дейди Суарес. - У агар бирор нарсани амалга оширмоқчи бўлса, ҳар қандай жойда, ҳар қандай вақтда ниятига етади. Леони исталган жамоага жойлаб қўйинг - у ўша клубнинг энг яхши футболчиси бўлади. У шунингдек, инглиз жамоаларига қарши ҳам одатдагидек тўп сураверади». Ўйлашимизча, «одатдагидек» таърифи Месси учун бироз камдек. Ўтган сешанба куни Денис Суарес «Этиҳад» стадионида бир қатор эски танишлари - Пабло Сабалето, Серхио Агуэро ва Давид Сильвалар билан кўришди. Дениснинг синглиси Сулай ҳам ўша куни стадионда эди. Умуман олганда, Денис Суарес 17 ёшлигида илк бор келиб қўшилган жамоаси - «Манчестер Сити» билан яна тўқнаш келиб турибди. «Шаҳарликлар» сафидан кетганига эса уч йил тўлди. Бу вақт мобайнида футболчининг ҳаётида шунчалик кўп воқеалар бўлиб ўтдики, тасаввурга сиғмайди. Дейлик, Денис эндигина 22 ёшга тўлди. Ўтган уч йил ичида эса у «Сельта»-«Сити»-«Барселона»-«Севилья»-«Вильярреал»-«Барселона» маршрути бўйлаб «саёҳат» қилиб чиқишга улгурди. Табиийки, бу орада «Этиҳад»да ҳам кўп нарсалар ўзгарди. Роберто Манчини ўрнини аввалига Мануэль Пеллегрини эгаллади, айни пайтда эса жамоани Пеп Гвардиола бошқармоқда. Бир сўз билан айтганда, ҳозирги «Сити» - Денис Суаресни харид қилган ўша клуб эмас.

Аслини олганда, жамоанинг стратегияси Суарес ўша ерда бўлган чоғлардаёқ ўзгара бошлаган эди. Бироқ амалий ишлар анча кейинроққа сурилди. Аниқроғи, Денис 2013 йили «шаҳарликлар» сафидан кетди. Ферран Сориано ва Чики Бегиристайнлар эса жамоада иш бошлашганига атиги икки ойгина бўлганди. Мазкур мутахассислар учун энг керакли мураббийни олиб келиш эса уч йилга чўзилиб кетди. Гап Гвардиола ҳақида кетаётганини пайқаган бўлсангиз керак. Ўз навбатида, Денис Суарес «Барселона»да ҳам кутилганидан анча эртароқ пайдо бўлиши мумкин эди. Чунончи, каталонияликлар Суареснинг трансфери борасида «Сельта»га 2011 йили мурожаат қилишган. Бироқ ўшанда ярим ҳимоячини кузатиб юрган «Манчестер Сити» вакиллари Денис учун шундай миқдордаги маблағ таклиф қилишдики, оқибатда кельтлар хурсандчилик билан трансферга розилик билдиришди. Таъкидлаш лозим, «Сельта»нинг аксарият ишқибозлари Дениснинг сотилиши клуб бюджетини инқироздан қуқариб қолгани ҳақида ҳалиям гапириб юришади. Шу тариқа, Суарес Манчестерга келиб қолди. Бироқ очиғини айтганда, бу шаҳарда керагидан кўра анча эртароқ пайдо бўлиб қолганди.

«Биласизми, мен ўйнаган вақтларда «Манчестер Сити» Англиянинг оддийгина жамоаси эди. Ҳозир эса клуб дунёга машҳур брендга айланди», - дейди Денис. Уни хафа қиладиган энг ёмон ҳолат - клубнинг ўша вақтлардаги ёшлар билан ишлаш сиёсати эканини яширмайди.
«Мен «Сити» сафига қабул қилинганимдан сўнг жамоа билан АқШдаги турнега йўл олдик. Ўйлашимча, машғулотлар ва ўйинлардаги ҳаракатларим Манчинини тўла қаноатлантирди, - дея эслайди у. - Роберто айтдики, мен бундай ҳаракат ва интилишим билан, шубҳасиз, премьер-лигада дебютимни узоқ кутмайман ва жамоани етарлича кучайтира оламан. Бироқ сафар тугаб, Англияга қайтганимиздан сўнг негадир мени клубнинг ёшлар жамоасига ўтказиб юборишди. Энг ёмони, ўринбосарлар таркиби устози Энди Уэлш мен ҳақимда умуман ҳеч нарса билмасди ва шу сабабли, анча пайтгача ўйин амалиётисиз қолиб кетдим».

Суарес ўша пайтларни ёшига номуносиб хотиржамлик билан эслайди. Ваҳоланки, юқоридаги кўнгилсизлик аксарият ёш иқтидорларни бутунлай «синдириб» қўйиши ҳеч гап эмасди.

«Мени ҳамон бир нарса ҳайрон қолдиради: асосий жамоада, мен тўп сурадиган позицияда бўйи икки метрли футболчи тўп сурарди. Унинг ютуғи шундаки, у мендан кўра жисмонан бақувват эди. Шундан сўнг ҳолатни муҳокама қилиш учун «Сити»нинг Испания бўйича скаутлари - Дэвид, Гэри Кук ва Брайан Марвудлар ҳузурига йўл олдим ва уларга ҳолат ўзгармаса, бу ерда ортиқ қолмаслигимни айтдим. Негаки, мен азбаройи шу клуб сафига ўтиш учун уйимни, яқинларимни ташлаб келгандим». Аксарият клублар бундай вазиятда айбни дарҳол ёш футболчига ағдаришади: «О, бу болакай катта йигит бўлиб қолибди!», аммо «Сити»дагилар Суареснинг арзига қулоқ тутишди.

«Шу воқеадан сўнг ҳаммаси бирдан ўзгарди, - дейди Денис. -Мен бош жамоа машғулотларида иштирок эта бошладим, лекин ҳамон ёшлар таркиби рўйхатида туриб, ўйинларда майдонга тушдим. Хуллас, биринчи мавсум кўнгилдагидек ўтди. Асосийси, Манчини Лига кубоги доирасида дебютимни нишонлашимга имкон яратиб берди. Бир неча бор чемпионат баҳсларида захирага киритилдим. Иккинчи мавсум бошида ҳолат янада яхшироқ томонга ўзгаришига умид қилгандим. Аммо кутилмаган жароҳат барча ниятларимни чиппакка чиқарди. Кейин эса Пеллегрини «Сити» бош мураббийи этиб тайинланди. Шундан сўнг мен жамоадан кетишга қарор қилдим». Ўшанда «шаҳарликлар» билан тузилган шартнома якунланишига бир йил қолганди. «Барселона» эса ҳамон ундан умидини узмаганди. Аммо ҳамкорликнинг вақти-соати шу йил ёзига тўғри келди: каталонияликлар 3,5 миллион сарфлаб, Денисни ниҳоят, сафларига қўшиб олишди.

«Тўғрисини айтсам, «Барселона»ни биринчи бор тарк этаётганимда ҳам, қачондир бу ерга албатта, қайтишимни кўнглим сезганди. Мана, ўша кунлар етиб келди ва мен энди асосий таркибдан ўрин олиш учун курашишим керак. Ишонаманки, бу ерда ҳали узоқ қоламан ва жамоанинг совринлар ютишига ўз ҳиссамни қўшаман».

Эътиборлиси, замонавий жамоаларнинг аксарияти «Барселона» услубини ўзлаштиришга интилмоқда ва «Манчестер Сити» ҳам шулар жумласидан, албатта.

«Барса» - ҳар қандай клуб учун идеал намуна ва ҳамма биздек ўйин кўрсатишни истайди, - дейди у. Бироқ ўша «ҳамма жамоалар» буни уддалай олишармикан? -Ҳа энди, уриниб кўришлари мумкин. «Барса» ҳам бир кунда шу даражага чиқмаган. Маълум бир йўналишни ўйлаб топиш, клуб академиясини мана шу ғоя асосида тарбиялаш учун йиллар талаб қилинади. «Сити» ҳам айни пайтда шу босқичда турибди. Мен у ерда бўлганман, ҳаммасидан хабарим бор: «шаҳарликлар» менга ривожланишнинг ўзлари танлаган йўлини кўрсатишган. Муҳими, «Сити»нинг ҳам ўз структураси ва имкониятлари бор. Мана, энди эса, буларни амалга оширишни уддалайдиган мураббий ҳам бор».

«Пеп ёш футболчиларга етарлича имконият беради. Мен Манчестерда бўлган пайтларда эса бироз бошқачароқ эди. Яъни, кимнинг жисмоний кўрсаткичлари юқори бўлса, ўша майдонга тушарди. Шунингдек, ўринбосарлар таркиби ҳам фақат узоқ масофаларга йўналтириладиган узатмаларга эътибор берарди. Аттилио Ломбардо филиал бошқарувини қўлга олгач, биз салгина бошқачароқ ўйнашни бошладик. Аммо фарқ сезиларли даражада катта эмасди. Асосий жамоанинг ҳозирги ўйинига гап йўқ - Пеп жамоа фалсафасини ўзгартира олди. Ҳа, «Сити» Пеллегрини даврида ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатарди, лекин ҳозир тўп назоратига эътибор янада кучайди».

«Барселона»да эса бу - туғма сифат. Айни масалада фикрлар турлича. Суарес эса ҳаммасини оддийгина қилиб тушунтиришга уринади.

«Барселона» позицион ўйин кўрсатади. Жамоадаги ҳар бир ўйинчи шеригининг майдондаги ўрнини ҳурмат қилади. қачонки, бир футболчига тўп келиб тушса, унинг ёнида тўпни қабул қилишга тайёр икки футболчи пайдо бўлади. қисқаси, бизда тўпни узатиш учун доим вариантлар топилади, - дейди у столда позицияларни кўрсатиб. -Бир киши мана бу ерда, иккинчиси бу ерда. Учинчи футболчи эса тахминан, мана бу ўринда бўлади».

«Бу - бизнинг футбол ва сиз уни ҳурмат қилишга мажбурсиз. Агар позициялар бўйича ўйинимизни тўғри тушуна олсангиз, демак, сизда бизга қарши туриш учун имкониятлар туғилади. Жамоамиз доимо фалсафамизни акс эттирадиган 4-3-3 чизмаси бўйича ҳаракат қилади. Ёдимда, «Барселона Б»га янги келган пайтимда мен марказда тўп сурардим ва бутун майдон бўйлаб лўкиллаб югураверардим. Шунда Эусебио Сакристайн мени ёнига чақириб, майдонни бир неча квадратларга чизиб кўрсатди ва шундай деди: «Мана бу - сен ҳаракат қиладиган ҳудуд. Ўзингни бўш қўйиб, ўша ерда қол. Тўпнинг ўзи сени қидириб топади. қачонки, тўп сенга етиб келса, кейин ҳаракат қил».

«Барса»да ҳамма ўйинчилар ўта маҳоратли. Масалан, марказий ҳимоячи мана бу ергача келиши мумкин, - дейди Суарес столда бармоғи билан расм чизиб. - Ва шу ерга етиб келгач, тўпни олдинга узатади. қарабсизки, таянч ярим ҳимоячилар тўпни эгаллаш учун дарвоза яқинига келишлари шарт эмас. Хуллас, сиз ўз ҳудудингизда кутиб турсангиз, тўп ўзи сизни топиб келаверади. Бундай футбол жуда осон. Кўряпсизми, бу усулда тўпнинг тезлиги жуда ортади. Тезлик эса футболчининг фикрлаш қобилиятини ўстиради».

Албатта, бундай услубда ижрочилар ҳам ўта маҳоратли бўлишлари лозим. Худди, Иньеста каби.

«Баъзида менга шундай туюладики, Андреас худди майдонда оёғи майсага тегмай ҳаракат қилаётгандек». Ёки унинг адаши - Луисни олайлик: «Рақиблар сизни прессинг қила бошлашганида, имкон қадар тўпдан тезроқ қутулгингиз келади. Луис эса аксинча, уч-тўрт нафар рақиб қуршовига ёриб кириб, тўпни жамоада сақлаб қолишга интилади», - дейди Суарес.

«Барса»да ҳар доим турли ҳужумчилар бўлишган: Ибра, «ёлғон тўққизлик» ролидаги Лео, Фабрегас. Энди эса таркибда мавсум давомида 50тадан гол уришга қодир Луис Суаресдек форвард ҳам бор. Лекин Денис учун энг моҳир ҳужумчи - ёмғирли чоршанба оқшомида Манчестерга келиб, уч нафар ҳимоячини осонликча доғда қолдириб, дарвозанинг олис паст бурчагидан «тирқиш» топиб, гол урадиган инсондир. Сезгандирсиз, гап «Сити» дарвозасига «Барса»нинг сафардаги ягона голини урган Месси ҳақида кетмоқда...


И.РАҲИМОВ тайёрлади

Рейтинг: +7   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика