Юксалиш йўлидаги "Пахтакор"
13 мар 2019 15:13
Янгиликлар
"Пахтакор" - "Ал Аҳли" учрашуви олдидан кўпчиликда ҳавотир бор эди. "Пахтакор" халқаро майдонда Эрон, БАА ёки Қатар клублари билан нисбатан анча муваффақиятли ўйнайди. Лекин Саудия Арабистони жамоаларига қарши баҳсларда тарози палласи рақиблар томон оғирлик қилаётганди. Бу статистикада ҳам яққол намоён бўлаётгани учун ҳам кўпчиликда "Ал Аҳли"дан чўчиш ҳисси сезилиб турганди. Лекин янги мавсумдаги "Пахтакор" нафақат БАА ёки Эрон жамоалари билан яхши ўйнайдиган, балки исталган рақибга қарши ўз ўйинини ўтказадиган жамоага айланганини кечаги баҳс қайсидир маънода яна бир бор кўрсатди.
Пахтакор Марат Бикмаев - 62' |
Лига чемпионов АФК. Группа D . 2-тур 12/03/2019, 18:00 0
:
1
Тугади
|
Аль-Ахли |
Очиғи, баҳс олдидан "Пахтакор"нинг ғалабасига шубҳа қилмагандим. Аммо атрофдагилар бу тўқнашувда "Ал Аҳли"нинг имкониятларини нисбатан баландроқ баҳолашаётганди. Ҳали таъкидлаганимдек, ҳозирги "Пахтакор" ўз ўйин услубини тўлиқ таниб, кимга қарши бўлмасин ўз фалсафасидан воз кечмаган ҳолда ўйнайдиган даражага чиқмоқда. Яъни, жамоа Арвеладзе қўл остида ўсиш, ўз ўйинини шакллантириш жараёнини давом эттирмоқда.
Кечаги "Ал Аҳли" осон ёки БАА жамоаларидек ОЧЛда катта эътибор қаратмаган ҳолда номига ўйнайдиган рақиб эмасди. Шу боисдан ҳам "Пахтакор" кечаги баҳсда ниҳоятда эҳтиёткорлик билан тартибли ўйнаши талаб этиларди. Чунки рақиб сафида кичик имкониятдан наф чиқара оладиган ижрочи, ҳужумдаги асосий "қурол" - Омар Сома каби жарима майдончаси ичидаги яримтагина хатони ҳам кечирмайдиган "ўқотар" бор эди. "Пахтакор" аввало шу ишни яхши уддалади. Кечаги учрашувда нафақат ўйин тўлиқ назорат қилинди, балки мудофаа чизиғида рақибга минимум имконият ҳам тақдим этилмади. Ўйин ташкил этиш, тўпни назорат қилиш, ҳимоядан чиқишда гарчи рақибнинг юқори босими остида қолишига қарамасдан тартибли ўйнаш, пас орқали мудофаадан ҳужумга ўтиш ишлари режадагидек кечди. Шошилиш йўқ, пала-партишлик йўқ.
Қисқа қилиб айтганда, жамоа гарчи ҳисобда олдинда бораётган пайтда натижадан келиб чиқиб вақтни ўлдириш учун таваккал футболдан кўра, мураббий чизгисидаги ўйинни намойиш этмоқда. Бу борада Арвеладзе футболчиларга етарлича иммунитет бераётгани жамоанинг умумий ўйин кайфиятида яққол сезилмоқда. "Пахтакор"нинг нафақат ўйин услуби ёки фалсафаси, балки футбол маданияти ҳам ўзгарди. Ҳар бир кичик детал муҳим аҳамият касб этишини тушунган "Пахтакор" барча жиҳатларни жамлаган ҳолда умумий шаклланмоқда. Кечаги ғалабанинг асосий омили сифатида мазкур жараённи жуда силлиқ ўтказаётган жамоанинг интизомини айтиш мумкин.
Тўғри, ҳали жамоа идеал ўйиндан анча йироқ. Биринчидан, мавсум энди бошланмоқда. Табиийки жамоа ўйиндан-ўйинга кучайиб боради. Иккинчидан, ҳали мавсумни буткул бошлаб олмаган жамоа учун ўйин қиймати ошса ошмоқдаки, осонроқ учрашувга навбат келмаяпти. Ротация ёки бошқа ўйин режаларини синовдан ўтказиш учун Арвеладзеда фурсат бўлмаяпти. Жамоа ҳозиргача ўтказган 4та ўйин ҳам ОЧЛ доирасида ва аҳамияти жиҳатидан бир-биридан юқори ўринда бўлди. Кейинги ўйин ниҳоят ички чемпионат доирасида. Лекин қандай рақиб билан? Кўряпмизки, "Пахтакор" мавсум стартида бўшашига ҳаққи йўқ эди ва ҳозирча бўшашгани ҳам йўқ.
Бир нарсани қайд этиш керак, жамоа ўтган йили ҳам ўйин ташкиллаштириш, сифатли футбол ва барқарор ўйин борасида катта муаммоларга деч келмаганди. Фақатгина натижа борасида оқсаш кузатилгани, у ҳам бўлса "олтин очколар" таъсири эвазига бузилиб кетган турнир жадвали ва ўйин ритми жамоанинг кайфиятига путур етказганди. Янги мавсумда тобора ўз услубини яқинроқ таниб, шаклланиб келаётган ўйини орқали энди натижага ҳам эришаётгани фонида кўпчиликда "Пахтакор" гуёки энди кучайиб қолгандек таассурот қолдирмоқда. Аслида бу жараён анча аввал бошланган. Шунчаки максимум натижага эришилмагани учун кўпчиликда айнан натижа эътибори билан баҳолаш мезонида хатоликлар кузатилганди. Биргина фарқ, натижа келмоқда. Ўйин сифатида ўсиш бўлаётгани ҳақиқат. Аммо ўтган йилги жамоанинг ўйини ҳам ёмон чиқмаётганди.
"Пахтакор"нинг ўйини, натижалари ўз йўлига. Аммо мазкур суратдаги ажойиб фоннинг таъми ўзгача. Томошабинларнинг жонли фонида футбол ўйини янада гўзал ва завқли кўринади, ширин туюлади. Мухлисларни стадионга чорлаш учун қўшиқчилар келиши ҳақидаги анонс ёки чиптани текин қилишга ҳожат йўқ. Ҳамма ишни тўғри йўлга қўйиш етарли. Чиройли ўйин орқали келадиган натижа ишқибозларнинг стадионга табиий равишда чорлайдиган ҳақиқий "магнит". Муҳитга гап йўқ. Бундай муҳитни фақатгина жамоа ютаётганда вужудга келтириш эмас, балки қийин вазиятларда ҳам айнан шундай "қайноқ" муҳит орқали қўмакчи бўлишни ўргансак, мухлислик маданияти борасида ҳам юксаламиз, назаримда
Аслини олганда, Арвеладзе 2017 йилги мавсум ўртасига келиб жамоани турнир жадвалининг ўрта қаторидан совриндорлар қаторига қўшди. Дастлабки тўлақонли мавсумида эса "Пахтакор" ОЧЛ саралашида муваффақиятсиз ўйнаган бўлса, кубок финалига қадар борди ва чемпионатда иккинчи бўлди. Аввалги ярим мавсумига нисбатан натижа барибир яхшиланди. Бу йили эса дастлабки қадам анча катта босилди ҳозирча. Яъни, Арвеладзе қўл остида жамоа ҳар томонлама ривожланиб, ўсиб, янги даражага чиқиб бормоқда.
Бу шунчаки дастлабки тўртта ўйиндаги яхши натижалар таъсиридаги эйфория эмас. Шунчаки яққол вужудга келган фактларни қоғозга тушириш, қилинган ишлар таҳлили. Якуний баҳони чиқаришга ҳали анча эрта, тўғри. Аммо жараёнда бўлаётган воқеаларни санаб ўтиш ва эслатиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Марра борган сари каттариб, нишон кўпаяверади. Муҳими, Арвеладзе қўл остида жамоа нафақат майдон ёки унинг ташқарисида футболга бўлган ёндошувни ўзгартирмоқда ва ўйин ташкиллаштиришни йўлга қўймоқда, балки белгиланган вазифа ва мақсад сари ҳам тўғри йўлдан бориш, уларга босқичма-босқич эришиш маданиятини ҳам ўрганмоқда.
"Пахтакор"да ўйин ва клуб сифатида ривожланиш тизими ишга тушгани ва ишлаётгани кишини қувонтиради. Бу бир клуб манфаати эмас, балки ўзбек футболи ривожига бевосита фойда берадиган жиҳат.
Марат Бикмаев - "Пахтакор"га қайтганидан кейин барча тўрттала ўйинда гол уриб келмоқда. Кечаги голи ортиқча таърифга муҳтож эмас. Ўтган йили айнан муҳим баҳсларда "нишон"ни "ўққа" тутадиган футболчига эҳтиёж сезган "Пахтакор" учун мазкур трансфер айни муддаога айланди
Яқин-яқингача илк профессионал клуб сифатида шаклланган "Бунёдкор"ни ўрнак сифатида айтиб юргандик. "Насаф"ни анча йиллар аввал қўйилган мустаҳкам пойдевори учун ҳозиргача жуда кўп жабҳаларда намуна қиламиз. Яқин келажакда эса "Пахтакор" кўплаб жамоалар учун ўрнак ва намуна бўлиш даражасига чиқмоқда. Клуб юксалиш йўлидан жадал тезликда кетмоқда.
Футбол маданияти, тартибли ўйин, ташкилий масалалар, профессионал трансфер кампанияси ва юқори даражадаги машғулотлар дастурини ўзбек футболига тадбиқ қилаётган Арвеладзе "Пахтакор"да мустаҳкам пойдевор қурмоқда.
ОЧЛ-2019. "D" гуруҳидаги ҳолат
Аль-Садд Baghdad Bounedjah - 90' Лига чемпионов АФК. Группа D . 2-тур 12/03/2019, 20:45
Персеполис
ОЧЛда осон бўлмаган "квартет"дан жой олган ва ҳозирча пешқадам сифатида ўз "кўчаси"да етакчига айланган "Пахтакор"га иштаҳа овқат пайтида келиши керак. Муҳими, терма жамоалар ўйини туфайли юзага келадиган ФИФА кунларида жамоа мавжуд ўйин ритмини йўқотиб қўймаса, ОЧЛдаги вазифаларнинг иккинчи қисми ҳам яхши уддаланишига ишонч катта. Ўтган йили кузда айнан ФИФА кунлари туфайли юзага келган танаффус "Пахтакор"ни беқарорлаштириб қўйганди. Шота Арвеладзе эса буни яхши эслайди ва бундан керакли хулосаларни чиқарган ҳолда ишга тўғри ёндошади, деган умиддамиз. Ҳар ҳолда ОЧЛдаги муваффақиятли иштирокдан бутун ўзбек футболи манфаатдор.
Фикрлар