Толибжонов НФФ ва “Навбаҳор” раҳбарияти билан учрашди
16 апр 2016 12:43
Янгиликлар
Толибжонов НФФ ва “Навбаҳор” раҳбарияти билан учрашди
Намангандаги “Марказий” ўйингоҳнинг анжуманлар залида бўлиб ўтган учрашувда марказ вакилларидан ташқари Наманган вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти Баҳром Холмирзаев, “Навбаҳор” футбол клуби директори Ғанишер Исмоилов, жамоа бош мураббийи Рашид Ғофуров, жамоа шифокори Баҳодир Абдуғаниев, НФФ селекциоенер мураббийи Аъзам Ражаббаевлар иштирок этишди.
Учрашувда терма жамоалар маркази раҳбари Асқар Толибжонов турли ёшдаги терма жамоаларимиз олдига юқори вазифалар қўйилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Яъни ҳар бир ёшдаги терма жамоалар олдига жаҳон чемпионатлари йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилаётганлигини айтиб, бу борада нафақат терма жамоаларда фаолият кўрсатаётган мураббийлар, балки вилоятларда бевосита футбол соҳасида иш юритаётган мутахассисларни ҳам масъул эканликларини эътироф этди. Шу сабабли, вилоятларда ва клубларда фаолият юритаётган мураббийлар жойлардаги иқтидор эгаларини топишда ва уларни марказга тавсия қилиш муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.
Толибжонов соғлом бўлиши ҳам муҳим эканлигини айтиб, шифокорларни бунда ўз вазифаларига масъулият билан ёндошиш лозимлигини айтиб, футболчиларни тўғри тарзда даволанишини ҳам назорат остига олиб, футбол мактабларида шуғулланаётган ёш футболчиларни ота-оналарига ҳам тушунтириш кераклигини таъкидлади. Марказ раҳбари клублар ва терма жамоалар маркази билан ҳамкорликда иш юритишни таклиф этиб, терма жамоаларга номзод футболчилар машғулот ёки ўйин пайтида жароҳат оладиган бўлса марказ томонидан соғлиғини тиклаш марказ томонидан бепул тарзда тақдим этилишини айтиб ўтди. Шунингдек, 1999 йилда туғилган ёшлар билан ишлайдиган мураббийлар рўйхти берилса терма жамоа мураббийлари билан тажриба алмашиш таклифини бериб, мураббийларни терма жамоа муҳити билан танишиб, малака ошириб қайтишлари учун марказ томонидан шароит яратиб берилишини билдирди.
Меҳмонлар Наманганга амалга оширган сафарлари чоғида, Намангандаги “Марказий” ўйингоҳни кўздан кечириб, “Навбаҳор” жамоаси аъзолари истиқомат қилаётган клуб қароргоҳини ҳам кўздан кечиришди. Ташриф якуний қисмида меҳмонлар бир пиёла чойга таклиф этилишди. Шундан сўнг Толибжонов бошчилигидаги марказ вакиллари водий сафарини давом эттириш мақсадида қўшни вилоятлар сари юзланишди.
Фикрлар