UZ

Сўнгги янгиликлар

15:25"Интер" "Бавария" футболчисини ижарага олмоқчи  0 14:54Де Лигт АПЛ клуби билан келишувга эришди  1 14:28"Реал"да Луниннинг ўрнини ким эгаллайди?  1 13:57"Челси" "Тоттенхэм"га рад жавобини берадими?  0 13:28"Реал" Дэвиснинг трансфери бўйича янги музокаралар бошламоқчи  1 12:45"Челси" Осимхен учун "Наполи"га Лукаку ва Казадеини таклиф қилишга тайёр  1 12:14"Челси" "Атлетико" футболчиси бўйича янги музокараларни ўтказди  2 11:41А Серия клуби Хуммельсни ўз сафига қўшиб олмоқчи  0 11:17МЮ 40 млн евролик трансферни амалга оширишга тайёр. Форвард жамоаси билан Евро-2024 ярим финалига йўл олди  2 10:50Италия термаси аъзоси «Арсенал»га ўтади. Футболчининг трансфер тафсилотлари маълум  4 10:23Криштиану Роналду «Евро»даги мағлубиятдан сўнг португалиялик мухлисларга мурожаат қилди  37 10:15Копа Америка. Уругвай - Бразилия 0:0 (пенальтилар 4:2), Родригони "чопишди", Уругвай ярим финалда  3 09:55«Манчестер Сити» афсонаси фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттиришига яқин  13 09:28«Қизилқум» халқаро турнирда иштирок этиш учун Россияга етиб борди  7 08:52Евро-2024. Кечаги учрашувларда кимлар «man of the match» соҳибига айланди?  9

Томас Мюллер: “Иккинчи бўлишдан ҳеч қачон хурсанд бўлмаганман” Янгиликлар

Томас Мюллер: “Иккинчи бўлишдан ҳеч қачон хурсанд бўлмаганман”

“Бавария” ярим ҳимоячиси Томас Мюллер бундеслиганинг расмий журнали мухбири билан суҳбатлашди.
Бунда у ўзи билан фамилиядош бўлган афсонавий футболчи қўл остида машғулоти, баварча менталитет, Гвардиола билан ишлаши тўғрисида тўхталиб ўтди.

– Кўпчилик гол уриш қобилиятингизни германиялик буюк тўпурарлардан бири Герд Мюллер билан таққослайди. Кам сонли одамгина у сизнинг мураббийингиз бўлганини билади.
– Ҳа, бу ҳақиқат. “Бавария” ёшлар жамоаси учун ўйнаганимда Герд мураббий Херманн Герланднинг ёрдамчиси эди. Ҳамиша яхши чиқишардик. У ҳужумчилар учун машқлар ўтказарди. У бизга тўпни бошқариш, қаерга тепиш ва танани буриш каби жиҳатлар борасида маслаҳатлар берарди. У ҳаракатлари ёзилган лавҳаларни ҳеч қачон кўрсатмасди. Лекин мен барчасини кўрганман: “Бавария” учун 1974 йил Чемпионлар Кубогида урган ажойиб голлари, шунингдек, йиқилаётган ҳолда танасининг турли қисмлари билан киритган тўпларини ҳам.



– Болаликдан тўпурар ҳужумчи бўлгансиз. 9 ёшда мавсумда “Паль” жамоаси учун 120та гол урганингиз ҳақида гаплар юради. Қачон профессионал футболчи бўлишингиз мумкинлигини тушуниб етгансиз?
– Ўша мавсумдан кейин “Бавария”га ўтганман. Бироқ аниқ бир вазиятни ажратишим қийин. Германиянинг 15 ёшгача бўлган терма жамоасига чақирилганим қандай катта қадам бўлганини яхши эслайман. Клубда ҳамиша гол урардим, бироқ терма жамоада барқарор ўйнамасдим. Мактаб билан банд эдим, танам тўлиқ тайёр эмасди. Мени бундай фаолият кутиб турганини тахмин қилолмасдим. Ёшлигингда режани ҳар бир йилга тузиб борасан. Фақат ёшлар жамоаси савиясига етиб келганингда профессионал ўйинчи бўлиш ҳақида ўйлаш мумкин. Профессионал бўлиш ва “Бавария”да ўйнаш бошқа-бошқа нарсалардир. Мен учун 2009-10 йилги мавсум ва ЖАРдаги жаҳон чемпионати ўзгариш палласи бўлди. Ўшандан кейин юқори савияни ушлаб қолишим зарур эди. Хато қилиш керак эмас. “Бавария”даги бир яхши мавсум сени умрбод жамоа футболчиси қилиб қўймайди.

– Сиз Мюнхендан жанубда туғилгансиз. Ҳақиқий бавар учун “Бавария”да ўйнаш бошқача нарсами?

– Мен учун – ҳа. Биринчидан, мен шу ҳудудда туғилганман. Иккинчидан, болалигимдан “Бавария”га мухлислик қилганман. “Пал”ни ҳисобга олмаганда фақат шу жамоада ўйнаганман. Футболда баъзи нарсаларни тушуна бошлаганимдан кейин ушбу клуб биринчи рақамли мақсадга айланган. У ҳаммадан кўп совринларни ютганди. Футболда асосийси очколар, совринлар ва пул бўлса ҳам, “Бавария” ҳеч қачон инсонийлик жиҳатлар тўғрисида унутмаган.

– Бу билан нима демоқчисиз?

– Масалан, келажагини аниқлаб олмаган футболчиларга ғамхўрлик. Ёшлар жамоаларида кўрганман. Келажаги ҳақида бир қарорга келмаган болалар бор эди, кейин улар жароҳат олиб, барчаси янада ёмон кўриниш олган. Клуб бундайлардан шунчаки воз кечмасди. Улар билан шартномани узайтирарди, тикланиши учун вақт берарди. Имконият бериларди. Кўчага чиқариб қўймасди. Баъзида биз молиявий муаммоларга дуч келган клубларга ўртоқлик учрашувлари ўйнаш орқали ёрдам берамиз.

Бу бизнинг жавобгар бўлган ҳудудимиз. Охирги йилларда биз жаҳон даражасидаги клубга айландик. Лекин ҳар қандай ҳолатда қаерлик эканингни унутиш керак эмас. Бу ерда ҳар бир футболчи йилига камида бир марта мухлислар клуби билан учрашиб, маълум вақтини ўтказади. Бошқа жамоаларда бу борлиги ҳақида билмайман. Ҳеч қачон қелиб чиқишинг ва клубни айнан нима буюк қилаётгани тўғрисида унутмаслик лозим.

– Баварлар ҳаёти билан таниш бўлмаганларга уни қандай тасвирлаб берасиз?
– Германия кўплаб вилоят ва ҳудудлардан ташкил топган. Уларнинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Бавария ажойиб табиати, тоғ, кўл ва Мюнхен шаҳри билан машҳур. Ҳақиқий бавариялик учун жаҳондаги бошқаларга кулгули кўринадиган кийим саналган “ледерхозе” (терили иштон)ни кийиш уят эмас. У қаерлик эканини яхши билади ва буни қадрлайди.



– “Бавария” ишқибози бўлганингиз ҳақида гапирдингиз. Ёшликда кимларни кузатиб борардингиз?
– УЕФА Кубогини 1996 йил ютган жамоани эслайман: Юрген Клинсманн, Лотар Маттеус. 1997 йил Жованни Трапаттони мураббий бўлгач, бу ёғига доимой тарзда кузатиб борганман.

– Чемпионлар лигасининг 1999 йилги машҳур финалидан қандай хотира қолган?
– Бу мени четлаб ўтган. Ўшанда оилам билан Италияда дам олишда эдик. Ўйинни кўрдик ва тугашига 10 дақиқа қолганда турган жойимизга қараб жўнадик. Етиб борганимизда эса фожеани билдик. Ёдимда “Бавария”нинг 2001 йил қандай ғалаба қозонгани қолган. Ўша учрашувни бобомнинг уйидаги айвонда кўргандик. 40 ёки 50 киши. Пенальтилар бошлангунча кеч тушиб, футболчига қизиқмайдиган қўшнилар ухлашга ётишганди. Уларни уйғотишга тўғри келган! Ўша кеч “Бавария” мухлиси сифатида соврин қўлга киритилганини ҳис қилиш бошқача бўлган. Буни ўзим Чемпионлар лигаси ёки жаҳон чемпионатини ютиш билан ҳам солиштириб бўлмайди.

– Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?
– Ўйинчи сифатида бундай вазиятга ўзингни йил мобайнида тайёрлаб борасан. “Бавария” ёки Германия терма жамоаси ўйнаганда совринлар тиниқ осмондан бўрон каби келмайди. Иштиёқ ва интилиш ўйинни ютишга қаратилган бўлади. Якунда барчаси ўзинг кутгандек бўлади. Бунда барча ҳиссиётни сезишга вақт бўлмайди. Мухлис сифатида эса кўпроқ ҳиссиётли бўласан, чунки ўйинга таъсир ўтказа олмайсан. Фақат қайғуриш қолади холос.



– “Бавария” учун ғалаба кутилмаган эмас, балки мажбурийдир.

– Тўғри. Фақат биринчи ўрин тан олинади. Бу ерда ҳамиша шундай бўлган ва бу мен учун одатий ҳолдир. Иккинчи бўлиб хурсандчиликдан сакрамаганман. Ғалаба қозониш шартлиги бизга баъзи муаммоларни келтиради. Йилда шунчаки 2 ўйинни оддий юта оламиз. Бошқа беллашувларда талабга яраша жавоб беришимиз лозим. Бу бизнинг айбимиз. Чунки сўнгги йилларда жуда юқори савияга чиқиб бордик.

– Бундай қийин босимни қандай енгиб ўтасиз?
– Бўш вақтимда от спорти билан шуғулланаман. Рафиқам йирик мусобақаларда қатнашади. Бу умуман бошқа олам. Отлар, табиат, итлар. Эркин бўласан, мўлжал остида эмас. Кейинги рақиб ўрнига бошқа хаёлларга бериласан.

– Қўлга киритилган ғалабалар тажрибаси кейингиларига эришишда ёрдам берадими?
– Камроқ асабийлашишни бошлайсан, чунки финалда ўйнаш ва уни ютиш нималигини биласан. Лекин айнан бир вақтда юқори ҳолатга чиқишни барибир бошқара олмайсан. Кичик жиҳат ҳам барчасини ўзгартириб юбориши мумкин. 15 нафар энг ақлли олим ҳам бир ерда идеал формулани туза олмаслиги мумкин.



– Гвардиола қўл остида ўсяпсизми?
– Аниқ. Биз иккинчи мавсум бирга ишлаяпмиз. Уни ва машғулотларини яхшироқ биляпмиз. Нимани қачон ва қаерда хоҳлашини тушунамиз. У биздан тўлиқ эътиборни талаб қилади. Унда режа мавжуд, лекин ўйин бошлангандан кейин 10 дақиқада бу фойда бермаса, уни дарров улоқтириб юбормайди. Унинг асосий кучи шунда. Гвардиола яхши мураббий, асосий таркибни шунчаки доскага ёзиб қўймайди. Ўйинни кўриб, кейин деворни ёриб ўтишни хоҳлайди. У учрашув давомида унда иштирок этиш ва ёрдам беришни истайди.

– Унга қарашларига тўғри келадиган жамоа зарур.
– Луи ван Гал ҳам шундай бўлганди, жуда талабчан эди. Пеп шундай ишлаяптики, таркибдан икки футболчи олиб қўйилганда ҳам услуб ўзгармаслиги керак. Ҳар бир футболчи қайси позицияда нималарни қилиш зарурлигини яхши билади. Ҳар бир ўйинчида учрашувнинг боришига таъсир қиладиган кучли ва кучсиз томонлари бўлади. Бизда 20 нафар юқори савиядаги ижрочи мавжуд. Уларнинг барчаси тизим қандай ишлаётганини яхши билади. Гвардиола баъзи нарсаларни қайта кўриб чиқиши мумкин, лекин ҳеч ким ўйиндан чиқиб қолаётгандек таассурот қолдирмайди. Пепнинг ютуғи мана шунда.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика