UZ

Сўнгги янгиликлар

01:49Миср олимпия терма жамоаси сардори БАА клубига ўтди  1 00:44"Рома" "Ювентус" футболчиси билан шартнома имзолади  0 00:16Париж-2024. Франция ва АҚШ чорак финал иштирокчиларига айланди  0 23:55"Пахтакор" ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионини таркибга қўшиб олди  9 23:38ОКМК хорватиялик футболчи билан шартнома имзолади  5 23:28"Андижон"ни Эркинов тарк этди ва унинг ўрнига "Динамо" футболчиси қўшилди  1 23:10Париж-2024. Доминикан Республикаси - Ўзбекистон 1:1, Олимпиадани ғалабасиз якунладик  12 22:59ЦСКА легионер футболчисини Ўзбекистонга юборди  2 22:32Россия кубоги. "Рубин" "Акрон"ни тор-мор этди, Эсанов дебют қилди  2 22:15Париж-2024. Марокаш ва Аргентина плей-офф йўлланмасини қўлга киритди  3 22:02"Андижон" сербиялик футболчи билан шартнома имзолади  7 21:41"Насаф" "Атлетико Мадрид"да ўйнаган сербиялик футболчини таркибга қўшиб олди  9 21:24ОКМКни Қосимов ва яна икки нафар футболчи тарк этди  13 21:03Париж-2024. Миср Испанияни мағлуб этиб, гуруҳ пешқадами сифатида плей-оффга йўл олди  15 20:51Аббос Файзуллаев: "Олимпиадага ҳеч ким мағлубиятга учраймиз ёки гуруҳда қолиб кетамиз деган мақсадда келмайди"  25

"Йил ўйини-2" Янгиликлар

"Йил ўйини-2"

Эртага "Йил ўйини-2".

Бу жумла Қаршида кечган Олий лига 29-тури доирасидаги "Насаф" - "Пахтакор" учрашувида ишлатилган эди. Эртага эса мухлислар яна битта ана шундай учрашувга гувоҳ бўлишади.

Ўзбекистон кубоги
Финал

04.12.2017, 15:00
Тошкент, "Бунёдкор" стадиони
"Бунёдкор" - "Локомотив"


Учрашувнинг муҳимлик даражаси

Эртанги баҳс мамлакатимиздан келаси йил Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этувчи учинчи жамоа номини аниқлаб беради. Шунинг ўзиёқ унга бўлган қизиқиш ва эътиборни кескин ошириб юборди. Беллашувни барча интиқлик кутмоқда. Очиғини тан олиш керак бир томонда кубок бўлса, иккинчи томонда ОЧЛ йўлланмаси турибди. Айни пайтда мамлакатимизда кузатилаётган совуқ об-ҳавога қарамай стадионга тушган мухлислар якунда бундан афсусланмай кетадилар.

"Локомотив" кетма-кет иккинчи йил олтин дубл қайд этиш учун майдонга тушса, "Бунёдкор" бир ўқ билан икки қуённи қўлга киритиш мақсадида майдонда саф тортади. Яъни, ҳам кубок, ҳам ОЧЛ саралаш йўлланмаси чўнтакда бўлади. Айни пайтда, "қалдирғочлар" финалда ғалаба қозониб халқаро ўйинларда иштирок этишадими ёки "темирйўлчилар" эртага ҳам зафар қучишади-ю, шу билан ОЧЛда Ўзбекистон номидан қатнашадиган учинчи жамоа "Пахтакор" бўладими деган савол кўпчиликни ўйлантирмоқда. Мана саволлар ҳам учрашувга бўлган кескинликни ошириб юбормоқда.


Тахминий таркиблар

"БУНЁДКОР"


"Қалдирғочлар" дарвозасини катта эҳтимол билан Муроджон Зуҳуров қўриқлайди. Ҳимоянинг ўнг қанотида Дилшод Аҳмадалиев, чапда эса Акромжон Комилов. Марказий ҳимояда эса Анвар Ғофуров ва Рустам Ашурматов жуфтлигини кўрсак керак. Катта ва муҳим ўйинларда тажриба жуда ҳам муҳим, шу боис Анвар Ғофуровнинг асосий таркибда тушишига ҳеч қандай шубҳа қилмаяпман. Зеро, ўйин давомида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатда шерикларини бошқарадиган футболчи айнан Ғофуров бўлиши керак. Унга шерик сифатида Ашурматов тушса керак. "Локомотив"га қарши Олий лига охирги туридаги ўйинда ҳисоб 1:1 бўлиб турган паллада ўз дарвозасига пенальти белгиланишига сабабчи бўлди. Ўша вазиятда Сардор Мирзаев симуляция ишлатди деб ҳисоблаган ҳимоячи 11 метрлик белгиланганидан кескин ғазабланди ва ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Жамоанинг энг тажрибали ўйинчиси Анвар Ғофуров ва бош мураббий Миржалол Қосимов ўша вазиятда энг тўғри қарорга келишди. Биринчиси жуда ҳам асабийлашаётган шеригини бориб узоқ вақт овутган бўлса, иккинчиси ўша онда шогирдининг руҳияти мувозанатдан чиқиб кетганини кўрди ва уни дарҳол алмаштирди. Ёш ҳимоячи ўша ҳолатида учрашувни кўнгилдагидек давом эттириши қийин эди. Майдонни кўзда ёш билан тарк этган футболчини бош мураббий қўллаб-қувватлади. Очиғи, бу ҳолат Ашурматовга салбий таъсир қилмаслигига умид қилган эдим. Кеча "Бунёдкор" машғулотини кузатиш ва ёритиш учун сайтимиз ходимлари билан "Бунёдкор" академиясига қарашли майдонга борганимизда ўзаро суҳбат чоғида Миржалол Қосимовга берган биринчи саволим Рустам Ашурматов ҳақида бўлди. Мураббийнинг сўзларига кўра, шогирди у ҳолатни аллақачон унутиб бўлган ва финалда ўйнашга мутлақо тайёр. Аксинча, ўша кичик эпизод Рустамни янада кучли қилганини бугун бўлиб ўтган матбуот-анжуманида ҳам таъкидлаб ўтилди.


Таянч ярим ҳимоясида жамоа сардори Жавлон Иброҳимов тушиши деярли аниқ. Майдон марказида эса Миржамол Қосимов ҳамда жорий мавсумни жуда яхши ўтказган Отабек Шукуровлар ҳаракат қилишса керак. Ўнг қанот вингери вазифасини Достонбек Ҳамдамов бажаради. Чап қанотда эса Шоҳрух Гадоев ўйнашини тахмин қилаяпман. Гадоев "Локомотив"га қарши чемпионат сўнгги турида захирадан майдонга тушган ва кейинчалик жароҳат олиб алмаштирилган эди. Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Қосимов ярим ҳимоячининг ҳолати ҳақидаги саволга жавоб берган ва Шоҳрухнинг кўзлари ёниб турибди, насиб қилса у кубок финалида ўйнайди деб айтиб ўтган эди. Ва ниҳоят, марказий ҳужумчи ролини Шоҳруз Норхонов бажарса керак. Аслида, "Бунёдкор" таркибини тахмин қилаётган энг катта иккиланиш айнан ҳужумчи масаласи бўлади. Чунки, жамоадаги форвардлар орасида кимдир яққол ажралиб турмайди ва ҳаммага бирдек имконият бериб келинмоқда. Норхонов тезлик борасида қолган рақобатчиларидан бироз устун, камига ҳаводан узатиладиган тўплар учун курашда ҳам яхши ҳаракат қилади.

"Бунёдкор"нинг тахминий таркиби:

Муроджон Зуҳуров - Акромжон Комилов, Рустам Ашурматов, Анвар Ғофуров, Дилшод Аҳмадалиев - Жавлон Иброҳимов, Отабек Шукуров, Миржамол Қосимов - Шоҳрух Гадоев, Достонбек Ҳамдамов, Шоҳруз Норхонов.



"ЛОКОМОТИВ"

"Темирйўлчилар" дарвозасини ким қўриқлаши борасида ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Айни пайтда мамлакатимиздаги энг кучли кипер ҳисобланган Игнатий Нестеровга гол уриш осон бўлмайди. Ҳимоянинг ўнг қанотида Шуҳрат Муҳаммадиев, чапда эса Олег Зотеевнинг тушиш эҳтимоли катта. Марказда эса Ислом Тўхтахўжаев ва Кахи Махарадзе жуфтлиги тўп тепса керак. Зеро, финалда Мирко Йеличичда бундан ишончлироқ вариант кўрмаяпман. Кахи чемпионатнинг сўнгги турида дам олди ва финалга мутлақо тайёр.

Таянч ярим ҳимоясида Садриддин Абдуллаев ўйнайди. У иккинчи даврада жуда яхши ҳаракат қилди. Икки нафар марказий ярим ҳимоячи ролини Тимур Кападзе ҳамда Икром Алибоев бажарса керак. Алибоев яқиндагина жароҳат олиб қайтганини ҳисобга оладиган бўлсак, балки у жисмонан асосий таркибда тушишга тайёр бўла олмаса, унда биз марказда Санжар Шоаҳмедовни кўришимиз мумкин. Лекин, учрашувга тайёр бўлса Икром тушади. Тимур Кападзенинг ўйнашига эса мутлақо шубҳа йўқ. Кападзе бугунги кунда Олий лигада ҳамма тарафлама профессионализми энг юқори футболчи ҳисобланади. Катта ўйинларда айнан ундаги тажриба жуда асқотади. Мирко Йеличич бундай ишончли ва хавфли "қуроли"дан фойдаланмаслигига ишонмайман. Камига, эртанги баҳс Тимур Кападзе учун футболчилик фаолиятидаги сўнггиси бўлишини олдинроқ клуб матбуот хизмати маълум қилган эди.

Иккита қанот вингерлари жойида Жалолиддин Машарипов ҳамда Сардор Мирзаевлар майдонга тушса керак. Улар ўзаро қанотларни алмаштириб ўйнашлари ҳам мумкин. Марказий ҳужумда эса айни пайтда мамлакатимиздаги энг кучли форвард Марат Бикмаев тўп тепади. Бош мураббий Бикмаевни қанотга, Мирзаевни эса марказга олиб, ҳужумда Мурод Бобожоновни ҳам тушириши мумкин. Лекин, финалда ўз чизиғида энг яхшилар тўп тепиши кераклигини инобатга олган ҳолда бу вариант ҳақиқатдан йироқ бўлса керак.

"Локомотив"нинг тахминий таркиби:

Игнатий Нестеров - Олег Зотеев, Кахи Махарадзе, Ислом Тўхтахўжаев, Шуҳрат Муҳаммадиев - Садриддин Абдуллаев, Икром Алибоев, Тимур Кападзе - Сардор Мирзаев, Жалолиддин Машарипов, Марат Бикмаев.



Тажриба vs Жўшқинлик

Ўзбекистон кубоги финалида тажриба ва жўшқинлик курашига гувоҳ бўламиз. "Локомотив" айни пайтда тажрибали ва энг ишончли таркибга эга. Жамоадаги футболчиларнинг тажрибасига ҳеч қандай шубҳа йўқ, бундай ўйинчилар учун қўшимча сўзлар шарт эмас, шунчаки майдонга тушишади ва ҳар доимги ишларини бажаришади. "Локо" учун қатъи тартиб ва вазиятларни голга айлантириш оддий ҳол бўлиб қолган. Йеличич яхши жамоа шакллантирди ва уларни таслим этиш учун икки ҳисса куч билан тўп тепиш талаб этилади.

Миржалол Қосимов олдидаги вазифа эса бирмунча мураккаброқ. Жамоа таркиб борасида рақибдан бироз орқада. Футболчиларнинг кўпчилиги нисбатан ёш. Ёшроқ ўйинчилар кўп бўлган жамоанинг камчилиги тажриба етишмаслиги бўлади, устунлиги эса керак даражада руҳий тайёргарлик кўрилса исталган рақиб таслим этилиши мумкин. "Қалдирғочлар" учун жорий мавсумдаги энг муҳим беллашувда кўп нарсани бош мураббийнинг ўйиндан олдин кийиниш хонасида гапирадиган нутқи белгилаб беради назаримда. Миржалол Қосимовнинг шогирдларини қай даражада руҳлантира олиши натижага катта таъсир кўрсатади. Ёш футболчиларни максимал руҳлантира олсангиз, исталган жамоага муаммо туғдириб бера олишади. Ўзбекистон кубоги финалида шиддатли, кескин, очиқ ва ҳужумкор футбол кўришимизга ишоняпман.

Эртага, "Бунёдкор" стадионида кўришгунча.


Толибжон Қосимов

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +6   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика