“Бир футболчи тарихи”. Мессининг бутсаларини дўстига бериб юборган Маркус Тюрам ҳақида
13 янв 2021 13:04
Янгиликлар
“Бир футболчи тарихи”. Мессининг бутсаларини дўстига бериб юборган Маркус Тюрам ҳақида
Футболда эса кўп ҳоллатда бунга дуч келмаймиз. Зинедин Зиданнинг ўғли Лука Зидан дарвозабон масалан.
2000 йилларнинг бошларида футболга қизиққан мухлислар Лилиан Тюрамни яхши танишади. Марказий ҳимоячилар орасида ўз даврининг энг яхшиларидан бири. Тюрам ўз вақтида ТОП даражадаги ҳимоячи бўлган. Унинг ўғли ҳам футболчи. Бугун биз “Боруссия Мёнхенгладбах” сафида ҳаракат қилаётган иқтидор билан танишамиз. “Отам ва укам Кефрен билан фақат футбол ҳақида сўзлашаман. Бу бизни бирлаштиради. Балки бу касбни отам ва унинг унутилмас фаолияти сабабли танлагандирмиз. Масалан, шифокорлар оиласидаги болаларда тиббиётга оид кўникма пайдо бўлади ва улар кейинчалик ота-оналарининг касбини танлашга интиладилар. Спортда ҳам худди шундай ҳолат юз беради. Кўплаб нарсалар мен ва Кефрен учун сир бўлмай қолганди. Шу сабабли, бошқаларга нисбатан биз учун бу борада осон бўлганди. Отам футбол ўйнаганлиги ва шу соҳада муваффақиятга эришганлиги туфайли футболчи бўлдим, дея оламан (кулади)” – дейди қаҳрамонимиз ўз интервьюларидан бирида.
Маркус Тюрам – ким ўзи у?
Ёш футболчи айни вақт Франция терма жамоаси аъзоси бўлса-да, аслида Италиянинг Реджо-нел-Эмилия шаҳрида туғилган. 1997 йилнинг 6 августида туғилган футболчи “Олимпик” ва “Булон” болалар жамоасида футбол ўйнашни бошлади. 2012 йилдан бошлаб “Сошо” жамоасининг ёшлар жамоасида фаолиятини бошлади.
Клублардаги фаолияти ҳақида
2015 йилда “Сошо”нинг асосий жамоасида дебют қилди. Футболчи клубда 2 йил ҳаракат қилди ва жами 43 та ўйинда 1 та гол уришга муваффақ бўлди.
2017 йилнининг июл ойида эса футболчи “Генгам” сафига кўчиб ўтди. Бу трансфер суммаси очиқланмаган. Ушбу жамоада ҳам “Сошо”даги каби 2 йил ҳаракат қилди ва 72 учрашувни ўтказди. 17 гол муаллифига айланган Тюрам яна клубини ўзгартирадиган бўлди.
2 йил ўтгач, 2019 йилнинг июлида эса Маркус Тюрам 12 миллион евро эвазига “Боруссия Мёнхенгладбах ”га кўчиб ўтди. Жамоа футболчи билан 4 йиллик шартномага имзо чекди. Ушбу жамоага қандай ўтгани, бу вариант қай тарзда юзага келгани ҳақида сўрашганида: “Ушбу клуб вакиллари билан гаплашганимдан сўнг “Боруссия”нинг ўйин услуби борасидаги фикрларимиз ҳамоҳанг эканлигига амин бўлдим. Биз тезда тил топишдик, менга жамоа устози Марко Розенинг ғоялари ёқди. У мени қайси чизиқда кўришни истаётганлигини айтди. Шу боис, қайси клуб таркибига йўл олаётганлигим, қандай ўйнашим лозимлигини жуда яхши билардим” – деб жавоб берган эди.
Бундеслигади илк бор “Фортуна Дюссельдорф”га қарши ўйинда гол киритди. Футболчи ЕЧЛдаги дебют ўйинини 2020 йилнинг 21 октябр куни ўтказди ва пеналтидан гол уриб жамоасининг 1 очко олишига ёрдам берди. “Реал Мадрид” билан бўлган ўйинда эса дубл муаллифи бўлди.
Терма жамоадаги фаолияти ҳақида
Маркус Франциянинг ёшлар жамоасида ҳаракат қила бошлади. Терма жамоа билан икки бор Европа чемпионатида иштирок этди. 2015 йилги чемпионатдан фарқли равишда 2016 йилги Европа чемпионатида ўз ёш тоифасида чемпион бўлди.
Болаларга хос ҳарактер?
Маркус Тюрамнинг жамоадоши Рами Бансебайни қаҳрамонимизнинг ёш болаларга хос ҳарактери борлигини таъкидлаган. Тюрамнинг ўзи эса бу ҳақда шундай дейди: “Унинг нима учун бундай деганлигини биламан. Навбатдаги ўйинда майдонга тушиб, мағлубиятга учрасак, жаҳлим чиқади. Нафақат майдон, балки унинг ташқарисида ҳам анча ҳиссиётга берилувчанман (кулади). Ўйин якунлаганидан кейин фикримни жамлаб, нима учун ёмон ўйнаганлигимни муҳокама қиламан. Шундагина ўзимни яхши сезишим мумкин”.
Мессининг бутсалари
Аргентиналик Лионел Месси Тюрамга ўз бутсаларини совға қилган. Маркуснинг ўзи бу ҳақида: “Бир куни Месси менга ўз бутсаларини совға қилган. Отам каталонияликлар таркибида тўп сурганида, жамоанинг бошқа футболчилари сингари Мессини ҳам ҳар куни кўрганман. Ўшанда улар мен учун отамнинг жамоадоши сифатидаги оддий одамлар эди. Лилиан Тюрам қандай буюк футболчилар билан ўйнаганлигини билганимда, уларнинг бутсалари коллекциясини йиғиб, кўзга кўринарли жойда сақлаган бўлардим (кулади). Бир синфдошим Месси менга бутсаларини совға қилганини эшитгач, уларни совға қилишимни сўрайвериб, жонга тегиб кетди ва ахийри, безор бўлиб, унга ўша бутсаларни бердим. Мессининг айни пайт футбол оламида қандай обрўга эга эканлигини жуда яхши биламан ва ҳозир ўша бутсаларни мактабдош дўстимга бермаган бўлардим. Аммо болалигингда буларни тушунишга ақлинг етмас экан” – дея хотирлайди.
Рақибининг юзига тупуриш
Маркус Тюрам Германия чемпионатининг 13-туридан ўрин олган “Ҳоффенҳайм”га (1:2) қарши ўйинда рақиб футболчиси Стефан Пошнинг юзига тупурган эди. Футболчи ушбу ҳаракати учун майдондан четлатилди ва камчиликда қолган “Боруссия” сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб, мағлуб бўлди. “Бугун менинг феъл-атворимга мутлақо тўғри келмайдиган ва ҳеч қачон бўлмаслиги керак бўлган ҳолат юз берди. Рақибимнинг ҳаракатларига нотўғри муносабат билдирдим. Бу қасддан эмас, тасодифан содир бўлди. Барчадан кечирим сўрайман: Стефан Пош, рақиб ўйинчилари, жамоадошларим, оила аъзоларим ва ушбу воқеага гувоҳ бўлган ҳар кимдан. Албатта, ўз ҳаракатларимнинг ҳар қандай оқибатларини қабул қиламан” – дея фикр билдирган эди ўйиндан сўнг.
Футболчилар тарихини ўқиб ўрганиш қизиқ. Бугун машҳур футболчининг ўғли ҳақида нималарнидир билиб олдингиз. Афсонавий футболчининг ўзи билан ҳам танишамиз бирор кун. Зеро, янги авлод вакиллари учун янгилик, катта авлод футбол мухлисларига эса носталгиа бўлади.
Оғабек Самисов тайёрлади
Фикрлар