UZ

Сўнгги янгиликлар

00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1

Ёқуб Аҳмедов: “Одил Аҳмедов ҳақида ҳужжатли фильм суратга оламиз” Янгиликлар

Ёқуб Аҳмедов: “Одил Аҳмедов ҳақида ҳужжатли фильм суратга оламиз”

Сайтимиз орқали Одил Аҳмедовнинг хонадонига бориб, дадаси Олимжон ака Аҳмедов билан уюштирилган суҳбатни эътиборингизга ҳавол этгандик.

Ўшанда Олимжон аканинг тўнғич ўғли – актёр Ёқуб Аҳмедовни учратиб қолдик ва буни кутмагандик. Вазиятдан фойдаланган ҳолда уни суҳбатлашишга таклиф қилдик ва у рози бўлди.  

“Футболчи бўлмаганимдан афсусланмайман”
- Укаларингиз – Одил ва Азим Аҳмедов футболчи бўлиб етишишди. Аммо сиз санъат соҳасини танлагансиз. Нима учун?
- Бизнинг оиламиз спортга жуда қизиқади. Футболга меҳр қўйишимизга эса асосан дадам сабабчи бўлган. Биласизми, футболга дастлаб ўзим қадам қўйганман. Кейин ортимдан укаларим ҳам менга эргашишган ва биргалашиб футбол мактабларига қатнаганмиз. Лекин ёшлигимдан санъатга бўлган муҳаббат менда кучли эди. Вақт ўтган сари футбол билан шуғулланиб юрган кезларимда эса саънат мен учун ушалмас орзу бўлиб қолди деб ўйлардим. Лекин кун келиб албатта актёр сифатида қандайдир роль ижро этишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйгандим. Бир куни ижтимоий тармоқ сайтларидан бирида бир режиссёр билан кутилмаганда танишиб қолдим ва у билан асосан кино ва санъат ҳақида суҳбатлашардик. Унинг исми Акбар Бектурдиев. Унга ўз хоҳиш ва истакларимни, санъатга бўлган қизиқишим қанчалик кучли эканлигини айтдим ва менга ҳам ўз фильмидан роль беришини илтимос қилдим. Шундай қилиб, менга эпизодда суръатга тушишимга рухсат берди. Кейин эса “менга ростини айтинг, олдин ҳам киноларда роль ижро этганмисиз” деди. Чунки у мендан дастлабки уринишдаёқ бундай қобилятни кутмаганлигини айтди. Шундай қилиб, биринчи марта кичкина эпизодда фильмда суръатга тушган бўлсам, иккинчисида бирданига бош ролни менга топширди. Яъни, “Сенсиз” деб номланган фильмда асосий қаҳрамон ролини ижро этдим. 


- Биринчи фильмингиз қайси эди?
- “Салом севги, хайр севги” деб номланган кинокартинада Адиз Ражабов, Зарина Низомиддинова каби актёрлар билан суръатга тушгандим.

- Барибир сизда ҳам футболга бўлган қизиқиш катта. Бу нарса фильмларингиз орқали ҳам билиниб туради. Шундай экан, футболчи бўла олмаганингиздан афсусланмайсизми?
- Йўқ, афсусланмайман. Чунки Худо менинг тақдиримга санъаткор бўлишни ёзиб қўйган экан. Ҳар бир инсон ўз касбини севиши керак. Мен эса санъат соҳасини ростдан ҳам севардим. Тан оламан, футболга бу даражада ишқим йўқ эди. Аммо 1993 йилдан то шу кунгача майдонга чиқиб тўп тепаман. 1996 йили Наманган футбол лицей-интернатига ўқишга кириб 2001 йили битирганман. Қолаверса, “Навбаҳор” жамоасида ҳам тўп сурганман. У ерда ўйнаганимдан кейин ўша 2001 йили Қозоғистоннинг “Ясси Сайрам” клубига қабул қилиндим. У пайтда бу жамоа Қозоғистон биринчи лигасида қатнашарди. У ерда бир йил ўйнаб келганимдан кейин айрим сабабларга кўра футболни тугатишга мажбур бўлганман.  

- Демак, фаолиятингизни профессионал тарзда олиб борган экансиз-да! Қизиқ, “Ясси Сайрам”га қандай бориб қолгансиз?
- Тўғрисини айтсам, Қозоғистоннинг бирор-бир яхшироқ клубида ўйнашни кўзлаб юргандим. Бир одамнинг тавсиясига биноан жамоага кўрикдан ўтиш учун борганман ва якунда клубга расман қабул қилинганман.

- Очиғи, бу гапингиз мен учун янгилик бўлди, кутмагандим...
- Ҳа, буни кўпчилик билмайди. Қозоғистондан қайтиб келганимдан кейин жароҳатлар мени қийнаб қўйди. Бунинг устига олдинги футбол ҳам бошқачароқ эди ва рақобат ҳам у қадар эмасди. Айниқса, жароҳатлар мени безовта қилди ва футболни тугатишга қарор қилдим. Шундан кейин 2003 йили уйландим. Катта ўғил эдим ва опамни турмушга узатганимиздан кейин онам ҳам қийналиб қолаётганди. Кейин эса ҳали айтганимдек, интернет орқали режиссёр билан танишиб, кино соҳасига кириб кетдим. 


“80 фоиз режиссёрлар Одил Аҳмедов ҳақида кино олишни сўраб мурожаат қилишган”
- Нима деб ўйлайсиз, ижтимоий тармоқ сайти орқали кинога кириб кетишингиз тақдирми ёки тасодифми?
- Буни тасодиф деса ҳам, тақдир деса ҳам бўлади. Аниқ эсимда, ўшанда сайтда Акбар Бектурдиевни камера кўтариб тушган расмини кўриб қолдим ва қизиқиб бошқа расмларини ҳам кўрдим. Қарасам, кўплаб санъаткорлар билан съёмка жараёнларидаги суръатларини жойлаган экан. Бу эса мен учун жуда қизиқ туюлди. Шундай қилиб у билан танишдим ва кейинчалик ўша режиссёрни Наманганга таклиф қилдим. Режиссёрга ичимдаги ҳамма гапларни айтганимдан сўнг мени қанчалик санъатга қизиқишимни тушунди. Натижада мени Тошкентга олиб кетди. Мен пул учун бу йўлни танламаганман. Фақат ўзбек санъатига озгина бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман. Ёшлигимда футбол лицей-интернатида ўқиб юрган кезларимизда кечки машғулотлардан кейин овқатланардик ва шундан кейин маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида кино қўйиб беришарди. Бир куни “Титаник” фильмини томоша қилдик. Ўшанда бош рольни ижро этган актёрнинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрдим ва мен ҳам унинг ролини бажара олмаман-ку, менга нима етишмаяпти дея ўзимга-ўзим савол бергандим. Агар менга ҳам “Титаник”даги бош ролни беришса ишонч билан бажара олишимга ишончим комил эди. Ваҳоланки, ўша пайтда менинг мақсадим футболчи бўлиш эди. Лекин бир томондан санъатга бўлган қизиқишим ловуллаб турарди. Мен доим ўз ролларимни табиий ҳолатда бажаришга одатланганман. Кинодан олдин режиссёр менга сценарийни беради ва уни яхшилаб ўқиб, тушуниб ўша билан яшашни бошлайман. Шунда ҳам ўша образни яратиб бера олишимга ақлим етсагина, кейин розилик бераман.  

- Санъаткор бўлсангиз-да, барибир футболга ҳали ҳам қизиқишингиз бор. Ўзбек киносида футболга бағишланган фильмлар жуда оз ва бу ҳам етмаганидек, улар жуда саёз ишланган. Сизда ҳам футбол ҳақида кинода роль ижро этиш режангиз борми?
- Албатта, режаларимз бор. Одил Аҳмедов ҳақида ҳужжатли фильм яратмоқчимиз. Буни ёз фаслига келиб амалга оширишни мўлжаллаб турибмиз. Аслида бундай режа бизда олдиндан мавжуд эди. Лекин съёмкалар ва бошқа ишлар туфайли унга қўл тегмаётганди. Бир ишга киришсак, уни охиригача етказишимиз керак. Шунинг учун укам ҳақидаги ҳужжатли фильм устида энди астойдил ишлаймиз. Очиғи, бу жуда нозик мавзу. Шу сабабли уни яратишда бошқа барча ишларни йиғиштириб, бутун эътиборимизни шунга қаратамиз.

- Ушбу ҳужжатли фильмни ўзингиз саҳналаштирасизми ёки бошқа режиссёрни ёллайсизми?
- Ҳали режиссёрлик борасида профессионал даражада эмасман. Очиғи, жуда кўпчилик Одил ҳақида кино олиш нияти борлигини айтишган. Ўзбек киносида ишлаётган режиссёрларнинг 80 фоиз менга шу таклиф билан чиқишган. Лекин ҳеч бирига дадил розилик берганимиз йўқ. Чунки фильм укам ҳақида бўлади ва бу жуда жиддий масаладир. Ҳужжатли фильмни ҳам тажрибалироқ режиссёр ва операторни танлаб, улар билан ҳар томонлама маслаҳатлашгандан кейин бу ишга қўл урмоқчимиз.  


“Одилнинг акасилигимни кўп жойда яшираман”
- Санъат соҳасида Ёқуб Аҳмедов сифатида ўз мухлисларингиз бор. Одил Аҳмедов эса футбол соҳасида ана шундай аудиторияга эга. Нима деб ўйлайсиз, қайси ном мухлислар орасида кўпроқ муҳокама қилинади? Сиз ҳам бу ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
- Ҳа, ўйлаб кўрганман. Футболни бутун дунё севади. Шунга яраша унинг шинавандалари жаҳоннинг исталган жойида топилади. Лекин бизда ҳам санъат ривожланиб боряпти. Мана, яқинда режиссиёр Рустам Саъдиевнинг “Барон” фильмининг дебютини кўрдик. Очиғи, жуда яхши ишланган. Футбол ўз даражасига чиқиб бўлган, санъат соҳасида эса бизда ҳам йўллар очилиб боряпти ва ростдан ҳам ривожланиш бор. Қаерда ўтирсак ҳам албатта футбол ҳақида гаплашамиз. Шундай экан, табиийки, бу мавзуда Одил яққол етакчи (кулади). Мен ҳар куни интернет орқали укам билан гаплашиб тураман. Унинг ўйинларини олдиндан биламан ва учрашувга тайёргарлик кўриш жараёнига ўзимни озгина бўлса ҳам ҳиссамни қўшиб тураман.

- Ҳа, Одил Аҳмедов таниқли футболчи бўлгани учун машҳурроқ. Қолаверса, уни нафақат Ўзбекистон ёки Осиё, балки бошқа қитъаларда ҳам таниб боришяпти. Демоқчиманки, қачондир укангизнинг номидан фойдаланиб ўз ишингизни битирганмисиз?
- Тўғриси, Одил Аҳмедовнинг акасилигимни кўп жойларда яшираман. Чунки фикрлаш қобилияти паст, савиясиз инсонларимиз ҳам бор, йўқ эмас. Ҳеч қачон Одилнинг номидан фойдаланмаганман. Балки менинг номимдан у фойдаланиши мумкин (кулади). Албатта, Одил билан фахрланаман. Бироқ унинг номидан фойдаланишни ўзимга эп кўрмайман. Тўғри, ташқи томондан қараганда, ўзим хоҳламаган ҳолатда укамнинг номи анчагина ёрдам бериши мумкин. Лекин мен Одил Аҳмедовнинг акасиман деб ҳеч қаерга кирмаганман. Чунки нимага эришмоқчи бўлсам, нимани уддаламоқчи бўлсам ўз кучим билан бажаришни истайман. Шундай мухлислар борки, улар интернет сайтларида ўз фикрларини ёзиб қолдиришади ва бир бола расмимга шундай изоҳ қолдирибди: “Ёқуб Аҳмедов Одил Аҳмедовнинг акасида, унинг орқасидан санъаткор бўлган. Агар менинг ҳам укам Одил Аҳмедов бўлганида нафақат мен, балки дадам ҳам санъаткор бўларди” дебди. Унинг фикрлаши нотўғри. Сиз камера қаршисида турганингизда ҳеч қандай пул аҳамиятга эга бўлмайди. Бундай пайтда фақат ўзингизга бўлган ишонч ва талант бўлиши керак. Пул, таниш-билишчилик, шахсий манфаат камер билан юзма-юз турганингизда сизни эсанкиратиб қўяди. Эртага ўша фильмни бутун халқ кўради. Сиз режиссиёр истаган рольни ижро этиб беришингиз керак ва шунга яраша мухлислар баҳо беришади. Агар пулингиз бўлса-ю, аммо рольни кўнгилдагидек ўйнай олмасангиз, бунинг нима кераги бор? Шу боис унда албатта иқтидор бўлиши шарт. Хуллас, ўша инсонинг ёзган фикрларини кўчириб олиб Одилга юбордим. Укам эса “бундай гапларга эътибор берманг, мен футболчи бўла туриб, мен ҳақимда ҳам ёзишади. Агар уларни гапига жиддий қарасангиз, унда “синиб” қоласиз, яхшиси ўқиманг” деганди.

- Демак, ижтимоий тармоқларда ҳам фаолсиз. Умуман, футбол соҳасидаги газета ва сайтларни ҳам кузатиб турасизми?
- Ҳа. “Краснодар” сайтига аъзо бўлганман. Унда қандай янгилик, роликлар бўлса, албатта кўраман. Олдин “Навбаҳор” сайтини кузатиб борардим. Чунки укам – Азимжон шу жамоада ўйнарди. Энди эса “Пахтакор”нинг сайтини кўряпман. Чунки яқинларим қайси жамоада бўлишса, ўшаларнинг сайтини кузатаман-да!   

- Футбол бу бизнесга айланиб улгурди. Санъатда ҳам катта маблағ “айланади”. Сизнингча, бу борада қай бири қимматлироқ?!
- Албатта, футбол! Балки бу борада аниқ фикр айта олмасдирман. Назаримда, футбол кучлироқ. 


“Барса” ва Мессининг ишқибозиман”
- Кейинги режа ва мақсадларингиз қандай?
- Тарихий филмьни ўзим продюссер сифатида суратга олишни режалаштирганмиз. Бизни хурсанд қилаётгани, юртимизда санъатга бўлган эътибор ростдан ҳам ошиб боряпти. Айниқса, аввалги йилларга солиштирганда катта фарқи бор.

- Футболга қизиқишингизни ҳисобга олганда, қайси жамоа ёки футболчининг мухлисисиз?
- “Барселона”нинг ишқибозиман. Одил ҳам “Барса”ни яхши кўради. Аммо яна бир укам – Азимжон эса негадир “Реал”га қизиқади (кулади).

- “Барселона” ёқтирган жамоангиз бўлса, табиийки, Месси яхши кўрган ўйинчингиз экан-да?
- Ҳа, тўғри. Мен мураббийларга унчалик қизиқмайман. Мен учун севимли жамоам – “Барса” ва севимли футболчим - Месси.

- Ўзингиз роль ижро этган филмьлардан кўпроқ қайсиларини кўнгилдагидек чиққан деб айта оласиз?
- Аюб Шаҳобиддинов режиссиёрлиги остидаги “Турист” номли кино олинган. Ўша фильмни ўзим ҳам яхши кўраман ва кўп томоша қиламан. Кейин яна ўша режиссиёрнинг “Сенсиз” ҳамда Рустам Саъдиевнинг “Ўгай она” номли киноларида ижро этган ролларимни ҳам алоҳида айтган бўлардим. Айнан “Ўгай она” фильмида мен каратэ устаси сифатида гавдаланганман. Ўзим эса бу спорт турига қизиқаман ва ундан оз-моз хабарим борлиги учун ўша сценарийни ўқиб кўрганимда менинг ролим экан деб айтгандим.  


ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.

Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика