"Турон"нинг ноқулай рақиби, ишонч орқали қўлга киритилган натижа ва жамоа мухлислари ҳақида — Сардор Абдураимов билан суҳбат
13 дек 2022 10:55
Янгиликлар
"Турон"нинг ноқулай рақиби, ишонч орқали қўлга киритилган натижа ва жамоа мухлислари ҳақида — Сардор Абдураимов билан суҳбат
Биз жамоа сардори Сардор Абдураимовнинг мавсум якунлари ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Сардор, дастлаб ортда қолган мавсум таасуротлари билан ўртоқлашсангиз...
- Ҳақиқатан ҳам Про лиганинг ушбу мавсуми биз учун оғир ўтди. Қаердадир омадимиз келди, баъзида эса омад яққол юз ўгирган вақтлар ҳам бўлди. Омадсиз томонларидан бири сифатида айтиш мумкин, биз йил бошида Про лига ғолиблигини мақсад қилгандик, аммо бу амалга ошмади. Омадли томони эса энг охирги имкониятдан фойдаланиб бўлса ҳам биз яна Суперлигага қайтдик.
- Жамоада кайфият мавсум давомида турлича ўзгариб борди. Стартни яхши бошлаган "Турон" кейинчалик бир нечта ўйинларда очко йўқотди ва пешқадамликни бой берди. Сизнингча, мазкур холатлар нима сабабдан юзага келди?
- Биз кутилганидек, мавсум стартини яхши бошладик. Дастлабки тур ўйинларида тажриба ва иштиёқ эвазига ғалабаларни қўлга киритдик. Аммо футболчилар ҳам ҳамма қатори инсон, уларга ҳам жамоага атрофдан келадиган гаплар ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Баъзи ўйинларда қийинчилик билан бўлса ҳам ғалабага эришдик, аммо атрофдагилар биз кўрсатаётган футбол бўйича турлича танқидларни билдиришди. Албатта, бу ўз-ўзидан натижаларга ҳам таъсирини кўрсатди. Аслида ғалаба муҳокама қилинмаслиги керак. Футболда муваффақтятга эришиш учун баъзида натижа учун ҳам ўйнаш лозим бўлади. Ҳар доим ютавермайсиз, мағлубият ҳам футболнинг ажралмас қисми. Чиройли ўйнаб мағлуб бўлгандан кўра натижа учун ўйнаб ғалабага эришган яхшироқ деб ҳисоблайман. Чиройли ўйиндаги ғалаба учун ҳам 3 очко берилади, 4 ёки 5 эмас.
- Жамоада қайси футболчилар билан дўстсиз? Ким билан кўпроқ мулоқот қиласиз?
- Барча жамоадошларим билан бир оиладекмиз. "Турон"да ўзаро аҳиллик, дўстона муносабатлар яхши шаклланган. Энг яқин дўстим албатта Хумоюн Муртозаев.
- Айнан Ҳумоюн Муртозаевнинг ўйинларида мавсумнинг сўнгги қисмида пасайиш кузатилди. Сиз Хумоюнни қолганлардан кўпроқ яхши биласиз, кўп жамоаларда бирга ўйнагансиз. Унинг ўйинидаги пасайиш сизга ҳам сезилдими?
- Тўғри, мавсумнинг иккинчи қисмида Ҳумоюн Муртозаевнинг ўйинларида пасайиш юзага келди. Буни унинг ўзи билан ҳам алоҳида муҳокама қилганмиз. Аслида Муртозаевга босим таъсир қилди. Аслида Ҳумоюн тўпурарлар пойгасида Рўзимбой Аҳмедов билан яхши интгрига қилаётганди. Жамоамиз ўйинидаги пасайишлар унга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Шунингдек, Ҳумоюн гол ура олмаган ўйинларда бизнинг ҳам айбимиз бор. Ҳужумчига гол уриш учун етарлича вазият яратиб бериш зарур бўлади. Аммо баъзи ўйинларда биз уни тўп билан таъминлай олмадик.
- Жамоа сардори сифатида мухлислар билан қай даражада яқинсиз? Умуман, жамоа мухлислари ҳақида фикрингиз қандай?
- Мухлислар билан муносабатимиз аъло даражада. Улар жамоамиздаги пасайиш вақтида ҳам ишонч билан қўллаб-қувватлашди ва бу бизга қўшимча мотивация бўлиб хизмат қилди. Биласизми, биз бутун мавсум давомида ҳар қандай масофада ва ҳар қандай об-ҳавода мухлисларимизнинг олқишлари эшитилиб турган майдонда ўйнадик. Суперлигага қайта олганимизда жамоамиз мухлисларининг ўрни катта, албатта улардан ҳамиша миннатдормиз.
- Сўнгги турларга келиб жамоада Суперлигага чиқиш имконияти пасайиб кетганди. Охирги ўйинлардаги ирода "Турон"ни Суперлигага олиб чиқди. Айтинг-чи, мавсумнинг сўнгги қисмида жамоа ўзида қандай куч топа олди?
- Айтиб ўтганимдек, бизга ишонч куч берди. Клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби, мухлислар, умуман, барчанинг бирдек бизга бўлган ишончини ҳис қилдик. Бир оила каби бирлашдик, қийин ўйинларда аҳиллик билан ҳаракат қилдик ва олдимиздаги вазифани уддаладик.
- Жорий мавсумда "Турон" учун энг ноқулай рақиб қайси жамоа бўлди деб ўйлайсиз?
- Назаримда, "Хоразм" биз учун ноқулай рақиб бўлди. Айнан бу жамоага қарши ўйинларда ўз даражамизда ўйнай олмадик.
Бекзод Толибов ёзиб олди
Фикрлар