Туркия таассуротлари
31 мар 2015 15:07
Янгиликлар
Туркия таассуротлари
Турнирда “Бунёдкор” футбол мактабининг тўртта жамоаси иштирок этди. 2002 йилда таваллуд топган футболчиларимиз “А” ва “Б” жамоалари билан, 2004 ва 2006 йилда туғилган жамоаларимиз биттадан таркиб билан мусобақада қатнашишди.
2002 йилда туғилган футболчилар ўртасида ёш “қалдирғочлар”га бронза медали насиб этди. Ярим финалда Сергей Чигодаев бошчилигидаги “Бунёдкор-А” жамоаси Туркиянинг “Бешиктош” жамоасига имкониятни бой бериб қўйишган бўлса, Акмал Рисқуллаев мураббийлигидаги “Бунёдкор-Б” финал остонасида Москванинг “Чертаново” тарбияланувчиларига ютқазиб қўйишди. Натижада 3-ўрин учун баҳсда “Бунёдкор-2000”нинг асосий ва иккинчи жамоалари куч синашдилар. Қизиқарли кечган баҳсда Сергей Чигодаев шогирдлари ғалаба қозондилар.
2004/05 йилларда таваллуд топганлар баҳсида ҳам “Бунёдкор” тарбияланувчиларига 3-ўрин насиб этди. Миркамол Қосимов ва Темур Бобохонов мураббийлигидаги ёш бунёдкорчилар Германиянинг “Вердер” жамоасига ютқазиб қўйишгани боис, бронза медаллари учун баҳсда иштирок этишди. 3-ўрин учун Тошкентнинг “Локомотив” футбол мактаби тарбияланувчилари 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратилди.
Ва ниҳоят энг ёш гуруҳ, 2006/07 йилларда таваллуд топганлар ўртасида “Бунёдкор” тарбияланувчиларига етадигани топилмади. Бу ёш тоифасидаги жамоалар бир-бирлари билан куч синашиб чиқишди. Натижада “Локомотив” (Тошкент, Ўзбекистон), “Крилатское” (Москва, Россия), “Локомотив” (Москва, Россия) ва “Зенит” (Санкт-Петербург, Россия) жамоаларидан устун келган Акмал Рисқуллаев ва Александр Стромилов бошчилигидаги “қалдирғочлар” олтин медалларни қўлга киритишди.
Кеча “Бунёдкор” футбол мактаби делегацияси Туркиядан қайтиб келди. Сафар таассуротлари ҳақида 2002 йилда туғилган жамоамиз мураббийи Сергей Чигодаев билан суҳбатлашдик.
- Сергей, “Lukoil Turkish Holidays” турнири ҳақида нималар дея оласиз?
- Биласизми, бу турнир анчадан бери ташкил этилиб, анаъаний мусобақа мақомини олиб улгурган. Бу йилги баҳсларда жами 43та жамоа иштирок этди. Иштирокчилар Европа ва Осиё мамлакатлари вакиллари бўлишди. Умумий олиб қараганда, “Бунёдкор” футбол мактаби мусобақани яхши ўтказди, дейиш мумкин. 2002 ва 2004 йилларда таваллуд топган жамоаларимиз бронза медалларини қўлга киритишган бўлса, энг ёш тоифадаги курашларда 2006/07 йилда туғилган тарбияланувчиларимиз олтин медалларни қўлга киритишди.
- Шу ўринда аниқлик киритиб ўтсангиз. Баъзи ОАВ 2004 йилда туғилган футболчилар ўртасидаги баҳсда 3-ўринни бошқа жамоага эгаллади, деб ёзишган.
- 2004 йилда туғилган жамоалар ўртасидаги мусобақанинг 3-ўрини учун “Бунёдкор” ва Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси тарбияланувчилари куч синашишди. Баҳсда бизникилар 1:0 ҳисобида ғолиб чиқишиб, бронза медалларини қўлга киритишди.
- Турнирнинг ташкилий масалари қандай савияда бўлди?
- Без юлдузли меҳмонхона барча 43та жамоани ўз бағрида тўплади. Учрашувлар шундоққина меҳмонхона худудидаги бешта табиий майдонда ўтказилди. Уч маҳал иссиқ оқват, учрашувлар пайтида салқин ичимликлар билан таъминлаш борасида ҳеч қандай муаммолар бўлгани йўқ. Шунингдек, ўйинлар ва машғулотлардан бўш вақтларда эътиборга молик жойларга экскурсиялар уюштирилди, турли туман шоулар ташкил этилди. Ёш болалар учун мўлжалланган ҳайвонот боғига сафар қилинди. Турнир ўйинлари эрталаб ва кундузи ўтказилган бўлса, кечки маҳал мураббийлар ўртасида норасмий мусобақа ўтказилди. Унда ўзбекистонлик мураббийлар жамоаси 2-ўринни қўлга киритдик.
- Мусобақа “Бунёдкор” футбол мактаби вакиллари учун қай даражада фойдали бўлди?
- Халқаро турнирлар қай даражада ташкиллаштирилиши ва унда кимлар иштирок этишидан қатъи назар ҳамма учун фойдали бўлиб келган. Мусобақада бир неча кучли жамоалар иштирок этишди. Масалан, Германиянинг “Вердер” футбол мактаби Европада ўз нуфузига эга. Қолаверса, Туркиянинг “Бешиктош” клубида ҳам болалар футболига кучли эътибор қаратилади. Шунингдек, Россиёнинг энг кучли футбол мактаби сифатида – “Чертаново”ни қўрсатиб ўтган бўлардим. Ушбу жамоаларга қарши учрашувлар ёш футболчиларимиз учун катта тажриба мактабини ўтаб берди, десам муболаға бўлмайди. Шунингдек, ФИФАнинг етакчи инструкторлари томонидан болалар ва ўсмирлар футболи борасида 3 кунлик семинар ташкил этишди. Ушбу ўқув семинаридан ҳам кўп нарсалар ўргандик.
Ташкилотчилар жамоамиз иштирокини юқори баҳолашиб, келаси йилги турнирда ҳам албатта кутиб қолишларини таъкидлашди. Билсангиз, “Lukoil” компанияси ҳар йили Чемпионлар лигаси турнири ўтказади. Бу турнир жуда юқори савияда ташкил этилиб, унда анчайин жиддий жамоалар иштирок этишади. Май ойида Туркияда Чемпионлар лигаси турнирининг финал босқичига йўлланма берувчи саралаш турнири ўтказилади. “Lukoil” мутасаддилари саралаш баҳсларига 2003 йилда туғилган тарбияланувчиларимизни таклиф этишди.
Фикрлар