

Учрашувнинг 57-дақиқасида норвегияликлар киритган гол VAR текширувидан сўнг бекор қилинди. Бош ҳакам Клеман Тюрпен Эрлинг Ҳоланднинг Элиот Андерсонга қарши қоидабузарлик қилганини инобатга олди.
Ўйиндан кейин инглиз журналисти Генри Уинтер Жуд Беллингемни мақтаб, унинг учрашув тақдирини ўзгартирганини таъкидлади.
"Беллингем Англиянинг мусобақани тарк этишига йўл қўймади. У масъулиятни ўз зиммасига олди, ҳал қилувчи вазиятни яратди ва ундан унумли фойдаланди. У сўнгги 35 йилда Англия терма жамоасида мен кўрган энг яхши футболчи", - деб ёзди Уинтер.
Бу фикрга жавоб қайтарган Альф-Инге Ҳоланд эса ҳакамликдан норози эканини яширмади.
"Ростданми? Англияни ҳакам қутқариб қолди. Умид қиламанки, энди чемпион бўласизлар. Аммо менинг фикримча, бугун бизни тўнашди", - деб ёзди Ҳоланднинг отаси.
Эслатиб ўтамиз, Англия Норвегияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ЖЧ–2026 ярим финалига йўлланма олди. Мазкур баҳсдаги ҳакамлик қарорлари эса учрашувдан кейин қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.



