Бразилия — Аргентина ўйини қайта ўтказилади

Оқил Абдубарноев
14 фев 2022, 21:42
ФИФА тартиб-интизом қўмитаси 5 сентябрь куни бўлиб ўтиши керак бўлган Бразилия ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ-2022 саралаш ўйини бўйича ҳукм чиқарди.

Унга кўра, учрашув такроран ўтказилади. Ўйин санаси ва ўтказиладиган ҳудудни ФИФА белгилайди. Бундан ташқари, тартиб-интизом қўмитаси ўйиннинг бекор қилинишига уни ташкил этишда иштирок этаётган томонларнинг иш сифати етарли эмаслиги сабаб бўлган, деган қарорга келди. Шу муносабат билан қуйидаги қарорлар қабул қилинди:

1. Бразилия футбол федерацияси тартиб ва хавфсизлик билан боғлиқ қоидабузарликлар учун 500 минг Швейцария франки (тахминан 477 минг евро) жаримага тортилди;

2. Аргентина футбол ассоциацияси тартиб ва хавфсизлик, ўйинга тайёргарлик ва иштирок этиш бўйича мажбуриятларни бажармагани учун 200 000 Швейцария франки (тахминан 190 000 евро) миқдорида жаримага тортилди;

3. Учрашув бекор қилингани учун Бразилия футбол федерасияси ва Аргентина футбол ассосиасияси 50 минг Швейцария франки (деярли 48 минг евро) тўлайди;

4. Аргентина терма жамоаси футболчилари Эмилиано Буэндия, Эмилиано Мартинес, Джовани Ло Чельсо ва Кристиан Ромеро ФИФА таснифида ўтказилган 2 та ўйинга дисквалификация қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Бразилия ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги ўйин 4-дақиқада тўхтатилганди, чунки Бразилия расмийлари Аргентина терма жамоасининг 4 нафар футболчиси (Буэндия, Мартинес, Ло Чельсо ва Ромеро) қоидабузарликлар эвазига мамлакат ҳудудига кирган деб ҳисоблаганди.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: fifa.com