Суперлига: Марказий тўқнашувда чемпионлик пойгаси давом этади (превью)
11 май 2019 14:01
Янгиликлар
Суперлига: Марказий тўқнашувда чемпионлик пойгаси давом этади (превью)
Мазкур баҳсда пешқадам "Пахтакор" ўз уйида чемпионлик учун курашаётган жамоаларни таъқиб қилаётган учинчи ўриндаги "Навбаҳор"ни меҳмон қилади.
Пахтакор Драган Черан - 20', Драган Черан - 53' |
Суперлига. 8-тур 11/05/2019, 19:45 2
:
2
Тугади
|
Навбаҳор Остон Ўрунов - 59', Абдужамол Исроилов - 82' |
Азалдан мазкур жамоалар ўртасидаги беллашув қизғин ва принципиал аҳамият касб этган. Ўртада маълум муддат "Навбаҳор" жамоасида пасайиш юзага келганди. Аммо яқин 3 йилдан буён ўша эски қарама-қаршилик яна қайта тикланди. "Навбаҳор"нинг кучайиши ва "Пахтакор" доим ўз олдига юқори мақсадлар қўйиб бориши натижасида мазкур тўқнашув аҳамияти аввалги мавқеини тиклади.
Қайд этиш керакки, жорий мавсумда "Навбаҳор" бироз бўш старт олди. "Пахтакор" эса аксинча, мавсум стартини анча ишончли ва катта иштиёқ билан бошлади. Лекин учинчи турдан кейин уйғонган наманганликлар мана қаторасига 4 ўйиндирки мағлубият нималагини билмай келишмоқда. "Пахтакор" эса янги мавсумда умумий ҳисобда атиги бир маротаба ОЧЛ доирасидаги баҳсда таслим этилди. Чемпионатда эса ҳозирча мағлуб бўлмаган ягона жамоа сифатида қолмоқда. "Навбаҳор" эса катта эҳтимол чемпионатда "Пахтакор"ни ранжитган илк жамоага айланишга уриниб кўради. Ҳар ҳолда Андрей Канчельскис чемпионлик пойгаси ҳали узоқ давом этишини таъкидлаб, "Пахтакор" айнан улар билан ўйинда қайта синовдан ўтишини таъкидлаганди.
"Пахтакор" жорий мавсумда умумий ҳисобда 14 ўйинни ўтказишга улгурди. "Навбаҳор" эса ҳозирча бугунги рақиби ўтказган учрашувларнинг тенг ярмида, яъни 7 баҳсда майдонга тушган. Шу жиҳатнинг ўзиёқ айни пайтда "Пахтакор" "Навбаҳор"га нисбатан жисмоний тарафлама икки ҳисса кўпроқ юкламаларни қабул қилганини кўрсатиб турибди. Яъни, "Навбаҳор" бугунги баҳсда рақибига нисбатан анча тетикроқ ҳолатда. Мазкур устунликдан Канчельскис жамоаси қай даражада наф чиқара олади ёки йўқ, буни вақт кўрсатади.
"Пахтакор" сафидаги йўқотишларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги баҳсда Садриддин Абдуллаев, Жавоҳир Сидиқов каби футболчилар жароҳатлари боис жамоага ёрдам бера олишмайди. Шунингдек, Шота Арвеладзе бугунги баҳсда баъзи асосий таркиб футболчиларига ҳордиқ чиқариб олиш имкониятига туғдирган ҳолда ротацияга қўл уриши мумкин. Тақвимдаги зичлик ва қатор футболчилар узлуксиз ўйин ўтказишаётганлиги туфайли ОЧЛдаги муҳим учрашув олдидан Арвеладзе захирада қолиб кетаётган баъзи футболчиларга ўйнаш имкониятини тақдим этиш эҳтимоли юқори.
"Навбаҳор" таркибида эса йўқотишлар йўқ. Жароҳати туфайли маълум вақт сафдан чиққан Игорь Голбан ўтган турда захирадан майдонга туширилди ва муҳим баҳс олдидан ўйин амалиётига эга бўлди. Айтиш керакки, Голбаннинг "Пахтакор"га қарши баҳс олдидан сафга қайтгани жамоа учун айни муддао бўлди. Айнан Игорь Голбан "Навбаҳор" жамоасининг мудофаа чизиғининг ҳақиқий етакчиси саналади.
"Пахтакор" - "Навбаҳор" тўқнашуви шунингдек чемпионат тўпурарлари ўртасидаги дуэлни ҳам тақдим этади. "Пахтакор"нинг сербиялик легионери Драган Черан ва "Навбаҳор"нинг россиялик ҳужумчиси Александр Касьян ҳисобида 6тадан гол мавжуд ва улар Темурхўжа Абдухолиқов ва Зафар Полвонов сингари тўпурарлик пойгасида пешқадамлик қилишмоқда. Бугунги тўқнашувда пешқадам тўпурарларнинг ўзаро қарама-қаршилигида қайси ҳужумчи яна ўз номини таблога ёздириб қўя олади? Мазкур дуэл ҳам мухлисларга катта қизиқиш уйғотиши табиий.
Қайд этиш керакки, мазкур ўйин Шота Арвеладзе қўл остидаги "Пахтакор"нинг 67-ўйинига айланади. "Пахтакор" грузиялик мутахассис қўл остида ўтказилган 66 учрашувнинг 44тасида ғалаба қозонган, 12 дуранг ва 10 мағлубият қайд этилган. Тўплар нисбати: 120-49. Бугунги эҳтимолий ғалаба Шота Арвеладзе бошқарувидаги "Пахтакор"нинг 45-ғалабасига айланиши мумкин.
Андрей Канчельскис эса ҳозиргача "Навбаҳор" рулида 14 ўйинда ишлашга улгурди. Россиялик мутахассис қўл остида наманганликлар 6 ғалабага эришишди, 3 дуранг ва 5 мағлубият қайд этилган. Тўплар нисбати: 16-14.
Канчельскис ҳозирча 2 маротаба "Бухоро"ни енгди ва шунингдек бир мартадан "Насаф", "Сўғдиёна", "Сурхон" ва "Бунёдкор" устидан ғалаба қозонди. "Локомотив"дан эса доим мағлубиятга учраб келмоқда. Ҳозирча ўтказилган барча учала баҳсда ҳам Канчельскис бошқарувида "Навбаҳор" "темирйўлчилар"га мағлуб бўлишган. Шунингдек, "Металлург" ва "Бунёдкор" ҳам Канчельскиснинг "Навбаҳор"ини ютган жамоалар қаторида. Дуранг эса "Қўқон-1912", "Динамо" ва "Пахтакор" билан қайд этилган.
Шота Арвеладзе ва Андрей Канчельскиснинг Ўзбекистон чемпионатидаги ҳозирча ягона бўлиб турган тўқнашувида ғолиб номи аниқланмаганди.
Факт: Ўтган мавсумдаги ушбу жамоаларнинг Тошкентдаги иккинчи учрашувида нурсиз дуранг қайд этилган ва "Навбаҳор" "Пахтакор"дан очко олишни уддалаган.
Турнир жадвалидаги ҳолатдан келиб чиқсак, "Пахтакор"нинг эҳтимолий ғалабаси "Навбаҳор"ни чемпионлик курашидаги имкониятларини кескин пасайтириб юбориши мумкин. Чунки очколар ўртасидаги фарқ 10тага етади. Аксинча, агарда "Навбаҳор" ғалабани тантана қилса, унда чемпионлик учун кураш янада қизийди ва "Локо" ҳамда "Пахтакор" пойгасига "Навбаҳор" чинакамига қўшилади. Ўртадаги фарқ эса 4тага қисқаради. Дуранг эса ҳозирги мувозанатни сақлайди ва бу кўпроқ "Локо" фойдасига хизмат қилади.
Фикрлар