U-23 Осиё Кубоги. Дуранг ҳам қониқтирмаслиги мумкин: гуруҳимиздаги вазият ҳақида
13 янв 12:36
Янгиликлар
U-23 Осиё Кубоги. Дуранг ҳам қониқтирмаслиги мумкин: гуруҳимиздаги вазият ҳақида
Сўнгги тур олдидан гуруҳдаги уч жамоа — Жанубий Корея, Ўзбекистон ва Эрон кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолган. Бир қарашда оддий кўринадиган дуранг ҳам бу сафар етарли бўлмаслиги мумкин. Сабаби — барча ҳисоб-китоблар регламентнинг нозик жиҳатларига бориб тақалмоқда.
Рақиб — номига яраша кучли
Жанубий Корея ёшлар даражасида ҳам Осиё футболида доим фаворит сифатида қаралади. Улар мусобақани Эронга қарши дуранг билан бошлади, иккинчи турда эса Ливанни 4:2 ҳисобида мағлуб этди. Натижада кореяликлар гуруҳда биздан битта кўп гол урган, икки гол ўтказган ҳолда турнир жадвалида Ўзбекистон билан тенг очко жамғарган. Айни пайтда очколар тенг, аммо ҳисоб-китоблар жуда мураккаб. Ҳар бир гол, ҳар бир карточка тақдирни ҳал қилиши мумкин.
Сўнгги тур олдидан сценарийлар
Вазият жуда равшан, бироқ хавфли:
Ўзбекистон ғалаба қозонса, ҳеч қандай қўшимча ҳисоб-китобларсиз гуруҳдан чиқади. Бу энг ишончли ва тинч йўл.
Дуранг қайд этилса, очколаримиз 5 тадан бўлади. Агар Эрон Ливанни енгса, гуруҳда уч жамоа ҳам 5 очкодан тўплайди.
Мағлубият ҳолатида, Эрон ғалаба қозонса, иккинчи ўринга форслар чиқиб кетиши мумкин.
Агар Эрон очко йўқотса (дуранг ёки мағлубият), Ўзбекистон ҳатто ютқазган тақдирда ҳам кейинги босқичга чиқиши эҳтимоли сақланиб қолади.
Шундай экан, дуранг ҳам ҳар доим қутқарувчи натижа бўла олмаслиги мумкин. Айниқса бизнинг шароитимизда.

Барчаси регламентга боғлиқ
Жамоалар гуруҳда тўплаган очколарига кўра сараланди (ғалаба учун — 3 очко, дуранг учун — 1 очко, мағлубият учун — 0 очко). Агар очколар тенг бўлса, қуйидаги ҳал қилувчи мезонлар Регламентнинг 7.2-моддасига мувофиқ навбати билан қўлланилади:
Тенг очко тўплаган жамоалар ўртасидаги ўзаро учрашувларда қўлга киритилган очколар;
Тенг очко тўплаган жамоалар ўртасидаги ўзаро учрашувлардаги тўплар фарқи;
Тенг очко тўплаган жамоалар ўртасидаги ўзаро учрашувларда урилган голлар сони;
Агар икки жамоадан ортиқ жамоа тенг бўлиб қолса ва юқоридаги ўзаро учрашув мезонлари қўлланилгандан кейин ҳам айрим жамоалар ўртасида тенглик сақланиб қолса, ушбу мезонлар фақат шу жамоалар гуруҳига нисбатан қайта қўлланилади;
Гуруҳда ўтказилган барча ўйинлар бўйича тўплар фарқи;
Гуруҳда ўтказилган барча ўйинларда урилган голлар сони;
Агар фақат икки жамоа тенг очкога эга бўлиб, улар гуруҳнинг сўнгги турида ўзаро майдонга тушган бўлса — пенальтилар серияси;
Интизомий очколар (сариқ карточка — 1 очко, икки сариқ карточка натижасида қизил карточка — 3 очко, тўғридан-тўғри қизил карточка — 3 очко, сариқ карточкадан кейин тўғридан-тўғри қизил карточка — 4 очко);
Қуръа ташлаш орқали ҳал этиш.
Хулоса: тақдир ўз қўлимизда
Ўзбекистон учун энг тўғри ва хавфсиз йўл — ғалаба. Дуранг эса рақиб майдонида, бошқа ўйин натижаларига қараб хавфли сценарийга айланиши мумкин. Шу боис сўнгги турда жамоамиз нафақат натижа, балки ташаббусни ҳам қўлга олиши шарт.
Гуруҳ тақдири майдонда ҳал бўлади. Аммо ҳар ҳар бир гол ва ҳатто ҳар бир карточка ортида регламентнинг қаттиқ қоидалари турганини унутмаслик керак.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
АПЛ. "Манчестер Сити" камбэк орқали "Энфилд"да "Ливерпул"ни мағлуб этди, Ҳусанов 61-дақиқада тўқнашувдан сўнг алмаштирилди
Элит ОЧЛ. "Насаф" турнирдаги дастлабки очкосини қўлга киритди
Роналду "Ал-Насср" раҳбариятига ультиматум қўйди: ёзда ўзгариш бўлмаса, у клубни тарк этади
"Реал" Родрининг "Манчестер Сити" билан шартнома узайтиришини барбод қилмоқчи
Фикрлар