

- Яхши жамоага қарши тўқнаш келдик. Бу ўйин ҳаммамизга дарс бўлади. Бундан етарлича ҳулосалар чиқариб, кейинги ўйинга тайёрланишимиз керак. Чунки олдимизда яна бир яхши жамоа - "Динамо"га қарши ўйин кутиб турибди. Бизга ғалаба жуда ҳам керак. Ушбу ўйинда ғалаба қозониш учун боримизни берамиз. Чунки бошқа иложимиз йўқ. "Локомотив"нинг яхши бош мураббийи бор. Бекорга жамоа бу ўринда эмас. Таркиби яхши тажрибали ва ёш футболчилардан ташкил топган ва биздан ҳам яхши жамоа деб ўйлайман. Бизда ҳам яхши жамоа бор, ўз навбатида йўқотишлар ҳам бор. Шу сабабли ротацияларга ҳам қўл уришимиз керак. Бизда ҳар бир турда қўл остимизда бор футболчиларга катта юклама тушади. Алмаштиришларга қўл уришимиз керак. Олдимиздаги баҳсда Беҳруз Шайдулов ҳамда Ричард Фрайдей ёрдам бера олмайди. Мен йигитларга ишонаман. Уларнинг ўрнини ёпиш бизга қийинчилик туғдирмайди. Бошқа иложимиз йўқ. Уларнинг ўрнини ёпиб, кейинги ўйинга тайёрланамиз.
- Биринчи голдан кейинги тезкор алмаштириш сабаби нимада? Адашмасам у голда хато қилмади, шекилли.
- Барча футболчиларга талаблар бор. Бундай ўйинлар менда ҳам бўлган. Буни тўғри тушунишимиз керак. Мураббий бир нарсани кўряптими, ўшани ўхшатишга ҳаракат қилиш керак. Агарда кимнингдир кичик бўлса ҳам имконияти бўлса, имконият бериб кўриш керак. Менинг талабларимни бажаришда унда бироз оқсоқланиш кўринди ва бошқа нарсаларнинг олдини олиш мақсадида ўзгаришга қўл урдик. Футболчимга эътирозим йўқ. Менда ҳам шундай ҳолатлар бўлган. Биз барчасини нормал қабул қилишимиз керак, чунки профессионалмиз. Ҳаммамиз ўз ишимизни қиляпмиз. Исталган футболчи бу ўринда бўлиши мумкин. Кимдир тайёр бўлмагандир, кимнингдир кучи етмас. Буни нормал қабул қилган ҳолда, умуман муаммо бўлмади. Танаффус вақтида бу борада гаплашиб олдик. Асосийси - барча бир-бирини тушунди. Бу ерда аччиқ устида иш қилинмади.
- Мавсум якунланишига бир тур қолди. 10 балли тизимда жамоангизнинг ўйинини нечига баҳолайсиз ва нима учун?
- 4 ёки 6ни орасида. Ўзига яраша қийинчиликлар ҳам бўлди. Жамоага ишонаман. Кимдир ўзига ишонмаган бўлса ҳам уларга ишонаман. Уларнинг етарлича потенциали бор. Кимдир ёшроқ ва шу сабабли калтароқ ўйлайди. Барчадан профессионал бўлишини сўрайман. Агар ривожланиш бўлса, барчага яхши бўлади. Лекин тан олиш керак, бир қанча футболчиларим яхши ўсишга эришди. Лекин футболда тўхтаб қолиш керак эмас. Ҳар куни кечагидан кўра яхшироқ бўлишга ҳаракат қилиш керак. Бу жуда қийин эмас. Ҳамма ҳам бунинг уддасидан чиқа олади. Темурхўжанинг ёши катта бўлса ҳам, унинг ўйинларини кўриб, хурсанд бўламан. Зотеевни ҳам шундай. Ёшлар шундай футболчилардан ўрнак олиб, улардек бўлишга ҳаракат қилишлари керак. Барқарор ва ёшларга ўрнак бўлишга интилиш керак.
- "Сурхон"нинг анча пайтдан буён асосий муаммоси - меҳмонда ўйнаётгани. Агарда бугун жамоа Сурхондарёда ўйнаганида, балки, ҳисоб 0:2 бўлмасди, балки, турнир жадвалида бундай пастда ҳам юрмаган бўларди. "Сурхон"ни Сурхондарёга қайтариш ишлари бўляптими?
- Ҳа, ишлар бўляпти. Ишлар анча олдин бошланган, лекин бу йил қайтишимиз жуда қийин. Келаси йилга тайёр бўлади, бунга ишонаман. Ўзим у ердаги жараённи кузатиб бормаётганим учун аниқ бир нима дея олмайман. Ўзим савол берганимда, ишларнинг олиб борилаётганини айтишганди. Фикрингизга қўшиламан, мухлислар бўлса агар жуда яхши бўларди. Бу ҳар бир футболчига куч беради, бу аниқ. Ҳар доим айтаман бу гапни, ҳакамларнинг симпатияси. Биз уй дейилиб, сафарда ўйнадик. Бугун ҳам шундай. "Локомотив" майдонида биз мезбон бўлиб, ўйнадик. Ҳакамлар учун эса барибир "Локомотив" мезбон. Бу психология, нормал ҳолат. Бугун "Локомотив"га ҳакамлар ёрдам берди, демаяпман. Мезбонга озгина бўлса ҳам ёнбосилиши нормал ҳолат. Агарда ўз майдонимизда ўйнаганимизда, бизга ҳам симпатия бўларди. Мухлисларнинг норозилигига қараб, ҳакамлар ҳам иш қиларди. Симпатиянинг бўлиши ҳам муҳим. Агарда ҳакамлар ҳам, футболчилар ҳам ривожланишда бир қадам олдинга ташласак, чемпионатимиз кучайган бўларди. Кўп жамоалар чемпионликка курашиши мумкин. Балки биз кўпроқ очко йиғган бўлардик, руҳий ҳолат ҳам яхшироқ бўларди. Балки бизга шу етишмаётгандир. Камчилик бўлиб, қўллаб-қувватлаган мухлисларга ҳам раҳмат. Лекин биз бугун кучли жамоага қарши ўйнадик ва улар биздан кучлироқ эди.
- Битта статистика кўриб қолдим: Сурхондарёда ҳаваскорлар ўртасида чемпионатлар ҳам муаммо, вилоят футбол федерацияси телеграм каналида ҳам одам энг кам, вилоятнинг асосий жамоаси учун ҳам эътибор пастроқ. Балки, Сурхондарёда футболга эътибор камроқдир?
- Бир нима дея олмайман, лекин қизиқиш бор. Чунки бу йил ҳам ўтган йили ҳам асосий таркиб ўйинларида мухлислар стадионларни тўлдиришганди. Мухлислар келганда руҳий ёрдам бўлган. Нечта мухлис келса ҳам ўз уй майдонингизда деворлар ҳам ёрдам беради. Мухлис кам бўлса ҳам ўз майдонида ўйнаш керак. Биз профессионал сифатида ўз ишимизни давом эттиришимиз керак. Чунки кейинги ўйинда бизга яхши натижа керак.

