UZ

Сўнгги янгиликлар

08:30Расман: «Қизилқум»ни яна 4 нафар футболчи тарк этди  0 08:06Суперлигада ўйнашга даъвогар «Хоразм»га «Локомотив» футболчиси ўтишга яқин  0 07:42А Серия. «Интер»да ғалаба, «Фиорентина» мағлуб бўлди  0 01:47МЮ босслари Рэшфордни таркибдан чиқариб юборган Аморимга босим ўтказишадми?  8 00:57"Арсенал"дагилар ҳавотирда  1 00:18"Интер" - "Комо". Таркиблар билан танишинг  0 00:01Зидан фақат иккита жамоани бошқариши мумкин  6 23:31ОКМК Дубайда Россиянинг икки клуби билан ўйнайди  0 22:43Роналду: "Қайси биринг Мессини мендан кучлироқ дединг?"  13 22:23Тозалик инспекторлари МЮ стадиони баҳосини 4дан 2га туширди. Нега?  4 21:18Расман: "Навбаҳор" африкалик футболчини ўз сафига қўшиб олди  14 21:00Ҳисобда акс этмаган — осон ғалаба! "Реал" - "Севилья" учрашуви таҳлили  5 20:41Умтитининг фаолияти хавф остида  5 20:19"Тоттенхэм" ҳужум чизиғини "Вулверхэмптон" вакили билан кучайтирмоқчи  0 19:56Раҳмоналиевнинг агенти футболчининг "Рубин"дан кетиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди  2

Темур Кападзе: «Кучим бор экан, ўйнашда давом этаман» Янгиликлар

Темур Кападзе: «Кучим бор экан, ўйнашда давом этаман»

Бир ярим йилдан бери Қозоғистон чемпионатида ўйнаётган ҳамюртимиз Темур Кападзе яқинда «Актобе» клуби билан амалдаги шартномасини яна бир йилга узайтирди. Хабарингиз бор, «Актобе» бу йилги мавсумда мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.

Клубнинг бу муваффақиятида ўзбекистонлик трио - Александр Гейнрих, Марат Бикмаев ва албатта Темур Кападзенинг ҳиссаси катта бўлди. Тўғри, Марат мавсумнинг катта қисмини жароҳат олганлиги сабабли, ўтказиб юборди. Аммо Саша ва Копа яхшигина тер тўкишди. Темур ҳатто айрим ўйинларда жамоадошларини сардор сифатида ҳам майдонга бошлаб тушди. Шуларни инобатга олган клуб раҳбарияти терма жамоамиз ярим ҳимоячиси билан келишувни узайтирди. Келаси йили «Актобе» Европа Чемпионлар Лигасида иштирок этади. Кападзенинг шартномани узайтиришида айнан шу омил муҳим роль ўйнади. Ярим ҳимоячи Тошкентга қайтиб келгач, у билан учрашиб, бу йилги мавсум якунлари, келажак режалари ва албатта терма жамоа мавзусида суҳбатлашдик.

- Темур, аввало шахсий коллекциянгизда яна бир чемпионлик унвони кўпайгани билан табриклайман. Аммо олтин медалларни қўлга киритиш осон кечмади...
- Албатта. Худди Ўзбекистонда бўлгани каби, Қозоғистон чемпионатида ҳам чемпион номи сўнгги турда аниқланди. Умуман олганда, бутун мавсум давомида фақат бир маротаба 2-ўринга тушиб қолгандик. Қолган турларда пешқадамликни сақлаб келдик. Лекин икки давра ўйинлари якунланиб, жамоалар икки гуруҳга бўлинганидан кейин тўпланган очколарнинг ярми олиб ташланди. Бу тизимнинг ёмон томони шундаки, очкоси кўп жамоаларга салбий таъсир ўтказади. Очкоси кам бўлган жамоага бу унчалик таъсир қилмайди. «Актобе» 1-босқичдан сўнг энг яқин таъқибчиларини 10 очкога ортда қолдираётганди. Тенг ярим очколар олиб ташланганидан сўнг, тафовут сезиларли даражада қисқариб кетди. «Ордабаси»га ютқазганимиздан кейин эса 2-поғонадаги жамоа билан фарқ бор-йўғи 3 очкога тенг бўлиб қолди. Бошқа томондан, 2-босқичда 6та жамоанинг барчасида совринли ўринлар, ҳатто чемпионлик учун курашиш имконияти юзага келади. Бундан эса мухлислар ютишади. Кейин учта «фронт»да ҳаракат қилганимиз ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ҳар 3-4 кунда ўйин ўтказилиши сабабли ҳам жисмонан, ҳам руҳан чарчаб қолдик. Лекин сўнгги турда қўлга киритилган чемпионликдан сўнг барча қийинчиликлар эсдан чиқиб кетди. Эътиборлиси, ўша 2-босқичнинг 1-даврасида жамоамизни мағлуб этган «Ордабаси» сўнг­ги турда бизни чемпионликдан маҳрум қилиши ҳам мумкин эди. Агар мағлубиятга учраганимизда «Остона» билан очколаримиз тенглашиб қоларди ва чемпион номи «Олтин ўйин»да аниқланарди. Бир тур олдин айнан «Остона»га имкониятни бой бергандик. Кубокнинг ярим финалида «Тараз»га ютқазиб қўйдик. Бу икки мағлубият футболчиларнинг руҳиятини тушириб юборди. Ўз майдонимизда ўйнаётганимиз учун мухлисларнинг босими ҳам таъсир ўтказди. Бу ёқда раҳбариятнинг жамоамиз олдига қўйган вазифаси. Қолаверса, «Остона» ҳеч нарса ютқазмайдиган ўйинда «Ордабаси»нинг моддий жиҳатдан мукофотлаши ҳақидаги ваъдаси меҳмонлар ўйинини 360 градусга ўзгартириб юборди. Биринчи бўлимдан сўнг ҳисобда орқада қола бошладик. Учрашув якунланишига беш дақиқа қолганда мувозанатни тикладик. Ҳамма хурсанд, чунки дуранг натижа ҳам бизни қониқтирарди. Лекин орадан икки дақиқа ҳам ўтмай, ўз дарвозамиздан яна тўп ўтказиб юбордик. «Ордабаси» футболчилари худди совринли ўринлардан бирини эгаллайдигандек хурсанд бўлишди. Жуда катта мукофот ваъда қилинган шекилли, ўша куни «Ордабаси» футболчиларини майдонда таниб бўлмай қолди. Унча-бунча мураббий жамоасини бу каби учрашувга руҳий тайёрлай олмайди. Аксига олиб, бизнинг ўйинимиз умуман қовушмади. Юқорида бунинг сабабларини айтдим. Яхшиям, ҳакам томонидан қўшиб берилган сўнгги дақиқада ғайриоддий киритилган гол эвазига чемпионликка эришдик. Футболчимизнинг қийшиқ зарбаси ҳимоячининг оёғига тегиб, «рикошет» усулида дарвоза тўридан жой олди. Шунча қаршилик кўрсатган меҳмонлар охирида ўзлари истамаган ҳолда бизга ёрдам бериб юборишди. Шунча йил футболда бўлиб ҳали бундай якунга гувоҳ бўлмагандим. Режиссёр ҳам бундай сценарий ёза олмайди (кулади).

- «Актобе» бошдан баланд сакрадими ёки мавсум бошидаёқ клуб раҳбарияти жиддий мақсадларни қўйганмиди?
- Ўтган йили ҳам жамоамиз олдига чемпионлик вазифаси қўйилганди. Лекин Қозоғистон премьер-лигасида рақобат кучайиб кетди. Чемпионатнинг икки босқичда ўтказилиши кескинликни янада оширди. Умуман осон, ўткинчи ўйин­лар йўқ. Бу йил ҳам чемпионлик, ҳам кубокни қўлга киритиш вазифаси қў­йилганди. Кубокнинг ярим финалида «Тараз»га аламли тарзда мағлуб бўлдик. Ваҳоланки, Жамбулдаги ўйинда дуранг ўйнагандик. Ўз уйимизда ютқазганимиз ҳаммасидан ўтиб тушди. Лекин финалда барибир кучли жамоа ютди. «Шахтёр» Қозоғистон кубоги соҳиби бўлди.

- Чемпионлик жамоангиз учун Европа Чемпионлар Лигаси «эшиклари»ни очди. Энди мавсум тадориги аввалгиларидан фарққилса керак?
- Режа бўйича 17 декабрь куни йиғиламиз. Ўн кун давомида тикланиш учун мўлжалланган енгил машғулотлар ўтказилади. Янги йил байрамидан ке­йин Туркияда ўқув-машғулот йиғини ташкил этилади.

- Жамоа билан шартномани яна бир йилга узайтирдингиз. Бунда «Актобе»нинг ЕЧЛда иштирок этиши муҳим роль ўйнадими?
- Шундай деса ҳам бўлади. Ўзи клуб раҳбарияти томонидан шартномани узайтириш бўйича таклиф 1-даврадан кейин билдирилганди. Лекин ўшанда мавсумни қайси ўрин билан якунлашимиз қарор қабул қилишимда муҳим омил бўлишини айтгандим. Қолаверса, бошқа таклифлар ҳам бор эди. Якунда чемпион бўлдик ва ваъдага биноан шартномани яна бир йилга узайтирдим. «Актобе»да мени барча нарса қониқтиради. Молиявий жиҳатдан ҳам, яратилган шароитлар бўйича ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ. Кейин «Актобе» мухлислари Қозоғистонда биринчи ўринда туришади. Буни исталган жамоа мураббийи ёки футболчиси ҳам тасдиқлайди. Мен ҳам бундай фидойи мухлисларни кўрмаганман. Ҳаммасини умумлаштириб, яна бир йил жамоа­да қолишга аҳд қилдим.

- Бир муддат аввал сизга «Қайрат» жамоасидан ҳам таклиф бўлганлиги ҳақида матбуотда хабар пайдо бўлганди. Шу ростми?
- Ҳа, бу бор гап. «Қайрат» раҳбарияти жамоанинг аввалги шонли даврини яна қайтаришга ҳаракат қиляпти. Шу мақсадда янги мавсумга жиддий вазифалар қўйилар экан. Бу жамоада тажрибали Самат Смаков ўйнаяпти. Бу футболчи бизнинг клубда тўп сурганди. Билишимча, мен ва Гейнрихни Самат мураббийлар штабига таклиф қилган. Мураббийларнинг ўзлари ҳам ўзаро ўйинларимизда ҳаракатларимизни кузатишган. Шу ўринда бир нарсани айтишим керак, маҳаллий мухлислар ўзбекистонлик футболчиларни кўпроқ клубларга олиб келиш ҳақида гапиришади. Бунда миллий терма жамоамиз кўрсатаётган ўйинлар, унинг натижаларини ўрнак қилиб кўрсатишади. Аксинча, Қозоғистон терма жамоасининг қониқарсиз натижаларидан нолишади. Терма жамоамиз ва футболчиларимиз ҳақида билдирилган бундай сўзларни эшитиб хурсанд бўламиз. Кейин журналистлари икки терма жамоа ўйнаса, қай бири ғалаба қозонар экан, деб кўп савол беришади. Бу саволга ўйиннинг ўзи жавоб беради, дейман. Миллий чемпионатларимизни кўп таққослашади. Тўғри, Қозоғистон чемпионати маблағ ва легионерлар эвазига кучайиб боряпти. Бир жамоа етти нафар легионерни рўйхатдан ўтказиши мумкин. Улардан беш нафарига майдонга тушиши учун рухсат берилади. Кейин клублар ўз терма жамоасида ўйнайдиган легионер футболчиларни таклиф қилишяпти. Ўртамиёна клублар таркибида ҳам Арманистон, Сербия, Чехия каби давлатлар терма жамоаларида ўйнайдиган футболчилар бор. Бизда легионерлар лимити 3+1 бўлгани билан, бундан ҳамма жамоалар ҳам фойдаланишмаяпти. Шу боис ҳам, совринли ўринлар учун кураш асосан 4та жамоа ўртасида кетмоқда.

- Бизда 2-3та жамоани инобатга олмаганда, қолган клубларимизнинг футболчилардан маош ва мукофот пуллари бўйича қарзлари бор. Бундай муаммо қозоқ клубларида ҳам борми?
- Қозоғистонда совринли ўринларни эгаллаган жамоаларда молиявий муаммолар йўқ. Қолган клубларда ҳам у даражада катта қарздорлик бўлмаса керак. Эшитишимча, клубларнинг бир-икки ойлик мукофот пулларидан қарзи бор. Лекин бу қарздорлик жамоанинг бўйнида қолиб кетмайди. Кимга борсанг бор, пулини бермаймиз, деган гап йўқ. УЕФА байроғи остидаги чемпионатларда талаб ўта жиддий. Футболчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамиша ҳимояда. Қарздор клубларга турли хил санк­циялар қўлланилади. Бақоевнинг «Иртиш» жамоасида шундай молиявий қи­йинчиликлар юзага келганди. Оқибатда федерация клубдан маълум бир очколарини олиб қўйди. Бунинг натижасида чемпионат бронза медаллари «Қайрат»­га насиб этди.

- Бикмаев ва Гейнрихнинг тақдири нима бўлди? Улар ўз келажак режаларига аниқлик киритиб олишдими?
- Сашанинг масаласи ҳамон сўроқ остида турибди. Унинг трансфер ҳуқуқи ҳамон «Пахтакор» жамоасига тегишли. Ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Ҳаммаси клубларнинг ўзаро келишувига боғлиқ. Бикмаев эса 5 ой давомида жароҳатини даволаш билан овора бўлди ва бунинг оқибатида мавсумни деярли ўтказиб юборди. Сўнгги турда майдонга тушганди, лекин яна жароҳати безовта қилиб қолди. Унинг шартномаси 31 декабрь куни якунланади. Билишимча, Маратни илк йиғинга чақириб кўришмоқчи. Шундан кейин у билан келишувни узайтириш ёки узайтирмаслик борасида бир тўхтамга келинади.

- «Актобе» келаси мавсум ЕЧЛда иштирок этади. Клуб раҳбарияти шунга монанд тарзда таркибни кучайтиришга ҳаракат қиляптими?
- Таркибга икки нафар Европа футболида суяги қотган легионер футболчиларни таклиф этиш бўйича селекция иши бошлаб юборилган. Уларга жой ажратиш учун икки хорижлик ўйинчимиз трансферга қўйилар экан. Энг муҳими, бу йилги мавсумда ўйнаган асосий таркиб негизини сақлаб қолинди. Яна 2-3 нафар тажрибали футболчилар сафимизга қўшилишса яхши бўларди. Чунки, мавсум узоқ давом этади. Қолаверса, келаси йили ҳам учта турнирда иштирок этамиз. Ҳар уч кунда ўйин ўтказишга тўғри келади. Бундай мураккаб тақвимда захира ўриндиғи узунроқ бўлган жамоалар деярли муаммога дуч келишмайди. Бизда эса бу йил худди шундай муаммолар кўзга ташланди. Деярли ҳар икки турнинг бирида жароҳат сабабли, асосий таркиб футболчисини йўқотавердик. Агар бундай муаммолар бўлмаганида, чемпионлик масаласини муддатидан аввал ҳал қилардик. Бошқа томондан футбол шуниси билан ҳам қизиқ-да!

- Темур, қарши бўлмасангиз, терма жамоа мавзусида гаплашсак. Вьетнам ва Гонконг терма жамоаларига қарши ўтказиладиган ўйинларга таклиф этилдингизу, лекин делегация билан бирга сафарга учмадингиз. Бу нима билан боғлиқ?
- Гувоҳи бўлганингиздек, машғулотларда ҳам иштирок этмадим. Очиғи, чарчоқ аломатлари ўзимга ҳам сезила бошланганди. Бир ҳафта давомида муолажалар олдим. Шу боис, Тошкентдаги машғулотнинг илк куниёқ Миржалол ака билан гаплашиб, икки сафар ўйинига бормаслигимга келишиб олдик. Шунчаки, сайёҳ сифатида боришни ўзимга эп кўрмадим. Ҳозир Тошкентдаман ва тикланиш муолажаларини давом эттиряпман.

- Вьетнам ва Гонконг терма жамоаларига қарши кечган ўйинларни томоша қилдингизми?
- Албатта. Аввал ҳам айтгандим, меҳмонда ўйнаш бирмунча енгилроқ. Айниқса, Вьетнам ва Гонконг каби ўртамиёна терма жамоалар билан. Бу каби жамоалар ўз олдиларига биринчи галда дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолиш вазифасини қўйишади. Деярли бутун жамоа бўлиб ҳимояланишади. Бундай ўйинларда ҳужум қилаётган жамоага ҳимоя қўрғонини ёриб ўтиш осон бўлмайди. Бу икки жамоа билан ўтказилган тўрттала ўйинда ҳам деярли бир хил манзарага гувоҳ бўлдик. Очиқ футбол ўйнаш Вьетнам ва Гонконг каби терма жамоаларнинг йирик мағлубиятига олиб келади.

- Бошланғич таркибда ёшлар майдонга туширилди ва улар ишончни оқлашди. Бу борада фикрингиз қандай?
- Фикрим фақат ижобий. Миржалол ака Иордания билан бўлган ўйиндан кейинги матбуот анжуманида терма жамоага «янги қон» олиб кириш керак, деган эди. Вьетнам билан бўлган баҳс­да шу жараён бошланди. Искандаров, Рашидов, Сергеев каби ёшлар асосий таркибда майдонга туширилди ва улар тажрибали футболчилар орасида йўқолиб қолишмади. Сардор ва Игорь вьетнамликларга қарши кечган ўйинда дарвозани ишғол қилишди. Терма жамоага янги таклиф этилган Шодиев ҳар иккала учрашувда ҳам ўзини кўрсатди. Энди, мухлисларда бу ўзгаришларни аввалроққилса бўлмасмиди, деган савол туғилиши мумкин. Ҳар қандай мураббий ҳам биринчи галда натижани ўйлайди. Клубдаги мураббийлар шундай қилишадику, терма жамоани асти қўяверинг. Терма жамоа мураббийига масъулият, ҳар тарафдан босим жуда юқори. У ҳаёт-мамот учун кечадиган учрашувларда таваккал қилолмайди ва тажрибали, синалган футболчиларга суянади. Мана энди ёшларга ҳам имконият бериш фурсати етди. Олдинда мураккаб ўйинлар йўқ. Осиё кубоги йўлланмаси қўлга киритилди. Австралиядаги қитъа чемпионати бошланишига бир ярим йилча вақт бор. Бу муддат оралиғида ёшларни терма жамоага чақириб, уларга имконият бериш керак. Бунинг учун «Терма жамоалар маркази» ҳар бир ФИФА кунига ўртоқлик учрашувлари ташкил этиб бериши шарт. Бу йил айнан ўртоқлик ўйинлари бизга етишмади. Менимча, ЖЧга чиқа олмаганимизнинг маълум бир сабабларидан бири ҳам шу. Муҳим баҳслар олдидан ўртоқлик учрашувлари жуда ҳам зарур. Мураббий турли клублардан келадиган футболчиларнинг ўша пайтдаги ҳолатини фақат шу ўйинлар орқали билиб олиши мумкин.

- Терма жамоадаги келажак фаолиятингиз ҳақида ҳам ўйлаб кўрдингизми?
- Нафақага чиқишга шаъма қилаётган бўлсангиз, менимча бунга ҳали эртароқ шекилли. Мана Райан Гиггз, Хавьер Занетти каби футболчилар 40 ёшида ҳам ўйнашяпти. Мен энди 32 ёшдаман. Оёқларимда кучим бор экан, ҳали ўйнашда давом этаман. Лекин бу ёғига ўз устимда янада кўпроқ ишлашимга тўғри келади. Терма жамоага кимни чақиришни эса бош мураббий ҳал қилади.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика