UZ

Сўнгги янгиликлар

00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  0 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  16 00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  4 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  4 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  28 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33

Вячеслав Шевченко: «Локомотив»га голларим билан фойда келтирмоқчиман» Янгиликлар

Вячеслав Шевченко: «Локомотив»га голларим билан фойда келтирмоқчиман»

Декабрь ойида муваффақиятли харидларни амалга оширган “Локомотив” жамоаси таркибни кучайтиришда давом этмоқда.
Темирйўлчилар куни кеча яна икки нафар янги ўйинчи билан шартнома имзолашди. Украиналик ҳужумчи Вячеслав Шевченко ва молдавиялик ярим ҳимоячи Андрей Кожокарь «Локомотив» ўйинчиларига айланишди. Айтиш керакки, Шевченко билан тузилган шартнома темирйўлчилар учун муҳим аҳамият касб этди. Чунки жамоага яхши савиядаги ҳужумчи керак эди. Фарҳод Тожиев жароҳатдан ҳали тўла фориғ бўлгани йўқ. “Локо”да ҳужумчилардан Александр Шадрин ва Иван Нагаев қолганди. Шу боис мураббийлар жамоага легионер ҳужумчини жалб этишди. Шевченко ўзининг яхши жиҳатларини кўрсата олгани боис у билан шартнома имзоланди. Бу футболчига тўхталадиган бўлсак, Шевченко шу кунгача фаолиятининг асосий қисмини Украина биринчи лигаси клубларида олиб борган. У «Сталь» ва «Александрия» клубларида яхши ўйинлар намойиш этган. «Темирйўлчилар» Бирлашган Араб Амирликларига жўнаб кетишдан олдин Шевченкодан интервью олдик.

- Вячеслав, суҳбатимизни аввало «Локомотив»га келишингиздан бошласак, бу вариант қандай пайдо бўлди?
- Бунгача мен «Александрия» клубида ўйнаётгандим. Ўтган мавсум якунлангач оилам билан дам олишга чиққандим, шунда агентим ва дўстларим Ўзбекистонда ўйнаш вариантини таклиф қилишди. Албатта, бу менга қизиқ туюлди. Аммо бу таклифни қабул қилишим учун олдимда муаммо бор эди. Боиси «Александрия» клуби бош мураббийидан рухсат сўрашим лозим эдим. Мураббий билан маслаҳатлашганимда «Александрия» бу йил ўз олдига жиддий мақсадлар қўя олмаслигини айтиб кетишимга қаршилик билдирмади. Шу тариқа хотаржам Тошкентга келдим ва декабрь ойида «Локомотив»нинг машғулотларида иштирок этдим. Мураббийларга ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилиб, куни кеча жамоа билан шартнома имзоладим.

- Шартнома неча йилга мўлжалланган?
- Темирйўлчилар билан бир йиллик битим туздим. Албатта, бу вақт оралиғида менга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

- Олдингизда бошқа таклифлар ҳам бормиди? Айнан «Локомотив»ни танлашингизга нима туртки бўлди?
- «Локомотив»гача бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлганди. Лекин мен «Александрия»га ўрганиб қолгандим ва у ерда ўзимни яхши ҳис қилардим. Раҳбарият ва бош мураббий билан яхши алоқада эдим. Шунинг учун бошқа клубларга кетишни хоҳламасдим ва уларнинг таклифини ҳам кўриб чиқмасдим. Бироқ «Локомотив»дан таклиф келгач, бу жамоа ўз олдига жиддий вазифалар қўйгани эътиборимни тортди. Ваҳоланки, бунгача «Александрия» бош мураббийига бу йил ҳам жамоада қолишимни айтгандим. Лекин вазият ўзгариб кетди ва Ўзбекистонда ўзимни синаб кўришга қарор қилдим.

- Бунгача «Локомотив» тўғрисида қандай тасаввурга эга эдингиз?
- Жамоа сўнгги икки йилдан бери совринли ўринлар учун курашаётганини билардим. Бу борада «Бунёдкор» ҳужумчиси Олександр Пишур билан гаплашганимда, у менга «Локомотив» кучли жамоа эканлигини ва ўз олдига юқори вазифлар қўйганини айтди. Бундан ташқари Пишур Тошкент шаҳри, умуман Ўзбекистон ҳақида керакли маълумотларни берганди. Айнан ундан «Локомотив» тўғрисида билиб олгандим.

- Тошкенга келиб жамоа билан танишдингиз. Хўш, «Локомотив» Пишур таърифлагандек жамоа эканми?
- Ҳа, Ўзбекистонга келибоқ жуда яхши жамоа сафидан жой олганимни ҳис қилдим. Жамоа мени яхши қабул қилди. Футболчилар билан ҳам тез тил топиша олдим ва улар менга ҳар тарафлама ёрдам беришмоқда. Умуман жамоадаги муҳит менга ёқди.

- «Локомотив»да ҳамма нарса аъло даражада эканлигини ўйламаганмидингиз?
- Йўқ, таркибга қўшилганимда жамоа ривожланиш босқичини ўтаётганини, янги база ва стадион қурилганини айтишди. Ҳақиқатда клубда шароитлар аъло даражада эканлигини кўзим билан кўрдим. Фақат стадионни ҳали кўриб чиққаним йўқ. Чунки машғулотларни ҳозирча сунъий қопламали майдонда ўтказяпмиз. Бир сўз билан айтганда, футбол ўйнаш учун барча шароитлар бор. Биз эса ўз ишимизни қилишимиз керак.

- Янги жамоа билан мавсумга тайёргарлик қандай кетмоқда? Шуғулланишни бошлаганингларга ҳам бир ой бўлди.
- Машғулотларда астойдил ишлаяпмиз. Йиғинлар бошланганига кўп вақт бўлгани йўқ. Айни пайтда жамоа пойдевори тузилмоқда. Машғулотлар қизиқарли ўтмоқда. Ҳар бир жараёнлар устида астойдил шуғулланяпмиз.

- Янги жамоангизнинг ҳужум чизиғида рақобат қандай эканлигини ҳис қиляпсиз?
- Бундай савиядаги клубларда албатта рақобат юқори бўлади. Албатта, рақобатни борлиги яхши. Чунки бусиз ўсишдан тўхтаб қолиш мумкин. «Локомотив»да ҳам рақобат ўзига яраша. Бу эса мендан фақат ишлашим кераклигини талаб қиляпти.

- Албатта, инсон келажакда нима бўлишини олдиндан билмайман. Масалан, сиз ҳам Ўзбекистонда ўйнайман деб ўйламагансиз. Илгари ҳеч чемпионатимизга қизиқиб кузатганмисиз?
- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистон чемпионатини диққат билан кузатиб бормаганман. Аммо «Бунёдкор», «Локомотив», «Пахтакор» каби жамоалар борлигини билардим. Илгари қишки йиғинларда «Пахтакор»га қарши майдонга ҳам тушганман. Шу боис клубларингиз тўғрисида қисман билардим. Лекин чемпионатингиз борасида ҳали тўла тасаввурга эга эмасман.

- Февраль ойида «Локомотив» Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида иштирок этади. Бу ҳам сиз учун янги турнир бўлади.
- Ҳа, Осиёкубокларида биринчи марта ўйнаш имкониятига эга бўлиб турибман. Тўғри, илгари БААда йиғинлар ташкил этилганда Осиё клубларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказганмиз. Лекин расмий учрашувларда ҳеч қачон тўп сурмаганман. Шу боис ОЧЛда қатнашиш мен учун қизиқ. Қолаверса, бундай турнирлар футболчини ўсишига туртки беради.

- Юқорида айтган гапингиздан Олександр Пишур билан яхши алоқада эканлигингизни билдик. Ўтган мавсум бу ҳамюртингиз учун жуда муваффақиятли кечди. Пишур «Бунёдкор» билан Ўзбекистон чемпиони ва кубок соҳибига айланишдан ташқари чемпионатнинг энг яхши тўпурари ҳам бўлди.
- Бундан хабарим бор. У маҳоратли ҳужумчи ва ҳар қандай вазиятда ҳам гол уриш имкониятини ярата олади.

- Сиз дебют мавсумингизни Пишурдек ўтказишни хоҳласангиз керак?
- Келажакда нималар бўлишини олдиндан ҳеч қачон айтиш қийин. Мен ҳужумчиман ва вазифам гол уриш. «Локомотив»га мен голлар уриб ёрдам бериш мақсадида келдим. Мендан мураббийлар ҳар бир ўйинда гол кутишади. Шунинг учун мен ўз вазифамни бажарсам бўлгани. Асосийси жамоамнинг ғалабасидир.

- «Локомотив» бу йил ўз олдига чемпионлик вазифасини қуяётганини сизга айтишгандир?
- Билишимча, ўтган мавсумда ҳам жамоа чемпионликни мақсад қилган, аммо бунга эриша олмаган. Бу йил ҳам жамоа олдига максимал вазифалар қўйган. Бу мақсадга эришиш йўлида мен ҳам ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

- Жамоага маҳоратли футболчилар йиғилган. Қолаверса, шу кунгача иккита назорат ўйини ўтказилди. Жамоа ўйинини мослашиш қандай кечмоқда?
- Тўғри, шу пайтгача иккита учрашув ҳамда бир икки томонлама ўйин ўтказилди. Ўйиндан-ўйинга янада яхши бўлиб боради. Ҳа, жамоага тажрибали ўйинчилар йиғилганини биринчи учрашувдаёқ кўрдим. Шу боис майдонда бир-биримизни тушуниш қийин бўлмаяпти. Шунингдек, сафимизда иқтидорли ёшлар ҳам бор.

- Бош мураббий ҳақида фикрингиз қандай?
- Мураббий тўғрисида нима дейишим мумкин? У билан яхши муносабатдаман. Ҳозирда мураббий жамоа ўйинини шакллантиришга ҳаракат қиляпти.

- Тўғри, ҳали юртимизда мавсум бошлангани йўқ. Лекин Украинадан кўра бу ерда гол уришим осонроқ бўлади деган фикр ҳам ҳаёлингиздан ўтгандир?

- Йўқ, буни ўйламадим. Ўзбекистонда ҳам футбол савияси юқори. Қолаверса, ҳозирча назорат ўйинлари сунъий қопламали майдонларда ўтказилмоқда. Бундай майдонларда гол уриш осон эмас. Мен учун янги чемпионат ва бу ерда қанча гол уришимни вақт кўрсатади.

- Украинадаги фаолиятингизда энг яхши ўйинларингиз қайси жамоаларда ўтган?

- «Александрия»да яхши дамларни ўтказдим. Охирги икки йилни шу клубда ўтказиб ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. «Александрия»даги фаолиятимдан кўнглим тўлган.

- Олександр Пишур Украина биринчи лигасида ҳам тўпурар бўлган. Сизда ҳам сермаҳсуллик борасида шундай кўрсаткичлар борми?

- Украина биринчи лигасида мен ҳам тўпурарлар баҳсида қатнашиб учинчи бўлганман. Ўшанда битта учрашувда пенальтидан гол ура олмагандим. Акс ҳолда мен ҳам тўпурарлар қаторидан жой олардим.

- «Локомотив» сафига молдавиялик футболчи Андрей Кожокарь билан бирга қўшилдингиз. У билан аввалдан танишмидингиз?

- Андрай шунчаки билардим. Илгари йиғинлар пайтида бир-биримизга қарши тўп сурганмиз. Тошкентга келиб у билан янада яқинроқ танишиб дўстлашиб олдим.

- Ўзбекистонлик футболчиларданчи, бирортаси билан илгари таниш бўлганмисиз?

- Биласизми, бугун интернетда бир янгиликни ўқидим. Унда Бахтиёр Ашурматов қайсидир жамоага бош мураббий бўлгани ёзилганди. Буни ўқиб ва Ашурматовни суратини кўриб, айнан у билан илгари битта клубда бўлганимизни эсладим. 2003 йили Москванинг «Торпедо-Металлург» клубида Ашурматов билан бирга ўйнаганмиз. Қолаверса, у билан битта хонада яшаганмиз. Мен у пайтда 17 ёшда эдим. Ўзбекистонлик футболчилардан фақат Бахтиёр Ашурматовни танишимни айта оламан. Лекин ҳали у билан кўришиб гаплашганим йўқ. Чунки Ашурматовни бу ерда эканлигини билмагандим.

- Нима учун Россияда узоқ вақт ўйнаб кета олмагансиз?
- 17 ёшимда Россига келганман ва асосан «Торпедо-Металлург»ни ўринбосарлари сафида ўйнаганман. Асосий таркибда эса фақат битта учрашувда тўп сурганман холос. У пайтда ёш эдим ва жамоада тажрибали ўйинчилар кўп эди. Қолаверса, легионер эдим ва ўйнашим учун менга кўп имконият беришмаган. Бундан ташқари жароҳат ҳам Россияда ўйнаб кетишимга тўсқинлик қилган. Аммо Россиядаги фаолиятим менга яхши мактаб бўлган.

Маълумот учун:

Вячеслав Шевченко

Туғилган санаси: 30 май 1985 йил
Фуқоролиги: Украина
Амплуаси: Ҳужумчи
Ўйнаган клублари:
2001-2003 «Борисфен» 5(0)
2003«Торпедо-Металлург» (Россия) 1(0)
2005-2006«Сталь» (Днепродзержинск 5(0)
2006-2007«Ильичёвец» 1(0)
2007-2008«Феникс-Ильичёвец» 12(5)
2008-2010«Сталь» (Алчевск) 68(19)
2011-2013«Александрия» 56(21)

Бобурбек ТУРСУНОВ суҳбатлашди.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика