UZ

Сўнгги янгиликлар

11:10Париж-2024. Рекордлар ва статистика  0 10:59«Барселона» Европа чемпионларининг трансфери учун катта таваккал қилади  2 10:32Месси «Интер Майами» сафида нечта ўйин ўтказиб юбориши маълум  1 10:04Ўзбекистонлик яна бир футболчи легионерга айланди  8 09:25«Нефтчи» Азизбек Амонов билан неча йиллик шартнома тузгани маълум  5 08:57«Ал Иттиҳод» «Ман Сити» афсонаси билан шартнома тузишга яқин  5 08:30Алекс Фергюсон Роналду ва Месси ҳақида ажойиб фикр билдирди  23 08:02МЮ яна бир топ ҳимоячи билан келишувга эришди  3 07:35«Андижон» икки нафар футболчиси билан хайрлашди  3 01:48Галлахер "Атлетико"га ўтишни хоҳламоқда  1 01:25"Ювентус" Йилдизни қўйиб юборишни хоҳламаяпти  1 00:57"Атлетико" "Челси" ўйинчисининг трансфери бўйича ишларни бошлаб юборди  1 00:29Игорь Сергеев ҳаракат қилаётган "Патум Юнайтед" жамоаси ўртоқлик ўйинида ЕЧЛ финалчиси "Боруссия"ни тор-мор келтирди!  6 23:55"Барселона" "Манчестер Сити" футболчисини ижарага олмоқчи  3 23:27Жамшид Саидов: "Бизда юқори мақсадлар йўқ, вазифа ўтган мавсумдан кўра яхшироқ иштирок этиш"  1

2023 йилда ўтказиладиган халқаро футбол мусобақалари Янгиликлар

2023 йилда ўтказиладиган халқаро футбол мусобақалари

Қуйида 21 та йирик турнир ҳақида маълумот берамиз.

Ушбу турнирларнинг аксарияти юқорида айтиб ўтилган сабабларга кўра 2023 йилга кўчирилди.

Қуйидаги мақолада жорий йилда ўтказиладиган эркаклар ўртасидаги футбол турнирларини санаб ўтамиз.


1. Африка Миллатлар Чемпионати-2022 


Африка Футбол Конфедерацияси (CAF) томонидан ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Ушбу мусобақа 7-бор ўтказилмоқда. 

Мусобақада айни пайтда фақатгина ўз маҳаллий лигаларида ўйнаётган футболчилардан иборат терма жамоалар иштирок этади.

Ушбу турнир 2023 йилнинг 13 январидан 4 февралига қадар Жазоирда бўлиб ўтади.

Дастлаб турнир 2022 йилнинг 10 июлидан 1 августига қадар ўтказилиши режалаштирилганди, аммо кейинчалик мусобақа ижроий қўмита йиғилишида 2023 йилнинг январига кўчирди.

CAF бунга сабаб сифатида 2020 йилги турнир 2021 йилга, шунингдек, 2021 йилги турнир 2022 йилга қолдирилганини (Африкадаги COVID-19 пандемияси туфайли) келтирди.

Шунингдек, бундай қарорга келинишида 2022 йилнинг ноябридан декабригача бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳам инобатга олинган.


2. U-20 Жанубий Америка чемпионати 


20 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Жанубий Америка чемпионати жорий йил 30-маротаба ўтказилади.

Турнир ҳар икки йилда бир маротаба CONMEBOL томонидан Жанубий Американинг 20 ёшгача бўлган терма жамоалари ўртасида ўтказилади.

Навбатдаги мусобақа 2023 йилнинг 19 январидан 12 февралига қадар Колумбияда бўлиб ўтади.

Ушбу турнирда энг иқтидорли Жанубий Америка футболи ёшлари иштирок этишади.

2023 йилги Жанубий Америка U-20 чемпионати иккита халқаро мусобақага саралаш босқичи сифатида хизмат қилади:

- Энг яхши 4 та жамоа CONMEBOL вакиллари сифатида Индонезияда бўлиб ўтадиган 2023 йилги U-20 Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.

- Энг яхши 3 та жамоа 2023 йилги Панамерика ўйинлари иштирокчисига айланаи - Чили автоматик равишда мезбон сифатида иштирок этади.

Эквадор эса амалдаги чемпион ҳисобланади.


3. Либертадорес кубоги


Либертадорес кубоги CONMEBOL томонидан ташкил этилган Жанубий Американинг клублар ўртасидаги асосий футбол турнири ҳисобланиб, турнир 64-марта 2023 йилнинг 7 февралидан 11 ноябрига қадар ўтказилади.

Мусобақада CONMEBOLга аъзо 10 та давлатдан 47 та жамоа иштирок этади.

Ушбу Либертадорес кубогида ғолиб чиққан жамоа 2024 йилги Судамерикана cуперкубогида 2023 йилги Судамерикана кубоги ғолибларига қарши беллашиши ҳуқуқини қўлга киритади.

Шунингдек, ғолиб жамоа автоматик равишда 2024 йилги Либертадорес кубоги гуруҳ босқичига йўл олади.

Эслатиб ўтамиз, Бразилиянинг "Фламенго" клуби амалдаги чемпион саналади.


4. U-17 CONCACAF чемпионати

U-17 CONCACAF чемпионати CONCACAF томонидан 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида ўтказилади.

8-маротаба бўлиб ўтаётган турнирга 2023 йилнинг 11-26 февраль кунлари Гватемала мезбонлик қилади.

Энг яхши 4 та жамоа CONCACAF вакиллари сифатида 2023 йилда Перуда бўлиб ўтадиган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига автоматик равишда йўлланмани қўлга киритади.


5. U-20 Африка Миллатлар кубоги


U-20 Африка Миллатлар кубоги ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Ёшлар ўртасидаги мусобақа 17-бор (агар мезбонларсиз турнирлар ҳисобланадиган бўлса, 24-марта) ўтказилмоқда.

Ушбу турнирга 2023 йилнинг 18 февралидан 12 мартига қадар Миср мезбонлик қилади.

Унда 12 та давлат иштирок этади ва энг яхши 4 та жамоа ўша йили Индонезияда бўлиб ўтадиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.

Гана амалдаги чемпион ҳисобланади, аммо улар ушбу турнирда қатнаша олмагани туфайли чемпионлик унвонини ҳимоя қила олмайди.


6. U-20 Осиё кубоги

U-20 Осиё кубоги Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) томонидан Осиёнинг 20 ёшгача бўлган ёшлар терма жамоалари ўртасида ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилиб, ушбу турнир 41-си бўлади.

Шу билан бирга, ушбу мусобақа 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги турнир сифатида илк бор ўтказилади, чунки ОФК турнирни 2023 йилдан бошлаб U-19 ёш тоифасидан U-20'га ўтказишни таклиф қилганди.

Бундан ташқари, COVID-19 пандемияси туфайли 2020 йилги U-19 Осиё чемпионати бекор қилинганди, шу боис Ўзбекистон 2023 йилги турнирга мезбонлик ҳуқуқини сақлаб қолади.

Мусобақа 2023 йил 1 мартдан 18 мартгача бўлиб ўтади ва унда 16 та жамоа қатнашади.

Ёшлар ўртасидаги ушбу нуфузли футбол мусобақасида осиёлик ёш футбол иқтидорлари иштирок этади.

Турнирда энг яхши тўртта жамоа 2023 йилда Индонезияда бўлиб ўтадиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.

Саудия Арабистони амалдаги чемпион саналади - араб мамлакати 2018 йил чемпионликни қўлга киритган.


7. Судамерикана кубоги


Судамерикана кубоги CONMEBOL томонидан ташкил этилган Жанубий Американинг иккинчи даражали клуб футбол турнири бўлиб, 22-маротаба ўтказиладиган турнир 2023 йилнинг 7 мартидан бошланади ва 28-октябрда якунланади.

2023 йилги Судамерикана кубоги ғолиблари 2024 йилги Судамерикана суперкубогида 2023 йилги Либертадорес кубоги ғолибларига қарши беллашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Шунингдек, ғолиб жамоа автоматик равишда 2024 йилги Либертадорес кубоги гуруҳ босқичига йўлланма соҳиби бўлади.

"Индепендиенте" амалдаги титул соҳиби саналади, аммо улар 2023 йилги Либертадорес кубоги гуруҳ босқичида Судамерикана кубоги чемпиони сифатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганлари сабабли Либертадорес кубогининг гуруҳ босқичида учинчи ўринни эгаллаган тақдирдагина ўз унвонини ҳимоя қила олади.


8. U-17 Жанубий Америка чемпионати


17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Жанубий Америка чемпионати Жанубий Американинг 17 ёшгача бўлган ўсмирлари ўртасида CONMEBOL томонидан икки йилда бир марта ўтказилиб, 19-турнир Эквадорда 2023 йилнинг 30 мартидан 23 апрелига қадар бўлиб ўтади.

Худди аввалги мусобақалар сингари ушбу турнир ҳам 2023 йилги U-17 Жаҳон чемпионатига CONMEBOLда саралаш босқичи вазифасини ўтайди.

Турнир сўнггича етиб келган тўртта жамоа 2023 йил Перуда бўлиб ўтадиган U-17 Жаҳон чемпионатига CONMEBOL вакиллари сифатида йўл олади. Шунингдек, мезбон Перу ҳам автоматик тарзда мундиалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Агар Перу кучли тўртликдан жой олса, бешинчи ўринни эгаллаган жамоа ҳам 2023 йилги U-17 Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқади.

Аргентина амалдаги чемпион ҳисобланади.


9. U-17 Африка Миллатлар кубоги


U-17 Африка Миллатлар кубоги 17 ва ундан кичик ёшдаги Африка футболчилари иштирокида икки йилда бир марта ўтказилади. 15-турнирга эса Жазоир мезбонлик қилади. Унда 12 та жамоа кураш олиб боради, энг яхши 4 та жамоа 2023 йилда Перуда бўлиб ўтадиган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.

Камерун амалдаги чемпион ҳисобланади, жамоа 2019 йилги турнирда ғалаба қозонди. 2021 йилги мусобақа эса бекор қилинганди.


10. УEФА Ёшлар лигаси финали


Ёшлар Лигаси УEФА томонидан ташкил этилган Европа ёшлар клублари иштирок этадиган футбол мусобақаси ҳисобланади.

9-бор ташкил этиладиган турнир финали 2023 йилнинг 24 апрель куни Швейцариянинг Ньон шаҳридаги "Коловрей" стадионида бўлиб ўтади.


11. 2022 йилги Осиё Чемпионлар лигаси финали


2022 йилги Осиё Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичи жорий йилга кўчирилганди. ОФК томонидан ташкил этилган Осиёнинг клублар ўртасидаги асосий футбол турнири 41-маротаба, “Осиё Чемпионлар Лигаси” номи остида эса 20-маротаба ўтказилмоқда. 

Плей-офф босқичида “Насаф” клуби Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.


12. U-17 Европа чемпионати


17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Европа чемпионати УEФА томонидан Европанинг 17 ёшгача бўлган ўсмирлари ўртасида ўтказилади. 2023 йилнинг 12 майидан 4 июнига қадар 20-бор ўтказилаётган мусобақага Венгрия мезбонлик қилади.

Турнирда жами 16 та жамоа иштирок этади, бунда 2006 йилнинг 1 январида ёки ундан кейин туғилган футболчилар қатнашиши мумкин.


13. U-20 Жаҳон чемпионати


U-20 Жаҳон чемпионати 2023 йилда энг кутилган футбол мусобақаларидан биридир.

Ушбу ёшлар мусобақасида 20 ёшгача бўлган ёшлар терма жамоалари иштирок этади ва ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади. 

Индонезия 23-бор ўтказилаётган мусобақага мезбонлик қилади. Кичик мундиал 2023 йилнинг 20 майидан 11 июнига қадар ўтказилади. Турнирда 24 та мамлакат терма жамоалари (6 та конфедерациядан) иштирок этади.


14. Европа лигаси финали


Европа Лигаси УEФА томонидан ташкил этилган Европанинг иккинчи даражали клублар футбол турнири ҳисобланиб, 52-маротаба, турнир номи УEФА кубогидан Европа лигасига ўзгартирилганидан бери эса 14-маротаба ўтказилади.

Мусобақанинг ҳал қилувчи учрашуви 2023 йилнинг 31 май куни Венгрия пойтахти Будапештдаги "Пушкаш Арена"да бўлиб ўтади.

Ғолиб жамоа 2023 йилги УEФА Суперкубогида 2022/23 йилги УEФА Чемпионлар Лигаси ғолибига қарши беллашиш ҳуқуқини қўлга киритади.


15. УЕФА Конференция лигаси финали


Европа Конференция лигаси УEФА томонидан ташкил этилган янги турнир бўлиб, жорий мавсум 2-бор ўтказилмоқда.

Мусобақа финали 2023 йилнинг 7 июнь куни Чехиянинг Прага шаҳридаги "Фортуна Арена"да ўтказилиши режалаштирилган.


16. УЕФА Чемпионлар лигаси финали


Чемпионлар Лигаси УEФА томонидан ташкил этилган Европанинг етакчи клублари иштирок этадиган футбол турнири саналиб, жорий мавсум 68-марта ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу турнир ўз номини Европа чемпионлар кубогидан УEФА Чемпионлар лигасига ўзгартирганидан бери 31-си бўлади.

Финал баҳси 2023 йилнинг 10 июнь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади.

Ғолиб жамоа 2023 йилги УEФА Суперкубогида 2022/23 йилги Европа лигаси ғолибига қарши майдонга тушиш ҳуқуқини қўлга киритади.


17. Осиё кубоги-2023


Осиё кубоги ОФК томонидан ташкил этиладиган эркаклар ўртасидаги тўрт йиллик футбол мусобақаси саналади.

18-маротаба ўтказиладиган қитъа турнирида 24 та терма жамоа иштирок этади ва Қатар (амалдаги чемпион) унга мезбонлик қилади.

Бироқ турнирнинг ўтказилиш санаси номаълумлигича қолмоқда, чунки мусобақа дастлаб Хитойда 2023 йилнинг 16 июнидан 16 июлига қадар ўтказилиши режалаштирилганди. Аммо COVID-19 пандемияси ва Хитойнинг “Zero-COVID” сиёсати сабабли мамлакат турнирни қабул қилолмаслигини билдирди.

17 октябрь куни ОФК мусобақа Қатарда ўтказилишини эълон қилди.

Осиё кубоги 1988 ва 2011-йиллардан кейин учинчи марта ушбу мамлакатда ўтказилади.

Форс кўрфази минтақасида ёзда ҳаво ҳарорати юқори бўлганлиги, бундан ташқари, Қатар яқинда Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилгани сабабли турнир 2023 йилнинг ўрталаридан 2024 йилнинг бошларига кўчирилиш эҳтимоли юқори бўлиб турибди.


18. U-21 Европа чемпионати


U-21 Европа чемпионати 2023 йилда томоша қилинадиган яна бир қизиқарли футбол турнири ҳисобланади.

УEФА томонидан Европанинг 21 ёшгача бўлган ёшлари ўртасида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган мусобақанинг финал босқичида жами 16 та жамоа иштирок этади.

24-бор ўтказиладиган қитъа мусобақаси 2023 йил 21 июндан 8 июлга қадар давом этади.

Турнирга Руминия ва Грузия мезбонлик қилади. Руминия очилиш ўйинига мезбонлик қилса, Грузия финални қабул қилади.

Руминия бундан аввал ҳам 1998 йил мусобақага мезбонлик қилган.

Жорий йилги турнир Париж Олимпиадасига саралаш вазифасини бажаради.

Эслатиб ўтамиз, Германия ёшлари амалдаги чемпион саналади.


19. U-19 Европа чемпионати


19 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Европа чемпионати УEФА томонидан Европанинг 19 ёшгача бўлган ёшлар терма жамоалари ўртасида ўтказилиб, жорий турнир 20-си бўлади.

Мальта 2023 йилнинг 3 июлидан 16 июлига қадар турнирга мезбонлик қилади.

Қитъа беллашувларида 8 та жамоа иштирок этади, Англия амалдаги чемпион саналади.


20. УЕФА Суперкубоги


48-бор ўтказиладиган УEФА Суперкубогида клублар ўртасидаги Европанинг энг яхши икки мусобақаси — УEФА Чемпионлар Лигаси ва УEФА Европа Лигасининг амалдаги чемпионлари ўзаро беллашади.

Мусобақа Россиянинг Қозон шаҳридаги “Ак Барс Арена”да 2023 йилнинг 16 август куни бўлиб ўтиши режалаштирилганди. Бироқ  2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб киргани сабабли турнир ўтказиладиган жой ҳозирча ноаниқ ва УEФА муқобил вариантларни кўриб чиқмоқда.


21. U-17 Жаҳон чемпионати


U-17 Жаҳон чемпионати ҳар икки йилда бир маротаба 17 ёшгача бўлган миллий терма жамоалар иштирокида ўтказилади. 19-халқаро турнир 2023 йилнинг 10 ноябридан 2 декабрига қадар Перуда бўлиб ўтади.

COVID-19 пандемияси туфайли 2021 йилги турнир ФИФА томонидан ўтказилмаганди, аммо кейинчалик яна тикланди.

Бразилия амалдаги чемпион ҳисобланади, жанубий америкаликлар 2019-йилги кичик мундиалда ғалаба қозонган.


Оқил Абдубарноев тайёрлади

Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика