"Уйқуси очилмаган" "Пахтакор" иштаҳаси карнай "Навбаҳор"га, шижоатга бой "Олимпик" эса тажрибага эга ОКМКга қарши — 3-тур учрашувлари превьюси
17 мар 2023 11:00
Янгиликлар
"Уйқуси очилмаган" "Пахтакор" иштаҳаси карнай "Навбаҳор"га, шижоатга бой "Олимпик" эса тажрибага эга ОКМКга қарши — 3-тур учрашувлари превьюси
ОЛИМПИК – ОКМК
17 март 2023 йил. Тошкент, "Жар" стадиони. 17:00
Ҳакамлар: Ильгиз Танташев, Шоҳнур Йўлдошев, Ойбек Каллахўжаев, Ҳусан Музаффаров
ВАР ҳаками: Аскер Нажафалиев
АВАР: Руслан Серазитдинов
Назоратчи: Александр Попов
Комиссар: Жамшид Имомов
Турнир жадвалидаги ўрни: 5-4
Шижоат заправкаси тўлиб-тошган "Олимпик" тажрибага бой Миржалол Қосимов шогирдларига қарши тўқнаш келади. Ўтган мавсумдаги илк тўқнашувда Кападзе шогирдлари минимал ҳисобда ғалаба қозонган бўлса, иккинчи даврада ОКМК жавобсиз олтита "тарсаки" билан жавоб қайтарганди. Шунингдек, икки жамоа ўтган йил қуёшбобо авжига чиққан фаслда ўзаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушган, унда жанговар 3:3 ҳисобида дуранг қайд этилган. Клублар айни дамда турнир жадвалида ёнма-ён бормоқда, бу ҳам ўйин шиддатини янада ошириши шубҳасиз.
Қизиқарли фактлар
"Олимпик" сўнгги 6 ўйиндан бери камида 2 тадан тўп киритмоқда
"Олимпик" сўнгги 5 ўйиндан бери ютқазмаяпти
"Олимпик" Суперлига доирасида ўз майдонида 8 ўйиндан бери ютқазмаяпти
ОКМК сўнгги 4 ўйиндан бери камида иккита тўп киритмоқда
Имкониятлар: 50-50
БУХОРО – НАСАФ
17 март 2023 йил. Бухоро, "Бухоро" стадиони. 18:30
Ҳакамлар: Акобирхўжа Шукуруллаев, Жалгасбай Сарсенов, Дамир Искендеров, Шоҳруҳ Қаюмов
Назоратчи: Равил Шаяхмитов
Комиссар: Қудрат Мадраимов
Турнир жадвалидаги ўрни: 6-7
Суперлигага қайтишини рақс тушадиган кайфиятдаги натижа билан бошлаган "Бухоро" 2-турда рақсини тўхтатиб қўйди. 3-турда эса уларни анча жиддий рақиб кутиб турибди. Ўз навбатида, Рўзиқул Бердиев қўл остидаги жамоанинг ишлари жойида эмас. Дастлабки турда улар кутилмаганда "Андижон"га имкониятни бой бериб қўйган бўлса, ўтган ўйинда қийинчилик билан "Турон" мағлуб этилди. Қаршиликларнинг ушбу ўйинда меҳмон бўлишини ҳисобга олсак, бухороликлар Суперлига ҳавосини соғинган мухлислари қаршисида "газини босса" керак.
Жамоалар чемпионат доирасида ўзаро 46 маротаба тўқнаш келган. Шундан 12 тасида "Бухоро" ғалаба қозонган бўлса, 23 баҳсда қашқадарёликларнинг қўли баланд келган. 11 учрашувда эса томонлар муроса кўчасини танлаган. Тўплар нисбати: 43-74
Қизиқарли фактлар
"Бухоро" сўнгги 7 ўйиндан бери ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбормоқда
"Насаф" 3 ўйиндан бери "Бухоро"ни мағлуб эта олмаяпти
"Бухоро" ўзаро охирги 5 ўйиннинг 4 тасида ютқазмаган
Имкониятлар: 40-60
ПАХТАКОР – НАВБАҲОР
17 март 2023 йил. Тошкент, "Пахтакор" стадиони. 19:30
Ҳакамлар: Вадим Агишев, Ришат Ниғмонов, Тимур Гайнуллин, Шуҳрат Ражабов
ВАР ҳаками: Фирдавс Норсафаров
АВАР: Бахтиёрхўжа Шавкатов
Назоратчи: Бахтиёр Тоғаев
Комиссар: Бекзод Арипов
Турнир жадвалидаги ўрни: 12-1
Ўтган мавсумдаги чемпионликдан ҳали "уйқуси очилмаган" "Пахтакор"ни йўлидан чиққан рақибини кўрдим демасдан "янчиб" кетаётган "иштаҳаси карнай" "Навбаҳор" кутиб турибди. Ўтган йилда чемпионлик йўлида азалий рақибга айланган икки жамоанинг ўзаро ҳисоб-китоби ҳар қанақасига қизиқарли ўтиши шубҳасиз.
Жамоалар Суперлига доирасида 64 учрашувда майдонга тушган. Улардан 39 тасида "шерлар"нинг қўли баланд келган бўлса, Эргаш Каримовнинг талабалик даврида топширган билет рақамига тенг (н-н-нуч) ўйинда "лочинлар"нинг "ови" бароридан келган. Яна 12 беллашувда эса сих ҳам, кабоб ҳам куймаган.
Гарчанд наманганликлар ўтган мавсум ҳам пойтахтликларни чемпионатда таслим этолмаган бўлса-да, Ўзбекистон кубогида мусобақадан чиқариб юборишни уддалади. Бироқ водий клубига кубокни кўтариш насиб қилмади — финалда "Насаф" ғалабани тантана қилди.
Қизиқарли фактлар
"Пахтакор" сўнгги 3 ўйинда ўз дарвозасидан 8 та гол ўтказиб юборган
"Навбаҳор" Суперлига доирасида сўнгги 10 та ўйиндан бери "Пахтакор"ни мағлуб эта олмаяпти
ПРЕВЬЮ. Мавсумни омадсиз бошлаган "Пахтакор" "Навбаҳор"дан бор аламини оладими?
"Пахтакор" - "Навбаҳор". Ўзаро ўйинлардаги энг йирик ҳисоб қандай бўлган?
Самвел Бабаян "Пахтакор"га қарши қандай натижалар қайд этган?
Суперлигага қайтамиз. "Навбаҳор" XXI асрда Тошкентда "Пахтакор"ни ютмаган
Имкониятлар: 50-50
СЎҒДИЁНА – НEФТЧИ
18 март 2023 йил. Зомин, "Зомин" стадиони. 15:00
Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Обид Жумаев, Жасур Рустамов, Иля Илин
ВАР ҳаками: Рустам Лутфуллин
АВАР: Рустам Тоғаев
Назоратчи: Валентин Коваленко
Комиссар: Диёр Хотамқулов
Турнир жадвалидаги ўрни: 11-2
"Сўғдиёна" ўтган йили ОФК кубоги мусобақаси билан севгилиси ила видолашган ошиқ сингари хайрлашди. Ўшандан бери жиззахликларнинг натижаларидан ҳаловат йўқолди. "Бўрилар" жорий мавсум ҳам тиш-тирноқсиз жангга чиқмоқда, бу эса рақибларни унчалик чўчитмаяпти. Ўз майдонидаги кетма-кет учинчи ўйинда ҳам ғалабага эришилмаса, футболчилар маҳаллий мухлислар томонидан "Изабелла" сўзининг ўзбекча талқинини эшитиши ҳеч гапмас. Бироқ рақиб анойилардан эмас, мавсумни йўқотишларсиз бошлаган ҳамда кимсан "Пахтакор"ни таслим этган "Нефтчи" саналади.
Икки жамоа чемпионат доирасида 50 маротаба тўқнаш келишган. Шундан 11 тасида сўғдликлар зафар қучган бўлса, яна шунча баҳсда кучлар тенг келган. 28 беллашувда эса фарғоналикларнинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати: 42-93
Қизиқарли фактлар
"Сўғдиёна" охирги 5 ўйиндан бери ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбормоқда
"Сўғдиёна" ўз майдонида охирги 7 ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти
"Нефтчи" сўнгги 7 ўйиндан бери гол урмоқда
"Нефтчи" сўнгги 6 ўйиндан бери ютқазмаяпти
"Нефтчи" 7 ўйиндан бери "Сўғдиёна"ни мағлуб эта олмаяпти
"Нефтчи" 3 ўйиндан бери сафарда "Сўғдиёна" дарвозасига гол уролмаяпти
Имкониятлар: 45-55
АНДИЖОН – БУНЁДКОР
18 март 2023 йил. Фарғона, "Истиқлол" стадиони. 17:00
Ҳакамлар: Шавкат Насибуллаев, Расулжон Фозилов, Максим Нехочин, Олим Тўйчибоев
ВАР ҳаками: Абдурашид Худойберганов
АВАР: Иброҳим Исмоилов
Назоратчи: Константин Смирнов
Комиссар: Шоҳруҳ Саид
Турнир жадвалидаги ўрни: 8-3
Ўтган йили Суперлига жамоалари иштирокидаги ўйинларда Андижон музқаймоқларини кўрган бўлсак, жорий мавсум асосий жамоанинг ўзи ҳам етиб келди. Келгандаям "бургутлар" "аждарлар" маконига сафар уюштириб, эртаклардаги мисоли рақибини бўйсунтирди. Аммо келгуси геометриядан йигит баҳога ўқиган ВАР ҳаками ишлаган баҳсда "бургутлар" Сурхондарё клуби ҳисобланган "учар тулпорлар"нинг туёқлари остида қолиб қолди. Учинчи турда эса уларни ёш ҳамда баҳорий мавусмни яхши кўрадиган "қалдирғочлар" кутиб турибди. Буни "Бунёдкор"нинг дастлабки икки турдаги натижаларидан ҳам билиб олиш мумкин. Суперлига соғинчи билан қайтган водийликларга қарши шаклланиб бораётган пойтахтлик ёшларнинг қарши чиқиши қизиқарли ўтиши кутилмоқда.
Жамоалар чемпионат доирасида ўзаро 24 маротаба тўқнаш келишган. Афсуски, андижонликлар ҳозиргача бу рақибини мағлуб этиш борасида армон билан ўтмоқда. Фақатгина 6 учрашувда кучлар тенг келган. "Бунёдкор" эса 18 учрашувларда рақибини "ер тишлатган". Тўплар нисбати: 8-47
Қизиқарли фактлар
"Андижон" шу пайтгача "Бунёдкор"ни мағлуб эта олмаган. Жамоалар чемпионатдан ташқари, кубок баҳсларида ҳам 5 маротаба тўқнаш келган ва уларнинг барчасида тошкентликларнинг қўли баланд келган
"Андижон" охирги 7 учрашувнинг 6 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олган ва атиги бир ўйинда мағлуб бўлган
"Бунёдкор" ўзаро сўнгги 3 ўйиндан бери ғалаба қозонмоқда
"Бунёдкор" ўзаро сўнгги 3 ўйинда 13 та гол урган
"Бунёдкор" охирги 4 ўйиндан бери ғалаба қозонмоқда
Имкониятлар: 45-55
МEТАЛЛУРГ – ҚИЗИЛҚУМ
19 март 2023 йил. Бекобод, "Металлург" стадиони. 16:00
Ҳакамлар: Рустам Лутфуллин, Элнур Дониёров, Артём Калинин, Акмал Раҳимов
ВАР ҳаками: Акобирхўжа Шукуруллаев
АВАР: Эдита Миробидова
Назоратчи: Владислав Сейтлин
Комиссар: Владимир Назаров
Турнир жадвалидаги ўрни: 14-10
Туркия сафаридан қуруқ қолган Луисма Эрнандес шогирдлари ҳозирча ўз ўйинини топа олмаяпти. Аксинча, рақибларига меҳмондўстлик қилиб, голларни қоплаб совға қилмоқда. Аммо бу ҳолат давом этадиган бўлса, клуб раҳбариятининг қошлари чимирилиши ҳеч гап эмас. Бу турда уларга Навоийнинг "Қизилқум" клуби рақиб бўлади. Гарчанд ўтган турда илк ғалабасини қўлга киритган бўлса-да, таркиби янгиланган навоийликларнинг ишлари ҳам беш эмас. Шунга қарамай, "Қизилқум" сўнгги йилларда Бекободдан қуруқ қўл билан қайтмаяпти.
Иккала жамоа чемпионат доирасида 46 маротаба тўқнаш келган. Шундан 16 тасида мезбонлар устунлик қилган бўлса, 18 беллашувда навоийликлар "улоқни олиб кетган". Яна 12 учрашувда эса дўстлик натижаси қайд этилган.
Қизиқарли фактлар
"Металлург" ўз майдонида 4 ўйиндан бери "Қизилқум"ни мағлуб эта олмаяпти, шундан учтасида ютқазган
"Қизилқум" 7 ўйиндан бери "Металлург" майдонида гол урмоқда
"Металлург" 3 ўйиндан бери "Қизилқум"га ютқазмаяпти
Имкониятлар: 50-50
ТУРОН – СУРХОН
19 март 2023 йил. Яйпан, "Ўзбекистон" стадиони. 17:00
Ҳакамлар: Абдурашид Худойберганов, Анвар Маражабов, Зиёдулло Абдураҳмонов, Сардор Исматуллаев
ВАР ҳаками: Иброҳим Исмоилов
АВАР: Максим Нехочин
Назоратчи: Олег Дачев
Комиссар: Ойбек Юнусов.
Турнир жадвалидаги ўрни: 13-9
Суперлигага катта умидлар билан қайтган "Турон"нинг "умиджон"и қаергадир кетиб қолган кўринади. Бироқ яйпанликлар иккала ўйинда ҳам ёмон таассурот қолдирмади. Ўйинларни фаол тарзда бошлаётган Ашурматов шогирдлари охиригача шу темпни сақлаб қола олмаяпти. "Сурхон" ҳам дастлабки турда мағлубиятга учраган бўлса-да, ОКМКга қарши баҳсда ёмон таассурот қолдирмади. Иккинчи турда эса Про лигадан чиққан бошқа клуб — "Андижон" мағлуб этилди. "Турон"нинг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқлигини ҳисобга олсак, очиқ қарама-қаршилик гувоҳига айланамиз.
Жамоалар илк ва сўнгги бор 2021 йил чемпионатда тўқнаш келишган. "Сурхон" ўшанда ўз майдонида минимал ғалабани қўлга киритган бўлса, Яйпанда кечган баҳсда кучлар тенг келганди.
Қизиқарли фактлар
"Турон" Суперлигадаги сўнгги ғалабасига 2021 йилнинг ноябрида эришган. Ўшанда фарғоналиклар ўз майдонида "Андижон"ни мағлуб этган
"Турон" сўнгги 7 ўйиндан бери гол урмоқда
"Сурхон" Суперлигада сўнгги 10 ўйиннинг 9 тасида гол урган
Имкониятлар: 45-55
Фикрлар